Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

056. Ҳайзга тегишли баъзи масалалар (2)

3546 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 222- оятида шундай дейди:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُوا النِّسَاءَ فِي الْمَحِيضِ وَلَا تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّى يَطْهُرْنَ فَإِذَا تَطَهَّرْنَ فَأْتُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ أَمَرَكُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ .

«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то (ҳайздан) тозаланмагунларича уларга яқинлашмангиз! (Ғусл қилиб) покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз. Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ أَوْ أَتَى امْرَأَتَهُ حَائِضًا أَوْ أَتَى امْرَأَتَهُ فِي دُبُرِهَا فَقَدْ بَرِئَ مِمَّا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ (أخرجه أحمد وأبو داود).

Имом Аҳмад ва Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким фолбинга борса ва у айтаётган хабарни тасдиқласа ёки аёлига узрли-ҳайз ҳолатида яқинлик қилса ёки аёлининг орқасига яқинлик қилса Муҳаммадга нозил бўлган нарса (яъни дин)га кофир бўлибди», дедилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ كَانَتْ إِحْدَانَا إِذَا كَانَتْ حَائِضًا فَأَرَادَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُبَاشِرَهَا أَمَرَهَا أَنْ تَتَّزِرَ فِي فَوْرِ حَيْضَتِهَا ثُمَّ يُبَاشِرُهَا (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Бизлардан бировимиз ҳайз ҳолатида бўлса­ю, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кийимсиз ҳолатида фойдаланмоқчи бўлсалар, ҳайз ўрнига изор (белдан пастига кийиладиган кийим, лунги) кийиб олишни буюрар, сўнг ундан фойдаланар эдилар.»

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ بَيْنَا أَنَا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُضْطَجِعَةٌ فِي خَمِيصَةٍ إِذْ حِضْتُ فَانْسَلَلْتُ فَأَخَذْتُ ثِيَابَ حِيضَتِي قَالَ أَنُفِسْتِ قُلْتُ نَعَمْ فَدَعَانِي فَاضْطَجَعْتُ مَعَهُ فِي الْخَمِيلَةِ (رواه البخاري)

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Умму Салама розияллоҳу анҳо шундай дейди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга адёлда ётган эдим, тўсатдан ҳайз кўриб қолдим. Секин туриб ҳайз либосимни олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Ҳайз кўрдингизми?, дедилар.

- Ҳа... дедим. Мени ёнларига чақирдилар ва бирга адёлда ётдик.

Шарҳ:

Ислом дини энг мўътадил дин, у бошқа динларга ўхшаш ғулув-чуқур ҳам кетмаган, инсонлар ўртасидаги муомалаларга юзакилик билан бепарво ҳам қарамаган. Ҳайзнинг эркакларга хос бўлган – аёлининг жинсий аъзосидан бошқа ўринларидан фойдаланиш ёки у билан бирга ётиш каби ҳукмлари ҳам борки, мусулмон киши тақиқланган ишларга тушиб қолмаслиги ёки жоиз бўлган ишлардан тийилиб ўзини қийнамаслиги учун бу ҳукмларни ўқиб-ўрганиши лозим.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Ҳайз кўрган аёл билан қўшилиш ҳаром, гуноҳи кабиралардан.
  2. Ҳайз кўрган аёл агар ич кийимини кийиб олган бўлса, унинг жинсий аъзосидан бошқа ўринларидан фойдаланиш мумкин.
  3. Ҳайз кўрган аёл билан ухлаш, овқатланиш, суҳбатлашиш ва бошқа муомалаларни қилиш жоиз.
  4. Аёл кишининг орқа тарафига қўшилиш гуноҳи кабиралардан.