Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 

الهزيمة النفسية

 

Руҳий мағлубият: сабаблари, давоси

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Азиз биродарлар, фозила опа-сингиллар, даврамизга хуш келибсиз, қадамларингизга ҳасанотлар бўлсин. Бизларни Ўзининг муборак уйида тоати устида жамлаган Аллоҳ таоло охиратда ҳам Ўзининг жаннатида даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жамласин.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Ислом уммати ўша дастлаб содир бўлган қалтис муртадлик бўҳронидан бошлаб, мўғулларнинг аёвсиз қирғини-ю, оғир салиб урушлари оралаб, халифаликнинг заволга юз тутиши ва Андалуснинг бой берилишидан тортиб, яҳудларнинг Фаластин тупроғини ишғол қилиши каби жуда оғир йўқотиш ва мағлубиятларни бошидан кечириб келмоқда.

Бироқ, уммат шунча йўқотишлар ва мусибатларга қарамай, ғалабанинг асосий моддаси бўлган Аллоҳга сидқидилдан иймон келтириш ва ушбу дин билан азизланишни қўлда сақлаб келарди. Аммо, бугунга келиб, у нусрат ва ғалабанинг асосий моддасини ҳам қўлдан бой берди!! Ҳам иймоний-маънавий жиҳатдан, ҳам моддий жиҳатдан устунликни қўлдан бериб, ғоят хунук руҳий мағлубиятга дучор бўлди. Сизлар билан бугунги суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлади.

 Суҳбатимизни «Руҳий-маънавий мағлубият» деб номладик. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Руҳий мағлубият кўринишлари.

Иккинчи: Руҳий мағлубият сабаблари.

Учинчи: Давоси.

Диққат-эътибор билан, бутун вужудингиз қулоққа айланиб тинглашингизни умид қиламан. Зеро, суҳбат мавзуси уммат бошдан кечираётган ушбу оғир танглик даврларида ўзига хос аҳамияти бўлган мавзулардан саналади.  Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини, кўзларимизни Ислом ва мусулмонлар нусрати ва иззати билан қувонтиришини сўрайман.

 

Биринчи: Руҳий мағлубият кўринишлари

 

Севикли дўстларим! Руҳий мағлубиятнинг бир қанча кўринишлари мавжудки, улардан энг муҳимлари қуйидагилар:

 

Биринчи кўриниш: Раббоний шариатни четлатиб, башарий қонунларни ҳукмрон қилиш

Бу шак-шубҳасиз, ислом уммати ҳозирги асрда дучор бўлган энг оғир руҳий мағлубият кўринишидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140). Кунлар айланиб туради, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш то қиёмат тўхтамай давом этиб тураверади.

Шубҳасиз, ҳозирда қудрат ва ҳукмронлик ғарбнинг қўлига ўтди, мағлуб уммат ҳарбий, иқтисодий ва руҳий жиҳатларнинг ҳаммасида қўли баланд келиб турган ғарбга ўхшашга уринадиган бўлди.

Кошки эди, уммат ғарбнинг илм-технология соҳаларида эришган ютуқларини ўзига кўчирганида! Аксинча, минг афсуски, у ғарбнинг эътиқодий, иймоний, ахлоқий ва руҳий жиҳатлардан етиб борган нарсаларини ўзига кўчириб ола бошлади, айрим юртдошларимизни ғарбнинг мақомига йўрғалаётганини, ғарбни мақтаб, унга ҳамду-санолар ёғдираётганини кўрмоқдамиз. Ҳатто, айрим ғарбпарастларнинг: «Ғарбликларда бўлган ҳамма нарсани, ҳатто ўпкаларидаги шамоллашни-ю, ичакларидаги нажосатларигача қабул қилиб олишга азм қилдик» деганигача эшитилди.

Бечора уммат музаффар ғарбга тақлид қилишга киришди ва раббоний шариатни ҳаётдан четлатиш ва ғарбнинг илмоний (дунёвийлик асосидаги) қонунларини ҳукмрон қилиш билан кучли довул пайтида қудратли тўлқинлар ичра нажот кемасига миндик деб ўйлади. Бироқ, бор-будидан айрилиб, ўзи ҳам ғарқ бўлиб, бошқаларни ҳам ғарқ қилди. Ва то шу соатгача ҳам хорлик, умидсизлик самараларини теришда, руҳий, ҳарбий, иқтисодий, илмий мағлубиятларни бошдан кечиришда давом этиб келмоқда.

Парвардигори оламнинг шариатига қайтиш ихтиёрий ва нафл иш эмас. Зеро, инсон ҳаётини Аллоҳ яратган, унинг фитрати (табиати) қулфлари ҳам фақат Унинг Ўзи тарафидан ясалган калитлар билангина очилади, унинг касалликларига ҳам фақат Унинг Ўзи томонидан тавсия қилинган даволар фойда қилади, ушбу даво эса албатта Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларида баён қилиб берилган.

Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36).

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик бўйсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчилардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришувчилардир» (Нур: 51, 52).

«Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 1, 2).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга овозни кўтариб гапиришнинг ўзиёқ амалларнинг бекор бўлиб қолишига сабаб бўлса, энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ва ишларидан ўзининг сўзи, иши ва сиёсатини муқаддам қўядиган одамнинг ҳолига нима дейсиз?!».

Аллоҳ таолодан умматни раббоний шариатга гўзал суратда қайтаришини сўрайман. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

 

Иккинчи кўриниш: Ўзгартириш мумкинлигига умидсизланиш

Бу ҳам ҳозирги пайтда кўпчилик мусулмонларга етган оғир руҳий мағлубият кўринишларидан саналади. Умидсизлик ва тушкунлик кайфияти уларни тўла ўраб олганини кўрасиз, улардан: «Фойдаси йўқ», «Сен харобазор ичида азон айтаяпсан», «Кулга қараб пуфлаяпсан», «Замона билан бирга қадам ташласангчи», «Болаларингни тарбияла.. тижоратинг, фарзандларинг, идоранг, курсинг, мансабинг билан машғул бўл.. бас, шу етарли, одамларни қўй, улар тугаб бўлган!!» каби мағлубнинг мағлубиятини ошириб, ҳаракат қилаётган одамни умидсизликка етаклайдиган сўзларни эшитасиз.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кўринишдаги руҳий мағлубиятга жуда ажойиб ташхис қўйганлар. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот айтганлар: «Агар бир киши: «Одамлар ҳалок бўлди», деса, у уларнинг энг ёмон ҳалок бўлувчироғидир» – ёки – «у уларни ҳалок қилибди». (Имом Муслим (№2623) ривояти).

Имом Нававий айтади: «Уламолар бу айблов ушбу гапни одамларни камситиш ва айбситиш ва ўзини улардан афзал санаш, уларнинг ҳолини хунук санаш мақсадида айтган одам учун эканига итифоқ қилганлар. Чунки, у Аллоҳнинг халқидаги сирини билмайди. Аммо, бу гапни одамларда ҳам, ўзида ҳам кўриб турган диний нуқсонлари учун хафа бўлиб айтган бўлса, бунинг зарари йўқ, деганлар» (Саҳиҳ Муслим бишарҳин-Нававий: (№4248).

Бу – яъни, уммат яшаб турган аламли ва аччиқ воқеликни ўзгартириш имконидан умидсизланиш руҳий мағлубият кўринишларидан энг хатарли кўринишдир. Ушбу фикрга қаноатланиб қолган кишилар Аллоҳнинг дини учун ва Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилиш учун ҳаракат қилаётган фаол кишиларни воқедаги сиёсатга бўйсундиришни истайдилар.

 

Учинчи кўриниш: Аллоҳга даъват ҳамда амри маъруф ва наҳий мункардаги қаттол салбийлик

Ушбу қаттол (сўндирувчи, ўлдирувчи) салбийлик туфайли уммат осмонини қора булутлар қоплаб турибди.

Мусулмон киши мусулмон биродарини бир маъсият устида кўриб туриб, бунинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқдек, елка қисиб ўтиб кетаверади.

Шеър мазмуни:

Одамларнинг айблари ичида кўрганим энг оғир айб – мукаммалликка қодир одамнинг нуқсонидир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан бир оят бўлса-да, етказинглар!», деганлар (Имом Бухорий (6/361) ривояти).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Имом Муслим (№49) ривояти).

Ҳаммамизга маълум бўлганидек, мункарни ўзгартириш маълум шаръий қоидалар асосида бўлади.

Ҳеч ким Аллоҳ олдида узрли эмас. Ҳаммамиз битта кемага минганмиз, унда яхши ҳам бор, ёмон ҳам. Агар кема саломат қирғоққа етиб борса, ҳамма нажот топади, агар ғарқ бўлса ҳамма тенг ҳалок бўлади. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» (Имом Бухорий (5/94) ривояти).

 

Тўртинчи кўриниш: Исломни гўё панжара ортидаги айбдордек ҳимоя қилиш

Бу ҳам хатарли кўринишдир. Ғарб олами Исломга қарши тўхтовсиз равишда хатарли шубҳалар қўзғаб келмоқда: Ислом террорчилик дини!!.. Ислом экстремизм дини!!.. Ислом аёл кишига зулмдир!!.. Мусулмон аёл уйи ичига абадий зиндонбанд қилинган!!.. Эр раҳмсиз зиндонбон!!.. Нега энди мусулмон аёл ҳайвонга ўхшаб ҳадеб туғавериши керак?!!.. Нима учун Муҳаммад тўққизта хотинга уйланган?!!.. Исломда эркак киши нима учун тўртта хотинга уйланади?!!.. Нима учун Ислом эркак-аёлларнинг аралашиб юришларини тақиқлайди?!!.. Нима учун эркак киши бегона аёл билан холи қолиши мумкин эмас?!!.. Нима учун ўғрининг қўлини кесадилар?!!.. Нима учун зинокорни тошбўрон қиладилар?!!.. Ва ҳоказо шубҳалар..

Аҳли илмлардан бир гуруҳи шу каби шубҳаларга жавоб беришга уриниб, бир нарсалар дейишади, бироқ уларнинг сўзларидан гўё Ислом панжара ортидаги айбдор-у, улар уни амал-тақал ҳимоя қилаётгандек туюлади. Чунки, бу гаплар руҳий мағлубнинг раддияларидир.

Ушбу хатарли кўринишни айтиб ўтарканман, шу ўринда салафи солиҳларимизнинг ушбу дин билан азизланган ва у билан бошлари юлдузларга етгудек юксалган – ёки истасангиз юлдузлар уларнинг бошларига тож бўлиш учун тушиб келган денг – пайтлардаги мунаввар юзларини айтиб ўтмасам, инсофдан бўлмас.

Жасур мусулмон қаҳрамони Рибъий ибн Омирни олинг.. Жуссаси кичик, бироқ иймони бақувват инсон.. Отга минган ҳолда форсларнинг қўмондони Рустам билан учрашиш учун келади.. Ушбу воқеани кўпларингиз биласиз, бироқ шундай бўлса ҳам бу ерда муҳим бир нуқта борлиги учун, яъни бошни баланд тутиш, дини билан азизланиш кўриниши борлиги учун уни яна бир айтиб ўтишни истадим.. Рустамнинг қўриқчилари Рибъийнинг Рустам ҳузурига яёв киришини талаб қилишди, бироқ у отидан тушишдан бош тортди ва унинг чодирига отлиқ ҳолда кириб келди. Кисро қўшини бош қўмондони Рустам ундан: ««Кимсизлар, бу ерга нима мақсадда келдинглар?!!», деб сўради. Рибъий жавоб берди:

- Биз Аллоҳ бизни Ўзининг изни билан бандаларни бандаларга қуллик қилишдан бандаларнинг Роббига қуллик қилишга, динларнинг жабр-зулмидан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан дунё-ю охират кенгликларига чиқаришимиз учун юборган қавмдирмиз. Аллоҳ бизни Ўзининг дини билан, одамларни у динга даъват қилишимиз учун юборди. Ким бизни Аллоҳнинг динига даъват қилишимизга тўсқинлик қилса, биз то Аллоҳнинг ваъдасига етишмагунимизча у билан урушаверамиз.

Аллоҳнинг ваъдаси нима? – сўради Рустам.

Рибъий: - Шу йўлда ўлган одамга жаннат, қолганларга эса ғалаба!

Рустам: - Сўзларингни эшитдим. Сизлар бу ишни кечиктириб тура оласизларми, биз ҳам фикрлаб кўрардик, сизлар ҳам яна бир ўйланиб кўрардиларинг?

Рибъий: - Хўп, неча кун кечиктиришимизни истайсан, бир кунми, икки кунми?

Рустам: - Йўқ, то бошлиқларимизга мактуб йўллаб, уларнинг фикрларини билгунимизча.

Рибъий: - Йўқ!

Рустам: - Нега?

Рибъий: - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманларимизга йўлиққан пайтимизда уларга уч кундан ортиқ муддат беришни бизларга суннат қилмаганлар. Шу фурсат ичида ўйлаб кўришинг мумкин.

Рустам: - Сен уларнинг бошлиғимисан?

Рибъий: - Йўқ. Лекин, мусулмонлар битта жасадга ўхшайдилар, уларнинг энг қуйидаги кишиси ҳам энг олийсига қарши ўз ҳимоясига ола билади!.»

Ана иззат, ана бошни юқори тутиш!!

Аммо, уммат ҳозирга келиб, хорлик ва хўрликнинг хилма-хил ва турли-туман шаклини тотиб кўришга аллақачон улгурди. Гоҳ динсиз шарқ меҳробига, гоҳ эса кофир ғарб меҳробига эгилди, сажда қилди. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ..

 

Бешинчи кўриниш: Исломий шахсиятни изҳор қилишдан қўрқиш

Бу ҳам руҳий мағлубиятнинг қаттол кўринишларидан биридир. Мусулмон киши ҳозир мазкур вазиятлар остида суннатни изҳор қилишга ботинолмайди, ўзининг исломий шахсиятини иззат ва олийлик билан эълон қилишга чўчийди, террорчилик тамғаси урилишидан қўрқади, экстремистлик билан айбланишдан хавф қилади, реакцион, қолоқлик, фикри торлик, замонга ҳамнафас бўлолмаслик каби туҳматларга қолишдан қўрқади.

Мусулмон киши бугунга келиб, мусулмон бўлмаганлар билан муомала қилганида ёки шарқ ё ғарб давлатларига сафар қилганида улар каби еб-ичадиган, улар каби кийинадиган, улар каби сўзлайдиган бўлиб қолди. Бу нарса ҳаром, мана бу ҳалол, деб айтишдан қўрқади. Бу бидъат, мана бу суннат, бу ботил, мана бу ҳақ, деб айтишдан ҳайиқади. Нега?!! Чунки, у ич-ичидан мағлуб бўлган.. Чунки, у руҳий жиҳатдан мағлуб, ўз дини билан азизланолмайди.

Мана бу мазмундаги шеър соҳибини Аллоҳ раҳматига олсин:

«Эй Парвардигор! Сенинг «Эй бандаларим!» деган хитобинг остига киришим ва менга Аҳмадни Пайғамбар қилиб юборганинг менинг фахру ифтихоримни ошириб юборди»..

Бошингни баланд кўтар ва тавҳидинг билан иззатталаб бўл!! Ўз шахсиятингни ифтихор билан изҳор қил!! Суннатни эълон қил!! Ушбу диннни маҳкам тутиш сенинг асосий вазифанг, сенинг энг катта ғоянгдир! Аллоҳ таолонинг қуйидаги мазамматига дучор бўлувчи кимсалар каби ҳаёт кечирма: «Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).

Аллоҳ таоло айтган: «Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар» (Оли Имрон: 139).

 

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ушбу кўринишлар бир неча сабабларга бориб тақалади. Суҳбатимиз давоми ана шу ҳақда боради.

 

Иккинчи: Руҳий мағлубият сабаблари

 

Руҳий-маънавий мағлубиятнинг воқеликда бир неча сабаблари мавжуд бўлиб, улар ички ва ташқи сабабларга бўлинади. Рухсатларингиз билан аввал ички сабаблар ҳақида сўз юритсам. Чунки, минг афсус, айни шу сабаблар кўпчилик мусулмонларнинг шаънини ерга ураётганига гувоҳ бўлинади. Ваҳоланки, Аллоҳ азза ва жалла айтган: «(Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — «Бу бало қайдан келди?» — дейсизми?! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» (Оли Имрон: 165).

 

1) Ички сабаблар:

 

Биринчи сабаб: Аксарият мусулмонлардаги иймон заифлиги

Бу, шубҳасиз, руҳий мағлубиятнинг энг катта сабабларидандир. Иймон фақат тил билан айтиб қўйиладиган сўз эмас, балки у тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш, аъзо ва рукнлар билан амал қилишдир.

Иймон зиёдалашади, камаяди, қувватланади, заифлашади. Бу аҳли суннат асл-асосларидан биридир. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳолатни жуда дақиқ-нозик тасвирлаб берганлар. Абу Нуъайм, Ад-Дийламий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди».(«Ас-силсилатус-саҳиҳа»: №2268).

Вақти-вақти билан қалбни гуноҳ ва маъсиятлар асорати бўлмиш қора булутлар ўраб олади ва улар қалбдаги иймонни заифлаштиради. Ушбу булутлар чекингач, қалбдаги иймон яна зиёдалашиб, қалб тавҳид нури билан ёришади.

Севикли дўстим! Агар иймоннинг қалбларда ўрнашган ва зиёдалашган пайтидаги сирини билишни истасангиз, тарихга мурожаат қилинг, иймон уларни туябоқарлик, сигирбоқарлик, қўйбоқарликдан бутун ер юзи халқларининг йўлбошчиларига айлантириб қўйган саҳобаи киромлар тарихини ўқинг. Улар қалбдаги иймонлари билан ер юзидаги энг улкан империяларга қарши дадил бордилар ва замон тарозисида жуда арзимас саналадиган озгина вақт ичида куфр билан тўлиб-тошиб ётган саҳро ўртасида ислом давлатини барпо қилдилар.

Араб жазирасида ном-нишони бўлмаган бир бадавийни ўз кўксини Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалқон қилиб, душман ўқларидан у зотни ўз кўкси билан ҳимоя қилган ва: «Кўксим кўксингизга қалқон, эй Расулуллоҳ!» деган кунида осмон баробар юксалтириб қўйган нарса унинг иймони эди!!

Араб жазирасидаги оддий бир бадавий арабни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «Аллоҳга қасамки, биз сизга Бану Исроил Мусога айтганидек, боргин, сен Парвардигоринг билан бориб урушинглар, биз бу ерда ўтириб турамиз, деб айтмаймиз. Балки, сизга, эй Расулуллоҳ, Парвардигорингиз билан бирга бориб урушинглар, биз ҳам сиз билан бирга урушамиз, деб айтамиз, дегиздирган нарса унинг иймони эди!

Ҳа, бу иймон эди.. Ажойибу ғаройиб ишларни амалга оширган нарса иймон эди.. Иймон заифлиги бугунги кунда жуда кўп мусулмонларни эгаллаб олган руҳий мағлубиятнинг асосий сабабларидан биридир. Аллоҳдан сизу бизнинг иймонимизни зиёда қилишини сўраймиз.

 

Иккинчи сабаб: Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилиш

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига