Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

الكاسيات العاريات

Кийимли яланғочлар

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, халқлари ичидан танлаб олган элчиси ва дўстидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муборак уйида Ўз тоати устида жамлагани каби Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сўнгги суҳбатларимизда Аллоҳнинг фазли ва мадади ила охират ва қиёмат куни келишидан олдин юз берадиган кичик аломатлар ҳақида сўз юритаётган эдик. Бугун мазкур аломатлардан яна бири ҳақида, қиёмат юз беришидан олдин кўпаядиган, эгнида кийими бор яланғоч аёллар – кийимли яланғочлар фитнаси ҳақида сўзлашамиз. Ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган Ростгўй ва Омонатли зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда хабар берганлар ва у зот айтган бу ҳолатга бугун ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ушбу маънодаги ҳадис шарифни ўқиб беришдан олдин барчангиздан диққат билан қулоқ тутишингизни сўрайман. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолатни ғоят дақиқлик билан сифатлаб берганлар, ҳадисни эшитаркансиз, гўё у зот бизнинг орамизда яшаб тургандек, атрофимиздаги хотин-қизларнинг аҳволини кўриб туриб гапиргандек таассурот ҳосил бўлади.

Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган, аллома Аҳмад Шокир санадини саҳиҳ санаган, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимнинг охирида кажавага (туяга ўрнатиладиган ўриндиққа) ўхшаш эгарларга миниб, масжидлар эшигида тушадиган кишилар бўлади. Уларнинг аёллари кийинган яланғочлар бўлиб, бошларида(ги сочлари) туяларнинг ўркачига ўхшаган бўлади. У (аёл)ларга лаънат айтинглар. Чунки, улар малъуналардир. Агар сизларнинг ортингизда бирон уммат бўлса эди, аёлларингиз уларнинг аёлларига хизмат қилган бўларди, худди аввалги умматларнинг аёллари сизларга хизмат қилганидек» (Аҳмад: 2/23).

Ушбу пайғамбарона сўзларга қаранг! Ҳадисдаги (кажава деб таржима қилинган) «раҳл» сўзининг бошқа маънолари ҳам бор бўлиб, кишининг уй-жойига ҳам «раҳл» дейилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги вақтда одамлар миниб юрадиган ва устига ўтирадиган кажавасимон ўриндиқларни, яъни замонавий нақлиёт воситаларининг юмшоқ ва чиройли ўриндиқларини таърифламоқдалар гўё. «Раҳл»нинг уй-жой ва хона маъноси ҳам борлигини инобатга олсак, бу ҳозирги пайтдаги автоуловларга тўғри келади. Чунки, автоуловнинг ичида худди алоҳида бир хона ичига кириб олгандек, оила аъзоларингиз билан бемалол сафар қиласиз. Узоқ сафарларга мўлжалланган айрим машиналар ичи худди алоҳида уйдек, барча қулайликларга эга, ҳаво совутгичи, музлатгичи ва ҳатто хожатхонасигача бўлади. Еб-ичиб, дам олиб, роҳатланиб кетаверасиз. Айрим автоуловларга ҳатто айланма ўриндиқлар ўрнатиб чиқарилмоқда, уларда худди айланма креслода ўтиргандек, истаган томонингизга бурилиб, ҳузурланиб ўтирасиз. Хуллас, ҳадисда айтилган ўриндиқ васфида ортиқча баёнга ҳожат йўқ. Ҳадисга яна бир бор диққат қаратинг: «Умматимнинг охирида кажавага (туяга ўрнатиладиган ўриндиққа) ўхшаш эгарларга миниб, масжидлар эшиги олдида тушадиган кишилар бўлади. Уларнинг аёллари кийинган кийимсизлар (ярим-яланғоч) бўлиб, бошларида(ги сочлари) туяларнинг ўркачига ўхшаган бўлади..». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлар эшиги олдида эгардан тушадиган ўша кишилар орасида баъзи кишилар ҳам бўлишини айтмоқдаларки, уларнинг ўзлари намозхон бўлгани ва масжидларга келгани ҳолда, аёллари кийимли яланғоч бўлган ҳолда кўчага чиқишади! Хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган ул зотга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!

Аллоҳ таоло Ўз фазлу карами билан бизларни ўшандай кимсалардан қилиб қўймасин! Эй Аллоҳ! Хотин-қизларимизни Ўзинг асрагин, уларга шаръий ҳижобни суюкли қилгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

«Уларнинг аёллари кийинган яланғочлар бўлиб, бошларида(ги сочлари) туяларнинг ўркачига ўхшаган бўлади..»

Бошқа бир лафзда: «бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллар» деб келган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур яланғоч аёлларни сочларини туянинг ўркачига ўхшатиб баланд турмаклаб олишларини хабар бердилар. Субҳаналлоҳ! Ҳозирда аёллар буни «шернусха турмак» деб аташади. Ҳозир ҳар куни бундан бошқа ҳам янгидан-янги, ҳар хил соч турмаклари урфга кириб бормоқда, аёлларга хос сартарошхоналар очиб қўйилган, муслима аёллар ҳам ҳеч қандай мажбурликсиз, ўзлари истаб, ўша салонларга бориб, кўпинча эркак сартарошларга сочларини кестиришади, турмаклатишади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асримиз аёллари кўринишини худди бизнинг орамизда яшаб тургандек, жуда ҳаққоний тасвирлаб берганлар.

«У (аёл)ларга лаънат айтинглар. Чунки, улар малъуналардир...» Шу ўринда фиқҳ усулидаги бир муҳим қоидани эслатиб ўтишни истардим. Яъни, бу умумий ва мутлақ ҳукм бўлиб, айни шу кўринишда, ярим-яланғоч ва очиқ-сочиқ юрган муайян бир аёлга қарата «сенга лаънат бўлсин» деб айтилмайди. Бундай қилиш жоиз эмас. Балки, аввал сиз унга тушунтиришингиз, ҳақни ҳикмат ва одоб билан, ширинсуханлик ва тавозеъ билан баён қилишингиз лозим бўлади. Ҳа, «ярим-яланғоч хотинларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деб, мутлақ ҳукмни айтиш билан шундай кўринишдаги муайян бир кимсага қарата «сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деб айтиш ўртасида жуда катта фарқ бор. Бир умумий ҳукмни эркак бўлсин, аёл бўлсин, муайян бир шахсга татбиқ қилиш учун ўзига хос шартлари топилиши ва монеълардан холи бўлиши зарур бўлади. Бу жуда муҳим дарс бўлиб, уни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бўлади. Баъзи кишилардан эшитиб қоламизки, фалончи шаҳид, дейишади. Йўқ, ҳеч кимга шаҳидлик билан ҳукм қила олмаймиз, балки, шаҳидлардан бўлишини умид қиламан, ёки Аллоҳ Ўз ҳузурида уни шаҳидлар қаторида ёзишини умид қиламан, деб айтиш керак бўлади. Ёки бўлмаса, фалончи дўзахий, деб айтишади. Йўқ, бу ҳам нотўғри гап. Сиз қаердан биласиз унинг жаҳаннам аҳлидан эканини?! Зеро, Аллоҳ билан бандаси ўртасида Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган сирлар ва ҳолатлар бўлиши мумкин, айрим мусибатлар бериб Парвардигор буни ўша бандасининг гуноҳларига каффорат қилиб юборган бўлиши мумкин, ёки уни Ўзининг раҳмати остига олган бўлиши мумкин ва ҳоказо. Шунинг учун маълум шартлар билан ҳужжатни барпо қилмай туриб, муайян бир шахсни на жаннатга ва на дўзахга ҳукм қила оламиз, на лаънатлай оламиз, балки, мана бундай сифатдаги одамлар жаннати бўлади, мана бундай сифатдаги одамлар эса дўзахи бўлади, мана бундай кишилар малъун бўлади, дебгина айта оламиз.

«Агар сизларнинг ортингизда бирон уммат бўлса эди, аёлларингиз уларнинг аёлларига хизмат қилган бўларди, худди аввалги умматларнинг аёллари сизларга хизмат қилганидек». Бу эса Аллоҳдан ва Аллоҳнинг йўлидан узоқлашиш сабаблидир. Аллоҳнинг йўлидан узоқлашишнинг аччиқ самараси хорлик ва хўрлик бўлади. Мен аниқ айта оламанки, уммат бугун Аллоҳ таолодан узоқлашишнинг аччиқ меваларини териб емоқда. Аллоҳ бугун бу умматни хорлик ва хўрлик уммати бўлмиш, тўнғиз ва маймунларнинг оға-инилари бўлмиш яҳудлар оёғи остида хорликка гирифтор этди. «Аёлларингиз уларнинг аёлларига хизмат қилган бўларди, худди аввалги умматларнинг аёллари сизларга хизмат қилганидек». Бу ҳам ҳозирда зоҳир бўлган аломатлардан биридир.

Имом Ҳоким ривоятида: «Бу умматнинг охирида кимхоб ўриндиқларга миниб оладиган кишилар бўлади». (Ҳоким: 4/436). Бу ҳам боя айтганимдек, чиройли ва юмшоқ автоуловларга мос келади. Аллоҳга аҳд берганимиз илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, Ҳоким ривоятидаги ушбу ҳадис санадида Абдуллоҳ ал Қатбоний исмли ровий бор, уни Абу Довуд ва Насоий раҳимаҳумаллоҳ заиф санаганлар. Абу Ҳотим у ҳақда: «У Ибн Лаҳийъага яқин, маълумки, Ибн Лаҳийъа заифдир» деганлар. Бироқ, заиф бўлса-да, бу ҳадис Имом Аҳмад ривоят қилган юқоридаги саҳиҳ ҳадис билан қувватланади.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган машҳур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси, қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси, кийиниб олган, лекин яланғоч, ўзлари (ҳақдан) оғган (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради» (Имом Муслим ривояти).

Бу ўз хоҳишларидан сўзламайдиган ростгўй зотнинг гувоҳлигидир, кийиниб юрувчи яланғоч аёлларнинг дўзахга киришлари ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари ана шундай гувоҳлик берганлар.

(Давоми бор)

 

Боши

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига