Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ислом дини ва мусулмонларни мазах қилиш

5004 марта кўрилган

Муаллиф: Доктор Муҳаммад ибн Саид ибн Солим Қаҳтоний
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таоло айтди:

"Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расулини мазах қилаяпсизларми? Узр айтманглар. Сизлар иймон келтиргандан сўнг кофир бўлдингиз!"" (Тавба: 65, 66).

Муқаддима

Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбарларнинг сўнггисига, унинг оиласи, саҳобалари ва унинг йўлидан юрган барчага салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг ...

Бугун Умматнинг ҳаётига назар ташлаган одам, ҳайратомуз ва ёқимсиз ишларнинг гувоҳи бўлади. Чунки, бу Умматнинг Исломни ҳаётга татбиқ этишга яқин ёки узоқ бўлишига қараб Умматнинг ҳаётидаги бузилиш кўпайиш ва озайиш ўртасида беқарор бўлмоқда.

Бу Умматнинг касаллиги бениҳоя кўп ва оғирдир! Шунинг учун ҳам, агар табиб унга тўғри ташхисни қўймас экан, фойдали дори-дармонни тавсифлаши қийин бўлади. Натижада ишлар чигаллашиб, ноҳуш натижаларга олиб боради.

Бу Уммат ҳаётидаги хатарли касалликлардан бири "Ислом ва мусулмонларни мазах қилиш" касаллигидир. Унинг вируслари ҳоҳ Уммат ичидан, ҳоҳ ташқарисидан келган бўлсин, — буларнинг ҳар иккиси мавжуд — хатарли натижага олиб боради: бандани Ислом динидан бутунлай чиқаради.

Китобхон дўстим, бугунги воқеълигимиздаги эрмакчи ва масхараловчиларнинг ҳаёти ва аҳволлари ҳақида ўйлаб кўрсангиз, ажойиб нарсаларни кўрасиз, Иймон нурлари ёритган қалбингиз оғриб, сиқилади ва афсус чекасиз.

Масалан: бугунги кундаги шоирларнинг нашр қилинаётган ва ўқилаётган сўзларига қарасангиз Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва динини мазах қилиш билан очиқ куфр амалини қилаётганларини кўрасиз, Ҳолбуки, Аллоҳ таоло уларнинг мазахларидан буюк ва бутунлай муназзаҳдир!

Бугун энг кучли қуролга айланган оммавий ахборот воситаларида баъзи мухбирларнинг диний асосларимиз ва қадриятларимиз устидан кулиб, масхара қилишаётгани ҳақида ўйлаб кўринг.

Мана бу ёзувчи Одам алайҳиссаломнинг яралиши ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон Каримда баён қилган оятларни мазах қилиб, инсон маймундан келиб чиққан деб даъво қилмоқда!

Анави ёзувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг тўққизта хотинга уйланганини масхара қилиб, карикатура (ҳажвий сурат) чизмоқда!

Учинчиси бўлса Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилганлар, ёки ҳукм қилишни талаб қилаётганлар устидан кулиб, уларни турғун фикрли ва зулматли асрларга қайтмоқчи бўлган "ақидапарастлар" деб номламоқда!

Тўртинчи ёзувчи ҳижоб устидан кулиб, тиббиёт факультетидаги толиба қизларни имтиҳондан ҳайдаб чиқаришни талаб қилмоқда!!

Бешинчиси эса, араб тилини мазах қилиб, уни турғунликда айблаб, Қуръон тилига бадал ўлароқ халқ тилида сўзлашиш ёки лотин алифбосида ёзишга чақирмоқда ҳамда араб тилининг олийжаноб адабиёти ўрнига бадал қилиб, пардоз ва "кўрпа одоблари" "адабиёти"ни талаб қилмоқда!

Олтинчиси эса, шаръий жазоларни ижро қилиш устидан масхара қилмоқда ва унинг ижроси ваҳшийлик ва шафқатсизлик деб айтмоқда. У бунга бадал ўлароқ жамиятнинг "инсон ҳуррияти ва маданият" номи остида жиноятчи тўдалар ва қароқчиларга айланиб қолишини талаб қилмоқда!

Ҳатто иш шу даражага етиб бордики, исломий маданият ва даъватга мансуб ҳисобланган баъзи кимсалар, пайғамбарлар саййидининг суннатини маҳкам ушлаган мусулмонларни кеча-кундуз масхара қилиб, улар устидан кулмоқдалар. Уларни ақли заиф ва пасткашлар деб таърифламоқдалар. Ҳатто имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳларнинг "Саҳиҳ" (ҳадислар тўплам)ларида ўз жойини олган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўжизаларини масхара қилмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болалик чоғлари — Бани Саъдда яшаган пайтларида Жибрил алайҳиссалом келиб, кўкракларини ёриб, муборак қалбларидан Шайтон насибасини олиб ташлаб, уни иймон билан тўлдирган мўъжизаси шулар жумласидандир. Ҳолбуки, бу мўъжиза "Саҳиҳ"да собитдирки, инсон ақли заиф ва ноқис бўлганлиги сабабли уни идрок этишдан ожиз. Мана бу мазахчи у мўъжизани инкор этиб: "Мен ақлим тасдиқлаган нарсагагина ишонаман. Ахир иймон суюқлик эмаски, уни шишаларга қуйсак!", демоқда!

Ҳурматли китобхон, бу – биз киришган мавзунинг хатарли эканини билишингиз учун келтирилган намуналардир. Мазах қилувчи одам, Аллоҳ таолони лойиқ бўлганидек қадрламаган бўлади ва қилиб қўйган гуноҳи қанчалик катта эканини сезмайди. Валлоҳу аълам, Ислом дини ва унинг аҳли устидан мазах қилиш, унинг асосларини баён қилиб берадиган, атрофлича ва мустақил равишда баҳс қилинмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Хусусан, бунинг инсон билмасдан тушиб қоладиган амал бўлиши ўта хатарлидир.

Мазах қасдсиз содир бўлсада, у катта гуноҳ ва унинг иймонга бўлган хатари улкандир. Агар қасддан содир бўлса, унинг гуноҳи буюк ва даҳшатлидир. Ҳар икки ҳолатда ҳам мазах қилган одам кечирилмайди: "Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расулини мазах қилаяпсизларми? Узр айтманглар. Сизлар иймон келтиргандан сўнг кофир бўлдингиз!"" (Тавба: 65, 66).

Шунинг учун ҳам, Аллоҳдан мадад ва ёрдам сўраб, Исломни бузадиган амаллардан бири бўлган ушбу мавзу ҳақида рисола ёзиш учун киришдим. Шояд Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу рисола билан фойдалар берса. Шояд бу Уммат ўз динини бузаётган дарича ва задаловчи манбаъларни билиб уйғонса. Шояд Умматимиз ўз динига ҳазил ва истеҳзосиз, жиддий ва садоқат билан амал қилса. Чунки, жиддий бўлмаган умматнинг инсонлар олдида ҳам ҳаёт воқелигида ҳам ҳеч бир ўрни йўқдир.

Ўз динини мазах ва диндорларни масхара қилган Уммат - ҳаётдан видолашган умматдир. "Уларни қилган мазахлари ҳалок қилди!" (Ҳуд: 8).

  • Мен ушбу баҳсни муқаддима ва олти фаслга бўлдим:
  • Биринчи фасл: мазах қилишнинг хатарлари.
  • Иккинчи фасл: мазах қилиш сабаблари.
  • Учинчи фасл: мазах қилиш – Аллоҳ йўлига даъват қилиш тўсиқларидан биридир.
  • Тўртинчи фасл: мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
  • Бешинчи фасл: мазах қилганларнинг жазо ва уқубатлари.
  • Олтинчи фасл: мусулмоннинг мазах ва масхара қилувчиларга муносабати.

Муқаддиманинг охирида, Роббимга, муяссар этган ва ёрдам берганлиги учун, юзининг буюклиги ва салатанатининг кенглигига лойиқ шукроналар айтаман. Ўзларининг маслаҳатлари, фикрлари ва китоблари билан ёрдамчи бўлган фозил ва илм аҳли бўлган дўстларимга миннатдорчилигимни билдириб, Аллоҳ таолодан уларга кўплаб савоблар бериши ҳамда барчамизга динимиз ва дунёмизда жиддийлик ва саботни ато этишини сўраб қоламан.

Охирги дуомиз: ҳамдлар барча оламлар Роббиси бўлган – Аллоҳга бўлсин.

Муҳаммад ибн Саид ибн Солим Қаҳтоний
Уммул-Қуро Дорулфунуни, Эътиқод факулътети
Маккаи Мукаррама шаҳри -Аллоҳ уни ўз ҳифзу-ҳимоясида сақласин.