Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

دار السعادة

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Саодат ҳовлиси

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сиз билан биз бугун Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан сўнгги – йигирма биринчи суҳбат устида кўришиб турибмиз.

Сўнгги икки суҳбатимизда одамларнинг Сирот устида туришлари, айримлар ундан яшиндек тез, айримлар кўз-очиб-юмгунчалик вақтда, айримлар шамолдек елиб, айримлар эса учқур отлардек чопиб ўтишлари ҳақида, баъзилар ундан соғ-саломат ўтиб олишлари, баъзилар эса чангаклар билан тилиниб, кейин қутулишлари, яна баъзилар ундан ўтолмай жаҳаннамга қулаши тўғрисида сўзлаб ўтган эдик.

Аллоҳ таоло иймон аҳлини дўзахдан қутқариб, улар Сирот устидан эсон-омон ўтиб олишганидан сўнг энди тавҳид ва иймон аҳли Раҳим ва Раҳмон Зотнинг жаннатига қараб йўл олишади. Мўминлар жаннат йўлида эканлар, жаннат ва дўзах оралиғидаги бир кўприкда тўхтатилиб, Аллоҳ таоло уларни бу дунёда ўрталарида кечган ўзаро зулмлардан ва бир-бирларининг ҳақларидан тозалаб, поклайди.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги бир кўприкда тургизилиб, дунёда ўрталарида бўлган зулмларнинг қасосини бир-бирларидан олишади. (Бир-бировларининг ҳақларидан) тозаланишгач, жаннатга киришларига изн берилади. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улардан бирови жаннатдаги ўрнига дунёдаги ўз манзилидан кўра йўл топувчироқдир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Улар жаннатдаги уйларига худди жума аҳли жума (намози)дан кейин ўз уйларига қараб йўл олишганидек йўл олишади, ҳар ким ўз манзилини яхши билади».

Севикли дўстларим! Келинг, мана шу озгина, бир неча дақиқалар ичра биргаликда руҳларимиз ва дилларимиз орқали жаннатга кириб борамиз.

Одатимизга кўра, вақтдан унумли фойдаланиш учун ушбу улуғ мавзудаги сўзимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Жаннат васфи.

Иккинчи: Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси ва унга энг охири кирувчи киши.

Учинчи: Жаннат аҳлига бўладиган роҳат-фароғатлар.

Тўртинчи: Розимисизлар?!

Бешинчи: Жаннатга йўл.

Жон қулоқ билан тинглашингизни умид қиламан, Аллоҳ таолодан сизу бизни жаннат аҳлидан қилишини ва унда пайғамбарлар саййиди билан бирга қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Жаннат васфи

Жаннат васфидан сўз очарканмиз, табиийки, энг аввало бу хусусда келган Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мурожаат қилиш зарурати туғилади. Чунки, жаннат ғайбдир. Ҳеч ким бу ҳақда Қуръон ёки Суннатда келган очиқ далилларсиз гапириши асло жоиз бўлмайди. Ҳеч ким, хаёл уммонига ҳар қанча чуқур ғарқ бўлмасин, Аллоҳ таборака ва таолонинг жаннатини тасаввур қила олмайди. Жаннат неъматлари васфига тил ожиз, тасавурлар қосирдир.

Келинг, уни яратган ва безатган, унинг кароматини Ўз қўли билан эккан Зотнинг – Аллоҳ таборака ва таолонинг сўзларига, дунёдалик пайтларидаёқ жаннатни ўз кўзлари билан кўрган зотнинг – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қулоқ тутайлик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида кун тутилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан намоз ўқидилар. Қиёмда турдилар, қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Сўнг қиёмга қайтиб, узоқ қиёмда турдилар ва бу аввалги қиёмларидан қисқароқ бўлди. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар ва бу аввалги рукуъларидан қисқароқ бўлди. Сўнг сажда қилиб, саждаларида узоқ турдилар. Сўнг иккинчи ракъатда ҳам худди биринчи ракъатдагидек қилдилар. Сўнгра намозларини тугатдилар, кун очилиб кетган эди. Одамларга хутба қилдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай дедилар: «Албатта, кун ва ой Аллоҳнинг аломатларидан икки аломатдир. Улар бировнинг ўлими ё туғилиши учун тутилмайди. Агар шу ҳолни кўрсаларингиз, Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг!»...

Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, турган ўрнингизда бир нарсага қўл узатганингизни, кейин ортга қайтганингизни кўрдик?» деб сўрашди. У зот: «Мен жаннатни кўрдим ва бир шингил (меваси)га қўл узатдим. Агар уни ололганимда, то дунё тургунча ундан еган бўлардиларингиз», дедилар. (Бухорий: №1052, Муслим: №907, 908, 909).

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сўнг (яъни Исро ва Меърож кечасида) жаннатга киритилдим, унда марварид шодаларини (яъни, марварид шодаларидан кўтарилган қасрларни) кўрдим, (жаннатнинг) тупроғи мушк экан».

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат васфини сўзлаб беришларини сўраганларида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Бир ғишти олтин, бир ғишти кумуш, лойи мушк, майда тоши инжу ва ёқут, тупроғи заъфарондир. Унга кирган киши ноз-неъмат ичида бўлади, машаққат кўрмайди, абадий яшайди, ўлмайди, кийимлари эскирмайди, ёшлиги йўқолмайди» (Термизий: №2528, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№969) саҳиҳ санаган).

Хоҳишларидан сўзламайдиган Содиқ зотнинг жаннат уйларидан бир уйни тасвирлаб айтган сўзларига қулоқ тутинг.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Жибрийл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Эй Расулуллоҳ, мана, Хадича ёғ ёки емак ё ичмак солинган бир идиш билан келди. У ҳузурингизга киргач, унга Парвардигоридан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатдаги ичи ғовак марвариддан (қурилган), унда шовқин-сурон ва қийинчилик бўлмаган бир қаср хушхабарини беринг». (Бухорий: №3820, Муслим: №1887).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатга киритилдим. Тўсатдан олтиндан (бино қилинган) бир қаср ёнида бўлиб қолдим. «Бу қаср кимники?», деб сўраган эдим, «Қурайшлик бир йигитники», дедилар. У мен бўлсам керак, деб ўйладим ва: «Ким у?», деб сўрадим. «Умар ибн Хаттобники», дедилар». (Термизий: №3689, Аҳмад: №11985, Ибн Ҳиббон: №2188, Албоний: «Ас-саҳиҳа», №1405, №1423).

Марварид ва инжудан бино қилинган уй, соф олтиндан қурилган қаср!! Нақадар фароғат бу!! Нақадар фазл бу!!

Бирлашган Араб Амирликларида бўлганимда амирлардан бири мени меҳмонга таклиф этди. Каъбанинг Раббига қасамки, унинг қасрига кириб, ҳушим бошимдан учаёзди. Шерикларимга дедим: «Бу кўриб турганимиз инсоннинг инсонга ҳозирлагани. Энди Парвардигори оламнинг жаннатда ҳозирлаб қўйган неъматлари ва роҳат-фароғатлари қандай экан?!».

Жаннатдаги бу қасрлар гўзаллигига яна ҳам ҳусн қўшиб турадиган яна бир тарафи, улар остидан анҳорлар оқиб туради. Анҳор устига қурилган соф олтиндан бўлган қасрни, инжу ва марваридлардан бино қилинган уйни тасаввур қилинг. Ғоят гўзал манзара!! Анҳорлари ҳам қандай анҳор денг?! Бир анҳори сувдан, бир анҳори сутдан, бир анҳори асалдан, яна бир анҳори майдан!!

Аллоҳ таоло айтади: «Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздирувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир» (Муҳаммад: 15).

Дарахтлар, соя-салқинлар, мевалар унинг ҳуснига ҳусн, камолига камол, жамолига жамол қўшади. Ўйламангки, жаннат дарахтлари ҳам худди дунё дарахтларига ўхшаган. Йўқ! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатдаги ҳар бир дарахтнинг танаси олтиндандир». (Термизий: №2527, Саҳиҳул-жомиъ: №5647).

«Саҳиҳайн»да келган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатда бир дарахт борки, отлиқ киши унинг сояси остида юз йил йўл босади». Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Истасангиз, Аллоҳ таолонинг: «Ёйилган соя (ости)да» деган сўзларини ўқинглар» (Бухорий: №4881, Муслим: №2828).

Дунёдаги дарахтлар ичида ёз фаслида мева берадиганлари бўлади, қиш фаслида мева берадиганлари бўлади, баҳор фаслида ё куз фаслида мева берадиганлари бўлади. Аммо, жаннат дарахтлари қишин-ёзин бир хилда, мевалари ҳам, соялари ҳам давомлидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Улар) тикансиз бутазорларда. Тизилган бананзорларда. Бардавом соя (ости)да. Оқизиб қўйилган сув (усти)да. Тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да. Сўрилар устига баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа: 27-34).

Жаннат мевалари узликсиздир, жаннат дарахтлари соялари доимий ва туганмасдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни ҳозирлаб қўйдим», деди». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17) оятини ўқидилар. (Бухорий: №3244, Муслим: №2824).

Суҳбатимиз давомида сиз билан биргаликда ушбу неъматларнинг баъзисини тасаввур қилиб кўришга уринамиз.

 

Иккинчи: Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси ва унга энг охири кирувчи киши

Жаннат аҳли нақадар олий роҳат-фароғатлар ва нақадар улкан неъматлар оғушида бўлишини тасаввур қилиш учун, келинг, биргаликда жаннатдаги энг қуйи даражадаги кишининг ва жаннатга энг охирги бўлиб кирувчи кишининг ҳоли билан танишайлик.

Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Мусо алайҳиссалом Парвардигоридан: «Жаннатдаги энг қуйи ўрин кимга берилади?», деб сўради.

Аллоҳ таоло деди: «Жаннат аҳли жаннатга киритиб бўлингач, бир киши келади. Унга: «Жаннатга кир!», дейилади. Шунда у: «Эй Раббим, қандай кираман? Ахир одамлар ўз ўринларини эгаллаб Ҳожалари берган марҳаматларни олиб бўлдилар-ку?», дейди. Унга: «Дунё шоҳларининг мулкича мулк сеники бўлса, розимисан?», дейилади. У: «Парвардигоро, розиман», дейди. Аллоҳ унга: «Мана шу ва ўшанча, ўшанча, ўшанча ва ўшанчаси сеники», дейди. Беш баробар бўлганда: «Парвардигоро, розиман», дейди банда. Аллоҳ: «Сўраганинг ва унинг ўн баробари сеники ҳамда кўнглинг тусаган ва кўзингга ёққан нарса сеникидир», дейди» (Муслим: №189, Термизий: №3196).

Аллоҳу акбар!! Жаннатдаги энг қуйи даража соҳибининг манзилати шу бўлса, олий мақомлар эгалари қандай олий ўринларда бўларкинлар?!!

Жаннатга охирги бўлиб кирадиган киши ҳақидаги ҳадисни ҳам Имом Муслим «Саҳиҳ»ида келтирган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Жаннатга охири бўлиб бир киши киради. У  Сирот устида гоҳ юриб, гоҳ қоқилиб, гоҳ ўт уни домига тортиб, шу ҳолда ўтиб келади. Ундан ўтиб олгач, ортига қайрилиб қараб: «Мени сендан қутқарган Зот буюкдир. Аллоҳ менга аввалгилару охиргилардан бирон кишига бермаган неъматини берди», дейди. Шунда унга узоқдан бир дарахт қўрсатилади.

                  «Эй Роббим, мени ўша дарахтга яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам», дейди.

                  «Эй одам боласи, агар тилагингни сенга берсам, Мендан қайтиб бошқа нарса сўрамайсанми?», дейди Аллоҳ азза ва жалла.

                  У: «Йўқ, эй Роббим (бошқа нарса сўрамайман)», дейди ва бошқа ҳеч нарса сўрамасликка ваъда беради. Банда ўзи сабр қилолмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахт соясида ўтириб сувидан ичади. Кейин унга бундан-да чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади. Шунда у:

                  «Эй Роббим, мени бунисига ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам. Сендан бошқа ҳеч нарса сўрамайман», дейди.

                  «Эй одам боласи, ҳалигидан бошқа нарса сўрамасликка ваъда бермаганмидинг? Агар ҳозир сени бу дарахтга ҳам яқинлаштирсам, Мендан яна бошқасини ҳам сўрарсан?», дейди. У бошқа нарса сўрамасликка аҳд беради. Сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда унинг соясида ўтиради ва сувидан ичади. Кейин жаннат эшиги олдида унга аввалги иккисидан ҳам чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади.

                  «Эй Роббим, мени бунга ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам, бундан бошқа нарса сўрамайман», дейди банда. Шунда Аллоҳ:

                  «Эй одам боласи, бошқа нарса сўрамайман, деб ваъда бермабмидинг?», дейди. Банда:

                  «Ҳа, шундай қилгандим. Эй Роббим, шуни ҳам бергин, кейин бошқасини сўрамайман», дейди. У сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахтга яқинлашгач, аҳли жаннатларнинг товушларини эшитиб қолади ва:

                  «Эй Роббим, мени ҳам жаннатга киргизсанг», дейди.

                  «Эй одам боласи, нима қилсам сўрашни бас қиласан, бутун дунёни ва унга қўшиб яна шунчасини берсам рози бўласанми?», дейди Аллоҳ.  Банда:

                  «Эй Роббим, Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан куляпсанми?», дейди...

Шу сўзларни айтиб, Ибн Масъуд кулдилар ва «Нима учун кулаётганимни сўрамайсизларми?», дедилар.

«Нима учун кулаяпсиз?», дейишди. «Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳудди шундай кулгандилар. Асҳоблар: «Нима учун кулаяпсиз, ё Расулуллоҳ?», дейишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банданинг: «Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан кулаяпсанми?» деганида Аллоҳ Роббул оламийн кулгани учун», дегандилар».

... Аллоҳ бандага:

— «Сенинг устингдан кулмайман. Лекин Мен хоҳлаган ишимни қилишга қодирман», дейди» (Бухорий: №6571, Муслим: №187).

 

Учинчи: Жаннат аҳлига бўладиган роҳат-фароғатлар

Ҳар қанча сўзга уста кишининг ҳам тили унинг васфига ожиз, ҳар қанча етук қалам соҳибининг ҳам қалами қосирдир.

Аввал бошидан шу нарсани билиб олишимиз лозимки, жаннат аҳли неъмат ва роҳат-фароғатда бир-бирларидан тафовутли бўлишади. Чунки, иймон аҳли иймон ва ишончда тафовутли бўлгани ҳолда, ҳаммаси бир хил даражада бўлишлари мумкин эмасдир. Балки, ҳар бир киши ўзининг дунёдалик пайтидаги иймони ва ишончига кўра жаннатдан ўрин олади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бу дунёда одамларнинг) барчаларига — мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари (дунёдаги устунликлардан) неча баробар улуғ ва афзалроқдир» (Исро: 19-21).

Аллоҳ таоло дунё аҳлини дунёдаги даражалардан тафовутли қилгани каби, охират аҳлини ҳам даражаларда тафовутли қилади: «Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир».

Ҳа, одамлар жаннат неъматлари борасида бир-бирларидан фарқли бўлишади. «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаннатда Аллоҳ Ўз йўлидаги мужоҳидларга тайёрлаб қўйган юзта даража бор. Ҳар икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир» (Бухорий: №2790, Саҳиҳул-жомиъ: №2126).

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига