Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة 

 

الحساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Ҳисоб-китоб

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! «Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн тўртинчи суҳбат бўлади.

Бундан аввалги суҳбатимизда ўта маҳобатли ва оғир ҳолатлардан бири бўлган ҳисобга тортилиш кўриниши ҳақида сўзлаб ўтган, бандаларни маҳшар ерида ҳар ким ўз ҳисоб-китобини кутиб, Аллоҳ таолонинг жарчиси уни Аллоҳ ҳузурига ҳисоб учун чорлашига мунтазир бўлиб, саф-саф бўлиб турган ҳолатларига келиб тўхтаган эдик. Яна айтиб ўтган эдикки, Аллоҳ таоло бандаларини қуйидаги қоидалар асосида ҳисоб-китобга тортади:

1) Ҳеч қандай зулм аралашмаган тўла адолат.

2) Биров бировнинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас.

3) Аллоҳ бандаларига узр қолдирмаслиги.

4) Қиёмат куни бандаларга гувоҳлар келтирилиши.

5) Иймон аҳлига ҳасанотлари (савоблари) бир неча баробар кўпайтирилиши.

6) Ёмонликларни яхшиликларга алмаштириш.

Шундан сўнг ҳисоб бошланади. Нима деб ўйлайсиз, биринчи бўлиб қайси уммат ҳисоб-китоб қилинади?! Қиёмат куни кимлар ўртасида биринчи бўлиб ажрим қилинади?! Банда илк бор қайси амалидан ҳисоб беради?!

Бугунги суҳбатимиз айни саволларнинг жавоби ҳақида бўлади.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратасиз деб умид қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни ер юзида ҳам, ер остида ҳам, ҳисоб кунида ҳам Ўз карами билан ўрашини сўрайман. Албатта, У Ҳалим, Раҳмон ва Раҳмли зотдир.

 

Биринчи: Аллоҳ азза ва жалла биринчи бўлиб қайси умматни ҳисобга тортади?

Севикли дўстларим! Маҳшаргоҳда, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш жуда оғирдир.

Қуёш бош устига яқин келтириб қўйилган.. Тошу темирни эритиб юборадиган кучли ҳарорат.. Тасаввур қилинг, башариятнинг ҳаммаси битта ерга, бир жойга жамланган.. Нафасларни  бўғиб юборадиган тиқилинч!!

Ана шундай оғир ва шиддатли ҳолатда жаҳаннамни олиб келиниши уларнинг ғам-қайғуларини яна ҳам кучайтириб юборади.

Ҳа.. жаҳаннамни маҳшаргоҳга олиб келинади. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Муслим: №2842, Термизий: №2576).

Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб қолишади.

Аллоҳ таоло айтади: «(У Кун­да) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар» (Жосия: 28).

Юракларни ёриб юборгудек оғир ва даҳшатли шу лаҳзаларда Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда хорлик ва синиқлик билан турган етмишта уммат ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига нидо қилади.

Ибн Можа саҳиҳ санад билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Биз умматларнинг охиргиси, қиёмат куни ҳисоб-китобда эса биринчисимиз. «Пайғамбари уммий (саводсиз) бўлган уммат қаерда?!», деб нидо қилинади. Бас, биз охиргилар ва биринчилармиз». (Саҳиҳ, шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№2374) саҳиҳ санаган, Саҳиҳул-жомиъ: №6749).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари раҳматга сазовор умматдир, Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда туриш даҳшатидан тезроқ фориғ бўлишлари учун уларга раҳм қилиб ва бошқа умматлардан мукаррам санаб, уларга нидо қилади.

Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган ва Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилиб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ санаган, Заҳабий ҳам шунга иқрор бўлган, Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлар етмишта умматни тўлдирувчиси (яъни сўнггиси) бўлдингиз, сизлар улар ичида энг яхшиси ва Аллоҳ жалла ва алога энг мукаррамисиз» (Аҳмад: №19908, Термизий: №3001, Ибн Можа: №4288, Доримий: №2760).

Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари барча умматлар ичида Аллоҳга энг мукаррами, покизароғи ва шарафлироғидир. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан биргина киши баъзан бутун бир умматдан кўра ҳам салмоқлироқ бўлади.

Имом Аҳмад «Муснад»ида, Табароний «Ас-сағир» ва «Ал-авсат»да ривоят қилган, Ҳайсамий «Мажмаъуз-заваид»да: «Аҳмаднинг кишилари «Саҳиҳ»нинг кишиларидир» деган, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Эй Ийсо, Мен сендан кейин бир умматни чиқаргум. Уларга ўзлари суйган нарса етса, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қиладилар. Ёқтирмаган нарсалари етса, сабр қилиб, ажр умид қиладилар. Ҳолбуки, (уларда) ҳилм ҳам, илм ҳам бўлмайди». (Ийсо) деди: «Ё Раббим, Бу уларга қандай қилиб (ҳосил бўлади), ҳилм ҳам, илм ҳам бўлмаса?!». Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Мен уларга Ўз ҳилмим ва илмимдан ато этдим». (Аҳмад: №27416).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг қиёмат куни Парвардигор азза ва жалла ҳузуридаги ҳурмат-эътиборлари уларни етмишта уммат ичидан чорлаган пайтида яққол кўринади..

Қани, олдинга чиқинглар!!..

Нима учун?...

Пайғамбарлар фойдасига барча умматлар устидан гувоҳ бўлишларинг учун!!

Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Нуҳни чақирилади. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди.  «(Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа», деб жавоб беради. Унинг умматидан: «Сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва унинг уммати», деб жавоб беради Нуҳ. Шунда улар унинг етказган эканига гувоҳлик берадилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса сизлар устингизда гувоҳ бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». Сўнг: «Ўрта – адолатдир», дедилар. (Саҳиҳул-жомиъ: №8034, Бухорий: №4487, Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа)

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари муҳтарам уммат бўлиб, кимга яхшилик билан гувоҳлик берсалар, у нажот топиб, жаннатга киради. Кимга ёмонлик билан гувоҳлик берсалар, у ҳалокатга юзланиб, дўзахга тушади.

«Саҳиҳ Муслим»да ва «Сунан Аби Довуд»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жаноза олдидан ўтдилар, шунда уни (маййитни) яхшилик билан зикр қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедилар. Яна бир жаноза ёнидан ўтганларида уни ёмонлик билан зикр қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедилар.

Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, бир жаноза олдидан ўтилганда унга мақтов айтилди, шунда сиз: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедингиз. Бошқа бир жаноза олдидан ўтилганда уни ёмонлик билан зикр қилинди, шунда сиз яна: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедингиз», деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар кимни яхшилик билан зикр қилган бўлсангиз, унга жаннат вожиб бўлди. Кимни ёмонлик билан зикр қилсангиз, унга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз, сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз». (Бухорий: 3/181, Муслим: №949, Термизий: №1059, Насоий: 4/49).

Қасамки, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга умматлари борасида ато этишини ва у зотни рози қилишини ваъда берган. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир!

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 36) оятини ўқидилар.

Кейин Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 118) оятини ўқидилар.

Сўнг йиғладилар. Шунда Аллоҳ Жибрилни у зот ҳузурларига туширди ва Ўзи яхши билгани ҳолда: «Эй Жибрил, Муҳаммаддан сўра-чи, нега йиғлаяпти экан?», деди. Жибрил тушиб: «Нега йиғлаяпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?», деб сўради. «Умматим.. умматим, эй Жибрил!», дедилар у зот. Жибрил Буюк Подшоҳ ҳузурига кўтарилиб – У Ўзи билгувчироқ бўлгани ҳолда – «Уммати учун йиғлаяпти экан», деди. У Жибрилга деди: «Муҳаммад ҳузурига тушиб, айтгин, Биз уни уммати хусусида албатта рози қиламиз ва асло хафа қилмаймиз» (Муслим: №301).

Пайғамбаримиз умматлари бахтли умматдир, муборак умматдир, маҳмуд умматдир.

Шеър мазмуни:

«Эй Парвардигор! Сенинг «Эй бандаларим!» деган хитобинг остига киришим ва менга Аҳмадни Пайғамбар қилиб юборганинг менинг фахру ифтихоримни ошириб юборди»..

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз» (Оли Имрон: 110).

 

Қиёмат куни кимлар ўртасида биринчи бўлиб ажрим қилинади?

Бу савол жавобини «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган киши шаҳид қилинган кишидир. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сенинг йўлингда жанг қилдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, сен одамлар сени «жасур» дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади» (Муслим: №1905, Термизий: №3383, Насоий: 6/23).

Демак, ҳадис шарифдан маълум бўлишича, қиёмат куни энг биринчи ҳисобга тортиладиган киши жанг майдонида, қаҳрамонлик ва баҳодирлик саҳнасида, ҳар қанча узун тиллар ҳам соқов бўлиб қоладиган, фақат қилич ва найзалар бўйинлар минбарида хутба қиладиган ўринда шаҳид бўлиб, ерга йиқилган киши бўлар экан. Ўзи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидан, жанг майдонида шаҳид бўлган, бироқ Аллоҳ  ризосини кўзлаган эмас, балки бандаларнинг мақтовига эришишни истаган. Натижа ҳам ўзи кутганидек бўлди. Жасур ва қаҳрамон деган гапни эшитиш учун урушган, дарҳақиқат шундай ҳам дейилган. Шунинг учун ҳам буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Яна бири илм ўрганган ва Қуръонни ўқиган киши – яъни, масжидларни ва илм мажлисларини илмий суҳбатлар билан гуриллатган, китоблар ёзган, газета ва журналларни илмий мақолалар билан тўлдирган олимдир!! Ўқиган ва ўқитган илми билан фақат шуҳрат қозонишни, обрў-эътиборга эришишни, мансаб курсисига минишни, мол-дунёга эга бўлишни истаган! Илми билан Раҳмон таолонинг ризосинигина қасд қилмаган! Натижа эса ўзи истаганидек бўлади: «Ёлғон айтаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади».

Аллоҳу акбар! Олим дўзахда ёнса, қори жаҳаннамда куйса!! Нега ҳам шундай бўлмасин?! У амали қабул бўлиши шартларидан муҳим бир шартни – ихлосни йўқотди, ахир!!

Учинчиси яна бир кишики, Аллоҳ унга молнинг ҳамма туридан берган, берганда ҳам мўл-кўл қилиб берган. У ҳам молини яхши йўлларга сарф қилган, садақалар қилган. Бироқ, сахийлик билан донг таратиш, ҳотамтой бўлиб ном чиқариш, жуда кўп инфоқ-эҳсон қиладиган киши номини қозониш мақсадида қилган. Натижа ўзи кутганидек бўлди: «Сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади».

Ҳар учаласи жаҳаннамга ўтин бўлишди, чунки амаллари билан риё қилишди.

Билингки, риё луғатда "кўриш" маъносидаги "руъят" (الرؤية) сўзидан олинган бўлиб, шаръий маъноси ҳам луғавий маъносидан келиб чиққан (яъни, бир тоат амалини хўжакўрсинга қилиш маъносини ифодалайди). Яъни, риёнинг истилоҳдаги маъноси – банда зоҳирида бошқа нарсани изҳор қилиб, ботинида бошқа нарсани яширишидир.

Риёниг чек-чегараси шуки, у Парвадигор азза ва жаллага қилинадиган тоат амалини бандалар кўриши учун қилишдир.

Эй Аллоҳнинг розилигини топиш мақсадида амал қилаётганлар, ушбу улкан неъматига шукр ўлароқ Аллоҳга сажда қилинглар ва Ундан шундай амалларда саботли қилишини сўранглар!

Эй қилаётган амаллари билан Аллоҳ розилигини эмас, риё, сумъа, шуҳрат ва обрў-эътибор қозонишни истаётган кишилар, шуни яхши билингларки, сизнинг амалингиз Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло фақат шариатга мувофиқ ва Ўзи учун холис қилинган амалнигина қабул қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (умматнинг) динидир» (Баййина: 5).

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига