Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

14.2 Жоннинг ўз эгаси устидаги ҳақлари

2545 марта кўрилган

Жонни қийнаш, ҳалок қилиш ва азоблашга олиб борувчи назрга вафо қилинмайди

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётган эдилар, тик турган одамга кўзлари тушди ва у ҳақда сўрадилар. «Абу Исроил, қуёш тиғида тик туришни, ўтирмасликни, сояланмасликни, гапирмасликни ва рўза тутишни назр қилибди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга айтинглар, гапирсин, соялансин, ўтирсин ва рўзасини охирига етказсин», дедилар (Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мўйсафидни иккита ўғлининг ўртасида судралиб бораётганини кўриб: «Бу кишига нима бўлди?», деб сўрадилар. «Байтуллоҳга пиёда юриб боришни назр қилибди», дейишди. «Аллоҳ таоло унинг ўз нафсини азоблашидан беҳожат Зот», дедилар, сўнг уни уловга миниб олишга буюрдилар (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслимнинг Абу Ҳурайрадан қилган ривоятида: «Эй оқсоқол, уловга миниб олинг! Аллоҳ сиздан ҳам, назрингиздан ҳам беҳожат», дедилар.

Инсоннинг дунёдан шаръий насибаси бор, киши ўзини қийнаши, дунёдан бўлган ҳаққидан маҳрум қилиши керак эмас

«Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик килишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас» (Қасас: 77).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақага буюрдилар. Шунда бир киши: «Менда динор бор», деди. «Ўзингга сарфла», дедилар. «Яна бор», деди. «Аёлингга сарфла», дедилар. «Яна бор», деди. «Ходимингга сарфла, уёғини ўзинг билиб сарфла», дедилар[1]. (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 145).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Аллоҳ таоло бир бандага неъмат ато этган бўлса, бандасида неъматининг асарини кўришни яхши кўради» (Ибн Саъд, Таҳовий «Мушкил»да ва Байҳақий «Шуъаб»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1290).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бир бандага неъмат берган бўлса, унда неъматининг асарини кўришни яхши кўради, ожизликни ва ўзини ожиз қилиб кўрсатган кишини ёқтирмайди, қаттиқ туриб сўровчи (тиламчи)ни ёмон кўради, ҳаёли, покиза ва (сўрашдан) ўзини сақловчи одамни яхши кўради»[2] (Байҳақий «Шуъаб»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1320).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунёларингиздан менга аёллар ва хушбўйлик суюмли қилинди, кўзим қувончи намозда қилинди» (Аҳмад, Насоий, Ҳоким ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3123).

Ибн Шиҳоб ривоят қилади: Усмон ибн Мазъун ўзини ахталатмоқчи ва (бир жойда муқим яшамай) ер юзини кезиб юрмоқчи бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар: «Мендан чиройли ўрнак олсангиз бўлмайдими?! Мен аёллар билан бўламан, гўшт ейман, рўза тутаман ва оғзим очиқ ҳам бўлади. Умматимнинг бичилиши рўза тутишдир, бичган ва бичтирган одам менинг умматимдан эмас» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 4:445).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналарида масжидда нон ва гўшт ер эдик» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2669).

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзингизни қаттиқ (тоат-ибодат билан) қийнаманглар! Дарҳақиқат, сизлардан илгари ўтганлар ўзларини қаттиқ қийнаш сабабли ҳалок бўлиб кетишди, уларнинг қолган-қутганларини черковларда ва монастирларда топасизлар» (Бухорий «Ат-тарихул-кабир»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3124).

Жисму-жонга зиён келтирувчи ҳар қандай зарарли одат, иш ва ҳаёт тарзидан[3] узоқда бўлиш ҳам жоннинг ўз эгаси устидаги ҳақларидан

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзига зарар етказиш ҳам, бировга зарар бериш ҳам йўқ», деб ҳукм қилдилар[4] (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 1895).

Абу Сирма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бировга зарар беришга уринса, Аллоҳ уни зарарлантиради. Ким бировга машаққат еткизишга уринса, Аллоҳ уни машаққатга солади» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 1897).

Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2265).

Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ноз-неъматларга шўнғиган, анвои хил таомлар ва турли-туман либослар истайдиган, гапни олиб қочадиган (мақтанчоқ) кимсалар умматимнинг энг ёмон кишиларидир» (Аҳмад «Зуҳд»да ва бошқалар ривояти, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1891).

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида кекирган эдим: «Нима единг, эй Абу Жуҳайфа?», дедилар. «Нон билан гўшт», дедим. Шунда у зот: «Қиёмат куни энг узоқ оч қолиб кетадиган одам бу дунёда энг кўп тўқ юрадиган одамдир», дедилар (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3372).

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қорнига фақат покиза емиш киритишга қодир бўлса (шундай қилсин), чунки инсоннинг энг биринчи айнийдиган аъзоси қорнидир» (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3379).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин киши ўзини хорликка гирифтор қилиши керак эмас», дедилар. «Қандай қилиб ўзини хорликка гирифтор қилади?», деб сўрашди. «Кучи етмайдиган балога кўндаланг бўлади», дедилар[5] (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 3243).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг манзилимизга келганларида бир кишини сочлари тўзғиган ҳолда кўриб: «Бу одам сочини тартибга келтирадиган нарса тополмайдими?!», дедилар, бошқа бир кишини кир кийимда кўриб: «Бу одам кийимини ювгани сув тополмайдими?!», дедилар (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 493).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мисвок тутиш, мўйловни қисқартиш, соқолни қўйиш жума куни ғусл қилиш Ислом фитратидандир. Мажусийлар мўйловларини ўстириб, соқолларини олишади. Сизлар уларга хилоф қилинглар: мўйловларингизни олиб, соқолларингизни ўстиринглар» (Ибн Ҳиббон ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3123).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сочни (ювиб-тараб) иззат-икром қилинглар!» (Ибн Адий «Комил»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 666).

Саид ибн Абдурраҳмон ал-Жаҳшийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Қатодага: «Соч ўстирсанг, уни иззат-икром қил», дедилар (Абдурраззоқ «Мусаннаф»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2252).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мисвок тутинглар! Чунки, у оғизнинг поклигига ва Парвардигорнинг розилигига сабабдир» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2517).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Кимда-ким қўлида гўшт-ёғ юқи бўлган ҳолда уйқуга ётиб, бирор нарсага йўлиқса, ўзидан кўрсин!»[6] (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Табароний «Ал-муъжамул-авсат»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2956).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кўп кулманглар! Чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради»[7] (Ибн Можа ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 506).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Курашда енгган одам ҳақиқий кучли эмас. Ғазабланган пайтда ўзини тута олган одам кучлидир» (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга насиҳат қилинг» деган эди, «Ғазаб қилма!», дедилар. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади. Яна: «Ғазаб қилма!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[8] (Бухорий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юришларидан ожиз ва ялқов эмасликлари билиниб турарди» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2140).

Жисму-жонга раҳм қилиб, даволаниш лозимлиги ҳақида

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир беморни кўргани бориб: «Унга табиб чақирсанглар бўлмайдими?!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, сиз бизни шунга буюрасизми?», дейишди. «Аллоҳ таоло бир дардни туширган бўлса, у билан бирга албатта даво ҳам туширилган бўлади», дедилар (Ибн ал-Ҳаммамий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2873).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Аллоҳ таоло дардни ҳам, давони ҳам яратган. Шундай экан, даволанинглар, бироқ ҳаром билан даволанманглар!» (Дулобий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1633).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Аллоҳ таоло бир дардни туширган ёки бир касалликни яратган бўлса, унга албатта давони ҳам туширган ёки яратган, уни билган билади, билмаган билмайди. Фақат «сом»нинг (давоси йўқ)», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, сом нима?» деб сўрашди. «Ўлим», дедилар (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1650).

Ансорлардан бўлган бир кишидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жароҳатланган бир кишини кўргани бордилар ва: «Унга фалон қабиланинг табибини чақиринглар!», дедилар. Табибни чақиришди. У келгач: «Ё Расулуллоҳ, даво фойда қиладими?!», деб сўради. «Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло ер юзига бирон дардни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширган ахир», дедилар[9] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 517).

[1] Ҳадис йўлланмасига кўра, одамлар ичида сизнинг яхшилигингизга лойиқроқ киши ўзингиз, сўнг яқин кишиларингиздир.

[2] “Қаттиқ туриб сўровчини ёқтирмайди” нинг маъноси – У одамларга ёпишиб олиб, хиралик қиладиган сўровчини ёқтирмайди, айниқса ўзи эҳтиёжманд ва фақир бўлмаса. Аллоҳ таолонинг: «Улар тиланиб туриб олмайдилар» (Бақара: 273) ояти шу мазмундадир. Зотан, ҳожатманд одам яратувчиси ва эгаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзидан қаттиқ туриб сўраши лойиқроқдир. Аллоҳ таоло ризқ берувчи, беҳожат Зот, У бандаси Ўзидан қаттиқ туриб сўрашини яхши кўради.

[3] Маст қилувчи ичимлик ичиш, чекиш, наркотик моддалар истеъмол қилиш, ялқовлик, кўп ухлаш, бадан тозалигига риоя қилмаслик, касалланиш ва семиришга сабаб бўлувчи кўп ейиш каби жисмга ҳаётдаги вазифаларини мукаммал адо этишида тўсқинлик қилувчи зарарли одат ва ҳаёт тарзидан узоқда бўлиш ҳам жоннинг ўз эгаси устидаги ҳақларидан.

[4] Ҳадис ҳар қандай зарарли нарсалардан – хоҳ у ботиний маънавий зарар бўлсин, хоҳ кўзга кўриниб турган моддий зарар бўлсин, хоҳ жон эгасининг ўзига чекланган бўлсин, хоҳ таъсири бошқаларга ҳам ўтган бўлсин – барча-барчасидан қайтаришни ўз ичига олган.

[5] Ушбу ҳадис кишини ўзининг тоқати етмайдиган ва оқибатларини кўтаришга заифлик қиладиган зарар, ҳалокат, шиддат, фитна ва бало ўринларига ўзини уришдан қайтаради... Бироқ, бало ва имтиҳон ўринларига ўзини рўбарў қилиш билан бошига келган балога сабр қилиш ўртасида фарқ бор. Биринчисига журъат қилмаслик ва уни талаб қилмаслик лозим. Чунки, унга интилиш ва талаб қилишда ўзини Аллоҳга пок кўрсатиш (яъни ўзини чидамли ва кучли кўрсатиш) бор бўлиб, бу иймоннинг камолига зид келади. Иккинчисига – бошга тушганда – Аллоҳ таолодан сабр-тоқат ва ажр беришини Аллоҳдан сўраймиз.

[6] Яъни қўлини, шунингдек, оғзини яхши тозаламай, овқат юқи бўлган ҳолда уйқуга ётган одам ҳашаротлар ёки жин тегиши каби бошқа бирон офат келиб зиён етказса, айб ўзида бўлади.

[7] Ҳадис ташқи ҳаракатларнинг ички оламга таъсир кўрсатишига, улардан ҳар бири бошқаси билан таъсирланишига далил бўлади.

[8] Қаттиқ ғазабланиш зулм, адоват ва ёмонликка сабаб бўлгани каби, юрак-қон томир касалликларидан кўпига ҳам сабаб бўлади.

[9] Дори-дармон истеъмол қилиш даволанишга сабаб, шифо берувчи эса Аллоҳ таолонинг Ўзи, дорига шифобахшлик хусусиятини берган зот ҳам Унинг ўзи, истаса у билан фойдалантиради, истамаса йўқ, деб эътиқод қилиш бошқа, қалбнинг дори-дармонга боғланиб қолиши, шифо доридан, Аллоҳдан эмас, деб эътиқод қилиш бутунлай бошқа нарсадир. Биринчи маъно ҳақ ва машруъ, иккинчи маъно эса ботил ва ширк ҳамда Аллоҳ таолонинг: «Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур» (Шуъаро: 80) оятига зиддир.