Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

علامات الساعة الكبرى

نزول عيسى ابن مريم عليه السلام

Охират ҳовлиси силсиласи

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Қиёматнинг катта аломатлари

Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишлари

Ислом Нури таржимаси

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан бешинчи суҳбат бўлади. Олдинги суҳбатимизда Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни музокара қила бошлаган эдик. Унда шундай дейилади:

«Гаплашиб ўтирган эдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Нима тўғрисида гаплашаяпсизлар?», дедилар. Биз: «Қиёмат ҳақида гаплашаяпмиз», дедик. «Қиёмат то ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунларингча қоим бўлмайди», дедилар ва тутунни, Дажжолни, добба (ер жонивори)ни, қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишини, Ийсо ибн Марямнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта ер ютишни – биттаси машриқда, иккинчиси мағрибда, учинчиси араб жазирасидаги ер ютишини зикр қилдилар, охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт эди» (Муслим: №2901, Абу Довуд: №4311, Термизий: №2184).

Бугун биз мазкур катта аломатлардан яна бири, яъни Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишлари ҳақида сўз юритамиз.

Одатимизга кўра, суҳбат мавзусини бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Ийсо ибн Марям ва мўъжизакор таваллуд.

Иккинчи: Балки, Аллоҳ уни ўз ҳузурига кўтарди.

Учинчи: Ийсонинг самодан ерга тушишлари.

Диққат билан қулоқ солишларингизни умид қиламан. Зеро, мавзу ўзига хос аҳамиятга эга бўлган мавзулардан биридир.

 

Биринчи: Ийсо ибн Марям ва мўъжизакор таваллуд

Севикли биродарим! Ушбу мавзудаги сўзни бошлаш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан кўра гўзалроқ ва муносиброқ сўз топмадим:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитувчи, билувчисан», деганини эсланг! Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир.—«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан». Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» (Оли Имрон: 35-37).

Ушбу латиф ва гўзал сўзлар бўстонида сайр қилишга киришишдан олдин шуни айтиб ўтмоқчиманки, башарият тарихида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратганидан бери илк маротаба пайғамбарни онасига нисбат берилаётган эди.

Марям – Аллоҳ таоло энг покиза ҳомиладорлик ва мўъжизакор таваллуд борасидаги Ўзининг буюк сирини омонат қўйиши учун бутун дунё аёллари ичидан танлаб олган борлиқдаги ягона аёл эди.

Марям покиза ва тавқодор қиз бола эди. Аллоҳ таоло уни бутун олам аёллари ичидан танлаб олиб, унга Ўз руҳидан пуфлади ва унга бутун дунё оналарига насиб этмаган мана шундай олий рутбани тақдим этди.

Марямнинг онаси Ҳанна бинт Фоқуд туғиш ёшидан ўтиб қолган эди. Шундай бўлса-да, у Аллоҳдан ноумид бўлмади ва бир фарзанд ато этишини сўраб, Унга илтижо қилди. Зотан, Аллоҳ ҳар бир ишга қодир зот. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди. Еру осмонлардаги ҳеч бир куч-қудрат Уни ожиз қила олмайдиган ва ҳар нарсани биргина «Бўл!» амри билан бўлдирадиган Зотнинг қудрати билан унинг вужудида ҳомила ҳаракатга келди. Ҳомиладор бўлганининг шукронасини адо этишни истади ва: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитувчи, билувчисан», деди. Кексалик ёшига етганидан кейин ўзига инъом этилган бу неъматга шукрона ўлароқ қорнидаги ҳомиласини Аллоҳ йўлида – яъни, Байтул Мақдис хизмати учун – назр қилди. Ой-куни етиб, чиройли ва ширингина бир қиз фарзандни дунёга келтирди. Аллоҳ йўлига назр қилган фарзанди қиз бўлганидан ғамгин бўлиб, деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир.—«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».

Ҳанна деди: «Ё Парвардигор! Менинг фарзандим қиз бўлиб туғилди. Ҳолбуки, Сен менинг нима туққанимни Ўзинг яхшироқ биласан. Яъни, Сен уни менга бердинг ва Сен унинг қиз бўлишини тақдир қилдинг. Куч-қувватда ва Масжидул Ақсо хизматида ўғил бола билан қиз бола баробар бўлмайди. Ё Парвардигор! Мен унга ва унинг зурриётига – яъни унинг фарзанди Ийсо ибн Марямга – шайтоннинг шарридан Ўзингдан паноҳ истайман». Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунёга келадиган ҳар бир гўдак борки, (туғилажак пайтида) шайтон уни ушлайди, (нўқийди) шунда у шайтоннинг ушлашидан қичқириб овоз қилади. Фақат Ибн Марям ва онаси бундан мустасно бўлди». (Аҳмад: №7182, Муслим: №2366, Саҳиҳул-жомиъ: №5775).

«Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди..». Яъни, онасининг назрини мақбул айлади ва унинг кўринишини ёқимтой ва кўркам қилди, қабул сабабларини унга муяссар айлаб, бандалари ичидаги солиҳ зотларга яқин қилиб қўйди. У улардан илм, яхшилик ва дин ўрганди.

«Унга Закариёни кафил қилди..» Марям етим бўлгани туфайли Закариё унга кафил бўлганди. Бир қавлга кўра, ўша йили қаҳатчилик бўлгани туфайли Марямни холасининг риояси ва тарбияси остида бўлиши учун уни холасининг эри (Закариё) ўз кафолати остига олди. Бу икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Яна бир қавлда уни опасининг эри бўлгани ҳам айтилган.

Қуръон бизга шуни ҳам таъкидладики: «Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билиш учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз» (Оли Имрон: 44).

Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ўшанда улар ўртасида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларда сиз йўқ эдингиз. Бироқ, Аллоҳ бу ишларни сизга худди кўриб турганингиздек қилиб билдирди, улар Марямни – бу покиза ва тоҳира навниҳолни ким ўз кафолати ва тарбиясига олиши ҳақида баҳслашиб, бунинг савобига ноил бўлиш умидида қуръа ташлаганлари хабарини берди. Ҳанна Марямни кўтариб, Мусо пайғамбарнинг оғаси Ҳоруннинг авлоди бўлмиш Банул-Коҳин қавми олдига олиб чиқди ва уларга: «Бу қизим назр қилинган, мен уни уйимга олиб кетолмайман, ҳайзли аёл масжидга ҳам киролмайди», деди. Шунда Закариё: «Уни менга беринглар, унинг холаси менинг аёлим бўлади», деди. Улар: «Буни биз ҳам истаймиз, чунки у имомимизнинг қизидир», дейишди. Кейин улар қуръа ташлашга келишишди ва шундай қилишди.

Қуръани қандай ташлаганларини биласизми? Тавротни кўчириб ёзадиган қаламларини Ундун дарёсига отадиган ва кимнинг қалами оқим билан бирга оқиб кетмай, ўрнида қолса, ўша киши Марямни ўз кафолатига оладиган бўлди. Дарҳақиқат, шундай қилдилар.

Оқмай қолган биргина қалам эгаси ким бўлди, деб ўйлайсиз?! Ҳа, у Закариё алайҳиссалом бўлди. Бу эса Аллоҳнинг Ўзигагина аён бўлган ва У Зот бизларга билдирган ҳикмат туфайли, яъни Марям пайғамбар таълимини олиши, Аллоҳнинг пайғамбари, заковат соҳиби Закариёдан илм ва билим ўрганиши учун бўлганди. Закариё уларнинг пешволари, имомлари ва ўша замон пайғамбари эди.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди».

Закариё Марямни Аллоҳ наздида бу қадар олий рутбага етказган бу поклик, бу зоҳидлик ва бу тавҳиддан таажжубланарди. У қачон унинг ҳузурига кирса, у у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрарди. (Бу ёз ва қишдан совуқ юртларники тушунилмасин, ҳодиса Фаластинда юз берган. Тарж)

«У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилди».

Шундай қилиб, Аллоҳ Марямни танлаб олди, поклик, иффат, салоҳият ва тақво бўстонидан бир тоза гулни ажратиб олди. Марям шу покиза жойда ва шу тоза иймоний муҳитда ўсиб-улғайди. Аллоҳ уни танлаб олди ва бутун дунё аёллари ичидан уни Ўз башоратига хослади. Нақадар буюк башорат! Нақадар олий танланиш!

Аллоҳ таоло айтади: «Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни ибодат) қил!», деганларини эсланг!» (Оли Имрон: 42, 43).

Оҳ, нақадар олий рутба, нақадар юксак даража, эй Марям!!

Марям Парвардигорнинг ибодатида бир зум бўлса-да бўшашмади, ҳаёти мудом рукуъ ва сажда ичида ўтиб борарди. Бир кун келиб, Аллоҳ таоло унга бутун дунё оналарига насиб этмаган ўша олий мартабани ато этишни истади.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз - (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди.

(Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди.

(Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

(Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!»

(Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир» (Марям: 16-21).

Кунлардан бирида Марям ўзининг хос хонасида бокира қизларга хос ишлари билан банд экан, тўсатдан қўрқувдан овози бўғилди, даҳшатдан кўзлари қинидан чиқаёзди.. Чунки, покиза ва бокира қизнинг юрагини ёриб юборгудек ва ақлини карахт қилгудек бир синоат юз берганди!! Унинг хилват хонасида рўйи-рост бир эркак кўринишида малак пайдо бўлганди! Марям жон ҳолатда еру осмонлар Парвардигоридан ёрдам сўраб, илтижо қила бошлади. «(Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди».

Ақлу заковатнинг ўткирлигига қаранг! У Жабборга (қудратли Зотга) сиғиниб, сендан паноҳ тилайман, демади, Ғаффорга (кечиримли Зотга) сиғиниб, сендан паноҳ тилайман, демади. Балки, Раҳмон (раҳмли Зот) зикри билан унинг қалбида раҳм-шафқат уйғотишни умид қилди ва Раҳмонга сиғиниб, сендан паноҳ беришини илтижо қиламан, деди. Яъни, менинг заифалигимга, аёллигимга, хилватда ёрдамчисиз эканимга раҳминг келсин, демоқчи бўлди.

Бироқ, Аллоҳ таоло унга бундан-да каттароқ муфожаани (кутилмаган ишни) тайёрлаб турган эди. Аллоҳнинг изни билан ҳалиги инсон қиёфасидаги малак унга шундай хитоб қилди: «Сен қўрқма ва дилгир бўлма, мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун келган Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

Марям деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!». Ҳа, фаҳшдан мутлақо узоқ бўлган бу покиза қиз фарзанд вужудга келиши учун турмуш қурган бўлиш лозимлигидан бошқа нарсани билмас ва ўзини ҳали турмушга чиқмагани учун фарзандли бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмасди!

Шунда қатъий жавоб янграйди, малак ва буюк элчи хитоб қилади:

«Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир».

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтганидек: «Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни Марямни эсланг). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун оят-ибрат қилдик» (Анбиё: 91).

Шу ерда халқлар ичида умуман кўрилмаган ғайриоддий бир иш содир бўлди: «Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик». Ва у Ийсога ҳомиладор бўлди. Яъни, фаришта Жаброил Аллоҳнинг амри билан унинг кўйлаги устидан пуфлади. Бу эса Аллоҳнинг қудрати беқиёс ва чек-чегарасиз эканини халқларга кўрсатиб қўйиш учун эди. Ўз қосир ақли билан Аллоҳнинг қудрати чек-чегарасига етаман деб уринган кишининг мисоли тоғни бир жойдан бошқа жойга кўчиришга уринган чумолидан фарқсиздир! Ахир, Аллоҳ шундай Зотки: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

Аллоҳ шундай Зотки, еру осмонлардаги бирон нарса Уни ҳаргиз ожиз қолдира олмас!

Хўш, ким у осмонларни устунсиз яратиб қўйган Зот?!

Ким у ерни яратган ва унда дарёлару денгизларни ёриб қўйган, уни дарахтлару ўт-ўланлар билан зийнатлаб қўйган Зот?!

Ким у буғдой бошоғини яратган ва ундаги донни шундай мустаҳкам-метин парда билан ўраб қўйган, ҳар бир буғдой донаси учига тикан ўрнатиб қўйган Зот?! Хўш, нега У шундай қилиб қўйди?!

Чунки, Аллоҳ таоло бу донни сен учун озуқа бўлишини истади ва қурт-қумурсқалардан ҳимоя қилиб қўйди эй одамзот!!

Ким у инсоннинг ўзини ҳам шундай мукаммал ва гўзал қилиб яратиб қўйган Зот?!

Аллоҳдир У, Аллоҳдир У, Аллоҳдир!!!

«У Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи ҳақдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир. У Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб турувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсиндирувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир» (Ҳашр: 22-23). 

Шеър (мазмуни):

«Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,

Эҳтимолки, сиз улардан жуда камин биларсиз.

Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам

Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.

Борлиқ сир-асрорлар билан тўладир,

Уларга ечим қидирсангиз, ожиз қоласиз.

Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:

Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?

Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг

Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг, сени ким тузатди?

Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:

Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?

Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:

Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?

Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган

Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?

Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган

Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?

Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган

Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?

Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?

Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,

Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?

Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?

Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?

Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи

Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?

Ўликдан чиқиб келаётган тирикни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга жон бахш этди?

Саҳрода ўсиб турган ёлғиз бутадан

Сўранг: Ким сенга озуқа берди?

Уруғни ёриб чиққан ниҳолни кўрсангиз

Сўранг: Данагингни ким ёрди?

Атрофга нур сочаётган ойни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга нур берди?

Булутларга юзлашган тоғни кўрсангиз

Сўранг: Сени ким бунчалар пурвиқор этди?

Алангаси кўкка ўрлаган ўтни кўрсангиз

Сўранг: Сенга ким бунчалар ҳарорат берди?».

 

У Аллоҳдир.. У Аллоҳдир!!

 

Жаброил айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир».

Ҳа, бу иш Парвардигорга жуда осон.. ахир У эмасми бутун халқларни яратган Зот?! У эмасми Одам алайҳис-саломни отасиз ва онасиз яратган Зот?! Бас, шундай экан, Ийсони отасиз, онадан яратиш Унга ҳеч қийин эмас!! Бу иш одамлар учун Холиқнинг қудрати ҳадсиз-ҳудудсиз эканига бир далил бўлсин!

Аллоҳ таоло айтади: «Яна (иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этувчилардан бўлди» (Таҳрим: 12).

Ҳомила зоҳир бўлди.. Муфассирлар сўзлари ичида рожиҳроқ (кучлироқ) қавлга кўра, Марямдаги ҳомиладорлик одатий, тўққиз ой давом этди. Шубҳасиз, Аллоҳ жалла ва ало ғайриоддий бошланган бу ҳомиладорликни ғайриоддий ҳолда ниҳоясига етказишга, уни бир лаҳзанинг ўзида ёруғ дунёга келтиришга ҳам қодир Зот эди.. Лекин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Марямнинг сабру бардошини синамоқни, бокира ва пок Марямдан ўзга ҳеч бир аёл кўтаришга тоқати етмайдиган бундай улкан имтиҳон ва синовни кўтаришга бўлган куч-тоқатини имтиҳон қилишни истади.

Марямда ҳомиладорлик белгилари кўриниб қолди.

Юсуф ан-Нажжор – Байтул Мақдис хизматини қилиб юрувчи обид инсон – Марямнинг қорнида ҳомиладорлик белгилари бўртиб турганини кўргач, унга мурожаат қилиб, деди:

              Эй Марям, уруғсиз ҳам экин бўлиши мумкинми?! Ёмғирсиз ўсимлик униб чиқадими?! Отасиз фарзанд вужудга келадими?!

Юсуф закий ва фаросатли инсон эди. У Марямнинг покиза ва обида зот эканини биларди.

Марям жавоб берди:

               Ҳа, эй Юсуф.

              Қандай қилиб, эй Марям?

              Эй Юсуф, Аллоҳ Одамни яратганида уни отасиз ва онасиз вужудга келтирганини, биринчи бор ўсимликни яратганида уни уруғсиз вужудга келтирганини, набототни илк яратганида сувсиз ва ёмғирсиз яратганини унутдингми?!

              Ҳа, шундай. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан – деди Юсуф.

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига