Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

يوم الحساب

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Ҳисоб куни

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн учинчи суҳбат бўлади. Бундан аввалги суҳбатимизда Аллоҳ жалла жалолуҳунинг Ўзининг камоли ва жалолига мос ва муносиб суратда маҳшаргоҳга келган пайтидаги ҳолат устида тўхтаган эдик. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210).

Шундан сўнг бандаларнинг ҳисоб-китоби бошланади. Сизлар билан бугунги суҳбатимиз айни шу мавзуда давом этади. Вақтдан унумли фойдаланиш учун одатдагидек, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз.

Биринчи: Бугун зулм йўқдир.

Иккинчи: Аллоҳга рўбарў бўлиш ва номаи аъмолни қабул қилиб олиш.

Учинчи: Ҳисоб қилинмасдан туриб ўзингизни ҳисоб қилинг.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратасиз деб умид қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни ер юзида ҳам, ер остида ҳам, ҳисоб кунида ҳам Ўз карами билан ўрашини сўрайман. Албатта, У Ҳалим, Меҳрибон ва Раҳмли зотдир.

 

Биринчи: Бугун зулм йўқдир

 

Севикли биродарларим! Қасамки, агар Аллоҳ таоло бутун осмон аҳлини ва бутун ер аҳлини азобласа, уларга асло зулм қилган бўлмас эди. Чунки, улар Унинг Ўз мулкидаги қулларидир. Мулк эгаси ўз мулкида ўзи истаганича тасарруф қилишга ҳақлидир. Лекин, У субҳанаҳу ва таоло Ўзининг раҳмати, карами ва бандаларига меҳр-шафқати туфайли Ўзига зулмни ҳаром қилди, бандалари орасида ҳам зулмни ҳаром қилди.

Аллоҳ таоло айтади: Шубҳасиз, Аллоҳ зарра мисқолича ҳам зулм қилмас» (Нисо: 40).

Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир» (Фуссилат: 46).

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, Аллоҳ ўз бандаларига зулм қилишни истамас» (Ғофир: 31).

Имом Муслим Абу Зар ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларидан ҳикоя қилиб айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз» (Муслим: №2577, Термизий: №2497).

Аллоҳ жалла ва ало одилдир, олийжанобдир, карамлидир, меҳрибондир, халқларидан биронтасига ҳам зулм қилмайди, бандаларидан бирон кишига ҳам зулм қилмайди. Шунинг учун Аллоҳ жалла ва ало қиёмат куни бандаларини қуйидаги қоидалар асосида ҳисоб-китоб қилади:

 

Биринчи қоида: Ҳеч қандай зулм аралашмаган тўла адолат.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

Шуни яхши билингки, охиратда сиз бу дунёда бўладиган маҳкамаларга ўхшаган маҳкамага тортилмайсиз. Бу дунё маҳкамаларида судлашувчилар ёлғонлар ва сохта гувоҳлар ёрдамида ҳукмни ўз фойдаларига чиқариб олишлари мумкин. Бироқ, билингки, қиёмат кунида сизнинг маҳкамангизни Аллоҳ таолонинг шахсан Ўзи олиб боради. У шундай зотки: «Кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилур. Улар (Аллоҳни), қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсага ҳукм чиқара олмаслар. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина эшитувчи ва кўриб турувчи зотдир» (Ғофир: 19-20).

Аллоҳ таоло айтади:

«47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик.

48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!»

49. (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 47-49).

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7-8).

Хуллас, одамзотнинг барча амали Аллоҳ жалла ва алонинг ҳузуридаги китобга ёзиб, сақлаб қўйилгандир, Раббим асло адашмайди ва унутмайди. Шуни яхши билингки, инсон унутиб юборади, бироқ Аллоҳ таоло унутмайди!

 

Ғўрлик даврингда ўтган

Ишларингни қўй энди,

Гуноҳларингни эслаб,

Кўзингдан ёш қуй энди.

 

Гарчи сен эдинг ғофил,

Икки фаришта огоҳ,

Сен маъсиятга машғул,

Улар ёзишга, эвоҳ!

 

Бу жон сенга берилган

Омонатдир билсанг гар.

Эгасига у бир кун

Албатта қайтарилар.

 

Сен алданиб, ортидан

Елиб-югурган дунё

Ҳовлидир бир ўткинчи,

Алдамчи мисли рўё.

 

Билки, кечаю кундуз

Олганинг ҳар бир нафас

Ҳисоблидир барчаси,

Кетмагай беиз, абас.

 

Ҳа, Аллоҳ таоло айтганидек: «Шубҳасиз, Аллоҳ зарра мисқолича ҳам зулм қилмас» (Нисо: 40).

 

Иккинчи қоида: Биров бировнинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас.

Аллоҳ таоло айтади:

«13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз.

14. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир».

15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтарувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азобловчи эмасмиз» (Исро: 13-15).

Аллоҳ таоло айтади:

«36-37. Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! 38.— Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас. 39. Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни унга ўзининг ҳаракати билан қилган яхши амалларининг савоби ҳосил бўлур). 40. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. 41. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур» (Ан-нажм: 36-41).

Ҳеч бир киши бошқа бировнинг гуноҳини кўтармайди. Балки, қиёмат куни фарзанд отасининг олдидан ўтади, шунда отаси унга: «Эй болам! Мен сенинг отангман, мен сенга жуда яхши оталик қилган эдим, энди бугун ҳасанот (савоблар)ингдан бирозгина бергин», деса, бола отасига ҳам, онасига ҳам: «Ўзим савобга муҳтожман!», деб жавоб беради.

Тўғрида, ахир... У куни ҳатто пайғамбарлар ҳам: «Жоним, жоним», яъни жонимни қутқаришга муҳтожман, деб қолади!

 

Учинчи қоида: Аллоҳ бандаларига узр қолдирмаслиги.

Шубҳасиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам алайҳиссаломдан тортиб қиёматгача яшаб ўтган ҳар бир инсоннинг қилган барча амалини билади. Шундай бўлса-да, У ҳузурида бирон кишининг бирон узри қолиб кетмаслиги учун Ўзининг буюк адолати, фазли ва марҳаматидан келиб чиқиб, қиёмат куни бандаларига ўзларининг амалларини бирма-бир кўрсатади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир» (Оли Имрон: 30).

Аллоҳ таоло айтади: «(Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) билур!» (Таквир: 14).

«(Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни яхши-ёмон амалларини) билур!» (Инфитор: 5).

 

Тўртинчи қоида: Қиёмат куни бандаларга гувоҳлар келтирилиши.

Қиёмат куни бандаларга қарши энг катта гувоҳ – ошкору махфий ҳамма нарсани билувчи, бўлиб ўтган ва энди бўладиган нарсалардан ҳам хабардор Буюк Подшоҳнинг Ўзи бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳ бўлган зотдир» (Нисо: 33).

Кейин пайғамбарлар келиб, барча умматларга (Аллоҳнинг аҳкомлари етказилганига) гувоҳлик берадилар. Ҳар бир пайғамбар ўз умматига гувоҳ бўлади. Кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари келиб, ўтган барча умматлар устидан гувоҳлик берадилар. Охирида эса аввалгилару охиргиларнинг энг яхшиси бўлган зот барча-барча устидан гувоҳлик берадилар.

Аллоҳу акбар!! Аллоҳу акбар!!

Аллоҳ таоло айтади: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143).

Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитобан айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!» (Нисо: 41).

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Қиёмат куни Нуҳни чақирилади. «Эй Нуҳ!», дейилади унга. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. Шунда Аллоҳ: «Қавмингга (Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа, эй Роббим», деб жавоб беради. Шундан сўнг унинг умматини чақирилиб: «Нуҳ сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Йўқ, бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва у кишининг умматлари», деб жавоб беради Нуҳ. Шундан сўнг сизлар чақириласиз ва унга гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизлар устингизда гувоҳлик бераман. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». (Бухорий: №4487, Термизий: №2965).

Сўнгра малоикалар гувоҳлик берадилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди» (Қоф: 21).

Шундан сўнг Ер унинг юзида қилинган яхши ва ёмон амалларга гувоҳлик беради. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Аллоҳ таолонинг: «Ана ўша Кунда Ер Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар!» (Залзала: 4) оятини ўқидилар ва: «Биласизларми, унинг хабарлари нима?», дедилар. (Саҳобалар:) «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг хабарлари шуки, Ер ҳар бир эркак ва аёл банда унинг юзида нима қилганига гувоҳлик бериб: «Эй Раббим, у фалон-фалон куни фалон-фалон ишни қилган», дейди. Шу унинг хабарларидир», дедилар (Саҳиҳ, Термизий: №3350).

Шунда лаим (пасткаш) банда Улуғ Парвардигори билан тортишиб: «Эй Раббим, мен бу гувоҳликларни ҳам, бу гувоҳларни ҳам ҳаммасини рад этаман, мен ўз нафсимдан бошқанинг гувоҳлигини қабул қилмайман», дейди.

Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, у зот кулдилар, сўнг: «Нега кулганимни биласизларми?», деб сўрадилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердик. Шунда дедилар: «Банданинг Рабби билан сўзлашувидан (кулдим). У: «Эй Раббим, менга зулмдан паноҳ бермаганмисан, ахир?!», дейди. (Рабби) айтади: «Ҳа, шундай». Шунда у: «Мен ўзимга қарши ўзимдан бошқа гувоҳ (келтирилиши)га ижозат бермайман», дейди. (Рабби:) «Бугун сенга қарши ўзингнинг гувоҳлигинг ва Киромун Котибийн (яъни амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) гувоҳлиги етарлидир», дейди. Сўнг унинг оғзи муҳрланади ва аъзоларига: «Гапир!», дейилади. (Аъзолари унинг қилган) амалларини айтиб беришади. Сўнгра унга гапиришга имкон берилади. Шунда у (аъзоларига): «Қуриб кетгурлар, йўқ бўлиб кетгурлар! Мен сизларни ҳимоя қилаётган эдим-ку», дейди» (Муслим: №2969).

Аллоҳ таоло деди:

«Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ясин: 65).

Аллоҳ таоло деди:

«19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг). 20. Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. 21. Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?» дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган зот Аллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар», дедилар. 22. Сизлар (ҳаёти дунёда гуноҳ ишларни қилганларингда шарманда бўлишдан қўрқиб, одамлардан яширинар эдинглар-у, аммо) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан (сақланиш учун улардан) яширинувчи эмас эдинглар, (чунки сизлар Қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам забон берилишини билмасдинглар). Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни одамлардан яширинча қил­ган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйладинглар. 23. Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар. 24. Энди агар улар (азобга) чидасалар, ана ўша дўзах жойларидир (яъни азоб-уқубатни тортаверадилар), агар ортга қайтишни талаб қилсалар, энди улар қайтарилувчи эмаслар» (Фуссилат: 19-24).

 

Бешинчи қоида: Иймон аҳлига ҳасанотлари (савоблари) бир неча баробар кўпайтирилиши.

Тавҳид ва иймон аҳлига ҳасанотлари бир неча баробар қилиб кўпайтириб берилиши - «Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир яхшиликни ўн баробарга кўпайтиради.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас» (Анъом: 160).

Имом Аҳмад «Муснад»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний ҳасан санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳадис қудсийда деди: Ҳасана (яхшилик) ўн баробарича ёки ундан ҳам зиёда қиламан, саййиа (ёмонлик) эса бир баробарича ёки кечириб юбораман». (Аҳмад: №21212, Муслим: №2687, Ибн Можа: №3821).

Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасанот ёзилади. Ҳасанот(га) ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтаётганим йўқ. Балки, "алиф" бир ҳарф, "лом" бир ҳарф ва "мим" бир ҳарфдир» (Термизий: №2912, Саҳиҳул-жомиъ: №6469).

Айрим ҳолларда Аллоҳ таоло бир ҳасанага етти юз баробар ва ундан ҳам ортиқроқ ажру савоб ҳам беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билувчидир» (Бақара: 261).

Баъзи ишлар борки, уларнинг савобини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

«Саҳиҳайн»да келтирилган ҳадис қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Одам фарзандининг ҳар бир амали ўзи учун, фақат рўза (мустасно), у мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман» (Бухорий: №1894, Муслим: №1151).

Энди фазлу карами кенг, саховатли Зотнинг сабрга берадиган мукофотини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар: 10).

 

Олтинчи ва сўнгги қоида: Ёмонликларни яхшиликларга алмаштириш.

Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг фазлу карами билан мўминларнинг ёмонликларини (гуноҳларини) яхшиликларга (савобларга) алмаштириб беради. Аллоҳ таоло айтади:

«68. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.

69. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур.

70. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Фурқон: 68-70).

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Мен, шубҳасиз, жаннатга охирги бўлиб кирувчи ва дўзахдан охири чиқувчи кишини биламан. Бир кишини қиёмат куни олиб келинади ва : «Унга кичик гуноҳларини рўбарў қилинглар, катта гуноҳларини ундан кўтаринглар!», дейилади. Шунда унга кичик гуноҳларини рўбарў қилиниб: «Фалон куни фалон-фалон (гуноҳ)ни қилгансан, фалон куни фалон-фалон (гуноҳ)ни қилгансан», дейилади. У: «Ҳа, (тўғри)», дейди, инкор қила олмайди. Ваҳоланки, катта гуноҳлари рўбарў қилинишидан қўрқиб туради».

Мана шундай оғир қўрқинч ичида турганида унга айтилади: «Албатта, сенга ҳар бир ёмонлик (гуноҳ) ўрнига бир яхшилик (алмаштириб берилади)». Шунда банда айтади: «Эй Раббим! Мен ўзим қилган баъзи ишларни (гуноҳларни) бу ерда кўрмаяпман».

Абу Зар айтдилар: «Шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетди» (Муслим: №190, Термизий: №2599).

Бу Аллоҳ жалла ва алонинг мўмин бандаларига бўлган фазлу марҳаматидир.

Юқорида айтиб ўтилган қоидалар Аллоҳ таоло қиёмат куни бандани улар асосида ҳисоб қиладиган қоидалардир.

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига