Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 

حضارة العبيد

Қуллар маданияти

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ учун севган дўстларим!

«Қуллар маданияти»... Бугунги суҳбатимиз ана шундай аталади ва уни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Мағзли сўзлар.

Иккинчи: Қуллар маданияти.

Учинчи: Ислом ва инсониятнинг ягона маданияти.

Тўртинчи: Ислом маданияти ҳамда тенги йўқ, танҳо ахлоқлар.

Бешинчи: Ислом маданияти ва ҳайвонларга раҳм-шафқат.

Олтинчи: Омонатлар шодаси.

Диққат-эътибор билан тинглашингизни сўрайман. Зеро, суҳбат мавзуси уммат бошдан кечираётган ушбу оғир танглик даврларида ўзига хос аҳамияти бўлган мавзулардан саналади.

Биринчи: Мағзли сўзлар

Ўтмишини билмаган халқнинг ҳозири йўқ, фазилатларини унутган умматнинг келажаги йўқ.. Аммо, ўтмишга юзланиш фақат аламли кунларни эслаш ва йиғи-сиғи қилиш учун бўлса, бу нарсанинг фойдаси йўқ ва бу бекорчиларнинг иши бўлиб қолади.

Ўтмишни унда бўлган барча яхшилик ва ёмонликлари билан қоралаш ва ёмон кўриш эса фақат жоҳилларнинг ишидир.

Зўр бериб умматимизнинг замондош авлодини ўз нурли ўтмишидан тўсишга ва уни унуттиришга уринаётган душманларнинг режалари остига тушиб қолишимиз ақлсизлик бўлур эди. Зотан, улар ҳозирги авлодимиз ўз мунаввар мозийсидан келажагини ёритувчи зиё ва нур, ҳаёт қуёшларини порлатувчи шуъла ва келажак авлод томирида гупирувчи қайноқ қон олишга ҳаракат қилиб қолмаслиги учун қўлларидан келган ҳамма воситаларни ишга солишмоқда.

Ер юзидаги ҳар бир халқ ўзининг ўтмиши билан – гарчи тун зулматидан ҳам қоронғироқ бўлса ҳам – фахрланади, ўз давлатчилигининг бошланиш санасига бағишланган йиғилишлар, тўй-тантаналар уюштиради, ўша кунни ишчи-хизматчилар, талабалар ва мактаблар ўқувчилари учун дам олиш куни деб эълон қилади.

Аслида, ўз ўтмиши билан ана шундай фахр ва ифтихор қилишга ҳақиқий лойиқ халқ Азиз ва Ғаффор Зотнинг гувоҳлиги бўйича, бизнинг ислом умматидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй уммати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).

Ушбу сўзларим ҳақида яхшилаб мулоҳаза қилиб кўринг, нурли ўтмишимиз билан келажагимиз ўртасига тўсиқ қўйишга уринишлар нақадар хатарли режанинг маҳсули эканини англаб етасиз. Аллоҳ таолодан келажагимизни Ислом ва мусулмонлар учун гуллаб-яшнаган ва порлоқ келажакка айлантиришини сўрайман.

Иккинчи: Қуллар маданияти

Ҳа, у қуллар маданиятидир, у ғарб кишисининг бошқаруви остидаги руҳсиз маданиятдир, у бутун башариятга оғир азоблар олиб келаётган маданиятдир. Башарият бугун ушбу қуллар маданияти остида бошдан кечираётган азоб-уқубатларни сўз билан ифодалаш учун қомусларга киритилган барча сўзлар мутлақо ожизлик қилади!!

Зеро, башарият ҳозирда – ҳақиқий бошқарув уммати бошқаришдан четланиб қолгач, оламни бошқарув ғарб қўлига ўтганидан сўнг ғарб кишиси маданияти остида – ўрмондаги йиртқич ҳайвонлар ҳам бир-бирига нисбатан қилишдан хижолат бўладиган ваҳшийликларга гувоҳ бўлмоқда. Бу сўзларим асло муболаға эмас. Бунинг исботини кўриш учун бор-йўғи Парвардигорининг манҳажидан ва Пайғамбарининг йўлидан оғиб кетган бахтсиз инсониятнинг аччиқ воқелигига бир назар ташлаш кифоя қилади.

Азиз мусулмонлар, ҳар қандай маданият, аслида, инкор қилиб бўлмас иккита унсур (омил)дан – моддий унсур ва ахлоқий унсурдан ташкил топади.

Инкор қилмаймиз, бугунги кунда ғарб маданияти моддийлик оламида жуда катта ютуқларга эришди. Бу нарсани инкор қилиш на инсофдан ва на ақлдан бўлур эди. Биз ғарб маданиятининг модда оламида эришган улкан ютуқларига тан берамиз, ғарб кишиси фазо бўшлиқлари аро узоқ-узоқ масофаларга етиб борганини, денгиз ва океанлар қаъридаги етиб бўлмас чуқурликларга тушиб борганини, атомни парчалаб, ядровий бомба яратганини, бактериологик қуроллар ишлаб чиққанини, алоқа ва коммуникация оламида яратган ихтиролари ва эришган ютуқлари орқали улкан дунёни гўё кичкина бир қишлоққа айлантириб қўйганини асло инкор қилмаймиз.

Бу нарсани инкор қилиш, кўриб кўрмасликка олиш мумкин эмас. Бироқ, шу билан бир қаторда биз яна бир нарсага ҳам аниқ ишонамизки, ҳаёт фақат моддадан иборат эмас. Қуш ҳар қанча куч-қудратли бўлмасин, бир қаноти шикастланган бўлса, биргина соғ қаноти билан ҳавода узоққа учиб боролмайди, ҳар қанча уринмасин, бир жойга етгач у қаноти ҳам синиб, аниқ ерга қулайди. Ҳаёт моддадангина иборат эмас, унинг маданиятни ташкил этувчи яна бир фаол унсури – ахлоқий жиҳати ҳам бор.

Ғарб маданияти ўзи эришган улкан моддий тараққиёти билан инсонни – мана шу маданият кишисини – инсонийлик поклигига, одамийлик чўққисига олиб чиқишга қодир бўлмади, мана шу маданият эгаси бўлган инсонга кўнгил роҳати, қалб очиқлиги ва руҳий хотиржамлик ато эта олмади. Ҳа, у инсонга ана шу нарсаларни тақдим эта олмади. Аксинча, руҳиятшунослар ва тиббиёт соҳаси олимлари бугунги кунда руҳий ва асабий касалликлар сони даҳшатли даражада ўсиб бораётгани ҳолати олдида, моддий тараққиётнинг юксак даражасига эришган мамлакатларда содир бўлаётган кескин суратда кўпаяётган ўз-ўзини ўлдириш кўринишлари олдида бошлари қотиб, нима қилишни билмай, ҳайрону лол бўлмоқдалар. Буни ҳаммамиз билиб, кўриб, эшитиб турибмиз. Аллоҳ таоло нақадар рост айтган: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 124-127).

Моддий маданият инсонни – мана шу руҳсиз маданият фарзандини – бахт-саодатга эриштиришга, кўнгил роҳатига ва нафс хотиржамлигига етказишга ожизлик қилди. Чунки, руҳ граммлаб ва ё термометрлаб ўлчанмайди, у ишхоналарда ўтказиладиган амалий тажрибаларга бўйсунмайди. Ер юзининг ҳеч бир инсони руҳни юксалтирадиган программа тақдим этишдан, унга озуқа бўладиган манҳаж таклиф қилишдан ожиздир. Чунки, руҳга дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг салоҳияти ва муваффақиятига мос келувчи манҳажни фақат унинг яратувчисигина тақдим эта олади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

Ҳа, севикли дўстларим, ғарб маданияти маданиятнинг икки асосий унсуридан бирини – ахлоқий унсурни йўқотди. Маълумки, Аллоҳ таолонинг ҳаёт тараққиётидаги қонуниятига кўра, кейинги маданият ўзидан аввалги маданиятдан моддий жиҳатдан юксалган бўлиши зарур. Шундай экан, биз ўтмиш маданиятидан бугунги кун маданияти моддий жиҳатдан эришган ютуқларни талаб қилишимиз тўғри бўлмайди.

Сўзим тушунарлироқ бўлиши учун бир мисол келтираман: олис ўтмишдаги ёзув услубига боқинг, сўнг ҳайратомуз тараққий этган бугунги даврдаги замонавий ёзув машиналарида ёзиш услубига қаранг, бир дақиқада ўн мингларча сўзларни ёзиш мумкин. Ғарб кишиси эришган бугунги ютуқлар аслида, ўнлаб авлодлар миялари ва ақллари тадрижий маҳсулидир. Лекин, шуни асло унутмаслик лозимки, ер юзида маданият фақат моддий унсурнинг ўзи билангина тараққий этавериши ва давом этавериши асло мумкин эмас, маданият тўлақонли равишда тараққий ва давом этиши учун ахлоқий унсур ҳам бўлиши, ушбу икки унсур ўртасида мувозанат юзага келиши даркор.

Ғарб кишиси бошқарувидаги ҳозирги маданиятнинг ахлоқий унсурига назар ташласангиз, ғарб маданиятининг ахлоқдан тамомила ажралган маданият эканига иқрор бўласиз. Ушбу кофирона маданиятнинг маҳсули бўлган инсон фарзанди курсида эмас, балки инсон биродарининг (бош) суяклари устида ўтириб роҳат қиладиган махлуқ эканига иқрор бўласиз!! Ушбу маданият фарзанди бир коса муздек сув ичиб эмас, у ер, бу ердаги инсон биродарининг қайноқ қонини ичиб ҳузур қиладиган махлуқ эканига иқрор бўласиз!!

Ҳар қандай ахлоқ ва фазилатлардан ажралган бу маданиятнинг ҳақиқатини билиш учун атрофингизга яхшилаб боқинг!

Босния ерида содир бўлган воқеаларга назар солинг, Чеченистонда содир бўлаётган фожеаларга назар солинг, Фаластинда бўлаётган хунрезликларга боқинг, Ироқда бўлаётган қонли ҳодисаларга назар солинг, Кашмирда бўлаётган аламли ҳодисаларга кўз ташланг, умуман Аллоҳ таолонинг тавҳидига иқрор бўлган ҳар бир ўлкада содир бўлаётган қонли фитналарга боқинг, ғарб маданияти ахлоқ борасида нақадар тубан ва паст ўринда туришига иқрор бўласиз!!!

Бу маданият зоҳирда инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари, эътиқод эркинлиги, халқаро нормалар, дунё хавфсизлиги борасида ялтироқ ва жарангдор шиорларни кўтариб чиқаётган эса-да, бу усти ялтироқ, ичи қалтироқ шиорларнинг бир пулга арзимаслиги ҳозирга келиб фақат гўл ва ўта содда кишилардан бошқа ҳеч кимга сир бўлмай қолди, оммавий ахборот воситаларида зўр бериб тарғиб қилинишига, ғарб давлатлари раҳбарлари мажлислар, конференциялар, ҳайъатлар, форумлар минбарларида томоқ йиртиб, сиёсий шаллақилик қилишларига қарамай, ғарб кишиси томонидан амалга оширилаётган қабиҳ ва жирканч жиноятлар ҳар қандай ақли-ҳуши бўлган инсонга ғарб маданиятининг асл башарасини очиб ташлади.

Ғарб дунёси етакчилари ялтироқ шиорлар билан ҳар қанча оғиз кўпиртирмасинлар, воқелик уларнинг сўзлари қуруқ сафсатадан ва сиёсий фоҳишабозликдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатиб турибди.

Ғарбликлар ҳар икки гапнинг бирида оғиз кўпиртириб мақтайдиган бу маданиятга ўзингиз етарли баҳо беришингиз учун биргина мисол келтирсам, бор-йўғи тўрт йил ичида ғарб маданияти вакиллари томонидан Боснияда ўта ваҳшийлик билан ярим миллиондан ортиқ инсон қатл қилинди!! Ғарб маданияти эгаларининг кўзида Боснияда мунтазам равишда аёлларнинг жамоавий шаклда ўғирлаб кетилиши ва зўрланиши амалга оширилди!! Муслималар оҳи оламни тутди, муслима аёл инсониятга хитоб қилди, оламга шикоят қилди: (шеър мазмуни)

«Эй одамлар, мен орзуларини фосиқ ва авбошлар топтаган муслимаман,

Улар менинг гўдагимни чирқиратиб бағримдан суғуриб олдилар,

У онажон деб чирқирар, кўзлари илтижо билан боқарди.

Қайсидир аблаҳ мени ертўласига қараб судрар,

Кўз олдим қоронғилашиб, шуъурим пасайиб борарди.

Дилимда иффат инграр, поклигим шикоят қилар,

Ахлоқ қовоқларини юмган эди.

Мен сизлардан емак-ичмак сўрамайман,

Қоним оқмоқда менинг эй мусулмонлар!

Номусим топталмоқда, қани ҳамиятингиз?!

Ичингизда қалби уйғоқ бирон кимса йўқми?!!...».

 

Ғарб маданияти остида аёл кишига ана шундай муомала қилинмоқда!! Энг янги оламшумул тузум соясида аёл кишига ана шундай муомала қилинмоқда!! Халқаро тинчлик-хавфсизлик сояси остида аёл кишига шундай муомала қилинмоқда!! Аёл кишига нисбатан бундай жирканч ва машъум қилмишлар кечаю кундуз ялтироқ шиорлар билан оғиз кўпиртираётган ғарб маданияти эгалари кўзи олдида содир қилинмоқда!!

Ғарб маданияти остида, унинг бошқарув курсисига бугун ғарб кишиси ўрнашиб олган машъум қуллар маданияти сояси остида ҳатто болалар ҳам саломат қолмади!! Ўша Босния ерида гўдак болалардан тирик қалқонлар ва ҳаракатланувчи бомбалар сифатида фойдаланилди! Овоз кучайтиргичлар орқали болаларнинг катта бир гуруҳини асирликдан озод қилганликларини эълон қилдилар. Болалар мусулмонларга қарашли жабҳага етиб келишгач, серблар уларни кутиб олгани чиққан ота-оналари ва ерлик аҳоли билан қўшиб, узоқдан бошқарилувчи пультлар воситасида портлатиб юбордилар!! Улар гўдакларни узоқдан бошқарилувчи тирик бомбаларга айлантирган эканлар!! Ҳа, фожир ғарб маданияти остида ҳатто ёш болалар ҳам саломат қолмади!! Аёл киши ҳам саломат қолмади!! Кексалар ҳам саломат қолмади!! Гўдак болаларни оналарининг бағридан суғуриб олишарди!! Оммавий ахборот воситаларида улар оналарнинг қоринларини ёриб, ҳомилаларини чиқаришгани суратлари билан нашр қилинди!! Онанинг бағридан гўдагини тортиб олишиб, уни тириклайин ўтга ташлашар, онанинг кўзида уни пиширишар, сўнг бечора онаизорни қурол ўқталиб, ўз гўдагининг гўштини ейишга мажбур қилишарди!! Буларнинг ҳаммаси ғарб маданияти соясида бўлиб ўтмоқда эди. Ушбу урушда 40 000 (қирқ минг) болани ўлдирдилар, 100 000 (юз мингта) бола Загреб, Македония, Албания ва Европанинг бошқа давлатларидаги қочоқлар лагерларидан паноҳ топишга мажбур бўлди. Ҳа, ғарб маданияти вакиллари гўдакларимизни ҳам тинч қўймадилар. Ўша болалар ўрнига ўз болангизни қўйиб кўринг, шунда биласиз мусибатнинг кўлами нақадар катталигини!!

«Болаларимиз ширин орзулар билан уйқуга кетдилар

Ва бомбалар оташ-алангалари остида уйғондилар.

Болаларимиз сотилди, харидор Европадир,

У ерда қуллар бозори авжига чиқди».

Болаларимиз сотилди, мусулмон боласи Европада атиги 100 (юз) долларга сотилди! Европа ҳозирга келиб, ўз тарихида энг жирканч қул бозори ривож топгани, унда асосан болалар савдоси билан шуғулланилиши ҳақида шоҳидлик бермоқда! Бугунги кунда гўдаклар Америка, Англия, Ҳолландиядаги – кофир ғарб маданияти гуллаб-яшнаган давлатлардаги тажрибахоналарда тажриба сичқонлари вазифасини ўтамоқда!!

«Қани оламшумул тузум? Таъсири йўқми унинг?

Нега жар солмас карнайлари унинг?

Қани халқаро тинчлик, ҳам глобал хавфсизлик?

Тинчлик сўзи ёлғон экан, кўзлар тиниб қолғон экан!!

Эй унинг соясида тинчлик бузилган, битимлар узилган Хавф (!) Кенгаши!

Бизнинг бошимизга солинаётган кўргуликлар сени нечун безовта қилмас?

Қон отилаётган жароҳатларимизга нечун бунчалар парвосиз қарайсан?

Туғён қилган Сербия кечирилар, бироқ,

Жазога тортилишга маҳкумдир Ироқ!!»..

 Аллоҳга қасамки, қуллар маданиятидир бу... Барча ўлчовлар бўйича қуллар маданияти..

Унинг соясида инсон ўзининг инсон биродарига ўрмондаги ваҳшийлар ҳам тортинадиган ишларни қиладиган маданият яна қайда бор?!

Ушбу маданият фарзанди Ҳиросима ва Нагасакида атом бомбаси билан нима ваҳшийлик қилганини унутдингизми?!

Ушбу маданият фарзанди Америкада ҳабашларга нисбатан қилган ваҳшийликларни унутдингизми?! Лос Анжелес ҳодисаларига ҳали унчалар кўп бўлмади!

Ушбу маданият фарзанди ер юзининг ҳамма жойида инсон биродарига нисбатан қилаётган ваҳшийликларни унутиб бўладими?!

Биласизми, нима учун қилади бу ишларнинг ҳаммасини?! Ирқий тозалов ўтказиш учун!!

Нима учун қўл уради бу қадар ваҳшийликка?! Терининг ранги туфайли!! Ақида туфайли!! Дин туфайли!!

Ғарб кишиси бошқарувидаги маданият вакили инсон биродарига нисбатан қилаётган жирканч жиноятлардир булар!!

Қуллар маданиятидир бу!! Мен бу ҳақда узоқ тўхталишни истамайман, зеро бу қонли жароҳатдир, юраклар ярасидир!!

Келинг, энди Исломдан қўрқадиган, Ислом деса лабига учуқ тошадиган, ҳатто ўзининг мусулмонлигини эълон қилишга уяладиган, халқаро йиғин ва мажлисларда Ислом лафзини айтишдан хижолат бўладиган, Қуръон ояти ва Пайғамбар ҳадисларидан сўз очишдан тортинадиган кишиларга Исломнинг қандай дин эканини эслатиб қўяйлик!

Улар назарида Ислом фақат экстремизм ва террор динидир!

Жаҳоннинг қай бир мамлакатида бўлмасин, агар бирон фожеали ҳодиса содир бўлса, уни Ислом ва мусулмонларга нисбат бермасалар ҳайрон бўладиган бўлиб қолдим!!

Америкада Лос Анжелес ҳодисалари юз берганида ушбу ҳодисалар ижрочилари исломий экстремистлар ва террорчилар деб айтсалар керак, деб кутган эдим!

Мисрда кучли зилзила бўлганида ушбу зилзила ортида исломий террористлар турибди, деб айтишларини кутдим!

Қаерда қандай мусибат юз бермасин, уни Исломга боғлашларини, экстремист ва террористларга нисбат беришларини кутаман!!

Сўзларимни муболаға деб ўйласангиз, марҳамат, бизнинг ўта тортинчоқ ва камсуқум матбуотимизда, радио-телевидениямизда берилаётган воқеа-ҳодисалар силсиласини кузатинг, «жасоратли» журналистларимиз экстремизм ва терроризимга қарши «матонат билан курашмоқдалар», улар нафақат экстремизм ва экстремистларни, терроризим ва террорчиларни, балки пайғамбарлар саййидини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масхара ва танқид тиғига тўғриламоқдалар! Барчангиз буни кўриб, эшитиб, ўқиб, билиб турибсиз. Нақадар аччиқ воқелик!!

Эй Исломдан қўрқадиганлар, Аллоҳга қасамки, агар Исломнинг улуғворлигини билганингизда эди, Исломнинг ҳақиқати ва моҳиятидан хабардор бўлсангиз эди, Исломнинг адолати билан таниш бўлганингизда эди, содиқ даъватчиларга мукофот ва совринлар улашган, уларни ернинг машриқу мағрибида одамларга ушбу диннинг ҳақиқатини танитишга рағбатлантирган бўлар эдингиз!

(давоми бор)

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига