Сешанба 16 Апрель 2024 | 7 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

255. Мўмин Парвардигорига йўлиқишидан хурсанд бўлиши ҳақида

3467 марта кўрилган

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَحَبَّ لِقَاءَ اللَّهِ أَحَبَّ اللَّهُ لِقَاءَهُ وَمَنْ كَرِهَ لِقَاءَ اللَّهِ كَرِهَ اللَّهُ لِقَاءَهُ «فَقُلْتُ يَا نَبِيَّ اللَّهِ أَكَرَاهِيَةُ الْمَوْتِ؟ فَكُلُّنَا نَكْرَهُ الْمَوْتَ فَقَالَ: «لَيْسَ كَذَلِك وَلَكِنَّ الْمُؤْمِنَ إِذَا بُشِّرَ بِرَحْمَةِ اللَّهِ وَرِضْوَانِهِ وَجَنَّتِهِ أَحَبَّ لِقَاءَ اللَّهِ فَأَحَبَّ اللَّهُ لِقَاءَهُ وَإِنَّ الْكَافِرَ إِذَا بُشِّرَ بِعَذَابِ اللَّهِ وَسَخَطِهِ كَرِهَ لِقَاءَ اللَّهِ وَكَرِهَ اللَّهُ لِقَاءَهُ» (رواه مسلم).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга учрашишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга учрашишни яхши кўради. Ким Аллоҳга учрашишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга учрашишни ёмон кўради». Мен дедим: «Ё Расулуллоҳ, ўлимни ёмон кўришни айтаяпсизми? Ҳаммамиз ҳам ўлимни ёмон кўрамиз-ку?!». «Ундай эмас, балки мўмин кишига (ўлим соати етгач,) Аллоҳнинг раҳмати, розилиги ва жаннати билан хушхабар берилганда у Аллоҳга йўлиқишни яхши кўради, шунда Аллоҳ ҳам у билан учрашишни яхши кўради. Кофир кимсага Аллоҳнинг азоби ва ғазаби хабари берилганда у Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўради, шунда Аллоҳ ҳам у билан учрашишни ёмон кўради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا وُضِعَتْ الْجِنَازَةُ وَاحْتَمَلَهَا الرِّجَالُ عَلَى أَعْنَاقِهِمْ فَإِنْ كَانَتْ صَالِحَةً قَالَتْ قَدِّمُونِي وَإِنْ كَانَتْ غَيْرَ صَالِحَةٍ قَالَتْ يَا وَيْلَهَا أَيْنَ يَذْهَبُونَ بِهَا يَسْمَعُ صَوْتَهَا كُلُّ شَيْءٍ إِلاَّ الإِنْسَانَ وَلَوْ سَمِعَهُ صَعِقَ» (رواه البخاري).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Маййит тобутга қўйилиб, одамлар уни елкага олишгач, агар солиҳ одам бўлган бўлса: «Мени тезроқ олиб боринглар», дейди. Агар солиҳ бўлмаган бўлса: «Эй, ҳолимга вой бўлсин, қаерга олиб кетаяпсизлар?!», дейди. Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма жонзот эшитади, агар инсон эшитса беҳуш бўлиб қоларди» (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ:

Мўмин киши ўлим соати етганда Парвардигори ҳузурида ўзи учун ҳозирлаб қўйилган неъматлар билан хушхабар берилгач, тезроқ Парвардигори билан учрашишни истаб, интиқ бўлади. Вафот этгач, тобутда ётган ҳолида, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли-марҳаматига етиш орзусида: «Мени тезроқ олиб боринглар!», дейди.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Мўмин киши ўлими олдидан Аллоҳнинг раҳмати билан хушхабарлантирилади ва Аллоҳ билан учрашишга интиқ бўлади;
  2. Кофирга эса ўлими олдидан Аллоҳнинг азоби хабари берилади ва у Аллоҳ билан учрашишни истамайди;
  3. Ким Аллоҳга йўлиқишни истаса, Аллоҳ ҳам у билан учрашишни истайди, ким Аллоҳга йўлиқишни истамаса, Аллоҳ ҳам у билан учрашишни истамайди.
  4. Ўлимни ёмон кўриш Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўриш эмас.