Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

239. Рамазонга рўза тутган ҳолда кириб келишдан қайтариқ ва ҳилолни кўрганда айтиладиган дуо

3525 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا يَتَقَدَّمَنَّ أَحَدُكُمْ رَمَضَانَ بِصَوْمِ يَوْمٍ أَوْ يَوْمَيْنِ إِلاَّ أَنْ يَكُونَ رَجُلٌ كَانَ يَصُومُ صَوْمَهُ فَلْيَصُمْ ذَلِكَ الْيَوْمَ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биронтангиз Рамазонга бир ёки икки кун аввал рўза тутиш билан кириб келмасин. Магар бир киши (одатий нафл) рўзасини тутаётган бўлса, ўша куни ҳам тутаверсин» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلاثِينَ» (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)! Агар ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кун тўлиқ қилинглар» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: مَنْ صَامَ الْيَوْمَ الَّذِي يَشُكُّ فِيهِ النَّاسُ فَقَدْ عَصَى أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ (أخرجه الترمذي).

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким одамлар рамазон эканида шак қилган кунда рўза тутса, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган бўлибди» (Имом Термизий ривояти).

عَنْ طَلْحَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا رَأَى الْهِلالَ قَالَ: «اللَّهُمَّ أَهْلِلْهُ عَلَيْنَا بِالأَمْنِ وَالإِيمَانِ وَالسَّلامَةِ وَالإِسْلامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللَّهُ» (أخرجه الترمذي).

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги ойни кўрганларида: «Эй Аллоҳ! Бу ойни бизга омонлик, иймон, саломатлик ва ислом билан чиқаргин. (Эй ой,) менинг ҳам, сенинг ҳам Парвардигоринг Аллоҳдир», дердилар (Имом Термизий ривояти).

Шарҳ:

Рамазон рўзаси Аллоҳ таоло муайян вақтга белгилаб қўйган ибодатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда ғулув кетишдан ва эҳтиёт юзасидан бир-икки кун олдиндан рўза тута бошлашдан қайтарганлар. Чунки бундай қилиш чуқур кетиш ва Аллоҳ белгилаб қўйган ҳад-ҳудудларга тажовуз қилиш бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Рамазонга олдиндан 1-2 кун рўза тутган ҳолда кирилмайди, фақат кишининг одатда тутаётган рўзасига тўғри келса зарари йўқ;
  2. Рўза янги ойни кўриш билан ёки Шаъбонни 30 кун қилиш билан бошланади;
  3. Ҳилолни кўрган пайтда махсус дуони ўқиш мустаҳаб.