Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

164. Мақбараларни зиёрат қилиш ҳақида

3261 марта кўрилган

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَزُورُوهَا» (أخرجه مسلم) وزاد الترمذي : «فَإِنَّهَا تُذَكِّرُكُمُ الآخِرَةَ»

Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг». Имом Термизий ривоятида: «Чунки у сизларга охиратни эслатади», деб қўшиб қўйилган.

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَلِّمُهُمْ إِذَا خَرَجُوا إِلَى الْمَقَابِرِ فَكَانَ قَائِلُهُمْ يَقُولُ السَّلامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ لَلاحِقُونَ أَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمْ الْعَافِيَةَ (أخرجه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Бурайда розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қабристонга чиққанда шундай дейишни ўргатардилар: «Ассалому алайкум ушбу диёр аҳли бўлмиш мўмин мусулмонлар, биз ҳам албатта сизнинг ортингиздан келувчимиз, бизга ва сизларга Аллоҳдан офият сўрайман»

عَنْ أَبِي مَرْثَدٍ الْغَنَوِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « لا تُصَلُّوا إِلَى الْقُبُورِ وَلا تَجْلِسُوا عَلَيْهَا» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Марсад розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қабрларга юзланиб намоз ўқиманглар, улар устига ўтирманглар» деганларини эшитганман.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لأنْ يَجْلِسَ أَحَدُكُمْ عَلَى جَمْرَةٍ فَتُحْرِقَ ثِيَابَهُ فَتَخْلُصَ إِلَى جِلْدِهِ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَجْلِسَ عَلَى قَبْرٍ» (أخرجه مسلم)

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз чўғ устига ўтириши, чўғ унинг кийимини куйдириб, баданига етиши у учун қабр устига ўтиргандан яхшироқдир».

Шарҳ:

Қабрларни зиёрат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бўлиб, ўзлари буни қилганлар ва бошқаларни ҳам шунга буюрганлар, бу нарса кишига охиратни эслатиб туришини айтганлар. Зеро, оқил инсон ўзининг бу дунёдаги охирги қароргоҳини кўрар экан, бу шубҳасиз, унинг дунёга ҳирс қўймаслигига ва охиратдаги абадий ҳовлисини обод қилишга юзланишига сабаб бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Қабрларни зиёрат қилиш суннат, бундай қилиш кишига охиратни эслатади.
  2. Қабристонга кираётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек салом бериш суннатдир.
  3. Қабрларга юзланиб намоз ўқиш ҳаром қилинган, чунки бу уларга сиғинишга олиб бориши мумкин.
  4. Қабрлар устига ўтириш мумкин эмас.