Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

147. Киришга изн сўраш одоби

3291 марта кўрилган

Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 27-оятида шундай дейди:

«Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз».

59-оятида эса:

«Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, улар ҳам ҳудди улардан илгари (балоғатга етганлар ) каби изн сўрасинлар».

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قالََ أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي دَيْنٍ كَانَ عَلَى أَبِي فَدَقَقْتُ البَابَ فَقَالَ: «مَنْ ذَا» فَقُلتُ: أَنَا، فَقَالَ: «أَنَا، أَنَا» كَأَنَّهُ كَرِهَهَا (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Бир ҳожат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, эшикни тақиллатдим. Ичкаридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Ким у?», дедилар.

- Мен... -, дедим.

- Мен... Мен... деб гўё ёқтирмагандай такрорладилар.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ اطَّلَعَ رَجُلٌ مِنْ جُحْرٍ فِي حُجَرِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِدْرًى يَحُكُّ بِهِ رَأْسَهُ فَقَالَ: «لَوْ أَعْلَمُ أَنَّكَ تَنْظُرُ لَطَعَنْتُ بِهِ فِي عَيْنِكَ إِنَّمَا جُعِلَ الِاسْتِئْذَانُ مِنْ أَجْلِ البَصَرِ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳужралари тирқишидан қаради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тароқ билан сочларини тараб турган эдилар. Ҳалиги кишига: «Агар қараётганингни билсам, шуни кўзингга тиқиб олган бўлардим. Ахир изн сўраш кўз )номаҳрамларга тушиб қолмаслиги) учун буюрилган», дедилар.

عَنْ كَلَدَةَ بْنِ حَنْبَلٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قال: أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَدَخَلتُ عَلَيْهِ وَلَمْ أُسَلِّمْ وَلَمْ أَسْتَأْذِنْ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «ارْجِعْ فَقُل السَّلامُ عَلَيْكُمْ أَأَدْخُلُ» (رواه أبو داود والترمذي).

Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Калада ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, киришга рухсат ҳам сўрамай, салом ҳам бермай, тўғри олдиларига кириб бордим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Қайтинг, кейин “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб айтинг», дедилар.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا اسْتَأْذَنَ أَحَدُكُمْ ثَلاثًا فَلَمْ يُؤْذَنْ لَهُ فَليَرْجِعْ» (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз уч марта изн сўраса-ю, изн берилмаса қайтиб кетсин.

Шарҳ:

Одамларнинг авратларини ва ўзларига хос ишларини бегона кўзлардан сақлаш мақсадида уйларга изн сўраб кириш динимиз буюруқларидан. Изн сўраш - манзилга киришдан аввал кўзни ичкарига югуртирмаган ҳолда уч марта қўнғироқ чалиш, эшик қоқиш ёки хонадон эгасини чақириш билан бўлади. Агар уч бор чақиргандан сўнг чиқмаса, тўртинчи бор чақириб ўтирмай, соҳиби хона айни пайтда чиқишга имконсиз экан деб, яхши гумон билан қайтиб кетади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Эшикдан киришдан аввал рухсат сўраш лозим.
  2. Эшик қоққан кишига ичкаридан “кимсиз?” дейилса, исм шарифини айтади, “мен” деб туравермайди.
  3. Хонадон соҳибини чақириш уч марта бўлади, жавоб бўлмаса қайтиб кетади.