Ислом Нури

 

Жума насихатлари 

 

Зино

тайёрловчи: Абу Закариё ал - Маданий


 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Бандалар учун покиза нарсаларни ҳалол қилган ва жирканч нарсаларни ҳаром қилган парвардигоримиз Аллоҳга беадад ҳамд-санолар бўлсин. Роббисидан шариати исломийяни етказган, руҳий ва жисмоний покликка чақирган пайғамбаримиз Муҳаммадга, саҳобаларига, аҳли байтига, тобиинларга ва уларга қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг салот ва саломлари бўлсин.

Ҳурматли биродарлар, опа-сингиллар, бугунги суҳбатимиз бугунги кунда жамиятимизда кенг ёйилган разолат, аждодларимиз нафратланган, динимиз унга яқинлашишдан ҳазар қилишга чақирган ва унинг учун энг қўпол ва қаттиқ жазони белгилаган жиноят ҳақида боради. Бу ЗИНОдир.

Ислом поклик, иффат ва софлик динидир, у инсон ғаризаларини тартиблаш, уларни табиий йўлига солиш учун келган. Бу низомга бўйсунмаган Инсон ҳайвонлардек ҳаёт кечиради, Оллоҳ таоло ана шундайлар ҳақида дейди: "Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир." (Аъроф: 179)

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Маъсиятларнинг асоси учдир: қалбнинг Аллоҳдан бошқасига боғланиши, ғазаб кучига бўйсуниш ва шаҳвоний кучга итоат қилиш. Аллоҳдан бошқасига боғланишнинг охири ширк ва Оллоҳ билан бирга бошқа илохга сиғиниш. Ғазаб кучига бўйсунишнинг ниҳояси қатл, шаҳвоний кучга итоат қилишнинг ниҳояси зинодир, бу ҳақда Оллоҳ таоло дейди: "Улар Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва оллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат  Кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур." (Фурқон: 68, 69)

 Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: одамларни жаннатга кўпроқ киритадиган нарса ҳақида сўрадилар: "Аллоҳдан тақво қилиш ва чиройли хулқ" дедилар. Одамларни дўзахга кўпроқ киритадиган нарса ҳақида сўрадилар: "Оғиз ва фарж (жинсий аъзо)" дедилар. (Имом Термизий ривояти, 2004)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: қайси гуноҳ Аллоҳ ҳузурида каттароқ? - деб сўради. "Аллоҳ сени яратиб қўйган бўлсаю, сен унга бошқасини қўшиб ибодат қилишинг". Ундан кейингисичи? "Сен билан овқатланишидан қўрқиб фарзандингни ўлдиришинг" кейингисичи? "Ҳамсоянгнинг хотини билан зино қилишинг" - дедилар. (имом Муслим ривояти)

Абу Умама разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир ёш йигит пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: эй расулуллоҳ, менга зино қилишга рухсат беринг, одамлар унга юзланишди ва: ҳой, нима деяпсан?! – деб уни жеркиб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "яқинроқ кел" дедилар. У яқинлашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "ўтир" дедилар. У ўтирди. Сен буни (зинони) онангга бўлишини хоҳлайсанми? У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам оналарига буни хоҳламайдилар", дедилар. "Қизингга хоҳлайсанми?" дедилар. Йўқ, албатта эй расулуллоҳ Аллоҳ мени сизга фидо қилсин. "Одамлар ҳам қизларига буни хоҳламайдилар" дедилар. "Сен буни синглинг учун хоҳлайсанми?" У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам буни синггиллари учун хоҳоламайдилар" "Сен буни амманг учун хоҳлайсанми?" У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам буни аммалари учун хоҳоламайдилар" "Сен буни ҳоланг учун хоҳлайсанми?" У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам буни ҳолалари учун хоҳоламайдилар" Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини унинг устига қўйдилар ва "Эй Аллоҳ, бунинг гуноҳини кеч, қалбини покла ва авратини сақла" дедилар. Ҳадисни ривоят қилувчи айтади, ана шундан кейин бу йигит бирор нарсага қиё боқмайдиган бўлди. (Имом Аҳмад ривояти)

Абу Мусо разияллоҳу анҳудан нақл қилинади, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Уч тоифа одам жаннатга кирмайди, ароққа муккасидан кетган, қариндошлик алоқаларини узган, сеҳрга ишонган. Кимки ароққа муккасидан кетган ҳолда ўлса Аллоҳ азза ва жалла уни Ғута дарёсидан суғоради". Ғута дарёси қандай дарё деб сўрадилар. "У фоҳишаларнинг фарж (жинсий аъзо)ларидан оқадиган дарё, уларнинг фаржларининг ҳидидан дўзаҳ аҳли азият чекадилар", дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Пайғамбаримиз зинокорларнинг барзах (қабр) ҳаётидаги аҳволларини тушларида кўрганларини баён қилиб бердилар. Саҳобалардан "сизлардан бирортангиз туш кўрдими?" деб сўрашлик расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди, саҳобалар кўрган тушларини айтиб берардилар. Кунларнинг бирида расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бугун тунда менинг олдимга иккитаси келди, улар мени тургиздилар ва менга "юринг" дедилар, мен улар билан бирга чиқдим. (бу узун ҳадис бўлиб мавзумизга керакли қисми мана бу) ... юриб бориб, тандирга ўхшаган бир нарсанинг олдига етдик. Унинг ичидан шовқин-сурон ва ҳар ҳил овозлар келарди, унинг ичига қарадик, унда кўплаб қип-яланғоч эркак ва аёлларни кўрдик. Уларнинг остларидан аланга келади, аланга уларга етганида улар чинқириб юборадилар (бошқа бир ривоятда, остларидан аланга келса, улар кўтариладилар ҳаттоки ундан чиқиб кетай дейдилар). Булар кимлар деб сўрадим... улар менга "улар зинокор эркак ва аёллар" дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан зинога тушиб қолишликнинг қанчалик хатарли эканлиги яққол кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам Ислом бу жиноятга қарши қаттиқ курашди ва унга олиб борадиган барча йўлларни тўсди. Унга олиб борувчи йўллардан бири бегона-номаҳрам аёл билан хилватда қолиш, бу ҳақда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Бегона киши бегона аёл билан хилватда қолмасин, аёл киши маҳрами билангина сафар қилсин. Бир киши турди ва эй расулуллоҳ мен фалон ғазотга чиқишга ёзилиб қўйгандим, хотиним ҳажга чиқиб кетди, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Боргин ва хотининг билан ҳаж қил", дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "(Ёлғиз) аёллар ҳузурига киришдан эҳтиёт бўлинглар". Ансорлардан бир киши деди: "Ҳамв (эрнинг яқинларининг кириши)га нима дейсиз? "Ҳамв ўлимдир", дедилар. (Имом Бухорий ривояти). Араб тилида "ҳамв" деб эрнинг эркак яқинларига айтилади, улар: ака, ука, амаки, тоға ва уларнинг ўғиллари. Эрнинг отаси ва бобоси булар жумласидан эмас. "Ҳамв ўлимдир" деганини баъзи шарҳловчилар қуйидагича изоҳлаганлар: агар эрнинг мазкур яқинларидан бири ёлғиз аёлнинг олдига кирса, уларнинг учинчиси шайтон бўлади ва натижада зино рўй бериши мумкин. Бунинг оқибати эса буларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси Исломнинг жинояти аниқланган зинокорларга белгилаган жазоси "ражм" тошбўрон қилиб ўлдиришликдир яъни, "ўлим". Зинокорларнинг хар иккаласи ҳаётларида бир бор бўлса ҳам шаръий турмуш қурган бўлсалар, шариатда уларни "мухсан" дейилади ва улар тошбўрон қилиб ўлдириладилар. Уларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси шаръий турмуш қурмаган бўлса уни 100 дарра урилади ва бир йилга сургун қилинади. Шу ўринда эслатиб ўтишимиз лозим бўлган масалардан бири, аёл кишига опа-сингилларининг эрлари маҳрам бўлмайдилар. Баъзилар уларни вақтинчалик маҳрам дейдилар. Аслида эса улар мутлақ номаҳрамлардир, чунки аёл киши опаси ёки синглисига эр бўлган кимсага уларнинг ўрталари ўлим ёки талоқ билан узилган бўлса, турмушга чиқиши ҳалолдир.

Маҳрамлик икки ҳил бўлади ва ҳар иккиси абадийдир. Биринчиси насабдаги маҳрамлик, бунга ота, ўғил, ака, ука ва уларнинг ўғиллари, амаки, тогалар (уларнинг ўғиллари маҳрам эмас). Иккинчиси никоҳ йўли билан боғланиш билан бўлади, булар куёвнинг отаси, бобоси, унинг бошқа хотинидан бўлган ўғли,  ўзи туққан қизининг куёви.

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири иймоннинг заифлашиши. Аҳлуссаннат валжамоат эътиқодларида иймон кўпаяди ва камаяди. Қачонки инсон яхши амаллардан узоқлашса, оланамоз бўлса ёки намозни умуман тарк қилса, қуръон тиловатидан узоқлашса, яхшиларнинг суҳбатларидан йироқлашса иймони заифлашиб, бузуқликлар ва гуноҳлар уммонига ғарқ бўлади. Иймони заифлашган инсоннинг ҳаёси йўқолади, Аллоҳнинг ваъдалари ва ваъийдлари унинг ёдидан чиқади, Аллоҳнинг иқобидан хотиржам бўлади, доимий уни кўриб, билиб турувчи Қудратли Зотни эсдан чиқаради. Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: "Зинокор мўъмин ҳолида зино қилмайди" (муттафақун алайҳи) ва бошқа ҳадисда: "Ким зино қилса ундан иймон чиқади, агар тавба қилса Аллоҳ ундан тавбасини қабул қилади"

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири оиладаги эркакларнинг даюслиги. Даюснинг маъноси суннатда баён қилингандир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Аллоҳ жаннатни уч тоифа одамга ҳаром қилди, улар: 1- ароққа муккасидан кетган, 2- оқпадар ва 3- аҳли байтидаги бузуқликни тан оладиган даюс"

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Банда қанчалар гуноҳга кириб кетаверса, шунчалар унинг қалбидан ўзига, аҳлига ва умум инсонларга бўлган ғаюрлиги-рашки камаяверади. Унинг қалбидаги ғайрати ўта заифлашиб кетгач, у на ўзида ва на бошқалардаги бузуқликлардан жирканади, балки бузуқликларни яхши кўрадиган, уни бошқаларга зийнатлаб кўрсатадиган ва бошқаларни унга тарғиб қиладиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам даюс Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг жирканчли-ярамаси ҳисобланди ва жаннатга кириш унга ҳаром қилинди. Бу нарса ғаюрлик диннинг асосларидан эканига далолат қилади, ғаюрлиги йўқ кимсанинг дини йўқдир. (Алжавабул кафий лиман саъала анид-даваиш шафий: 73-бет)

(давоми бор)

◄◄◄Бошига кайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ