Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дўзах ва дўзахийлар

12078 марта кўрилган

Муаллиф: Али Ҳасан Али Абдулҳамид.

Еру осмонларни яратган ва ошкору яширин ишлардан хабардор Зот - Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У инсон (Одам алайҳис-салом)ни лойдан, жин (иблис)ни эса оловдан яратди. Иблисни жаннатидан қувғин қилди ва қиёмат кунига қадар халқларга фитна-синов бўлиши учун унга муҳлат берди. Иблис аълайхиллаъна бандалар орасидан ўзига тегишли насиба олишга қасам ичди.

«(Аллоҳ) айтди: «Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур».[1]

«(Иблис) айтди: «Энди Сенинг қудратингга қасам-ки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)». (Аллоҳ) деди: «Ҳаққа (қасам). Фақат ҳақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!».[2]

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У бизларни шайтон ва унинг васвасасидан ҳимоялаб қўйди ва иймон келтириб Роббиларига таваккул қилган зотларга уни ҳукмрон қилиб қўймади. У зотлар Аллоҳнинг паноҳида тинч-омон бўладилар, уларни ўз инояти билан ихота қилур ва модомики улар Аллоҳнинг ҳидоятида барқарор туриб Унинг мустаҳкам арқонини маҳкам тутсалар, уларни омон сақлагай.

Аллоҳ бандалари орасидан танлаган, поклаган ҳамда шайтондан ҳимоя қилган улуғ пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин. У зот айтадилар:

- Сизлардан ҳар бирингизга жинлардан бўлган ҳамроҳ бириктириб қўйилгандир!

- Ё Расулуллоҳ сизга ҳамми?- дейилди.

- Менга ҳам. Лекин Аллоҳ менга ёрдам берди ва у жин мусулмон бўлди. Мени фақат яхшиликка ундайди,- дедилар.[3]

У кишига, саҳобаларга Роббимиз суйганидек ва рози бўладиган доимий Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин.

Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни яратиб: «Ҳар бирингизни тўлдириш Мени зиммамдадир» деб ваъда қилди. Иблисга (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) бандаларга синов ва имтиҳон бўлиши учун муҳлат бериб қўйди...

«Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон ҳизби (бўлган кимсаларгина) зиён кўрувчилардир».[4]

Одам болаларининг қалбига йўл топиши ва уларнинг қон томирларида юришига имкон бериб қўйди. Унга бошқа шайтонларни бўйсундириб берди. Улар иблиснинг буйруғи билан иш тутадилар.

Иёз ибн Ҳимор разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни хутбаларида шундай дедилар:

- Огоҳ бўлинг, Роббим менга бугун билдирганларидан сизлар билмайдиган нарсаларни ўргатишимни буюрди. «Мен ҳамма бандаларимни ҳақ динга мойил қилиб яратдим, шайтонлар эса уларни динларидан чиқариб олдилар ҳамда Мен ҳалол қилиб берган нарсаларни уларга ҳаром қилишди ва Мен (шериклигига) бирон ҳужжат туширмаган нарсаларни Менга шерик қилишга буюришди»... Дўзах аҳли беш турли бўлади:

1) На оилага ва на мол-дунёга қизиқиши бўлмаган, (ёмонликдан тўсадиган) ақли ҳам йўқ бўлган нотовон-заиф хизматкорларингиз.

2) Арзимас бўлса ҳам бирон манфаат кўрса, албатта хиёнат қиладиган (хиёнатдан тап тортмайдиган) хоин кимса.

3) Эртаю кеч сени аҳли-оиланг хусусида ҳам мол-давлатинг борасида ҳам алдаш пайида юрадиган кимса.

4) Шундан сўнг ё бахиллик ё ёлғон ҳақида ҳамда

5) Оғзи шалоқ безбет кимса ҳақида ҳам айтиб ўтдилар».[5]

«Унинг (кофирнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик берувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир». (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (ҳаққа қаршилик қилувчи) қайсар, яхшиликни ман қилувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтирувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар!. (қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни Ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!». Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди», деди. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли Охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилувчи ҳам эмасман». У кунда Биз жаҳаннамга: «Тўлиб битдингми?», дермиз, у эса: «Яна қўшимча борми?», дер».[6]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «У (жаҳаннам) яна қўшишни талаб қилаверади ҳатто Жаббор Зот унга қадамини-оёғини кўяди ва жаҳаннам бас, етар дейди».[7]

«Дўзах йўлдан озган кимсаларга кўрсатиб қўйилди».[8]

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ўша кунда жаҳаннам олиб келинади ва уни етмиш минг тизгини бўлади ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади».[9]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир ва ҳар бир бўлаги сизларнинг ўтларингиз ҳароратичадир».

- Аллоҳга қасам-ки, ўша бир бўлак ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ, дейилди.

- Дўзах ўти ўша ҳолатига тўқсон тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир,- дедилар.[10]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, тўсатдан бир нарсанинг тушган товушини эшитдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Биласизларми, бу нима? - дедилар. Бизлар:

- Аллоҳ ва расули билувчироқ,- дедик. Расулуллоҳ:

- Бу етмиш йил олдин дўзахга отилган тош эди. У ҳозиргача дўзахга тушиб борарди энди тубига етди,- дедилар.[11]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Аллоҳ жаннат ва дўзахни яратиб бўлгач, Жибрил алайҳис-саломни жаннатга юборди ва жаннатимга боққин ва у ерда аҳли жаннатларга ҳозирлаб қўйган неъматларимни кўргин, деди. Жибрил бордилар ва жаннат ва ундаги мўминларга ҳозирлаб қўйилган неъматларни кўрдилар. Кейин Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб келиб: Иззатингга қасам-ки уни бирон жон эшитса, албатта унга киради (яъни киришга ҳаракат қилади), дедилар. Аллоҳ жаннатга буюрди у макориҳлар (қийинчиликлар) билан ўралди ва Жибрилга: қайтиб бориб, кўргин, деди. Жибрил бориб, келдилар ва: Иззатингга қасам-ки унга бирон банданг киролмайди, деб қўрқаман, дедилар. Аллоҳ Жибрилга: Дўзахга бориб, қарагин ва у ерда аҳли дўзахларга тайёрлаб қўйган азобларимни кўргин, деди. Жибрил бориб кўрдиларки дўзах бири бирининг устига мингашиб ётарди. Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб: Иззатинга қасам-ки уни бирон банданг эшитса унга кирмасликка ҳаракат қилади, дедилар. Аллоҳ дўзахга буюрди у шаҳватлар билан ўралди, кейин Жибрилга: Бориб кўргин, деди. Жибрил бориб, кўриб келдилар ва: Иззатингга қасам-ки ундан бирон банданг қутулолмайди ва унга кириб кетади, деб қўрқаман, дедилар.[12]

Қуръони Карим дўзах даҳшатлари ва азобларини бандаларга кўп эслатади, токи улар дўзахга олиб борадиган ҳар қандай ишлардан ўзларини эҳтиёт қилсинлар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: Умар разияллоҳу анҳу: «Дўзахни кўп эсланглар. Чунки унинг ҳарорати жуда қаттиқ, қаъри жуда чуқур ва чўқмори темирдандир»- дер эрдилар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ деди: Аллоҳга қасам-ки қай бир банда дўзахга аниқ ишонса, кенг дунё унга тор бўлиб қолади. Мунофиқ — дўзах гарчи мана бу деворнинг ортида турган бўлса ҳам, то унга кирмагунича уни тасдиқламайди.[13]

«Агар золим-кофир кимсалар учун ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар қиёмат кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар – азоблар кўринди. Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари ошкор бўлди ва уларни ўзлари (дунёдалик чоғларида) масхара қилиб ўтган (азоб) ўраб олди».[14]

Ҳеч бир инсон - у ҳар қанча фасоҳат ва балоғат соҳиби бўмасин, - золим-кофирларнинг ўша кундаги фожиаларини Қуръон тасвирлаб бергани каби тасвирлаб бера олмайди. «Уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар кўринди». Уларга кўринган нарсалар нима бўлиши мумкин? Қайта тирилишми? Ҳисобми? Мезонми? Жаннатми? Дўзахми? Бу каби саволларни қанча кўпайтирсангиз, шунча қўрқинчли ва даҳшатли бўлиб, ҳақиқат ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина аён бўлган ғайблигича қолаверади. Кофирлар ўйлаб ҳам кўрмаган, кўнгилларига келмаган ва ақлларига ҳам сиғдира олмайдиган нарсалар-азоблар уларга рўбарў бўлди.

«Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз. (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёк унинг ҳайқириқ ва бўкиригини эшитурлар. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар. (Шунда уларга): «Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўлурсиз», дейилур)».[15]

«(Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар!. Сўнгра дўзахга ташланглар!. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!». Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир!. Бирон таом ҳам йўқдир!. Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки). Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир) ларгина ерлар!».[16]

«Албатта Биз кофирлар учун занжиру кишанлар ва (дўзах) алангасини тайёрлаб қўйгандирмиз!».[17]

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кишини дўзах томон судрайдилар ва дўзах йироқлашиб ғуж бўлиб олади. Шунда Раҳмон таоло: Сенга нима бўлди, дейди. Дўзах эса: Бу банданг мендан паноҳ тиларди, дейди. Аллоҳ: Бандамни қўйиб юборинглар, дейди. Киши яна дўзахга судралади у: Эй Роббим Сендан бу гумонда бўлмагандим, дейди. Аллоҳ: қандай гумонда эдинг, дейди. Банда: Мени Раҳматинг ўрашини умид қилар эдим, дейди. Аллоҳ: Бандамни қўйиб юборинглар, дейди. Киши яна дўзахга судралади шунда дўзах худди хачир арпани кўриб товуш чиқаргани каби ўкиради ва чуқур хўрсинади. Буни эшитган одам қўрқмай қолмайди».[18]

«Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграганидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар. У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур».[19] Яъни кофир кимсаларга нисбатан ғазабининг қаттиқлиги сабабли у ёрилиб, тилка-пора бўлиб кетгудек бўлади.

«Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши (эслатма) олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи ҳам келган эди-ку! Бас энди азобларингизни тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!».[20]

«Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз. қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз».[21]

Ҳасан Басрий айтади: Уларнинг терилари бир кунда етмиш маротаба алмаштирилади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кофирнинг икки елкаси оралиғи тез юрадиган отлиқ учун уч кунлик йўлдир».[22]

«Кофирнинг озиқ тиши «Ухуд» тоғичалик бўлади ва терисининг қалинлиги уч кунлик йўлдир».[23]

«Кофирнинг жаҳаннамдаги ўтирадиган жойи Макка билан Мадина оралигичадир».[24]

Кофирнинг танаси бунчалик улкан қилинишидан мақсад кўпроқ азоб тотиши учун бўлса, ажаб эмас. Чунки азоб баданни қамраб олади, жасад улканлашгани сари, азоб ҳам кучайиб боради. Охиратда кофир-золимларнинг азоблари қаттиқ бўлади. Ҳатто кофир юзи билан ўзини тўсмоқчи бўлади.

«Ахир қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўлурми). (У кунда) золим-кофирларга: «Ўзингиз касб қилиб ўтган нарсани (яъни динсизлик мевасини) тотиб кўринглар!»- дейилди».[25]

Инсон одатда юзини қўли ёки бирон аъзоси билан тўсади. Банда дўзах азобига дучор бўлган вақтда — Аллоҳ барчамизни бундай кундан сақласин — саросима ва изтиробнинг зўридан дўзах азобини юзи билан тўсади. Гўё у азобни тўсиб қоладигандек юзини дўзахга тутади.

Кофирнинг хорлиги бунчалик қаттиқ, унинг азоблари бунчалар аламли!

[1] «Исро»- 63,64.

[2] «Сод»- 82,85.

[3] Муслим ривояти.

[4] «Мужодала»- 19.

[5] Муслим ривояти.

[6] «Қоф»- 23,30.

[7] Муслим ривояти.

[8] «Шуаро»- 91.

[9] Муслим ривояти.

[10] Муслим ривояти.

[11] Муслим ривояти.

[12] Абу Довуд ва Термизий ривояти.

[13] Имом Аҳмаднинг «Зуҳд» китобидан.

[14] «Зумар»- 47,48.

[15] «Фурқон»- 11,14.

[16] «Ал-Ҳаққа»- 31,37.

[17] «Инсон»- 4.

[18] Ибн Касир бу ҳадис санадини саҳиҳ деган.

[19] «Мулк»-7,8.

[20] «Фотир»- 36,37.

[21] «Нисо»- 56.

[22] Бухорий ривояти.

[23] Муслим ривояти.

[24] Термизий ривояти.

[25] «Зумар» - 24.