Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

318. Жаннат ва ундаги неъматлар васфи (1)

3361 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади:

«Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздирувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир» (Муҳаммад: 15).

«Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир» (Раъд: 35).

«Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз - Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!» (Каҳф: 30, 31).

«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!» (Ҳадид: 21).

«Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: Бизлардан ғам-қайғуни кетказган зот — Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин. Дарҳақиқат Парвардигоримиз Ғафур ва Шакурдир. У Ўз фазлу-марҳамати билан бизларни мангу турадиган бир диёрга туширдики, бу жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар» (Фотир: 34, 35).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ فِي الْجَنَّةِ مِائَةَ دَرَجَةٍ أَعَدَّهَا اللَّهُ لِلْمُجَاهِدِينَ فِي سَبِيلِهِ كُلُّ دَرَجَتَيْنِ مَا بَيْنَهُمَا كَمَا بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ فَإِذَا سَأَلْتُمُ اللَّهَ فَسَلُوهُ الْفِرْدَوْسَ فَإِنَّهُ أَوْسَطُ الْجَنَّةِ وَأَعْلَى الْجَنَّةِ وَفَوْقَهُ عَرْشُ الرَّحْمَنِ وَمِنْهُ تَفَجَّرُ أَنْهَارُ الْجَنَّةِ» (رواه البخاري)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда Аллоҳ Ўз йўлидаги мужоҳидларга тайёрлаб қўйган юзта даража бор. Ҳар икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ أَعْدَدْتُ لِعِبَادِيَ الصَّالِحِينَ مَا لا عَيْنٌ رَأَتْ وَلا أُذُنٌ سَمِعَتْ وَلا خَطَرَ عَلَى قَلْبِ بَشَرٍ مِصْدَاقُ ذَلِكَ فِي كِتَابِ اللَّهِ { فَلا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَا أُخْفِيَ لَهُمْ مِنْ قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاءً بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ }» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни ҳозирлаб қўйдим», деди. Бунинг тасдиғи Аллоҳнинг Китобидаги: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17) оятидир» (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ:

Жаннат – Аллоҳ таоло солиҳ бандалари учун ҳозирлаб қўйган мукофот ҳовлисидир. Ундаги неъматларни инсон ақли тасаввур қилолмайди, унда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар бор. Номлари зикр қилинган неъматлар дунёдаги нарсаларга исмдош бўлсада ҳақиқати умуман ўзгача бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Жаннат неъматларининг буюклиги;
  2. Жаннатнинг ҳар хил даражалари ва анҳорлари бор;
  3. Ундаги неъматларни инсон тасаввур ҳам қилолмайди.