Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 

Коинотдаги офатлар табиийми ёки илоҳий жазоми

 

Абдулқодир ибн Раҳҳол

 

Абу Закария ал-Маданий таржимаси

 

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз оят-мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз.» (Исро: 59) Ибн Касир бу оят ҳақида Қатода ушбу сўзларни айтганини ривоят қилади: “Аллоҳ таоло одамларни хоҳлаган мўжизаси билан қўрқитади. Шояд улар ибратлансалар, шояд улар эслатма олсалар, шояд улар қайтсалар”.

Аллоҳ таоло Лут қавмининг қиссасидан кейин шундай деди: «У тошлар бу золимлар (га ҳам ёғдирилиши)дан йироқ эмасдир, (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!)» (Ҳуд: 83). Мана шу азоб Лут қавмига ўхшаганлардан узоқ эмас. Шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа ва бошқалар: бесоқолбоз (лутий) баланд жойдан ташланади сўнгра тошбўрон қилинади, деганлар. Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу бесоқолбозни ёқиб юборишга фатво берган. (Ибн Касир тафсири).

Аллоҳ таоло деди: «Ахир улар Ер юзида сайр қилишиб, ўзларидан аввалги (пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Аллоҳ уларнинг устига ҳалокат юбориб (бутунлай йўқ бўлиб кетдилар-ку)! Бу кофирлар учун ҳам худди ўша (оқибат-ҳалокат) уларнинг ўхшаши бўлур.» (Муҳаммад: 10) оятнинг умумий маъноси: Қабрларга ибодат қилаётган мушрикларга айтинг ерни кезишсин ва Од, Самуд, Лут қавми ва бошқаларнинг осорларини кўриб ибрат олишсин. Кофирлар учун ўшаларникидек улкан азоблар бор.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини тахир-нордон мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз. Мужоҳид айтади: Аллоҳ фақат кофирларни жазолайди.

 Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди.» (Наҳл: 112)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирон юртда зино ва рибо (судхўрлик) ёйилса, улар ўзлари учун Аллоҳнинг азобини ҳалоллаб олишибди» (ҳасан ҳадис, Ҳоким ривоят қилган).

Мавзуга киришдан аввал Қуръоннинг қатъий қоидасини билиб олганимиз яхши. Мана ўша қоида: Гуноҳлар барча турлари билан илоҳий жазоларнинг бош сабабидир. Шунингдек тоат-ибодатлар ва яхши амаллар илоҳий марҳаматларнинг сабабидир. Аллоҳ динига амал қилган, тақводор, солиҳ бандаларини яхши кўргани учун уларни азобламаслиги кундек аён.

Аллоҳ таоло кофир ва фожир душманларини азоблайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яҳуд ва насоролар биз Аллоҳнинг севимли бандаларимиз деб даъво қилганларида уларга рад берди ва уларни ёлғончи эканликларини баён қилди: «Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», дедилар. Айтинг: «У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар.» (Моида:18)

Коинотда энг биринчи қилинган гуноҳ Иблиснинг Аллоҳга осийлиги бўлди. Аллоҳ таоло уни Одамга сажда қилишга буюрди, у бундан бўйин товлади. Аллоҳ уни раҳматидан қувиди, лаънатлади ва бадбашара қилиб қўйди. Аллоҳ таолога энг яқин бандалардан бўлган Иблис Аллоҳнинг ғазабига учради. Ундан кейинги гуноҳ Одам ота ва Ҳавво онамизнинг гуноҳлари бўлди. Улар ман қилинган дарахтдан еб қўйдилар. Шу боис Аллоҳга осий, Унинг душнманига итоат қилдилар. Шу икки гуноҳдан кейин гуноҳлар кетма-кет содир бўла бошлади.

Нуҳ алайҳис-салом Ер юзига биринчи элчи қилиб юборилдилар. Аввалда одамлар тавҳидда эдилар. Секин аста улар суратларга, бутларга сиғина бошладилар. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис-саломни тавҳид даъватчиси қилиб юборди. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. (У деди): «Албатта, мен сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун (келган) холис огоҳлантирувчиман. (Агар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бировга сиғинсангизлар), сизларнинг устингизга аламли азоб Куни (тушиши)дан қўрқаман». (Ҳуд: 25, 26) Лекин Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми осийлик қилди. Бунинг натижаси Аллоҳнинг тўфон балосини юбориш билан якунланди. «Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил (даъват қилиб) турди (аммо улар иймон келтирмадилар), уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди. Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва (у тўфон балосини) барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик.» (Анкабут: 14, 15)

Ҳуд алайҳис-салом Од қавмига пайғамбар бўлиб келди. Уларни Аллоҳдан бошқасига ибодат қилишдан қайтарди. Улар унга осийлик қилдилар. «Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми?!» (Аъроф: 65) Лекин улар Роббиларига итоат қилмадилар. Бунга натижа ўлароқ аламли азоб келди. «Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёда расво-хор қилувчи азобни тотдириб қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ — хор қилувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас. (Фуссилат: 16) Бошқа бир оятда азоб мана бундай сифатланган: «Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга Ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар. «Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур. Бас, (у бўрон келиб, Од қабиласидаги кофирларнинг ўзларини ҳам, мол-ҳолларини ҳам ҳалок қилди. Барчалари қирилиб битиб), тонг отганида фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи-осий қавмни мана шундай жазолаймиз.»  (Аҳқоф: 24, 25)

Солиҳ алайҳис-салом ўз қавмини ширкни ташлаш ва тавҳидни ушлашга чақиради. Улар унга бўйсинмайдилар балки ундан бирон мўъжиза кўрсатишини талаб қиладилар. Қани сен бизга мана шу харсангдан қорнида ўн ойлик боласи бор туя чиқариб берчи, дейдилар. У Аллоҳ таолога дуо қилганди харсанг ичидан талаб қилинган туя чиқди. Бироқ улар пайғамбарларига осийлик қилдилар ва туяни ўлдирдилар. Шу боис уларга азоб тушиши ҳақли бўлди. «Самуд қавмига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат — мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят — мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)». (Аъроф: 73) Лекин улар итоат қилмадилар, ўжарликларида давом этдилар. «Мутакаббир кимсалар эса: «Биз сизлар иймон келтирган динга кофирмиз», дейишдида, туяни сўйиб юборишди ва Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди, кейин: «Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтир-чи?» дейишди. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар) (Аъроф: 77, 78)

Шуайб алайҳис-саломнинг қавми бутларга ибодат қилишарди, тарозидан уриб қолишарди, кафилларни ўлдиришарди. Шуайб уларни тавҳидга чақирди, улар эса итоатдан бош тортдилар. «Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уриб қолманглар. Мен сизларнинг яхшиликда (яъни тўкин-сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар) сизларнинг устингизга ўраб олувчи куннинг азоби тушишидан қўрқаман». «Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва Ерда бузғунчилик билан санқиб юрмангиз!» «Агар мўмин бўлсангизлар (ҳаром—ҳариш йўллар билан бой-бадавлат бўлгандан кўра) Аллоҳ берган нарса (ҳалол фойда) сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман».» (Ҳуд: 84-86) Лекин улар осийлик қилиб ўз пайғамбарларини масхара қилдилар. Мана бу ўша қавм оқибатининг васфи: «Бас улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни «соябон» кунининг азоби ушлади. Дарҳақиқат у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди.

И з о ҳ. Уламолар айтишларича, Аллоҳ таоло Шуайб алайҳис-саломнинг қавмини Шуайбга иймон келтиришдан бош тортишгач, аввало қаттиқ иссиқ билан ушлаган экан, улар нафаслари қайтиб уйларидан ташқарига саҳрога чиққанларида, Аллоҳ таоло уларнинг устига соябон қилиб бир булут юборган ва улар ўша «соябон» остида тўпланиб турганларида осмондан олов тушиб барчалари тириклай ёниб кетган эканлар.

Албатта, бунда (яъни Шуъайб ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. (Шуаро: 189-191)

Лут алайҳис-салом қавмини тавҳидга чорлади. Улар санамларга сиғинишар, қароқчилик қилишар ва жамоатчилик жойларида бузуқ ишларни қилишарди. Улар аёлларни қўйиб эркакларга шаҳват билан яқинлик қилишарди. Улар кунларнинг бирида Лут алайҳис-саломнинг меҳмонларига тажовуз қилмоқчи бўлдилар. Улар фаришталар эканини билишмаган эди. «Лут ўз қавмига: «Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга борасизларми!? Йўлтўсар-қароқчилик қиласизларми!? Мажлисларингизда ёмон ишлар қиласизларми!?» деганини эсланг.» (Анкабут: 28) Улар Лут алайҳис-саломга осийлик қилдилар. Аллоҳ таоло уларга илгари бирон қавмга туширмаган азобини туширди. «Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у тошлар бу бу золимлар (яъни Макка мушрикларига ҳам ёғдирилиши)дан йироқ эмасдир, (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!) Аллоҳ таоло лутийларнинг шаҳрини вайрон қилди, шаҳарни ҳудди қозонни ағдариб қўйилгандек осмонга кўтариб остини устига қилиб ерга ташлаб қўйди. Буларнинг ҳаммаси бузуқликларнинг оқибатидир. Аллоҳ таоло ёмон оқибатлардан сақласин! Аллоҳ таолони бу сўзлари нақадар тўғри: «Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга юттирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилувчи бўлдилар.» (Анкабут: 40)

Агар биз гуноҳлар Аллоҳнинг жазосини олиб келишини билган бўлсак, гуноҳларнинг энг улкани Аллоҳнинг динидан юз ўгириш, Унга ширк келтириш, шунингдек бузуқликлар, зулм, судхўрлик ва одам ўлдириш эканини билган бўлсак, бугунги кундаги ривожланган оламга бир назар ташлайлик. Бу олам гуноҳ-маъсиятларга, шариат қонун-қоидаларини бузишга тўлиб тошган. Демак биз Аллоҳ таоло буюрганидек ибрат олишимиз керак. Ибратлашин қиёслаш билан бўлади. Биз ҳолатмизни ўтган умматларнинг ҳолатларига қиёслаш билан ўзимизнинг қандай қавм эканимизни аниқлашимиз керак, яхшмизми ёки ёмонларданмизми.

Дунёдаги энг катта мавжуд гуноҳлар:

1-                  Аллоҳ таоло динидан юз ўгириш, бу ҳолат Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларининг айни исботидир: «Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгирувчидирлар.» (Анбиё: 1)

2-                  Бутун оламда судхўрликнинг ёйилгани. Бугунги кундаги иқтисодий кризис судхўрликнинг қабиҳ натижасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз.  (Бақара: 278, 279) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг билиб туриб рибодан бир дирҳам ейиши Аллоҳнинг наздида 36 зинодан қаттиқроқдир» (Дора Қутний ривояти, саҳиҳ ҳадис).

3-                  Фоҳишабозлик ва ахлоқий бузуқликлар. Статистик маълумотларга қараганда оламда бир миллион эркак жуфтлар бор (эркак эр-хотинлар). Европадаги ҳар тўрт чақалоқдан бири никоҳсиз туғилар экан. Щвециянинг ўзида тўрт чақалоқдан иккитаси ношаръий дунёга келар экан. Албатта бунинг асосий сабаби ўйнаш тутиш ва ношаръий дўстлик.

Бутун олам бўйлаб ёйилган фоҳишабозлик, аёлларнинг ўз номусларини арзонга сотишларини айтмасак ҳам бўлади.

Оламдаги қорадорифурушлик энг катта тижорат манбасига айланган. Уюшган жиноятчилик эса кенг ёйилган. Курраи заминга етаётган дахшатли зилзилалар, сув тошқинлари, соатига 200 км тезликдаги бўрон ва довулларнинг сабаблари биз юқорида санаб ўтган гуноҳларнинг натижаси эканини билмоғимиз даркор.

Ғарблик табиий фанлар олимлари бўлаётган бу ишларнинг ғайб оламига заррача алоқаси йўқ, булар шунчаки табиий офатлар, холос, дейишмоқда. Улар бир сафар азон қобиғининг тешилишини рўкач қилишса, бошқа сафар ер куррасида ҳароратнинг ошгани ёки ер қатламларининг қимирлашини баҳона қилишади. Улар айтаётган сабаблар илмий жиҳатдан тўғри. Лекин бу сўзлар бир жиҳатдан ҳақ бўлса, бошқа жиҳатдан ботил ҳамдир. 

Биз шариат ва дин саҳиҳ илмга мухолиф бўлмайди, деймиз. Масалан, зилзилани олиб кўрайлик. У ер қатламларининг ҳаракатланиши туфайли содир бўлади. Шу унинг сабаби. Хўш шу сабабни ким яратган? Бунга жавобан: Аллоҳ, деймиз. Ана шу сабабни яратган зот ерга Ўз қудрати билан қимирлашни буюрган, табиат эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда аввалги мусулмонларнинг эътиқодлари шундай бўлган. Саҳиҳ Муслимда собит бўлган Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисида; агар шамол турадиган бўлса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дуо қилардилар: «Эй парвардигор, мен Сендан бу шамолнинг яхшилиги, ундаги ва у олиб келаётган яхшиликни сўрайман, унинг ёмонлиги, ундаги ва ўзи билан олиб келаётган ёмонликдан паноҳ сўрайман».

Оиша онамиз айтадилар: “Агар ҳаво айниб қолса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгарар, ташвишланиб ҳадеб уйга кириб-чиқиб, у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлардилар. Агар ёмғир ёғса, ёзилиб қолардилар”. Буни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо бир кун бунинг сабабини сўрадилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай жавоб бердилар: «Эй Оиша, эҳтимол бу Од қавми айтганидек булутдир: ««Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга Ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар.»  

Саҳиҳ Бухорийда ривоят қилинган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам булутни ёки шамолни кўрсалар бу дарҳол у зотнинг юзларида акс этарди. Оиша розияллоҳу анҳо: Эй Расулуллоҳ, одамлар булутни кўрсалар ёмғир ёғиб қолар, деб, хурсанд бўладилар, Сиз эса булутни кўрганингиз заҳоти юзингизда хомушлик пайдо бўлади, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, у билан азоб келаётганидан қандай хотиржам бўлай. Бир қавм шамол билан азобланган. Улар шамолни кўрган пайтлари: «Бу бизларга Ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар.

Муттафақун алайҳи ҳадисда айтганлар: «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оят-аломатларидан, улар бировнинг туғилиши ёки ўлиши туфайли тутилмайдилар. Лекин Аллоҳ улар билан бандаларини қўрқитади. Агар уларнинг тутилганини кўрсангизлар, Аллоҳни эсланглар, унга дуо қилиб, мағфиратини сўранглар.» Сўнгра сўзларида давом этиб айтдилар: «Эй уммати Муҳаммад, Аллоҳга қасамки, эркак ёки аёл бандасининг зино қилишига Аллоҳдан кўра қаттиқроқ ғаюрлик қиладиган биронта йўқдир. Эй уммати Муҳаммад, мен билганларимни билганингизда жуда оз кулган ва жуда кўп йиғлаган бўлардингиз».

Эй парвардигор, биз Сендан дунё ва охиратда офият беришингни сўраймиз.

Эй Аллоҳ, Ўзинг бизларни ошкор ва махфий гуноҳлардан сақла, бузуқликларнинг барча турларидан йироқ қил. Аҳли оиламизни, аёлларимиз, қизларимизни, ўзларимиз ва ўғилларимизни фаҳш ишларга яқинлаштирма. Сен сўрашга лойиқ, беришга қодир Зотсан.

 

 

   ЮқоригаÎ