Душанба 11 Декабрь 2017 | 22 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кечир, Рамазон!

3342 марта кўрилган

Муаллиф: Шайх Холид ар-Рошид
Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз. Нафсларимиз ёмонлиги ва амалларимиз ёмонларидан Аллоҳнинг паноҳига ўтамиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва Ул зот адаштириб қўйган кишини бирон кимса ҳидоят қила олмас. Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли бирон илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Ул зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ .

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқув билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!” (Оли-Имрон: 102)

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَتَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا .

“Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (яъни Одам алайҳиссаломдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавво алайҳассаломни) яратган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатгувчи бўлган зотдир”. (Нисо: 1)

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلاً سَدِيدًا. يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِع اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا .

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг элчисига итоат этса, улуғ бахтга эришибди”. (Аҳзоб: 70,71)

Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг китоби ва йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони динда пайдо қилинган янгиликлардир. Динда пайдо қилинган ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Азиз биродарлар, опа-сингиллар!

Улуғ Аршнинг Робби бўлмиш Аллоҳ таолодан барчамизни охират диёрида жаннатлардаги сўриларда бир-бирларига рўбарў ўтирувчи дўст-биродарлардан қилишини, ҳар биримизни зоҳирий ва ботиний фитналардан асрашини ҳамда ҳидоятланган ва ўзгаларнинг ҳидоятига сабаб бўлувчи кишилардан қилишини сўрайман.

Бугунги маърузамизнинг мавзусини «Кечир, Рамазон!» деб номладим ва у қуйидаги бандлардан ташкил топган:

  • Нега кечирим сўраймиз?!
  • Мавзуга киришишдан олдин бир оз тафаккур;
  • Рамазон ойи;
  • Сизларга рўза фарз қилинди;
  • Сиздан ва мендан талаб қилинган нарса;
  • Ғариб бўлиб бошланган ва ғарибликка қайтади;
  • Ғариблар ва рўза;
  • Опа-сингилларга салафларнинг рўзадор аёллари хабарларидан намуналар;
  • Рўзадорларнинг турлари;
  • Кечир, Рамазон!;
  • Сўнгги нидо.
Нега кечирим сўраймиз?!

Чунки, ҳар йили Рамазонга нисбатан биздан айни хато ва камчиликлар содир бўлади. Ҳар йили Рамазон киришидан бир неча кун олдин ўзимизни унга тайёрлагандек бўламиз, орзу-умидларга бериламиз..

- Бу йил Рамазонда ундай қиламан, бундай қиламан..

- Тунлари шунча намоз ўқийман..

- Қуръонни шунча марта хатм қиламан..

Аммо, Рамазон кириб, бир неча кун ўтмаёқ, ҳамма режаларимиз режа бўйича қолиб кетиши, орзу-умидларимиз хом ҳаёл экани маълум бўлиб қолади.

Хўш, нега шундай бўлади?! Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?!

Сабаб шуки, биз ўзимизга Рамазондан илгари қилиб ўрганмаган ишларни юкламоқчи бўламиз.

Шундай экан, режаларимиз ўлда-жўлда қолиб кетганига асло ажабланмасак бўлаверади.

Ахир биз тунлари туриб намоз ўқишга, Қуръонни хатм қилишга, давомий равишда рўзалар тутишга қачон одатланибмизки, Рамазонда ушбу ишларни бирваракайига амалга оширсак?!

Аммо салафларимиз-чи...

Йилнинг ҳаммаси улар учун гўё Рамазон эди!... Рамазон ойи кирганида эса ҳимматлари яна ҳам баланд бўлиб, ибодатларга яна-да кўпроқ берилар эдилар!

Аввалдан кечир бизни, Рамазон! Чунки, кўпларимиз айни хато ва камчиликларни яна такрорлашимиз аниқ!!

Мавзуга киришишдан олдин бир оз тафаккур

Ўтган йили худди шу кунларда рўза ойига кўз тикаётган, унинг келишини кутаётган эдик. Хўш, кейин нима бўлди?!!

Тўла бир йил – ўн икки ой бирин-кетин биз қилган яхшию ёмон ишларни елкасига ортганча ўтди кетди.

Аллоҳ рост айтади – зеро, Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?! - :

{ وَتِلْكَ الأيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيْنَ النَّاسِ }

«Биз бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз.» (Оли-Имрон:140)

{ يُقَلِّبُ اللَّهُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَعِبْرَةً لِّأُوْلِي الْأَبْصَارِ }

«Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб туради. Албатта бунда қалб эгалари учун ибрат бордир.» (Нур:44)

Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кунлар бирин-кетин ўтаверади, биз эса кўз кўриб турган ҳолда ажалларимиз сари бораверамиз.»

Умримиздан ўтган ҳар бир дақиқа, ҳар бир сония тоғларча олтин-кумуш сарфласак-да, асло ортга қайтмайди.

Эй биродар, эй сингил, унутманг: нафаслар саноқли, ажаллар белгилаб қўйилган!

Билингки, ҳали умримиз борлиги, ушбу улуғ ойга саломат етиб келаётганлигимиз Аллоҳнинг бизга ато этаётган улкан неъматларидан биридир!

Ўлим қанча-қанча ёр-биродарларимизни орамиздан олиб кетди, не-не суйган кишиларимиз тупроқ остига кирдилар!!

Ўйлаб кўринг, ўтган йили биз билан рўза тутган, бирга ҳайит намози ўқиган кишилардан анча-мунчаси бугун орамиздан кетган, бу фано оламидан кўчиб, бақо оламига етган!!

Мана бу ҳадиси шарифдан ўзимизга керакли хулоса чиқаришга шошилайлик:

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : اِغْتَنِمْ خَمْساً قَبْلَ خَمْسٍ : شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ ، وَغِناكَ قَبْلَ فَقْرِكَ ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ ، وَحَياتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ (راوه الحاكم والبيهقي).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: қариликдан олдин ёшлигингни, бемор бўлишдан олдин соғлигингни, камбағаллашишдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишдан олдин бўш вақтингни, ўлимдан олдин ҳаётингни», дедилар. (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари)

Одамларнинг яхшиси бўлишга ҳаракат қилайлик! Биласизми, одамларнинг яхшиси ким? Мана бу ҳадисга ҳам бир қулоқ тутинг-а:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُسْرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ أَعْرَابِيًّا قَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَنْ خَيْرُ النَّاسِ قَالَ مَنْ طَالَ عُمُرُهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ (رواه الترمذي).

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий: «Ё Расулуллоҳ, одамларнинг энг яхшиси ким?» деб сўраган эди, ул зот: «Умри узоқ ва амали гўзал бўлган одам», деб жавоб бердилар. (Термизий ривояти)

Рамазон ойи

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида айтади:

{ شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ }

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Оллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Оллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз.»

Рамазон ойи кириб келаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини қутлар эдилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَشِّرُ أَصْحَابَهُ قَدْ جَاءَكُمْ شَهْرُ رَمَضَانَ شَهْرٌ مُبَارَكٌ افْتَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ يُفْتَحُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَيُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ الشَّيَاطِينُ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ (رواه أحمد والنسائي).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини қутлаб шундай дедилар: «Сизларга муборак ой – Рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очиб қўйилади, жаҳаннам қопқалари беркитилади, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, (барча яхшиликдан) маҳрум бўлибди.» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти)

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳадис одамлар Рамазон ойи муносабати билан бир-бирларини табриклашларига асос бўлади.»

Ахир мўмин киши жаннат дарвозалари очиб қўйилиши билан қандай қутланмасин?!

Гуноҳкор банда дўзах қопқалари ёпиб қўйилиши билан қандай хурсанд бўлмасин?!

Оқил одам шайтонлар занжирбанд қилинадиган вақт хабари билан қандай шодланмасин?!

Бу фурсатга ўхшаш бошқа бирон фурсат борми дунёда?!

Муалло ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ айтади: «Салафлар Рамазонга етказишини сўраб олти ой Аллоҳга дуо қилишар ва Рамазондан кейин олти ой рўзаларини қабул қилишини дуо қилиб сўрашар эди.»

Яҳё ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтади: Улар «Парвардигоро, мени Рамазонга, Рамазонни менга саломат етказгайсан, ва унинг рўзасини мендан қабул қилгайсан эй оламлар Робби», деб дуо қилардилар.

Хуш келибсан эй пок, муборак ва улуғ ой!!

Рамазон – Қуръон ва самовий китоблар нозил қилинган ой!

Рамазон – рўза ва Қуръон билан шафоатланиш ойи!

Рамазон – таровиҳ ва таҳажжуд ойи!

Рамазон – тавба ойи, гуноҳларнинг каффорати ойи!

Рамазон – шайтонлар кишанланган ой!

Рамазон – жаҳаннам эшиклари беркитилиб, жаннат дарвозалари очилган ой!

Рамазон – хайру саховат, эҳсон ва дўзахдан қутулиш ойи!

Рамазон – сабр, шукр ва дуо-илтижолар ойи!

Рамазон – яхшиликлар бир неча баробар кўпайтириладиган ой, қадр кечаси бўлган ой!

Рамазон – жиҳод ва ғалабалар ойи!

Бу айтилганлар Рамазонда бўлган фазилатларнинг бир қисмигина холос. Шундай экан, мўмин киши бу ой билан қандай шодланмасин?!!

Кечир бизни, Рамазон! Кечир, биз сенинг қадрингга етмадик!!

Сизларга рўза фарз қилинди

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида айтади:

{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ}

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди.»

Рўзадан бўлган ҳикмат – киши ўзини ейиш-ичишдан ва жинсий яқинликдан тийишигина эмас, балки Аллоҳ таоло айтганидек: «тақволи кишилар бўлишингиз учун» ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида ишора қилганларидек:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ (رواه البخاري)

«Кимки, ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳиллик (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емоқ-ичмоғини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ.» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган)

Сиздан ва мендан талаб қилинган нарса

Демак, сиздан ва мендан талаб қилинган нарса – Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилишга эришиш...

Аллоҳдан тақво қилиш – бош мақсад ва энг олий ғоядир.

Аллоҳ таоло айтади:

{ وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ مِن قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُواْ اللّهَ}

«Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Оллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик.» (Нисо:131)

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اتَّقِ اللَّهِ حَيْثُمَا كُنْتَ...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қаерда бўлсанг-да, Аллоҳдан тақво қил», деганлар. (Имом Термизий Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган)

Тақвонинг энг яқин маъноси – буюрилган ишни қилиш ва қайтарилган ишдан тийилишдир.

Нима дейсиз, биз тутаётган рўзамиз билан тақво ҳосил қила оляпмизми?! Ёки бизлар Аллоҳдан кундузи тақво қилиб, кечаси осий бўладиган кимсаларданмизми?!

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бир кишига ёзган мактубларида шундай ёзадилар: «Мен сизни Аллоҳдан тақво қилишга буюраман. Зеро, У Зот тақводан ўзгани қабул қилмас, тақво аҳлидан ўзгага раҳм этмас, тақво билан қилинган амалдан ўзгасига ажру савоб бермас. Тақво ҳақида ваъз айтувчилар кўп, тақвога амал қилувчилар оз.. Аллоҳ мени ва сизни тақводорлардан қилсин.»

Аллоҳдан тақво қилиш – кишининг энг улуғ сири, энг зийнатли безаги, энг афзал захираси бўлмоғи лозим. Зеро, «Охират Парвардигорингиз наздида тақводор зотлар учундир.» (Зухруф:35.)

Энди тақводор зотларнинг хабарларидан бир шингилини диққатингизга ҳавола этаман:

Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: Балоғатга етганимдан бошлаб биронта ҳам мусулмонни ғийбат қилмадим.

Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳ номига бирор марта, на рост, на ёлғон қасам ичмадим. Агар сув одамийлигимга зарар етказишини билсам, уни ичмаган бўлар эдим.

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳга: «Нега ҳеч суяниб ўтирмайсиз?» дейилганда: «Хотиржам одам суяниб ўтиради, мен эса доим хавфдаман», деб икки бор такрорладилар.

Абдуллоҳ ибн Ваҳб раҳимаҳуллоҳга: «Ўшанда улар дўзах ичра ўзаро тортишарканлар...» ояти (Ғофир:47) ўқилганда, беҳуш бўлиб йиқилди.

Масруқ раҳимаҳуллоҳ ҳаж қилганида тинимсиз намозда бўлганидан ҳатто уйқусини ҳам саждада ухларди.

Салафлардан бирлари: «Ёлғон ўз эгасига зарар етказишини билганимдан бошлаб асло ёлғон гапирмадим», дейди.

Абу Сулаймон ад-Дороний раҳимаҳуллоҳ: «Юзим гуноҳлардан қорайиб кетдимикин деб ҳар куни ойнага қарайман», деди.

Салафларнинг ҳолатлари ана шундай эди. Сиз билан бизнинг ҳолимиз-чи??!!

Эгнимизда янги либос, еганимиз ёғлиқ палов, охират азоби ёдимиздан кўтарилган, орзуларимиз чексиз... Ўзинг раҳм этгил, эй Парвардигор!

Ҳаётнинг нима қизиғи бор?!...

Яшаш нега керак?!...

Агар кўзларимиз Аллоҳдан қўрқиб ёш тўкмаса!!

Агар саҳарларда Аллоҳга ҳамду санолар айтмасак!!

Агар зикр аҳлининг карвонига қўшилмасак!!

Агар жазирама иссиқларда рўза тутмасак, махфий садақалар бермасак!!

Яшаш маъноси шу эмасми, аслида?!!

Дедилар: «Агар тунларни намоз билан, кундузларни рўза билан ўтказиш қўлингдан келмаса, билгинки, сен ҳақиқий маҳрумсан.»

Аллоҳ таоло айтади:

{ إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَنَهَرٍ ، فِي مَقْعَدِ صِدْقٍ عِندَ مَلِيكٍ مُّقْتَدِرٍ}

«Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар.» (Қамар:54,55)

Ғариб бўлиб бошланган, ғарибликка қайтади

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَدَأَ الْإِسْلَامُ غَرِيبًا وَسَيَعُودُ كَمَا بَدَأَ غَرِيبًا فَطُوبَى لِلْغُرَبَاءِ (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом ғариб бўлиб бошланган, қандай бошланган бўлса ўшандай, ғариб ҳолига қайтади. Ғарибларга жаннат бўлсин!», дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Салафлар ҳақидаги хабарларни ўқиган ва эшитган одам бугунги кунда дин ўз аҳли ичида ғариб ҳолга тушиб қолганини англаб етади.

Уларнинг рўзалари, тунги намозлари ва жиҳодлари ҳақида ўқиган-билган одам бугунги воқеълик нақадар ўзгартиришга муҳтож эканига ишонч ҳосил қилади.

Келинг, энди ғарибларнинг Рамазондаги кўринишларидан баъзилари билан танишиб чиқамиз, шунда беихтиёр тилларимиздан: «Кечир, Рамазон!», деган сўзлар отилиб чиқса ажаб эмас.

Ғариблар ва рўза

Ибн Умар розяллоҳу анҳумо айтади: «Умар розияллоҳу анҳу дунёдан ўтгунига қадар давомий рўзадор эди.»

Яхшилар амири, ёмонлар фитнаси қурбони Усмон розияллоҳу анҳу.. Бу зот ҳақларида Абу Нуайм: «Кундуздан олган улуши саховат ва рўза, тундан олган улуши сажда ва қиём эди» дейди.

Аёллари Ҳайма айтади: «Усмон бир умр рўзадор ўтдилар, тунлари кечанинг аввалида бир оз ухлар, қолган қисмини эса намоз билан ўтказардилар.»

Уни ўлдиришган пайтда ҳам рўзадор, олдида Қуръон очиқ, кўз ёшлари юзларидан оқиб, соқолларини ҳўл қилган ҳолда эдилар. Ваҳоланки, ул зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳабиби, содиқ вазир, дунёда яшаган яхшиларнинг тўртинчиси эдилар.

Абу Талҳа ал-Ансорий розияллоҳу анҳу... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саҳобий ҳақларида: «Лашкар ичида Абу Талҳанинг овози мингта одамдан яхшироқ», деганлар.. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ғазотлар туфайли (нафл) рўза тутолмас эди.. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг мен бу кишини Фитр ва Қурбон ҳайити кунларидан бошқа бирон кун рўзасиз кўрмадим.»

Ислом умматининг донишманди, қориларнинг саййиди Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан илгари мен савдогар эдим. Ул зот пайғамбар қилиб юборилгач, ибодат билан тижоратни бирга олиб бормоқчи бўлдим, лекин иккаласининг боши бир жойга қовушмади. Шунда мен ибодатни ушлаб, тижоратни ташладим...» Аёллари бу киши ҳақида: «дунёга умуман қизиқмас, тунлари намоз билан бедор, кундузлари рўзадор бўшашиш эса унга ёт эди», дейди.

Суннатга эргашувчиларнинг имоми Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу... У ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Абдуллоҳ нақадар яхши одам...» деб берган гувоҳликлари кифоя... Нофеъ айтади: «Ибн Умар сафарда рўза тутмас, муқимликда деярли рўзасиз юрмас эдилар.»