Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

إلى الجنة بغير حساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Тарози

 

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сиз билан биз бугун Аллоҳнинг мадади билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан ўн саккизинчи суҳбат устида йиғилиб турибмиз. Бундан олдинги суҳбатимизда бутун башариятни маҳшаргоҳ узра, адолат маҳкамасида, ҳисоб-китоб майдонида турган ҳолида қолдирган эдик. Нима деб ўйлайсиз, ҳисоб-китоб ниҳоясига етиши билан қиёматнинг барча даҳшатлари тамом бўладими?! Йўқ, ундай эмас!!

Ҳисоб тамомига етганидан сўнг Аллоҳ жалла ва ало энди тарози ўрнатилишига амр этади. Ҳисоб амалларга иқрор қилдириш учун эди. Тарозида ўлчаш эса амаллар миқдорини кўрсатиб бериш ва шунга кўра жазо-ю мукофотлар бериш учун, шунингдек, ҳисоб майдонида турган бутун башариятга Аллоҳнинг адолатини изҳор қилиш учундир. Мўминнинг амаллари унинг фазлини кўрсатиш учун, кофирнинг амаллари эса майдонда турган барча гувоҳлар кўзида унинг хорлиги ва шармандалигини изҳор қилиш учун тарозида ўлчанади.

Хўш, тарози ўзи нима?!

Унда нималар ўлчанади?!

Қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган амаллар қайсилар?!

Мана шу учта савол бугунги суҳбатимиз мавзусидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, эшитганига амал қиладиган кишилардан қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Тарози нима?

Тарозининг ҳозирда мавжуд бўлган сурати ва кўриниши қандайлиги – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни унга қандай бўлса, шундай иймон келтиришга буюрган ғайб ишларидан биридир. Иймоннинг ҳақиқати ҳам шудир аслида ўзи. Ғайбни ёлғон сановчи ва тарози ўрнатилишини инкор қилувчи кимсалар нақадар зиёнкор бўлдилар!! Улар Аллоҳ таборака ва таолонинг оятларига тил теккиздилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини масхара қилдилар, худосиз нопок кимсалар каби: «Тарози дегани фақат баққол ва мевафурушларга керак бўлади», дейишди, улар бу билан қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида ҳеч қандай қадр-қийматга эга бўлмайдиган кимсалар қаторига кирдилар! (Таҳовий ақидаси шарҳи, Албоний таҳқиқи билан: 419-с).

Чунки, бундай кимса ўзининг жаҳолати, нодонлиги ва қалбига қулф урилгани боис охиратдаги тарозини дунёдаги тарозидек деб гумон қилди. Ваҳоланки, охиратдаги аҳволларнинг ҳеч бири дунёдаги аҳволларга асло қиёс қилинмаслиги очиқ-ойдин ишдир. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна мезон (тарози)га ҳамда унинг икки палласи ва тили (кўрсаткичи) борлигига ҳамда қиёмат куни бандаларнинг амаллари тарозида тортилишига иймон келтиришга иттифоқ қилганларини нақл қилганлар.

Имом Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий «Таҳовия ақидаси шарҳи»да айтадилар: «Суннат далолат қилишича, қиёмат куни амаллар тортиладиган тарозининг сезилиб ва кўриниб турадиган икки палласи бордир» (Таҳовий ақидаси шарҳи, Албоний таҳқиқи билан: 417-с).

Унинг ортидаги кайфиятлар Аллоҳнинг Ўзигагина маълум.

Тарозининг моҳиятини, тарозининг табиатини, тарозининг кайфиятини (қандайлигини) фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Йўқса, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берганларидек: «У билан осмонлару ерни тортилса, албатта уларни тортадиган» тарози ўрнатилишини тасаввур қила оласизми?!

Сиз бу тарозини қандай тасаввур қиласиз?!

Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилиб, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ деган, Ҳофиз Заҳабий унга мувофиқ бўлган, Албоний иснодини саҳиҳ санаган, Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни мезон-тарози қўйилади, у билан агар осмонлару ерни тортилса, у албатта уларни ўзига сиғдиради. Фаришталар уни кўриб: «Эй Парвардигор! Бу кимни (амалларини) ўлчайди?», деб сўрайдилар. «Халқим ичидан Ўзим хоҳлаган кишини (амалини тортади)», деб жавоб беради. Шунда фаришталар: «(Субҳанака (Сени поклаймиз), биз Сенга ҳақиқий ибодат қилолмадик», дейдилар».

Фикр қилинг.. Даҳшат ва қўрқувнинг зўридан фаришталар ҳам Раҳмон таолога ҳақиқий ибодат қилолмаганликларини эътироф этишади. Зотан, мезон кўриниши қиёматдаги энг оғир кўринишлардан биридир. Мезон ҳақдир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло адолатли тарозилар қўйишини ва Ўзининг етарли ҳисоб-китоб қилувчи Зот эканини баён қилди. Илм аҳлларининг қувватлироқ сўзларига кўра, қиёмат куни фақат битта тарози қўйилади. Унда оятда нима учун «тарозилар» деб кўплик шаклида зикр қилинди? Уламолар бунга шундай жавоб берадилар: Оятда кўплик шаклида зикр қилиниши ўлчанадиган нарсалар кўплиги эътибори биландир. Чунки, қиёмат куни тарозида жуда кўп нарсалар ўлчанади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса), бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолувчидирлар. Уларнинг юзларини ўт куйдириб бадбашара бўлиб қолувчидирлар» (Муъминун: 101-104).

Улуғ Подшоҳнинг адолатига қаранг. Кимнинг мезони биргина ҳасана (ажр-савоб) билан оғир келса ҳам, у бундан кейин ҳечам бахтсиз бўлмайдиган абадий саодатга эришар экан. Кимнинг мезони енгил келса, асло саодат топмайдиган бахтсизликка йўлиқар экан. Аммо, кимнинг мезонлари тенг келса, яъни яхшиликлари билан ёмонликлари баробар келса, уламоларнинг қувватлироқ сўзларига кўра, у одам аъроф аҳлидан бўлади. Аъроф аҳли – ёмонликлари жаннатга киришидан тўсган, яхшиликлари эса дўзахга киришига тўсиқ бўлган аросатдаги кишилар бўлиб, жаннат билан дўзах ўртасидаги бир кўприкда ушлаб туриладилар. Аъроф аҳли жаннат аҳлига боқиб, уларга салом берадилар: «Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик-салом бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар» (Аъроф: 46).

Яъни, аъроф аҳли жаннатга кирмаган бўладилар ва Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, жаннатга кириш истагида турадилар.

Улар иккинчи тарафга, жаҳаннам аҳлига боқиб, Аллоҳ таолодан уларни ўша золим қавмлар билан бирга қилмаслигини илтижо қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар. Қачон кўзлари дўзах эга­лари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар» (Аъроф: 46-47).

Шундай экан, эй мусулмон биродар, мезон-тарозининг учала қисми ҳақида маълумотга эга бўлган бўлсангиз, энди ҳар қандай солиҳ амални, гарчи жуда кичик бўлса ҳам, асло ҳақир санаманг, ҳар қандай маъсиятни, гарчи бир донагина бўлса ҳам, арзимас санаманг. Билингки, биргина ҳасана ҳам тарозини оғирлаштиради, биргина гуноҳ ҳам тарозини енгиллаштириб қўяди. Ҳатто, биргина калима билан ҳам Раҳмоннинг розилигига эришиш, биргина калима билан ҳам Жабборнинг ғазабига дучор бўлиш мумкин.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг розилигидан бўлган бир сўзни гапиради ва Аллоҳ уни шу сабабли жаннатда юксалтиради. Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг ғазаби келадиган бир сўзни гапиради ва шу сабабли у жаҳаннамга тушади»  (Бухорий (№6478), Муслим (№2988) ривоятлари).

Демак, биргина калима ҳам Аллоҳнинг динида жуда катта аҳамиятли саналар экан. Биргина калима билан Раҳмоннинг розилигига эришиш ва биргина калима билан Жабборнинг ғазабига йўлиқиш мумкин экан. Биргина ҳасана (савоб) банданинг тарозисини оғирлаштириб, уни жаннатга киритиши ва биргина саййиа (гуноҳ) тарозисини енгиллаштириб, уни дўзахга тушириши мумкин экан. Шунинг учун ҳам «Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда собит бўлганки: «Яхшиликдан бирор нарcани ҳам арзимаc cанамагин, ҳатто биродарингга очиқ юз билан юзланишинг ҳам (яхшиликдир)» (Муслим: №2626).

Сиз буни асло арзимас иш санаманг. Бу ўзи кичиккина ва енгилгина тоат амали бўлса ҳам, қанча кичик амаллар борки, ният уни катта ишга айлантириб қўяди. Қанча катта амаллар борки, ният уни арзимас ва ҳақир ишга айлантириб қўяди.

Яхшиликдан бирон нарсани ҳам арзимас санаманг.. Ҳеч йўқ, биродарларингиз юзига табассум билан боқишга ожиз эмасдирсиз.. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир ит қудуқ атрофида айланиб юрар, ташналик уни ҳалок қилаёзган эди. Шунда Бани исроилдан бир зинокор аёл уни кўриб, оёқ кийимини ечди-да, шу билан сув олиб, уни суғорди. Шу сабабли унинг гуноҳлари кечирилди» (Бухорий: №3321, №2245, Абу Довуд: №2550).

Итларга раҳм-шафқат қилиш фоҳиша аёлларнинг гуноҳи кечирилишига сабаб бўлса, Аллоҳ Роббул оламийнга иймон келтирган мўминларга раҳм-шафқат қилиш ҳақида нима дейиш мумкин?!

Ҳа, биз раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват касб қилишга муҳтожмиз. Раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ҳеч қачон бузмайди ва емирмайди. Қаттиққўллик ва қўполлик бузади, вайрон қилади. Аллоҳнинг ўз халқлари ичидаги қонунияти шудир. Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади.

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шунинг ортидан азобга дучор бўлди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади». (Бухорий: №2365, Муслим: №2619).

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бизларга буюрганлар: «Яримта хурмо билан бўлса-да, дўзахдан сақланинглар!» (Бухорий: №1417, Муслим: №1016).

 

Иккинчи: Тарозида нимани тортилади?

Уламолар бу савол жавобида уч хил сўз айтганлар.

 

Биринчи сўз:

Тарозида амалларнинг ўзи, яни бандаларнинг намоз, рўза, закот, ҳаж, умра, садақа, яхшилик каби солиҳ ва яхши амаллари тортилади.

Айримлар бу гапни рад қилиб: «Амаллар жисм эмас, араз (маънавий) нарса, маънавий нарсаларни тарозида тортиш мумкин эмас. Бинобарин, намозу рўзалар жисмдан холи нарса бўлса, уларни қандай қилиб тарозида тортиш мумкин?! Қандай қилиб, қиёмат куни амалларни тарозида тортилади, деб айтасизлар?!», дейишади.

Бунга жавоб шуки, Аллоҳ таоло қиёмат куни аразларни тарозига қўйса бўладиган жисмларга айлантириб қўяди, ҳасанотлар (савоблар) ва саййиотлар (гуноҳлар) миқдорига қараб, тарози оғир ё енгил келади.

Саҳиҳ суннатдан бунга далиллар кўп, ушбу далиллардан баъзиларини олиб келамиз.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки калима борки, тилга енгил, тарозида оғир, Раҳмон таолога суюмлидир: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман, Буюк Аллоҳни поклайман)» (Бухорий: №4606, Муслим: №2694).

Икки калима – араз, жисм эмас, улар билан тарози оғирлашади.

Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббонлар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний «Мишкотул-масобийҳ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди» (Термизий: №2003, 2004, Абу Довуд: №4799, Саҳиҳул-жомиъ: №5721).

Гўзал хулқ ҳам жисм эмас, бироқ у қиёмат куни банданинг тарозисини оғирлаштиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида қиёмат куни Қуръони карим Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида бандага булут шаклида соябон бўлиб туриб, унинг учун Аллоҳ таолога шафоатчи бўлишини хабар берганлар.

Имом Муслим Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз эгаларига (яъни, уни ўқиганларга) шафоатчи бўлиб келади. Икки нур сочувчини – «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди» (Муслим: №804).

«Саҳиҳ Муслим»да Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Қуръонни ва унга амал қиладиган қуръон аҳлини олиб келинади, уларнинг олдида Бақара ва Оли Имрон суралари худди иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади» (Муслим: №805, Термизий: №2886).

Ушбу келтирилган далиллар қиёмат куни аразлар жисмларга айланиши ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар эди. Сиз билан биз охиратга тааллуқли ғайбий қонунлар устидан ҳиссий дунё қонунлари билан ҳукм қилишга уринганимиз учун ушбу ҳақиқатларни англашга ожизлик қилмоқдамиз.

Мусулмон биродар! Орамизда ўтирганлардан ҳеч биримиз ер юзида биз билан бирга яшайдиган бошқа бир оламни, яъни чумолилар оламини инкор қилмаса керак. Шунингдек, Аллоҳнинг каломига иймон келтирган ҳеч бир киши чумолиларнинг ўзларига хос тилда сўзлашишларини ҳам инкор қилмайди. Уларнинг гапиришларига далил шуки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга чумолилар тили рамзини ечиб берган ва у киши чумолилар тилини тушуниб, чумолилар билан сўзлашган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръонда шундай хабар беради: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди. (Сулаймон) унинг сўзидан табассум қилди ва: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин», деди» (Намл: 18-19).

Бизлардан ҳеч бир киши чумолилар олами мавжудлигини инкор қилолмаганига, балки чумолиларнинг сўзлашишларини ҳам инкор қилолмаганига қарамасдан, ҳали бирон киши энг сезувчан овоз кучайтиргичлар ёрдамида ҳам ҳали ҳануз биронта чумолининг овозини эшитишга қодир бўлганини билмаймиз. Нега шундай?!

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига