Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

الشفاعة 

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Шафоат

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн биринчи суҳбат бўлади. Аввалги суҳбатимизда қиёматнинг даҳшатли ва вужудларни ларзага солувчи айрим кўринишлари ҳақида сўз юритган эдик. Одамлар маҳшаргоҳга йиғилган, вужудларни қўрқув ва ғам-қайғу эгаллаб олган, тиқилинчдан нафаслар бўғилган, қуёш бош устига бир мил миқдорида яқин келтирилган, ҳамма одамлар амалига ва Аллоҳга яқин-узоқлик ҳолига қараб терга ғарқ ботган, жаҳаннамнинг олиб келиб қўйилиши эса бор ғам-қайғуларни чўққисига етказиб қўйган..

Аллоҳ таоло мазкур кўринишни Қуръони каримда мана бундай тасвирлайди:

«23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?!

24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур!

25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас!

26. Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!» (Вал-фажр: 23-26).

Ҳа.. Жаҳаннамни маҳшаргоҳга олиб келинади. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Муслим: №2842, Термизий: №2576).

Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб ўтириб қолишади.

Аллоҳ таоло бу кўринишни Қуръони каримда мана бундай тасвирлайди: «(У Кун­да) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар» (Жосия: 28).

Бу лаҳзаларда мўминларнинг қалблари жаннатга ошиқиб, интилади.. Жиноятчи кимсаларнинг қалблари эса дўзахдан қочиш илинжида потирлаб, қўрқув ва даҳшатдан қинидан чиқишга яқин бўлади.

Маҳшарда тураркан, жуда кўпчилик дунёда қилиб ўтган ишларига ҳасрат ва надомат қилиб, бармоқларини тишлаб қолади. Бироқ.. Ҳайҳот!! Вақт ўтган! Энди надомат фойда бермас!

Аллоҳ таоло айтади:

«26. Ўша кунда хақ-собит подшохлик (ёлғиз) Раҳмон учун бўлур (Чунки бошқа барча муваққат подшохликлар йўқ бўлиб битур!). У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур.

27. У кунда бу золим қўлларини тишлаб (надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди,

28. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди,

29. Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўювчидир» (Фурқон: 26-29).

Ана шундай оғир ҳолат юзага келгач, баъзи бир одамлар бир-бирларига мурожат қилиб: «Аҳвол жуда оғирлашиб кетди-ку! Бирор иложини қидирайлик! Ўртамизда тезроқ ажрим ва ҳисоб-китобни бошлашини сўраб, Парвардигорга илтижо қиладиган бирон киши йўқмикин?!», дейишади.

Шундан сўнг Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, аввал Одам алайҳиссаломнинг, сўнг Нуҳнинг, сўнг Иброҳимнинг, сўнг Мусонинг, сўнг Ийсонинг ёнларига келадилар. Ҳаммалари: «Жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Ниҳоят улар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар, у зот: «Майли, мен шафоатчи бўлай» дейдилар.

Бугун сизлар билан мана шу катта шафоат мавзусида суҳбатлашамиз.

Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида суҳбатимизни қуйидаги бир неча мавзуларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Катта шафоат.

Иккинчи: Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатларига мушарраф бўлувчи энг бахтли инсон ким?

Суҳбатимизга диққат-эътибор билан қарашингизни сўрайман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Катта шафоат

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Мен қиёмат куни одамзотнинг саййидидирман. Биласизларми, нима сабабдан шундай?! Аллоҳ қиёмат куни аввалги-ю охиргиларни бир кенгликка йиғади. Жарчи уларга (овозини) эшиттира олади, кўраман деган одам ҳаммани кўриб туради. Қуёш уларга яқинлаштирилади. Одамлар тоқат қилолмайдиган ва кўтаролмайдиган даражада ғам-ғуссага ботиб қолишади. Шунда одамлар (бир-бирларига): «Нима аҳволга тушганингизни, сизларга нималар етганини кўрмаяпсизларми? Сизлар учун Раббингизга воситачи бўладиган бирон кишини (қидириб) кўрмайсизларми?!», дейишади. Баъзилари баъзиларига: «Оталарингиз Одам (алайҳиссалом ҳузурига боринглар)», дейишади. Сўнгра унинг олдига бориб: «Эй Одам, сиз башариятнинг отасисиз. Аллоҳ сизни Ўз қўли билан яратиб, руҳидан сизга пуфлаган, фаришталарига амр этганида улар сизга сажда қилишган, сизни жаннатда тургизган. Биз учун Раббингизга шафоатчи-воситачи бўлмайсизми?! Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда Одам алайҳиссалом: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. У мени дарахт (ҳосилини ейиш)дан ман этганида мен унга осийлик қилганман. Жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқасига боринглар, Нуҳнинг олдига боринглар», деб айтади. Улар Нуҳ ҳузурига бориб: «Эй Нуҳ! Сиз ер аҳлига (юборилган) биринчи пайғамбарсиз. Аллоҳ сизни "мудом шукр қилувчи банда", деб номлаган. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?! Биз учун Раббингизга воситачи бўлмайсизми?!», дейишади. У ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен қавмимни дуоибад қилиб қўйганим бор. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар Иброҳим ҳузурига боринглар», деб айтади.. Шундан сўнг улар Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Сиз Аллоҳнинг пайғамбари ва ер аҳлидан халили-дўстидирсиз. Биз билан Раббингиз ўртасида шафоатчи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. У ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен уч марта ёлғон сўзлаганман – шундай деб ўша (ёлғонлари)ни зикр қилади –   жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар», деб айтади. Шундан сўнг улар Мусо алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Сиз Аллоҳнинг расулисиз, У сизни Ўз рисолати ва каломи (яъни Ўзи билан гаплаштириши) билан одамлардан афзал қилди. Биз билан Раббингиз ўртасида шафоатчи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. У ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен бир одамни ўлдириб қўйганман. Уни ўлдиришга буюрилмагандим. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Ийсога боринглар», дейди. Улар Ийсо алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Эй Ийсо! Сиз Аллоҳнинг расулисиз. Унинг Марямга ташлаган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир)сиз. Сиз одамлар билан бешикдаёқ гаплашгансиз. Биз учун Раббингизга воситачи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда Ийсо ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай», дейди, ўзининг бирон гуноҳини зикр қилмайди ва: «Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га боринглар», дейди. Шундан сўнг улар менинг олдимга келиб: «Эй Муҳаммад! Сиз Аллоҳнинг расули ва пайғамбарларнинг сўнггисисиз. Аллоҳ аввалги-ю кейинги гуноҳларингизни кечирган. Биз учун Раббингизга воситачи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда мен (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга сажда қилиб йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3340, Муслим: №194, Термизий: №2436).

Севикли биродарим, келинг энди мазкур ҳадиснинг баъзи ўринларини биргаликда кўриб чиқамиз:

Одамлар бошига ғоят оғир ҳолат тушган.. Қуёш бошлар устига бир мил миқдорида яқинлаштирилган. Одамлар тоқат қилолмайдиган ва кўтаролмайдиган даражада ғам-ғуссага ботиб қолишган.. Шунда одамлар бир-бирларига: «Нима аҳволга тушганингизни, қандай оғир ҳолат бошимизга тушганини кўрмаяпсизларми? Биз учун Раббимизга воситачи бўладиган бирон кишини қидириб кўрмайсизларми?!», дейишади. Баъзилари баъзиларига: «Оталарингиз Одам (алайҳиссалом ҳузурига боринглар)», дейишади. Сўнгра унинг олдига бориб, шафоатчи бўлишини илтимос қилишса, у: «Жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқасига боринглар, Нуҳнинг олдига боринглар», деб жавоб беради. У куннинг даҳшатидан Ўзинг саломат сақлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!!

Шундан сўнг одамлар Нуҳ пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига боришади. Даъват майдонининг толмас паҳлавони, одамларни 950 йил Аллоҳга даъват қилган улуғ зот ҳузурига, қавмини кечаю кундуз, махфию ошкор, тинимсиз даъват қилган, бироқ даъватига жуда камчилик кишилар ижобат қилган ўша улуғ Пайғамбар олдига боришади.

Аллоҳ таоло айтади:

«5. (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим.

6. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос.

7. Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўрашиб, оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар.

8. Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим.

9. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим» (Нуҳ: 5-9).

Ушбу паҳлавон даъват учун биронта ҳам йўлни қолдирмай, ҳаммасига кириб чиққан, эллик кам минг йил тиним билмаган, хотиржам ухламаган, роҳат нималигини билмаган зот эди. Шундай улуғ зот бўлишига қарамай у киши ҳам: «Жоним, жоним, жоним.. Бошқага боринглар», деб айтади.

Ҳар бир пайғамбарга Аллоҳ таоло томонидан албатта ижобат этилувчи бир дуо берилган бўлади. Ҳамма пайғамбарлар ўша ўзларига берилган дуони шу дунёда қилишган, биргина бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни охиратга олиб қўйганлар. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ижобат қилинадиган дуоси бўлади, ҳар бир пайғамбар у дуони қилишга шошилган, мен эса уни қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асраб қўйганман, у умматимдан Аллоҳга ширк келтирмай ўтган ҳар бир кишига – иншоаллоҳ – албатта етгусидир» (Муслим: №200).

Нуҳ пайғамбар қавмини дуоибад қилган эди. Аллоҳ таоло Қуръонда айтганидек:

«26. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин.

27. Чунки, Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар» (Нуҳ: 26-27).

Шунинг учун у зот «Мен қавмимни дуоибад қилиб қўйганим бор. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқага боринглар», деб Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига йўллайдилар.

Шундан сўнг одамлар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом ҳузурига боришади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен уч марта ёлғон сўзлаганман – шундай деб ўша (ёлғонлари)ни зикр қилади –   жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар», дейдилар.

Иброҳим алайҳиссалом ёлғон сўзлаганми?!

У кишининг қачон, нима деб ёлғон сўзлаганини биласизми?!

Жавобни «Саҳиҳул Бухорий»дан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдан топамиз:

«Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Уларнинг иккитаси Аллоҳнинг зотида: «Мен беморман», (Вас-соффат: 89) деган гапи ва «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу (ҳайкал) қилди» (Анбиё: 63) деган гапидир. Биттаси эса Сора ҳақидадир. У киши бир жаббор (зўравон подшоҳ)нинг ерига борган, Сора ҳам унга ҳамроҳ эди. У (яъни, Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Мана бу зўравон агар сени менинг хотиним эканингни билса, сен учун мендан ғолиб келади. Шунинг учун агар сендан сўраса, менинг синглим эканингни айтгин. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди. Улар ўша ерга кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб, унинг олдига бориб: «Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», деди. У одам юборди. Уни олиб келишди. Иброҳим алайҳиссалом намозга турди. У (яъни, Сора) унинг (яъни, жабборнинг) олдига кирганида ўзини тута олмай, қўлини унга узатди. Шунда унинг қўли қаттиқ тортишиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил, қўлимни бўшатиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У (унинг айтганини) қилди. У (жаббор эса) яна (ёмонликка) қайтди. Яна қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тортишиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У (яна унинг айтганини) қилди. У эса яна (ёмонликка) қайтди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил, қўлимни бўшатиб юборсин. Аллоҳга қасамки, сенга зарар етказмайман», деди. У (унинг айтганини) қилди. Шундан сўнг унинг қўли бўшалди. Жаббор уни олиб келган кишини чақириб: «Сен менга шайтонни олиб келибсан! Одамни олиб келмабсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни бер!», деди. (Сора) кела бошлади. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб (намозни тугатиб унга) бурилди ва: «Нима гап?!» деди. «Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди ва хизматчи ҳам берди», деди».

Абу Ҳурайра: «Ана ўша сизнинг онангиздир, эй осмон суви фарзандлари!» дедилар. (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3358, Муслим: №2371).

Иброҳим алайҳиссаломнинг (аслида, ёлғон деб аташга ҳам арзимайдиган) ёлғонлари мана шу эди. У киши мана шу ёлғонларини зикр қилиб: «Мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар! У Калимуллоҳдир, Аллоҳ уни рисолатига ва каломига танлаб олгандир», дейдилар.

Аммо, Мусо калимуллоҳ ҳам: «Жоним, жоним, жоним... Мендан бошқага боринглар, Ийсога боринглар», дейдилар.

Улар Ийсо алайҳиссалом ҳузурига боришади. Шунда Ийсо ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га боринглар», дейди ва ўзининг бирон гуноҳини зикр қилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шундан сўнг улар менинг олдимга келадилар. Мен: «Майли, мен бу ишни ўз зиммамга оламан», дейман. Сўнгра (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга саждага бош қўяман. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман».

Субҳаналлоҳ!! Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматга бўлган муҳаббатларини!! У зот ҳақиқатан буюк қалб эгаси, ғоят раҳмдил зот эдилар. Аллоҳ таоло у зот ҳақларида айтганидек: «барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар» (Тавба: 128) эдилар.

Бир куни у зот Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 36) оятини ўқидилар.

Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида нозил қилган: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 118) оятини ўқидилар.

Сўнг йиғладилар. Шунда Аллоҳ Жибрилни у зот ҳузурларига туширди ва Ўзи яхши билгани ҳолда: «Эй Жибрил, Муҳаммаддан сўра-чи, нега йиғлаяпти экан?», деди. Жибрил тушиб: «Нега йиғлаяпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?», деб сўради. «Умматим.. умматим, эй Жибрил!», дедилар у зот. Жибрил Буюк Подшоҳ ҳузурига кўтарилиб – У Ўзи билгувчироқ бўлгани ҳолда – «Уммати учун йиғлаяпти экан», деди. У Жибрилга деди: «Муҳаммад ҳузурига тушиб, айтгин, Биз уни уммати хусусида албатта рози қиламиз ва асло хафа қилмаймиз».

У зот: «Эй Раббим! Умматим... Умматим... Умматим», дейдилар.

Табарий, Табароний, Байҳақий, Абу Яъло ривоят қилган, Суютий келтирган ва Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий далил қилиб олиб келган сур ҳақидаги узун ҳадисда ривоят қилинишича – илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, бу ҳадис заифдир, чунки ровийлар силсиласида Исмоил ибн Рофиъ бор, жарҳ ва таъдил илми уламолари сўзларига кўра, у заифдир. Яна унда Муҳаммад ибн Зиёд бор, у мажҳулдир.  Бироқ, бу ҳадисда юқорида мен келтирган Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадис сиёқига мувофиқлик бордир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шунда мен Арш остида саждага бош қўяман. Кейин менга – Унинг Ўзи яхши билувчи бўлгани ҳолда ­– «Нима истайсан?», дейилади». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Раббим, менга шафоат ваъда қилгансан, халқларинг хусусида менинг шафоатимни қабул қилиб, улар ўртасида ҳукм қилгайсан», дейдилар. Аллоҳ жалла ва ало: «Мен сени шафоатингни қабул қилдим.. Мен сизларнинг ўртангизда ҳукм қилиш учун бораман», дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кейин мен маҳшаргоҳда одамлар билан бирга туриш учун ортимга қайтаман. Бутун башарият Малик жалла жалолуҳунинг келишини кутади.

(Давоми бор)

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига