Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бахтиёрлик: хаёлми ёки ҳақиқат?

6203 марта кўрилган

Кириш

Барча ҳамдлар Аллоҳ учундир. Биз Унга ҳамдлар айтиб, нафсимиз ва амалларимизнинг шумлигидан Ундан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштиргувчи, кимни адаштирса уни тўғри йўлга солгувчи йўқдир.

Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ҳамда У шериксиз ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг қули ва расули эканига гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!»(Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир.» (Нисо: 1)

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат етса, бас, у буюк саодатга эришибди.» (Аҳзоб: 70,71)

Ҳурматли китобхон, шубҳасиз биз сиз билан эзгулик ва яхшиликлар йўлида, муҳаббат чорраҳаларидан бирида, бахтиёрлик сўқмоқларида рўбарў бўламиз...

Менинг Аллоҳдан тилагим шуки, ушбу ожизона қилган ишимни қабул этсин ва Қиёмат куни амал тарозимнинг яхшиликлар палласига қўйсин.

Севимли дўстим, БАХТИЁРЛИК хаёлми ёки ҳақиқатми? Ҳар ҳолда бундай савол олдида ҳайрон бўлган бўлсангиз керак!..

Ҳа, бу дунёда хаёлий ва ҳақиқий бахтиёрликлар мавжуддир. Шундай экан, бизни бу мавзуга турли томонларидан боқиб, уларнинг ҳар иккисини ўрганишга ундаган омил нима?

Бу мавзуни тилга олишимизнинг бир қанча сабаблари бор. Уларни тартиб билан санаб ўтамиз:

1. Одамлар бахтиёр бўлиш учун жиддий ва лойиқ бўлганидек эмас, балки, оддий бир шаклда ҳаракат қилмоқдалар...

Айни пайтда одамлар бир-бирларидан тиллари, ирқлари ва келиб чиқишлари билан фарқ қилганларидек, ғоя ва мақсадлари билан ҳам бир-бирларидан ажралиб турадилар. Шундай бўлишига қарамасдан одамларнинг ҳаммаси ягона ва умумий бир мақсад – бахтиёр бўлиш мақсади атрофида бирлашадилар. Яъни, мўмин ҳам, кофир ҳам, яхши ҳам, ёмон ҳам мутлақо бахтиёр бўлишни ҳоҳлайди. Ҳолбуки, "Бахтиёр бўлишни ҳоҳлайсизми ёки йўқми?"- деб берилган саволга ҳамма ҳам ижобий жавоб беради. Бирон бир кишидан: "Сиз бу ишни нега қилаяпсиз?"- деб сўрасангиз, у: "Бахтиёр бўлиш учун" деб жавоб беради. Агар айнан бу жавобни бермасада унинг сўзлари ичида бахтиёр бўлиш маънолари ётади...

2. Одамларнинг кўпи бахтиёр бўлиш йўлида хато ишларни қилмоқдалар...

Ҳа, ҳамма бахтиёр бўлишни хоҳламоқда. Бироқ, кўпчилик ўзини бахтиёрлик сари олиб борадиган йўлнинг қандай эканлигини билмай овора бўлмоқдалар. Ҳақиқий бахтиёрликка олиб борадиган йўлни жуда яхши билиб, у йўлда жиддий ҳаракат қилаётгн одамларнинг сони эса бармоқларда саналадиган даражада оздир.

3. Бу – сабабларнинг асли ва жавҳаридир.

Бу (рисолам)ни китобхонларнинг билиши ва уйғонишлари учун васила бўлишини умид қиламан. Аллоҳ йўлига даъват қилаётган кўплаб мусулмонлар, хаёлий бахтиёрликка эришган кимсаларни кўрганлари он, тушкунликка тушмоқдалар....

Зотан, Аллоҳ таъоло йўлига даъват этаётган даъватчилар олдида сон-саноқсиз қийинчиликлар, машаққатлар, довонлар ва тўсиқлар бўлиб, улар билан рўбарў бўлишлари муқаррардир. Бу – даъватнинг табиатидир. Шунинг учун ҳам бу йўлдаги даъватчининг ўзига ҳамдард бўла оладиган бир кимсага эҳтоёжи йўқ эмасдир.

Бироқ у, ҳақиқий бахтиёрлик йўловчиларидан ташқари, ўзларини ҳаёлий саодат билан бўлсада, бахтиёр ҳисоблаётган инсонларни учратади ва уларни бахтиёрлик чўққисида яшаётганлар деб ўйлайди ва бу унинг ҳақиқий бахтиёрлик йўлидан адашишига сабаб бўлади...

Бу нуқта ва бундай ҳолатда мусулмонлар, хусусан улар ичидаги Аллоҳ йўлига даъват этувчилар ўз ҳаракатларида бир оз заифлашмоқдалар ва бу заифлик олдида мағлуб бўлмоқдалар ёки шайтон уларга: "Сен булар каби бўла олмайсанми? Сен ҳам булар каби ҳақиқий бахтиёрлик нашъасини тотмайсанми? Инсон ўлароқ, бу сенинг ҳам ҳаққинг эмасми?" деб васваса қилмоқда. Табиийки, бундай заифлик ва фитналар инсонни тўғри йўлдан оздириши ҳеч гап эмас. Ахир, ҳаёти давомида тўғри йўлдан кетган бўлсада, ҳаётининг охирги кунларида адашган кимсаларни кўряпмиз-ку!

Ҳа, шундай инсонлар бордир-ки, улар ҳаётлари давомида тўғри йўлда юрган, бироқ адашиб пуч, хаёлий бахтиёрлик сари кетган, натижада, бу дунё ҳаётида бахтиёр бўла олмаганидек, охират ҳаётида ҳам бахтиёрликни қўлдан бой бердилар...

Муҳтарам китобхон, мазкур сабабларга кўра мен "Бахтиёрлик" мавзусидаги ушбу китобчани ёздим. Ва унда бахтиёрликнинг чуқур таҳлилига киришмай, унинг ҳақиқатини баён қилдим: "Бахтиёрлик хаёлийми ёки ҳақиқатми?".

Бахтиёрликни танийлик

Севимли дўстим, биз бу мавзуда анчагина тўхталамиз. Чунки бу мавзу, ҳаётимизнинг давоми, оқибатини белгилаши ҳамда ҳаёт ҳақидаги тасаввуримизнинг тамойилларини ташкил этгани учун ўта муҳим ва зарурий мавзудир. Акс ҳолда инсон хато тушунчалар билан хато ерларда бахтиёрлик излайди.

Мол ва бойликдаги бахтиёрлик

Кўпинча: "Бахтиёрлик молу дунё йиғишдами?", "Бахтиёрлик саройлар, данғиллама уйлар ёки дабдабали ҳовлилар эгаси бўлишдами?"- дея ўйланамиз. Ҳолбуки, кўп одамлар шундай деб тушуниб: "У одам бахтли чунки унинг банкларда ҳисобсиз пуллари бор". "Фалончи ҳам бахтли чунки унинг жуда кўп ери ва уйлари бор". "Бу одам ҳам бахтли чунки унинг жуда ҳам катта мол-мулки бор!" деб айтмоқдалар.

Баъзи одамлар буни тиллари билангина айтсаларда, баъзилари бунга чин юракдан ишонмоқдалар...

Менинг фикрим шуки, бахтиёрлик молу дунёни тўплаш ёки бойлик устига бойлик ғамлашда эмас. Буни шоирнинг қуйидаги мисраси ҳам яққол баён қилмоқда:

Менимча бахтиёр кимса бойлик узра эмас

Бахтли одам тақволик ва Аллоҳдан бошқасин дэмас!

Мусулмон дўстим, мен сиз билан бу ҳақда етарлича тўхталамиз. Зеро, бахтиёрлик хусусида айтилаётган иддаоларнинг энг кўпи ва энг муҳимлари ҳам бу мавзудадир. Сўзимизни хулоса қилиб шуни айта оламиз: "Бойлик эгаларининг ҳаммаси ҳам бахтиёр эмас".

Бойлик эгаларининг аксари ҳали охиратга етмай туриб, бу дунёда ҳаётларининг талайгина қисминин бахтсизлик ва сиқилиш ичида ўтказмоқдалар. Хўш, бунинг сабаби нимада? Ахир уларнинг барча тиришишлари ва чарчоқлари:

a) бойлик тўплаш;

б) бойликни сақлаш;

в) бойликни қўлдан чиқариш хавфи ва андишаси узра бирлашмоқда.

Миллион ва миллиардлардга эга бўлган қанча-қанча инсон бор. Аммо улар қўрқув ва андиша ичидадирлар. Хўш уларнинг бу қўрқув ва андишаларининг сабабчиси нима? Ўғрилар ўғирлаб кетиши, ёки сиёсий инқилоблар бўлиши ёки бошқа бирон бир ҳодиса сабабли бойликдан қуруқ қолиш эмасмикин?

Бой одам шундай фикр, қўрқув, андиша, қайғу ва кадар ичида бўлиб, кечалари уйқуси қочади. Буни ҳаммамиз ҳаётимизда кўрмоқдамиз. Ва ҳатто бойлик ўз эгасининг ҳалокактига сабаб бўлмоқда. Қанча-қанча давлатманд одамлар бойликлари сабабли ўғирланмиш ва машаққатлар билан топган дунёларининг қурбони бўлдилар.

Шундай бадавлат одамлар ҳам борки, бойликлари сабабли бу дунёда тотли бўлган кўплаб нарсалардан маҳрумдирлар: на ёлғиз кўчага чиқа оладилар ва на сафарга, на ҳоҳлаганидек ўз уйида ухлай олади. Бу машаққат ва қийналишлар (юқорида айтиб ўтганимиздек) уларнинг бошларига бойликлари сабабли келмоқда.

Ва яна қанча-қанча инсонлар борки, улар қийналиб топган бойликларини қўлдан кетказиб, ҳаётларининг катта қисмини сиқилиш ва фақирликда отказдилар.

Бу сўзларимизга далил ўлароқ қуйидаги мисолларни келтирамиз ва уларга ибрат назари билан боқишга ҳаракат қиламиз:

1. Қорун ҳикояси.

Бу қисса - Қуръон Карим нақл қилиб, бизларни ибрат олишга чақирган қиссадир. Аллоҳ таъоло бу хусусда шундай деган:

«Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: "Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди?! Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир"- дедилар» (Қасас: 79).

Оятда келтирилганидек, Қорун бадавлатликнинг чўққисига етган ва қавми ҳузурига вақор билан юриб чиққанида қавми у ҳақида албатта гапирар, уни энг бахтли одам деб ҳисоблашар эди. Ҳолбуки, бу уларга бахтга ўҳшаб туюлган нарсадан бошқаси эмас. Балки унинг қилмишлари Аллоҳ берган неъматларга нонкўрлик қилишнинг очиқ натижаси эди. Бу қуйидаги оятда ўз аксини топгандир:

«Бас, Биз у (Ҳорун)ни ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади» (Қасас, 81).

Хўш, бундай катта мол-мулк ва ўта керилган бўлишига қарамай ер остига ютилиш ва бундай хотима бахтми?!!

Жоҳилият даврининг машҳур одамларидан бири Умайя ибн Халаф ва унга ўхшаш инсонларнинг ҳаёли ҳамда охират кунида айтадиган сўзлари бир хилдир. Умайя ибн халаф Қиёмат куни шундай дейди:

«Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (ал-Ҳааққа: 28)

Албатта, Умайя мазкур сўзларини бекорга айтмайди. Ўз эгасига фойда келтирмаган бойлик ҳақиқатан ҳам ёмон бойликдир!!