Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

06. Эрнинг аёли устидаги ҳақлари

11730 марта кўрилган

Эрнинг аёли устида бир неча ҳақ-ҳуқуқлари бўлиб, яхши ишларда унга итоат қилиши ва осий бўлмаслиги, тўшагига чақирганда йўқ демаслиги, йўқлигида ўз иффат-номусини ва унинг мол-мулкини асраб-авайлаши, фарзандларини раҳм-шафқат ва меҳр-муҳаббат билан тарбия қилиши шулар жумласидандир

Аллоҳ таоло айтади:

«Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир» (Нисо: 34).

«Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум: 21).

«Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг» (Бақара: 223).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам авлодидан ҳар бири саййид (раҳбар)дир, эркак киши ўз оиласининг саййиди, аёл киши уйининг саййидаси (бекаси)дир» (Саҳиҳул-жомиъ: 4565).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Амир роъий, эркак киши ўзининг оиласида роъий, аёл киши эрининг уйи ва фарзандларига роия. Ҳар бирингиз роъий ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазонда рўзасини тутса, номусини (ҳаромдан) сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатга унинг эшикларидан хоҳлаганингдан кир», дейилади» (Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 660).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларнинг яхшиси – (эри) қараса кўзини қувнатадиган, буюрса итоат қиладиган, баданида ҳам, молида ҳам у ёмон кўрадиган нарса билан унга хилоф қилмайдиган аёлдир» (Аҳмад, Насоий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 3298).

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларга жаннат аҳлидан бўлган аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, тез рози бўлувчи, зулм кўрган пайтда: «Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди», дейдиганларидир (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 2604).

Бир ривоятда: «Сизларга жаннатдаги аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, серфарзанд, агар ғазабланса ёки хафа қилинса ёки эри ғазабланса: «Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди», дейди (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3380).

Абу Узайна ас-Содафийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларингизнинг энг яхшиси Аллоҳдан тақво қилувчи, хушмуомала, серфарзанд ҳамда мулойим ва ҳамдард бўлувчи аёллардир. Аёлларингизнинг энг ёмони ўзини кўз-кўз қилувчи ва мутакаббир аёллардирки, улар мунофиқдирлар. Бу каби аёллардан жаннатга фақат «оқ қарға»га ўхшаш (яъни, жуда озчилик)ларигина кирадилар» (Байҳақий «Сунан»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1849).

Талқ ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эркак киши аёлини ҳожати учун чорлаганида у гарчи тандир устида бўлса-да етиб келсин» (Насоий, Термизий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 534).

Эрнинг хотин устидаги ҳаққининг улуғлиги

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар аёл эрнинг ҳаққини билганида, унинг тушлик ва кечки овқати ҳозир бўлганда то у ундан фориғ бўлмагунича ўтирмаган бўларди» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5259).

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчаки, агар баданида яраси бўлса, уни яласа ҳам ҳаққини адо этолмайди[1]» (Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3148).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон инсонга сажда қилиши дуруст эмас. Агар инсоннинг инсонга сажда қилиши дуруст бўлганда эди, аёл киши устида эрнинг ҳаққи улуғ бўлгани учун уни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар эр бошидан оёғигача йирингли яра билан қопланган бўлса-ю, аёли уни ялаб чиқса ҳам ҳаққини ўтай олмаган бўлар эди[2]» (Аҳмад, Насоий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 7725).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Муоз розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, аҳли китоблар ўз епископ ва патриархларига сажда қилишади, нима дейсиз, биз ҳам сизга сажда қилсак бўладими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлардим. Аёл киши эрининг ҳаққини адо этолмайди, ҳатто уни туяни устида бўлган ҳолида нафсини қондириш учун чорласа-да, ўзини унга бахш этсин», дедилар (Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3366).

Бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл киши устида эрнинг ҳаққи улуғ бўлгани учун уни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Аёл киши то эрининг ҳаққини адо қилмагунча иймон ҳаловатини топмайди, агар уни туяни устида бўлган ҳолида эри нафсини қондириш учун чорласа, жавоб берсин», дедилар (Ҳоким ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1938).

Абдуллоҳ ибн Аби Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, аёл киши то эрининг ҳаққини тўла адо этмагунича Раббининг ҳаққини адо этолмайди» (Аҳмад, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5295).

Ҳусойн ибн Миҳсон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Аммамнинг айтишича, у баъзи эҳтиёжлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига борган экан. Шунда у зот ундан: «Турмушга чиққанмисан?», деб сўрабдилар. «Ҳа», деган экан, «Эрингга қандай муомала қиласан», дебдилар. «Қўлимдан келганича парво қиламан», дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У билан қиладиган муносабатингга диққат қил, чунки жаннатинг ҳам, дўзахинг ҳам удир», дебдилар» «Табароний «Авсат»да ва Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1509).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қизини етаклаб келиб: «Мана бу қизим турмушга чиқишга кўнмаяпти», деб шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизга: «Отангга итоат қил», дедилар. Қиз: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, эрнинг аёли устида қандай ҳақлари борлигини айтиб бермагунингизча турмушга чиқмайман», деди. «Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчаки, агар баданида яраси бўлса-ю, аёли уни яласа ёки бурнидан йиринг ёки қон оқаётган бўлса-ю, уни ютиб юборса, шунда ҳам унинг ҳаққини адо этолмайди», дедилар[3]. Шунда қиз: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ҳеч қачон турмушга чиқмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қизларни ўз изнларисиз турмушга берманглар», дедилар (Баззор, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарғиб: 1934).

Эрига итоатсизлик қиладиган ҳамда унинг ўзига бўлган фазлу-марҳамати ва мол-мулкига нонкўрлик қиладиган аёлга охиратда бўладиган хорлик ва азоблар ҳақида

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга дўзах кўрсатилди, қарасам дўзах аҳлининг кўпчилиги куфр келтирадиган аёллар экан», дедилар. «Аллоҳга кофир бўладиларми?», деб сўралганида: «Эрларига кофир бўладилар ва яхшиликка кофир (нонкўр) бўладилар. Улардан бирига агар бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин у сендан озгина ёмонлик кўрса: Сендан ҳаргиз яхшилик кўрмадим, дейди», дедилар[4] (Бухорий ривояти).

Асмоъ бинт Язид ал-Ансориядан ривоят қилинади: Мен ўзим тенги аёллар билан турган эдим, ёнимиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтиб қолдилар. Бизга салом бердилар ва: «Куфрони неъмат қилувчилардан бўлиб қолманглар!», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, куфрони неъмат қилиш қандай бўлади?», деб сўрадим. «Биронтангиз бева (сўққабош) ҳолида ота-онаси ёнида узоқ туриб қолади, сўнг Аллоҳ унга эр ато этади ва фарзанд билан ризқлантиради. Кейин жаҳли чиққанда куфрони неъмат қилиб: «Сендан асло яхшилик кўрмадим», дейди», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзи эрсиз яшай олмагани ҳолда эрининг яхшиликларига шукр қилмайдиган аёлга Аллоҳ раҳмат назари билан боқмайди» (Насоий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 289).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эр аёлини тўшакка чақирганда, у рад этса ва эри ундан ғазабланган ҳолда кечани ўтказса, фаришталар то тонггача унга лаънат айтадилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, қай бир киши аёлини тўшакка чақирганида у бош тортса, то эри ундан рози бўлмагунича осмондаги Зот ундан ғазабнок бўлади»[5] (Муслим ривояти).

Талқ ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эркак киши аёлини ҳожати учун чорлаганида у гарчи тандир устида бўлса-да етиб келсин» (Насоий, Термизий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 534).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки кишининг намози бошидан юқорига кўтарилмайди: Хожаларидан қочган қул то қайтиб келгунича ва эрига итоатсиз бўлган аёл то (итоатга) қайтгунича» (Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 136).

Фузола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, улар (қиёмат куни тортадиган азоб) ҳақида асти сўраманг: жамоатдан айрилган, имомига осий бўлиб, осий ҳолда ўлган кимса; хожасидан қочиб кетганича ўлган қул ё чўри; эри керакли дунёвий эҳтиёжларини таъминлаб қўйиб, бирор жойга кетса, унинг ортидан (бегоналар олдида) очиқ-сочиқ кийиниб юрадиган аёл. Бу учаласи (тортадиган азоб) ҳақида асти сўраманг» «Табароний ва Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3058).

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Учта нарса саодатдан, учта нарса эса бахтсизликдандир. Қарасангиз кўзингиз қувнайдиган, йўқлигингизда ўз нафсига ва сизнинг молингизга омонатли аёл саодатдан бўлган нарсалар жумласига киради... Қарасангиз сизга ёқмайдиган, сизга қарши тилига эрк берадиган, йўқлигингизда ўз нафсига ва сизнинг молингизга омонатли бўлмайдиган аёл бахтсизлик бўлган нарсалар жумласига киради... (Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3056).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу дунёда аёл киши эрига озор берган вақтда унинг (жаннатдаги) ҳурлардан бўлган аёли: «Унга озор берма, Аллоҳ яксон қилгур. У сенинг олдингда бир меҳмон ва сендан ажралиб, бизга келишига оз қолди», дейди» (Аҳмад, Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 7192).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, уларнинг намозлари қулоқларидан юқорига ўтмайди: қочоқ қул то қайтиб келгунича; эри ундан ғазабланган ҳолда кечани ўтказган аёл; бир қавмнинг имомики, улар уни ёмон кўрадилар» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3057).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 2706).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир аёл эрининг уйидан бошқа жойда кийимларини ечса, ўзи билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасидаги ҳаё пардаларини йиртибди» (Аҳмад, Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 2710).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Хотинни эрига қарши ё қулни хожасига қарши қайраган одам биздан эмас» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1906).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Иблис тахтини сув устига қуради, сўнг лашкарларини чор-атрофга йўллайди. Улар ичида энг фитнакор бўлганлари унга энг яқин мартабага ўрнашади. Улардан бири келиб: «Фалон-фалон ишларни қилдим», дейди, шунда у: «Ҳеч нарса қилмабсан», дейди. Кейин бошқа бири келиб: «То уни аёли билан ажратиб юбормагунча қўймадим», дейди, шунда унга: «Сен нақадар ажойибсан!», дейди (Муслим ва Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3261).

[1] Бундан мурод – айни шу ишни қилиш эмас, балки эрнинг фазли ва унинг ҳаққи қанчалар улуғлигини баён қилишдир. Чунки, бундай қилиш кишининг тоқати кўтармайдиган ишлардан, Ислом инсонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди.

[2] Шунча гапларга қарамай, айримлар борки: «Аёлини хизмат қилдиришга эрнинг ҳаққи йўқ», дейишади..!!

[3] Юқорида айтганимиздек, бундан мурод айни шундай қилиш эмас, балки эрнинг ҳаққи улуғлигини баён қилишдир. Яъни, аёл киши ҳар қанча ҳаракат қилмасин, эрининг ҳаққини адо этишга қодир бўлмайди. Мабодо баданида яра бўлса, уни ялашга қанчалик қодир бўлмаса, унинг ҳаққини адо этишга ҳам шунчалар қодир бўлмайди.

[4] Куфр икки хил бўлиб, бири эгасини диндан чиқарадиган, иккинчиси диндан чиқармайдиган, яъни куфрони неъмат бўлади.

[5] «Осмондаги Зот ундан ғазабнок бўлади» деган сўзларидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло осмонда, арши узра юксалгандир, У зотнинг юқоридалик ва аршига юксалганлик сифатини инкор қилувчилар айтганидек «У зот ҳамма жойда» эмас.

p