Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

067. Масжид одоблари (1)

3652 марта кўрилган

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى نُخَامَةً فِي الْقِبْلَةِ فَشَقَّ ذَلِكَ عَلَيْهِ حَتَّى رُئِيَ فِي وَجْهِهِ فَقَامَ فَحَكَّهُ بِيَدِهِ فَقَالَ إِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا قَامَ فِي صَلَاتِهِ فَإِنَّهُ يُنَاجِي رَبَّهُ أَوْ إِنَّ رَبَّهُ بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْقِبْلَةِ فَلَا يَبْزُقَنَّ أَحَدُكُمْ قِبَلَ قِبْلَتِهِ وَلَكِنْ عَنْ يَسَارِهِ أَوْ تَحْتَ قَدَمَيْهِ ثُمَّ أَخَذَ طَرَفَ رِدَائِهِ فَبَصَقَ فِيهِ ثُمَّ رَدَّ بَعْضَهُ عَلَى بَعْضٍ فَقَالَ أَوْ يَفْعَلُ هَكَذَا (متفق عليه).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиднинг қибла томонида балғам кўрдилар. Бу У зотга жуда оғир ботди, ҳатто бу чеҳраларида намоён бўлди, туриб, ўз қўллари билан уни қириб тозаладилар, сўнг: Агар биронтангиз намоз ўқиётган бўлса у Роббисига муножат қилаётган - ёки Роббиси у билан қибласи орасида - бўлади. Ҳеч бирингиз қибла томонга тупурмасин, лекин (жуда бўлмаса) чап томонига ёки оёғи тагига тупурсин», дедилар. Сўнг кийимларининг бир чеккасини ушлаб унга тупурдилар-да, кейин уни буклаб қўйиб: «ёки шундай қилсин», дедилар.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْبُزَاقُ فِي الْمَسْجِدِ خَطِيئَةٌ وَكَفَّارَتُهَا دَفْنُهَا (متفق عليه).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжидга тупуриш гуноҳ, каффорати эса уни кетказишдир», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا رَأَيْتُمْ مَنْ يَبِيعُ أَوْ يَبْتَاعُ فِي الْمَسْجِدِ فَقُولُوا لَا أَرْبَحَ اللَّهُ تِجَارَتَكَ وَإِذَا رَأَيْتُمْ مَنْ يَنْشُدُ فِيهِ ضَالَّةً فَقُولُوا لَا رَدَّ اللَّهُ عَلَيْكَ (رواه الترمذي).

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар масжидда олди-сотти қилаётган одамни кўрсангиз: Аллоҳ таоло тижоратингни ривожлантирмасин, денглар. Агар йўқолган нарсасини масжидда эълон қилаётган одамни кўрсангиз: Аллоҳ таоло (йўқотган нарсангни) сенга қайтармасин, денглар», дедилар.

Шарҳ:

Масжидлар намоз ва зикр учунгина қурилган бўлиб, Аллоҳ таолога энг суюкли маконлардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларга хос одобларни ўргатиб, масжидга лойиқ бўлмаган амаллардан четланишга буюрганлар. Биринчи ҳадисдаги «лекин (жуда бўлмаса) чап томонига ёки оёғи тагига тупурсин» деганининг мазмуни, агар масжид полсиз ва палос солинмаган тупроқ ёки қумдан иборат бўлса шундай қилинади. Акс ҳолда дастрўмолига ёки кийимининг этагига туфлайди.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Масжидда тупуриб бўлмайди, агар тупуриб қўйса уни дарров тозалайди.
  2. Масжидда олди-сотти қилиш ҳаром.
  3. Масжидда йўқолган нарсаларни эълон қилиш ҳаром.