Сешанба 16 Апрель 2024 | 7 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

238. Рамазон рўзасининг фазли ҳақида

3308 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «قَالَ اللَّهُ: "كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلاَّ الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ" وَالصِّيَامُ جُنَّةٌ وَإِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ فَلا يَرْفُثْ وَلا يَصْخَبْ فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللَّهِ مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ يَفْرَحُهُمَا إِذَا أَفْطَرَ فَرِحَ وَإِذَا لَقِيَ رَبَّهُ فَرِحَ بِصَوْمِهِ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки Рамазон ойида иймон билан ва савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ:

Аллоҳ таоло рўзани фарз қилди ва уни улуғлаб, бошқа ибодатлар ичидан уни Ўзига хослади, унга кўп ажрлар ваъда қилди, Рамазон ойи рўзасини унинг фарзлигига иймон келтириб, савоб умидида тутган одамнинг гуноҳлари кечирилишига сабаб қилди.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Рамазон рўзасининг фазли;
  2. Унинг савоби улуғлиги;
  3. Рамазонда иймон билан ва савоб умидида тутилган рўза ўтган гуноҳлар кечирилишига сабабдир.