Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

032. Дуонинг фазли ва манзилати

4052 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 60-оятида шундай деди: «Роббингиз: “Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман” деди».

Бақара сурасининг 186- оятида эса: «Бандаларим Сиздан (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен хақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан», деди.

Имом Абу Довуд ва Термизий Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо айни ибодатдир», дедилар.

Имом Ҳоким Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибодатларнинг афзали дуодир», дедилар.

Шайх Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди.

Имом Термизий Салмон ал-Форисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қазо-қадарни дуогина қайтаради, умрни эса фақат яхшилик узайтиради», дедилар.

Шайх Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга дуо қилиб сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар.

Шайх Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди.

Шарҳ

Дуо Аллоҳ таолога қўл кўтариб, ҳокисор бўлиб, банда ўзининг ожиз ва фақирлигини изҳор қиладиган буюк ибодатдир. Банда дуо билан Роббисига боғланиб, ибодатнинг руҳи ва моҳиятини изҳор қилади, Роббисининг фазлу-карами ва раҳматини умид қилади. Дуодан холи бўлган бирон ибодат йўқ, шунинг учун ҳам дуо ибодатларнинг афзали бўлди. Аллоҳ таоло Ўзига ҳокисорлик билан, ўзининг эхтиётижини изҳор қилиб, ялиниб-ёлвориб дуо қилган бандани яхши кўради ва унинг дуосини ижобат қилади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Дуонинг манзилати улуғдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуони ибодат», дедилар.
  2. Дуо ибодатларнинг афзали, чунки унда Аллоҳнинг зикри, қўрқув ва умид, Унгагина суяниш ва Унга бўлган эхтиёжни изҳор қилиш бор.
  3. Дуо ибодатдир, дуони Аллоҳдан бошқасига қилиш ҳаром, ким Аллоҳдан бошқага дуо қилса ширк амалини қилибди.
  4. Аллоҳ таоло дуони қазо-қадарнинг ўзгаришига сабаб қилди, дуо ҳам қазо-қадардан.
  5. Аллоҳ таолонинг марҳамати шунчалик кенгки, ўзидан дуо қилиб сўраган бандасини яхши кўради, сўрамаган бандасига ғазаб қилади.