Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

مجيء الرب جل جلاله

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши

 

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн иккинчи суҳбат бўлади. Аввалги суҳбатларимизда қиёматнинг баъзи кўринишлари ҳақида сўз юритиб, одамларнинг маҳшаргоҳга йиғилиб турган пайтдаги ҳолатлари ҳақидаги сўзда тўхтаган эдик.

Одамлар маҳшаргоҳга йиғилган, вужудларни ер юзининг энг сўзамол кишиси ҳам тасвирлаб беролмайдиган қаттиқ қўрқув ва ғам-қайғу ўраб олган, тиқилинчдан нафаслар бўғилган, қуёш бош устига бир мил миқдорида яқин келтирилган ва этдан ўтиб, суякларни ҳам эритиб юборишга яқин бўлган..

Одам алайҳиссалом яратилганидан тортиб то қиёмат қоим бўлгунига қадар яшаб ўтган бутун башарият битта майдонга тўпланган.

Ҳамма одамлар амалига ва Аллоҳга яқин-узоқлик ҳолига қараб терга ғарқ ботган..

Жаҳаннамнинг олиб келиб қўйилиши эса бор ғам-қайғуларни чўққисига етказиб қўйган.. Унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади. Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб ўтириб қолишади.

У куни пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким оғиз очиб гапиришга ботинолмайди. Пайғамбарларнинг сўзлари ҳам фақат: «Аллоҳумма саллим, саллим! Эй Аллоҳ! Ўзинг асрагин, Ўзинг саломат қилгин!»дан ўтмайди.

Ана шундай оғир ҳолат юзага келгач, баъзи бир одамлар бир-бирларига мурожат қилиб: «Аҳвол жуда оғирлашиб кетди-ку! Бирор иложини қидирайлик! Ўртамизда тезроқ ажрим ва ҳисоб-китобни бошлашини сўраб, Парвардигорга илтижо қиладиган бирон киши йўқмикин?!», дейишади.

Шундан сўнг Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, бирин-кетин Аллоҳнинг танланган бандалари бўлмиш пайғамбарлар ҳузурига келадилар. Ҳаммалари: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Жоним, жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Фақат биргина Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оғир вазифани ўз зиммаларига олишга рози бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шунда улар менинг ҳузуримга келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?! Биз учун Раббингизга воситачи бўлмайсизми?!», дейишади. Шундан сўнг мен туриб: «Майли, мен бу ишга (ҳозирман)», дейман. Сўнг (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга сажда қилиб йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3340, Муслим: №194, Термизий: №2436).

Табарий, Табароний, Байҳақий, Абу Яъло ривоят қилган, Суютий келтирган ва Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий далил қилиб олиб келган сур ҳақидаги узун ҳадисда ривоят қилинишича – илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, бу ҳадис заифдир, чунки ровийлар силсиласида Исмоил ибн Рофиъ бор, жарҳ ва таъдил илми уламолари сўзларига кўра, у заифдир. Яна унда Муҳаммад ибн Зиёд бор, у мажҳулдир.  Бироқ, бу ҳадисда юқорида мен келтирган Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадис сиёқига мувофиқлик бордир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шунда мен Арш остида саждага бош қўяман. Кейин менга – Унинг Ўзи яхши билувчи бўлгани ҳолда ­– «Нима истайсан?», дейилади». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Раббим, менга шафоат ваъда қилгансан, халқларинг хусусида менинг шафоатимни қабул қилиб, улар ўртасида ҳукм қилгайсан», дейдилар. Аллоҳ жалла ва ало: «Мен сени шафоатингни қабул қилдим.. Мен сизларнинг ўртангизда ҳукм қилиш учун бораман», дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кейин мен маҳшаргоҳда одамлар билан бирга туриш учун ортимга қайтаман. Бутун башарият Малик жалла жалолуҳунинг келишини кутади».

Бугун сизлар билан суҳбатимиз мана шу мавзу атрофида кечади.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни қуйидаги бир неча мавзуларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши.

Иккинчи: Қиёмат куни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб гаплашадиган киши.

Учинчи: Аллоҳ жалла ва алога рўбарў келиш ва китобларнинг берилиши.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратишингизни сўрайман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Ҳеч бирингиз шу дунёда бўлиб турадиган маҳкама жараёнларидан биронтасида иштирок этганмисиз?

Айбланувчиларни олиб келиб, панжара ортига ўткизадилар.. Айбланувчиларнинг яқинлари ва ҳимоячилар билан гавжум маҳкама зали ичра тўсатдан: «Ўрнингиздан туринг, суд ҳайъати келмоқда!», деган эълон эшитилади. Залга сув қуйгандек жимлик чўкади. Қозилар (суд ҳайъати) кириб келиб, ўз ўринларини эгаллайди. Юраклар қинидан чиққудек гурсиллаб ура бошлайди. Қораловчи ва оқловчилар ишга киришади, баҳс-мунозаралар бошланади, далил-исботлар келтирилади. Ҳакамлар (судялар) ҳар икки томоннинг сўзларини диққат билан эшитиб, саволлар беришади. Ўзаро нималарнидир муҳокама қилишади. Кейин суд ҳайъати бир хонага ўтиб, ҳукм чиқариш олдидан бир-бирларининг фикрларини ўрганишади, баҳслашишади. Кейин маҳкама залига қайтиб, мазкур иш бўйича ҳукмни эълон қилишади.

Аллоҳ ҳаққи, шу пайтда маҳкама залида ўтирган одамларнинг юзларига диққат билан боққанмисиз?!

Кўзлар ёшланган.. Юраклар қинидан чиқиб кетаёзган.. Ҳаяжондан нафаслар бўғизга тиқилган.. Ўзаро шивир-шивирлар.. Кўзларда савол назари.. Ҳамманинг кўзи қозида, нима ҳукм чиқараркин, нима деркин, деган ҳадик ҳаммани қамраб олган..

Ваҳоланки, қози ҳам бошқалар қатори ҳамма нарсага Қодир Буюк Подшоҳнинг фақир ва ҳақир бир бандаси!

Ана энди маҳшаргоҳни кўз олдингизга келтиринг.

Даҳшат ва ҳаяжоннинг зўридан юраклар кўкрак қафасидан чиқиб, бўғизларга қадалиб қолган.. Ҳамма халойиқлар, ораларида пайғамбарлар ҳам бор, маҳшаргоҳда йиғилиб, самога тикиладилар, Одил Подшоҳ жалла жалолуҳунинг келишини кутадилар.

Аллоҳ таоло айтади:

«108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз.

109. У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур).

110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар.

111. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 108-111).

Осмон ёрилиб, биринчи осмон аҳли бўлган фаришталар ердаги инсу жиннинг (икки) баробарича сонда тушиб келадилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Булутли осмон ёрилиб, фаришталар туширилган (қиёмат) кунини (эсланг) (Фурқон: 25).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: Биринчи осмон аҳли бўлган фаришталар ердаги инсу жиннинг (икки) баробарича сонда тушиб келади, сўнгра малоикалар маҳшаргоҳдаги халойиқларни ўраб оладилар. Халойиқлар малоикаларни кўрган вақтларида улардан: «Орангизда Парвардигоримиз борми?», деб сўрайдилар. Фаришталар: «Йўқ, У энди келади», дейишади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210).

Аллоҳ таоло айтади:

«22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда. 23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?! 24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур! 25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас! 26. Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!» (Вал-фажр: 22-26).

Ўзинг нажот бергайсан эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!! Аллоҳумма саллим, саллим!!

Аллоҳ жалла ва ало Ўзининг улуғлиги ва буюклигига мос келувчи тушиш билан тушиб келади.

Бу ҳақда кўнглингизга келган ҳар қандай кўриниш ва тасаввурларни тарк қилинг, Аллоҳ таоло унинг хилофича бўлади. «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11).

Тушиш сифати, юриш сифати, келиш сифати, ғазаб сифати ва шу каби Аллоҳ таолонинг барча сифатларини Унинг Ўзи ёки Пайғамбари қандай айтган бўлсалар, шундай исбот қиламиз (яъни тасдиқлаймиз), таҳриф, ташбиҳ, такйиф, таътил, тамсил қилмаймиз.

Мисол учун, Аллоҳ таоло: «У Ўз аршига ўрнашган Раҳмондир» (Тоҳа: 5), деган.

Уламоларимиз айтадилар: Аллоҳ Ўзи хабар берганидек ва Ўзи хоҳлаган кўринишда ва Ўзи айтган маънода, биз билган маънодаги тушиш ва кўчишдан пок ҳолда ўрнашгандир.

(Шеър мазмуни)

«Арш Уни кўтарувчи эмасдир, курсий Унга суянчиқ ҳам эмасдир.

Аксинча, арш ва уни кўтарувчилар ҳам, курсий ва унинг улуғворлиги ҳам, барча-барчаси Унинг қудрати лутфи билан кўтарилган, Унинг қабзаси билан мақҳур (бўйсундирилган)».

Истиво (кўтарилиш, ўрнашиш) маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда савол қилиш бидъатдир.

Кимда-ким Аллоҳнинг зоти қандайлигини биламан деб даъво қилса, унинг даъвоси пуч бўлиб қолаверади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

Жалла жалолуҳ.. Тенги йўқ, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, баробари йўқ.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Аввал ва Охир зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).

«Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли — ўхшаши йўқдир)» (Наҳл: 74).

«Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210).

Кейин иккинчи осмон аҳли бўлган фаришталар ердаги биринчи осмон фаришталари ва инсу жиннинг (икки) баробарича сонда тушиб келади, сўнг иккинчи осмон аҳли бўлган малоикалар маҳшаргоҳдаги инсу жин ва фаришталардан иборат халойиқларни ўраб оладилар.

Кейин эса учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи осмон аҳли бўлган фаришталар худи шу тартибда тушиб келишади.

Кейин Буюк Подшоҳ жалла ва алонинг аршини кўтарувчи фаришталар аршни олиб тушадилар, улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тасбеҳ айтиб: «Субҳана зил-мулки вал-малакут.. Субҳана зил-иззати вал-жабарут.. Субҳана ман катабал-мавта алал-холааиқи ва ла ямуут.. Суббуҳун Қуддусун Роббул-малааикати вар-руҳ.. (Мулк ва подшоҳлик эгаси бўлган Зотни поклаймиз. Иззат ва қудрат эгаси бўлган Зотни поклаймиз. Барча халойиқларга ўлимни битган, Ўзи эса абадий барҳаёт Зотни поклаймиз. У Покдир, Муқаддасдир. Малоикалар ва Руҳ (Жибрил)нинг Раббидир)», дейишади.

Аллоҳ таоло айтади:

«13. Бас, қачон сур бир бор чалинганида. 14. Ва Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида). 15. Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни Қиёмат қойим бўлур!) 16. Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур! 17. Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур. 18. Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ал-Ҳааққо: 13-19).

Аллоҳ жалла жалолуҳу Ўз курсийсини Ўзи истаган ерига қўяди ва айтади: «Эй инсу жинлар жамоати! Сизларни яратганимдан бери Мен сизларга жим қулоқ солдим, сўзларингизни эшитиб, ишларингизни кўриб-кузатиб келдим. Бугун энди Менга қулоқ солинглар! Мана, сизларнинг амалларингиз. Саҳифаларингиз сизларга ўқиб берилади. Ким яхшиликни топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқача топса, фақат ўзини айбласин!».

Кейин Аллоҳ жалла ва ало айтади:

«60-61. Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?!

62. Аниқки (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритувчи бўлмадингизларми?!

63. Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир!

64. Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда (жаҳаннамга) кирингиз!

65. Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ясин: 60-65).

Биласизларми, Аллоҳ таоло бандалари ичидан биринчи бўлиб ким билан сўзлашади?

Суҳбатимизнинг иккинчи моддасида шу ҳақда сўз боради.

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига