Чоршанба 22 Ноябрь 2017 | 3 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Муқаддима

3959 марта кўрилган

Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган, У Зотни қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан Унинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлини кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган ҳамда Аллоҳга ва охират кунига ишонувчи ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи мўминлар учун гўзал намуна қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Эй Аллоҳим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, У зотнинг аҳли оилалари, асҳоби киромлари ва Қиёматга қадар У Зотга чиройли суратда эргашган ислом аҳлига баракотлар ато этиб, салоту саломлар ёғдиргин ва улар учун раҳмат ҳамда розилик чашмаларини оқизиб қўйгин.

Аммо баъд...

Ҳижрий 1396-йилнинг Рабиъул аввал ойида Покистонда бўлиб ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларига бағишланган анжуман сўнгида Робитатул Оламил Исломий мусулмон олами бўйлаб набавий сийрат мавзусида мусобақа уюштиришини эълон қилгани жуда қувонарли ва хайрли иш бўлди. Уламоларни руҳлантирадиган, уларнинг фикрий қувватларини маълум бир йўналишга йўналтирадиган бу хайрли баҳснинг эълон қилиниши, менимча, мақтовга сазовор ишлар сирасидан бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва ибратлари агар чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба эканлиги ойдинлашади.

Мазкур муборак мусобақада менинг ҳам иштирок этишим, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг менга кўрсатган фазлу марҳаматидир. Бироқ мен қайда-ю, аввалгилару охиргиларнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини ёритиб бера олиш қайда?! Камина токи зулматлар ичида ҳалокатга юз тутмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари сафида яшаб, умматлари сафида жон таслим қилмоқни ва Пайғамбаримиз шафоати билан Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлмоқни мақсад қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нурларидан озгина бўлса-да баҳраманд бўлмоқни тенгсиз бахт деб биладиган ожиз бир банда, холос.

Энди асарни ёзишда қандай йўл тутганим ҳақида икки оғиз гапириб ўтсам. Мен ўқувчини малоллантириб қўядиган узундан узоқ қисса қилишдан ҳам, воқеа-ҳодисаларни юмуқ қолдирадиган қисқаликдан ҳам йироқ бўлишга ҳаракат қилдим. Токи асар ўрта ҳажмда бўлсин. Бироқ воқеалар тартиби ёки уларнинг жузъий тафсилотлари борасида кўпгина манбаларда ихтилофларга дуч келдим. Ана шундай ўринларда масалани имкон қадар чуқур ва атрофлича ўрганиб, сўнг саҳиҳ деб топганим ривоятларни баён қилдим. Китобнинг ҳажми каттайиб кетмаслиги учун далилларни ва манбалар номини зикр қилмадим. Фақат ўқувчига ғариб туюладиган ёки аксарият муаллифлар ўзгача йўл тутган ўринлардагина далилларга ишора қилиб ўтдим.

Эй Аллоҳим, дунё-ю охиратда менга фақат яхшиликни тақдир этгин. Албатта, Сен улуғ Арш эгаси бўлган Кечиримли, Меҳрибон Зотсан!

Софиюрраҳмон Муборакпурий
Банорас, Ҳиндистон