Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

039. Таҳорат аҳкомлари (3)

3741 марта кўрилган

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз оёқ кийими билан нажосатни босиб олса, тупроқ уни тозалайди», дедилар. (Яъни тупроққа ишқалаш билан тозаланади.)

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай деди: Бир Аъробий келиб масжиднинг бир чеккасига бавл қилди (сийди). Одамлар уни жеркишганди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтарди. У бавл қилиб бўлгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир челак сув олиб келишга буюрдилар ва сув ўша ерга қуйилди.

Имом Абу Довуд Абус Самҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гўдак қизнинг бавли теккан нарса ювилади, ўғил боланикига эса сув сепилади», дедилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлардан биронтангизнинг идишига ит тегиб қўйса, етти марта ювишлик билан тоза бўлади, биринчисида тупроқ билан ювилади», дедилар.

Бошқа лафзда эса: Ичидаги нарсани тўкиб юборсин», дедилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай дейди: Мендан кўп мазий келар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга куёв бўлганим учун У кишидан сўрашга уялиб, Миқдод ибн Асвадни сўраб беришга буюрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олатингни юв ва таҳорат ол», дедилар. Муттафақун алайҳ.

Шарҳ

Шариатимиз баъзи нарсаларни уларнинг зарари, жирканчлиги ёки бундан бошқа Аллоҳнинг Ўзи биладиган ҳикматларга кўра нажас эканлигини баён қилди ва ундан покланиш йўл-йўриғини ҳам ўргатди. Юқорида зикр қилинган ҳолатлар кундалик ҳаётда кўп учрайдиган аҳкомлар. Намоздан аввал покланиш унинг шартларидан биридир, Мусулмон киши ибодати ноқис бўлмаслиги учун бу аҳкомларни ўрганмоғи вожиб.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Инсоннинг сийдиги ва ахлати нажас.
  2. Аслида нажосотларни кеткизадиган нарса сувдир, лекин оёқ кийимларни тупроққа ишқалаш билан кифояланади.
  3. Онасининг сути билангина озиқланадиган ўғил боланинг бавли агар кийимларга тегиб қолса, устига сув сепиш билан, қиз боланики ювиш билан покиза бўлади.
  4. Итнинг сўлаги нажас бўлиб, ит теккан нарсани етти марта, биринчисида тупроқ билан ювиш вожиб.
  5. Мазий нажас бўлиб, у теккан ўринга сув сепиш билан покланади.