Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

112. Нафл намозларга тааллуқли ҳукмлар

3450 марта кўрилган

Улов устида нафл намоз ўқиш жоизлиги

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُسَبِّحُ (أي يصلي النافلة) عَلَى الرَّاحِلَةِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ وَيُوتِرُ عَلَيْهَا غَيْرَ أَنَّهُ لا يُصَلِّي عَلَيْهَا المَكْتُوبَةَ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туянинг устида, кетаётган тарафларига қараб нафл намозини, шунингдек витрни ҳам ўқийверар эдилар, бироқ фарз намозини туя устида ўқимас эдилар.

عَنْ عَامِرِ بْنِ رَبِيعَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ عَلَى الرَّاحِلَةِ يُسَبِّحُ يُومِئُ بِرَأْسِهِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ وَلَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصْنَعُ ذَلِكَ فِي الصَّلاةِ المَكْتُوبَةِ (رواه البخاري).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Омир ибн Раби’а розияллоҳу анҳу шундай деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уловлари устида, юзланиб бораётган тарафларига қараб, бошлари билан ишора қилиб нафл намози ўқиётганларини кўрдим. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозида бундай қилмас эдилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي فِي بَيْتِي قَبْلَ الظُّهْرِ أَرْبَعًا ثُمَّ يَخْرُجُ فَيُصَلِّي بِالنَّاسِ ثُمَّ يَدْخُلُ فَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ وَكَانَ يُصَلِّي بِالنَّاسِ المَغْرِبَ ثُمَّ يَدْخُلُ فَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ وَيُصَلِّي بِالنَّاسِ العِشَاءَ وَيَدْخُلُ بَيْتِي فَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ وَكَانَ يُصَلِّي مِنْ اللَّيْلِ تِسْعَ رَكَعَاتٍ فِيهِنَّ الوِتْرُ وَكَانَ يُصَلِّي لَيْلاً طَوِيلاً قَائِمًا وَلَيْلاً طَوِيلاً قَاعِدًا وَكَانَ إِذَا قَرَأَ وَهُوَ قَائِمٌ رَكَعَ وَسَجَدَ وَهُوَ قَائِمٌ، وَإِذَا قَرَأَ قَاعِدًا رَكَعَ وَسَجَدَ وَهُوَ قَاعِدٌ وَكَانَ إِذَا طَلَعَ الفَجْرُ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимда пешиндан аввал тўрт ракъат намоз ўқир, сўнгра чиқиб одамлар билан пешин (фарзи)ни ўқиб, сўнг уйга кириб, яна икки ракъат ўқир эдилар. Шомни(нг фарзини) одамлар билан ўқиб, кейин кириб икки ракъат ўқир эдилар. Хуфтонни(нг фарзини) одамлар билан ўқиб, сўнгра уйимга кириб икки ракъат ўқир эдилар. Кечқурун витрни қўшган ҳолда тўққиз ракъат ўқир эдилар. Кечаси намоз ўқиганларида бир кеча тикка туриб узун намоз ўқисалар, бошқа бир кечада ўтириб узун намоз ўқир эдилар. Тик туриб қироат қилганларида рукуъ ва саждаларни ҳам тик туриб қилардилар, ўтириб қироат қилганларида рукуъ ва саждаларни ҳам ўтириб қилар эдилар. Бомдод вақти киргач, икки ракъат суннатини ўқир эдилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «صَلاةُ الرَّجُلِ قَاعِدًا نِصْفُ الصَّلاةِ (رواه مسلم).

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг ўтириб ўқиган намози (тик туриб ўқилган) намознинг ярмидир», дедилар.

Шарҳ:

Аллоҳ таоло ўзининг кенг фазли карами билан бандаларига енгиллик бериб, нафл намозлар учун фарз намозлардан енгил ҳукмларни қилди. Жумладан: нафл намозини маркаб-улов устида, кетаётган томонига қараб, гарчи қиблага юзланмаган ҳолда бўлса-да, ўқиш жоиз. Шунингдек, нафл намозларини ўтириб ўқиш ҳам жоиз. Ўтириб ўқилганда рукуъни ҳам ўтирган ҳолда икки қўлни тиззага қўйиб, тўла белни букиб қилинади, саждани эса одатдагидек қилинади. Аммо маркабга миниб кетаётган одам қўлларини тиззасига ёзиб қўйган ҳолда, рукуъ ва саждани бошини эгиш билан қилади, саждада рукуъдан кўра кўпроқ эгилади, аммо пешонасини бирон нарсага — иложи бўлган тақдирда ҳам — қўймайди.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Нафл намозларни автомашина, учоқ каби нақлиёт воситаларида қайси томонга қараб кетилаётган бўлса, шу томонга қараб ўқиш жоиз.
  2. Нафл намозни ўтирган ҳолатда ўқиса бўлади.
  3. Ўтириб ўқилган намознинг савоби тик туриб ўқилган намознинг ярим савобича бўлади.