Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

الزواج العرفي

Урфий никоҳ ёки қизнинг ота-онасидан бекитиқча турмуш қуриши

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Бугун сизлар билан жамиятимизда авж олиб бораётган бир хатарли кўриниш ҳақида суҳбатлашамиз. Зотан, уламолар ўз маърузалари ва хутбаларида бир томонда, халқ эса ўз муаммао ва ғам-ташвишлари билан бошқа томонда қолиб кетиши лойиқ бўлмайди. Шундай экан, биз ҳам бугунги суҳбатимизда «Урфий никоҳ» (яъни ёшлар ўртасида урф бўлиб бораётган, қизнинг ота-онаси ва яқинларидан бекитиқча турмуш қуриш ҳолати) ҳақида сўз юритамиз. Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Турмуш қуриш Парвардигор ояти, Пайғамбар суннати, иймон мамлакатидир.

Иккинчи: Бекитиқча турмуш қуриш шариатда ҳам, урфда ҳам ботилдир.

Учинчи: Қурбонлар эътирофи.. Аянчли воқеалар.

Тўртинчи: Сабаблар ва даво

Бешинчи: Тавба қилувчи борми?!

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Турмуш қуриш Парвардигор ояти, Пайғамбар суннати, иймон мамлакатидир

Муҳтарам дўстлар! Ислом фитрат (инсон табиати) эҳтиёжларига қарши турмайди, уни жирканч санамайди. Балки, уни тартибга солади, тозалайди ва ҳайвоний хоҳишлар даражасидан юксалтиради, Аллоҳ таоло мукаррам этган инсонга лойиқ бўлган ҳолатга олиб чиқади.

Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик» (Исро: 70).

Оила қуриш – Аллоҳнинг оят-аломатларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир.  Ислом эркак ва аёл ўртасидаги алоқани руҳий ва жисмоний уйғунлик ҳамда меҳр-муҳаббатга асосланган покиза ва нозик туйғулар асосига барпо қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум: 21).

Оила иймоний мамлакатдир. Эркак киши Аллоҳ ато этган қобилияти туфайли унинг подшоҳи, раҳбари ва ишларини юритувчисидир. Аллоҳ таоло айтади: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир» (Нисо: 24).

Аёл эса ушбу мамлакатнинг маликасидир. Чунки, у умр йўлдошдир, рафиқадир, кўз ва қалб шодлигидир.

Подшоҳ ва маликадан иборат ушбу мўжазгина мамлакатнинг раияти эса улар муҳаббати самараси, жигарлари пораси, дунё ҳаётининг чечаклари бўлмиш фарзандлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир» (Каҳф: 46).

Агар ушбу мамлакат осмони Парвардигори оламнинг ва башарият саййидининг манҳажи соясида бўлса, унинг ниҳоллари ихлос ва меҳр-муҳаббат суви билан суғорилса, мудом покиза мевалар беради, унинг ерида муҳаббат, вафо, ихлос ва юксак ахлоқ чечаклари очилади.

Исломий жамиятда аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурматини, шунингдек болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурматларини сақлашга кафил бўлувчи ягона шаръий йўл шудир. Чунки, ушбу шаръий асосга қурилган оилада эр ўз аёли ва болалари ҳақида дунё-ю охиратда тўла масъул саналади.

Аллоҳ таоло айтади: «Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни ўз ҳолига яраша) нафақа берсин!» (Талоқ: 7).

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом (халифа) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир...» (Бухорий: №2751, Муслим: №1829).

«Саҳиҳ Муслим»да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Хотинлар хусусида Аллоҳдан тақво қилинглар! Зеро, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати билан олдинглар ва фаржларини (жинсий аъзоларини) Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олдинглар... Уларни яхшилик билан едириб-ичириш ва кийинтириш сизнинг зиммангиздадир..» (Муслим: №1218).

Мусулмонлар ваҳий замонидан тортиб, то шу бугунгача билган шаръий турмуш мана шу эди.. Бугунга келиб, замона фитналар гирдобига, шаҳватлар ва шубҳалар фитнаси гирдобига тортилди.. Бугунга келиб ҳалол ва ҳаром ўртасидаги саҳиҳ ўлчовлар бузилиб кетди.. Бу замонга келиб жуда кўп инсонлар тап тортмай Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилаверадиган бўлиб кетди... Ҳозирга келиб, жамиятда янги бир кўриниш палак отиб, ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу "Урфий никоҳ" деб аталган иллатдир. Суҳбатимизнинг иккинчи моддасида ана шу ҳақда сўз боради.

 

Иккинчи: Бекитиқча турмуш қуриш шариатда ҳам, урфда ҳам ботилдир

Диққат билан қулоқ солинг, бугунги суҳбатимиз мағзи ва асоси аслида шу. Мавзунинг аҳамиятидан келиб чиқиб, у ҳақдаги сўзни уч асосий қисмга ажратиб оламиз:

1)    Бўлаётган урфий никоҳлар шакли.

2)    Унинг урф жиҳатидан ботиллиги.

3)    Унинг шариат жиҳатидан ботиллиги.

 

1)    Бўлаётган урфий никоҳлар шакли:

Ишхонададир, университет ё билим юртидадир, хуллас, эркак ва аёллар ёки йигит ва қизлар кўришиб юриб, бир йигит бир қизни кўз остига олади ва аста-секин унга тузоқ қўя бошлайди... Йигит қизни аввал яхшилаб кузатиб, таниб олади.. Унинг сочлари, баданини кўз-кўз қилиб турган тор ё очиқ-сочиқ либослари, қонни гупиртирувчи атри ислари, кишини ўзига тортувчи қилиқлари ва ҳаракатлари, ишвали қарашлари ва нозли сўзлари уни маҳлиё қилади.. Шундай эмасми?! Акс ҳолда, нега у ахлоқсиз йигит ҳаё, иффат, поклик ва шараф пардаси бўлмиш ҳижобга ўранган қизнинг йўлини пойламайди?!..

Хуллас, ахлоқи ҳаминқадар бўлган йигит ахлоқда ўзига ўхшаган бир қизга «ошиқ» бўлади.. Ўз ҳис-туйғуларини ишқий романларда ўқиб, ёдлаб олган ёки филм ва сериалларда уқиб олган ишқ-муҳаббат сўзлари билан унга тақдим этади.. Уни севиб қолгани, унинг муҳаббати оташида юраги ёниб, вужуди жизғанак бўлаётгани, унинг фироқига бир кун ҳам сабр қилолмай қолгани ҳақида лоф уриб, сўзининг ростлигига жамики муқаддас китобларни ўртага қўйиб, қасам ичади.. Шу йўсинда соддадил қизни ўзига ром этгач, унга жон-жон деб тўй қилиб уйланишни исташини, бироқ ҳозирда шароити буни кўтармаслигини, шу билан бирга усиз бир лаҳза ҳам яшай олмаслигини айтиб, ҳозирча яширинча никоҳ ўқитиб, бирга яшаб туришни таклиф қилади.. Қизнинг валийсига, яъни унинг отасига билдирмасдан турмуш қуриш истагида эканини билдиради.. Бечора ота!! Ўзи емай, едириб, ўзи киймай кийдириб, бор меҳрини бериб, тарбия қилган қизи ундан яширинча турмуш қурса!! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!!

Хуллас, маккор йигит ўз ниятига эришиш ва катта хиёнатини амалга ошириш учун ҳатто никоҳ қоғози топиб келади, ўзининг ишқий кечинмаларидан яхши хабардор, ҳаром ва шубҳали алоқаларидан воқиф бўлган икки ўртоғини гувоҳликка ҳам ҳозир қилади. Бу ўртоқлари ўз навбатида у ҳам уларга айни шу хизматни кўрсатиши шарти билан унинг бу сохта ва ботил никоҳига гувоҳ бўлишади.

Севикли дўстларим! Қизнинг валийси, яъни унинг отаси ё бошқа яқин эркак қариндоши оқ фотиҳа берадиган, гувоҳлар ҳозир бўладиган ва мусулмон жамиятига эълон қилинадиган ҳар қандай никоҳ ақди-битими, гарчи расмий никоҳ қоғозига битилмаса ҳам, саҳиҳ шаръий никоҳ ҳисобланади. Валийдан бекитиқча, гувоҳларсиз ва эълон қилинмасдан қилинган никоҳ ақди эса гарчи домла ҳузурида қилинган ва расмий никоҳ васиқасига қўл қўйилган тақдирда ҳам ботил ва ношаръий саналади. Чунки, никоҳ саҳиҳ бўлиши учун расмий никоҳ гувоҳномаси шарт эмас. Бу нарса фақат масолиҳи мурсала (яъни шариатда на буюрилган ва на қайтарилган ишлар) жумласидан бўлиб, алдов ва хиёнатлар кучайган бу даврда аёллар ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида татбиқ этиб келинади.

 

2) Унинг урф жиҳатидан ботиллиги

Хўш, одамларнинг урф-одати буни яхши санайдими?

Жавоб: Йўқ, Каъбанинг Парвардигорига қасамки, одамларнинг урфи ҳам буни ботил санайди.

Чунки, усул уламолари таърифига кўра, урф дегани одамлар ўз одат ва муомалаларида танишган ва билишган нарсадир. Баъзан шариат урфни тўғри санайди, баъзан эса тўғри санамайди. Шу маънодаки, покиза шариат баъзан одамларнинг урфларидан бир урфни жоиз деб ҳукм қилади, баъзида эса бир урфни ботил деб ҳукм қилади.

Шаръан эътиборли бўлган урф – шаръий нас (қатъий далил)га ёки шариат қоидаларидан бирор қоидага хилоф келмайдиган урфдир.

Бир савол: Ер юзида – мусулмон ўлкада демайман, майли Европада бўлса ҳам – мусулмонлар ваҳий замонидан тортиб то шу бугунги кунгача ҳам ўз ўғил-қизларини ана шундай нопок, ҳаром, бекитиқча йўл билан турмуш қуришини яхши иш санайдилар, деб айтадиган лоақал биргина бўлса ҳам оқил инсонни менга кўрсата оласизларми?

Шу маънодаки, қиз валийсининг изнисиз ўзини турмушга чиқаради, йигит қизнинг отасига ёки оиласига билдирмай уйланади..

Одамлар алдов ва хиёнат асосига қуриладиган мана шундай нопок жуфтлашиш ва ҳаром алоқани яхши иш деб санайдиларми?

Бунда йигитдан ҳам, қиздан ҳам хиёнат содир бўлади.. Йигит биринчи навбатда Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилади, ундан кейин аҳли-оиласига ва жамиятига хиёнат қилади.. Қиз ҳам биринчи навбатда Аллоҳ ва Расулига, кейин аҳли-оиласи ва жамиятига хиёнат қилади..

Агар ана шу тарзда турмуш қурган бирон йигит ўзини саҳиҳ шаръий никоҳ билан уйланганини даъво қилса, менинг унга саволим бор – ўзи ҳам ишонадиган рост жавоб берсин – агар сен саҳиҳ шаръий никоҳ билан турмуш қурдим деб эътиқод қилсанг, унда буни нега аҳли-оилангдан ва яқин кишиларингдан яширдинг?! Ҳалол бекитиқча қилинмайди, унинг фош бўлишидан қўрқилмайди.

Кейин.. Нега унда ўша севган қизинг ё университетдаги курсдошинг билан холи қолиш учун одамлар кўзидан йироқ, хилват жой қидирасан, эр-хотинлик даъвоси остида у билан зино қилиш учун меҳмонхона ё ижара хона излайсан?!

Кейин.. Отангдан ҳар куни эрталаб ўқишга бориш баҳонасида пул олиб, кейин «хотининг» билан зино қилиш мақсадида нимқоронғи хонага йўл оларкансан, хиёнат ва алдов ҳисси сени қийнамайдими?!

Кейин.. Сен ҳам, оиланг ҳам бехабар, курсдош дўстларингдан биронтаси сенинг синглингни ҳам эр-хотинлик даъвоси билан айни шу ижара хонага олиб келиши ва у билан бузуқлик қилишини қабул қила оласанми?!

Кейин.. Бир кун келиб, сенинг қизинг университетга деб чиқиб кетиб, қорнида ҳомиласи билан кириб келишини ва курсдошига турмушга чиққанини эътироф этишини, сен эса унинг турмушга чиққанидан бехабар қолишингни қабул қила оласанми?!

Ўзингни алдамай, тўғри жавоб бер.. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини эсга ол: «Балки (У Кунда) инсон гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа келтирса-да, — (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик берувчидир!» (Қиёмат: 14-15).

Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини унутма: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

Дедим: Сен зино билан фахрланасанми?! Номуслар билан ўйнашасанми?!

Деди: Бу кўпчилик қилиб юрган иш, мендан бошқа ҳам қанчаси шу билан машғул ва мағрур!!

Дедим: Аллоҳнинг азобидан қўрқмайсанми?!

Деди: Аллоҳни танимайман!!

Шайтон йўлдан уриб, ақлидан ва эс-ҳушидан бегона бўлган ёшларга ачинаман!!

Уларга ахлоқсизлик санъатини таълим берди, кўзларини залолат пардалари кўр қилди!!

«Санъаткорлар» уларга шаҳвоний қўшиқларни ўргатдилар ва уларни мияларига қуйдилар!!

Ота боласидан ғофил, мактаблар низоми диндан узоқ!!

Агар уммат иши менинг қўлимда бўлса, Ҳаввони (яъни қизни) уйида ўтиргизиб қўярдим!!

Уй у учун иззат эди.. У уйининг маликаси эди.. Уйида салтанат ва обрў соҳибаси эди..

У ўз тахтини ўз қўли билан синдирди.. Ва ўзини бўрилар қаршисидаги қўзичоққа айлантирди!!

Бундай маданият мен учун бегона.. Мен бундай «дин»нинг мағзи-маъносига кофирман!!

На оқил кишилар урфи, на мусулмонлар урфи бундай «никоҳ»ни тўғри санайди. Мусулмонлар ваҳий замонасидан тортиб то шу фитналар замонасига қадар ҳам бундай нопок ҳаром алоқани тўғри деб билмаганлар

 

3) Унинг шариат жиҳатидан ботиллиги:

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига