Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

185. Гўзал хулқли бўлиш ҳақида

3952 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Қалам сурасининг 4- оятида айтади:

«وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ»

«Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз».

Аҳзоб сурасининг 21- оятида айтади:

«لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ»

«Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир»

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَحْسَنَ النَّاسِ خُلُقًا (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар».

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ لَمْ يَكُنْ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاحِشًا وَلا مُتَفَحِّشًا وَكَانَ يَقُولُ: «إِنَّ مِنْ خِيَارِكُمْ أَحْسَنَكُمْ أَخْلاقًا» (متفق عليه)

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаҳш сўзлар айтувчи, оғзи бузуқ киши эмасдилар, ул зот айтардилар: «Ахлоқи гўзалингиз сизларнинг энг яхшиларингиздандир».

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا شَيْءٌ أَثْقَلُ فِي مِيزَانِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ خُلُقٍ حَسَنٍ وَإِنَّ اللَّهَ لَيُبْغِضُ الْفَاحِشَ الْبَذِيءَ» (رواه الترمذي).

Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди, Аллоҳ таоло фаҳш сўзлар айтувчи, оғзи бузуқ кимсани ёмон кўради».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سُئِلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ فَقَالَ: «تَقْوَى اللَّهِ وَحُسْنُ الْخُلُقِ» (رواه الترمذي).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан одамларни энг кўп жаннатга киритувчи нарса ҳақида сўралди. У зот: «Аллоҳдан тақво қилиш ва гўзал хулқ», деб жавоб бердилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «إِنَّ الْمُؤْمِنَ لَيُدْرِكُ بِحُسْنِ خُلُقِهِ دَرَجَةَ الصَّائِمِ الْقَائِمِ» (رواه أبو داود).

Имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат мўмин киши гўзал хулқи сабабли кундузлари рўзадор, тунлари эса намоз билан бедор кишининг даражасига эришади».

Шарҳ:

Ширинсўзлик, гўзал муомала, одамларга нисбатан сабр-бардошлилик, уларга ёрдам қўлини чўзиш ва шу каби мақтовли ва гўзал ахлоқларнинг Исломда улкан ўрни бор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга тарғиб қилганлар ва уларни Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган энг фазилатли амаллардан эканини баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳусни хулқнинг чўққисига эришган зот эдилар, бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз» деб гувоҳлик берган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қалбида нафрат ва адоват бўлган бирон кимса у зот ҳақларида ёмон хулқли эди деб айтмаган, балки, у зотни гўзал ахлоқ соҳиби эканликларига гувоҳлик берган.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқ соҳиби эдилар;
  2. Ҳусни хулқнинг фазилати ва Исломдаги ўрни, қиёмат куни у мўминнинг тарозисида энг оғир нарса бўлиши;
  3. Ҳусни хулқ одамларни энг кўп жаннатга киргизувчи ва даражаларни юксалтирувчи амаллардан бири экани;
  4. Мусулмон кишининг гўзал хулқи унинг иймони мукаммал эканига далилдир.