Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Маҳрумлар

Иброҳим ад-Дувайш

 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

Ушбу суҳбатимизнинг мавзуси «Маҳрумлар» бўлишига мени ундаган нарса, ушбу калиманинг хатарли бўлишига қарамай хотиржам эканимиз бўлди. Кўпчилигимиз маҳрум эканимизни сезамиз. Киши тоат-ибодатда Аллоҳдан қанча узоқ бўлса унга шунча маҳрумлик етади. Ушбу сўзим билан маҳрумларга хитоб ўлароқ, уларга қўшиб ўзимга ҳам нидо қилиб айтаман: Асло хотиржам бўлмайлик, чунки мен маҳрум бўлишим мумкин, сиз маҳрум бўлишингиз мумкин, фалончи ёки пистончи маҳрум бўлиши мумкин, балки, барчамиз маҳрум бўлишимиз мумкин.

 Маҳрумлик шахслар ва ҳолатларга қараб хар хил бўлади. Гоҳо роҳат ва фароғатдан маҳрум бўлинади. Гоҳо сажда ва рукуъ лаззатидан маҳрум бўлинади. Гоҳо Қуръон тиловати ва оятларининг тадаббуридан маҳрум бўлинади. Гоҳо зикр ва истиғфордан маҳрум бўлинади. Гоҳо хушуъ ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлашдан маҳрум бўлинади. Гоҳо ота-онага яхшилик қилишдан маҳрум бўлинади. Гоҳо оила қуришдан маҳрум бўлинади. Гоҳо Аллоҳ йўлида биродар бўлишдан маҳрум бўлинади. Гоҳо ҳалол ейиш ва унинг лаззатидан маҳрум бўлинади. Гоҳо тавба қилиш ва қилмишларига надоматдан маҳрум бўлинади. Гоҳо ҳусни хотимадан маҳрум бўлинади.

Азиз биродар, мухтарама синглим! Гоҳида юқоридагиларнинг барчасидан маҳрум бўлишимиз мумкин, гоҳо кўпидан, гоҳо озидан. Ҳақиқий бахтли инсон, буларнинг барчасига эга бўлиб, улардан маҳрум бўлмаган кишидир, бундайлар нақадар оз-а! Агар сиз шулардан бўлсангиз, Аллоҳнинг сизга берган неъматини қадрлаб шукр қилинг. Шуни билинг-ки мусулмонларга насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга йўлламагунингизча, комил шукр қилувчилардан бўлмайсиз. Шундай экан ўзингизни таблиғ (даъват) ажридан маҳрум қилманг. Яхшиликка далолат қилувчи киши, ўша яхшиликни қилувчидек ажрга эгадир. Агар шундай бўлмасангиз, демак сиз ҳам оз бўлсада маҳрумликдан насибадор экансиз. Шунинг учун менинг бу хитобимга, бу нидоимга аҳамият беринг, уни беэътибор қолдирманг. Менинг мақсадим меҳрибонлик, муҳаббат, шафқат ва насиҳатдир, холос. Сизнинг маҳрумлигингиздан шодланиш эмас — Аллоҳ асрасин— чунки ўзим ҳам маҳрумларнинг бириман.

Кўринишдан бахтлига ўхшаган аксар кишилар маҳрумдирлар. Улар иймон халоватини, ҳидоят ва истиқомат ҳақиқатини тотмаганлар. Истиқомат (ҳақда собит туриш) шакл-шамоил ва ташқи кўринишгина эмас, балки у амал ва ботиний ҳоллардир.

Эй мансаб ва бойлик эгалари, тижоратчи ва муҳандислар, табиб ва котиблар, барчангизга шуни айтаман: қачон шариатга мувофиқ амал қилсангиз, шундагина яхшиликка эга бўласиз. Шубхасиз дунёни обод қилувчисиз, бунёдкорсиз, лекин бахт-саъодат, роҳат-фароғат ҳамда очиқ қалблиликдан қандай улушга эгасиз? Сиз билан Аллоҳ ўртасидаги алоқа қай даражада? Иймон ҳаловати ва сажда лаззатидан, Аллоҳга муножот қилиш ва Ундан қўрқиб йиғлаш лаззатидан нечоғли насибадорсиз? Бу саволларга жавоб қониқарли бўлмаса, демак сизларнинг ҳам маҳрумликдан насибангиз бор экан. Солиҳ, амал қилувчи кишиларнинг ҳоли шу бўлса, ғофил, жоҳил кишиларнинг ҳоли не экан?!

Шундай инсонлар борки, улар дунёни ҳам охиратни ҳам қўлга киритадилар, Аллоҳ бизларни ҳам ана шундайлардан қилсин. Яна шундайлари борки, улар дунёни қўлга киритиб, охиратни бой берадилар. Дунё-ю охиратни қўлдан кетказадиганлари ҳам бор, мана шулар хақиқий маҳрумлардир. Шулардан бирининг менга айтишича: у Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқимаган, бирон кун ҳам рўзадорлик лаззатин тотмаган, Рамазон деганда кечаларни ибодатсиз, лағв билан ўтказиб, кундузи билан уйқуга ғарқ бўлишдан бошқа нарсани билмаган экан. Яна бири эса: ўзи ва улфатлари кечаларни фаҳш, фасод ва мункар ишлар билан ўтказганлигини қулоғимга пичирласа, бошқаси соатлаб, балки кунлаб вақтини телевизор олдида, бир каналдан бошқа каналга олиб вақтини зое қилганини, ўзининг эътирофича вақтини қатл қилганини айтади. Айтадики: “Мен хақиқатни айтсам; шаҳвоний кўрсатувларни излаб, ёмонликка бошловчи нафсимнинг хоҳишларини қондирардим. Сўнгра қилган қилмишимдан мени надомат, сиқилиш ва ғам босарди-ки, бунинг миқдори ёлғиз Аллоҳнинг ўзига аён. Билмадим, қачонгача умримни қатл қилиб, кунларимни зое қилган шу ҳолимда қолар эканман. Нафсимни, ғайратимни, иймонимни ва бурчимни зое қилдим. Қисқаси, зоҳиран мен бахтиёрликда яшаётгандек кўринсам ҳам, хақиқатда бахтсизликда ҳаёт кечираётган одамман”.

Бу эътирофларни эшитгач, қуйидаги сўзни айтган Аллоҳ таоло нақадар рост сўзловчи эканига яна бир бор амин бўлдим: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур...» Тоҳа:124. 

Кўзидаги ёшини яширолмай, ичидаги дардини менга очиқ айтганлари ҳам бўлди: “Сиз уламолар биз ёшлар хақида Аллоҳ олдида масъулсиз. Ёшларни кўряпсиз… наркоман, фаҳш филмларни кўриб, мусиқалар эшитиб тонг оттирган, баччавоз, зинокор... бу ҳолатга чидаёлмай йиғлаб юборди... хўнграб йиғлади, сўнг бошини эгган ҳолда сўзида давом этди: бир неча бор ўзимни ўлдирсаммикин, деб ўйлаб ҳам қолдим. Уламоларнинг бирига узун хат ёздим: “Ёшлар масаласи жиддий масала бўлишига қарамай, минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик тарафидан эътиборсиз қолиб кетмоқда. Мен ёшларнинг хозирги кундаги муаммоларининг қайсинисидан бошлашни билолмаяпман? Вақтларини, пулларини зое қилаётганлариданми ёки ёшликларини, гулдек умрларини хазон қилаётганлариданми?  Сўнг ёшлар ичидаги айрим нарсаларни санаб, бу айтганларим ёшлар орасидаги фасодлар денгизидан бир томчиси, холос. Бунга агар соқолни қириш, мусиқа эшитиш, шимни тўпиқдан пастга тушириш, ахлоқсиз филмлар кўриш, кашандалик, қимор, интернет ва телефондаги ҳар-хил ўйинлар, сўкиш, хақорат, ғийбат, чақимчилик ва ёлғончиликни ҳам қўшсак фасод устига фасоддир. Аслида намозни тарк қилишларини эслашнинг ўзи етарли бўларди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки,  У менга душманлар уммат ёшларига қўйган тузоқдан нажот берди. Мен бу гапларни ўзим шоҳид бўлган воқеъликдан гапиряпман. Эшитиш кўришдек бўлмайди, бориб кўринг! Ёшларнинг аҳволига ўзингиз шоҳид бўлинг! ”.

Бир синглимизнинг менга айтганларидан шуни мулоҳаза қилдимки, қизларнинг аҳволи ҳам бундан қолишмас экан. Улардан бири афсуслар билан менга ёзишича, у ғафлатда, ўйин-кулги билан кунларини ўтказар экан: «Мен қаттиқ бир ғамда яшар эдим, буни Ёлғиз Аллоҳ билади. Уйқудан уйғонганимдан йиғи келиб, юрагим сиқилиб, ёрилиб кетгудек бўлар, дунё кўзимга тор бўлиб кетарди. Бу хис-туйғу мени Аллоҳнинг раҳматидан умидсизликка олиб бориб қўйишидан қаттиқ қўрқардим, чунки мен буни хоҳламасдим. Сидқидилдан қилган тавбамни сабр, ишонч, таваккул, Аллоҳдан ёрдам сўраш билан рўёбга чиқаришни ва У менинг маъсиятларимдан менга нажот бериб, гуноҳларимни кечириб, ҳаётимни яхшиликка айлантиришини жуда-жуда хоҳлардим. Ҳатто мана шу сўзларни ёзаётган лаҳзаларда ҳам, ўтмишим ёдимга тушиб дард-алам, сиқилишдан ўзимни йиғидан тўхтатолмаяпман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки намоз, дуо ва Қуръон тиловати билан роҳат ва хотиржамликни топдим. Ушбу онларда менинг қаршимда турган кечинмалар шулардир. Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини сўрайман. Зеро, мен Аллоҳ ҳақида ноқислик, гуноҳларга бепарволик қилдим. Ўзимга-ўзим айтардим, наҳотки бир илмий суҳбат ёки маъруза ёки бир дона кассета тинглаб киши гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳга қайтса! Шундай бўлиши мумкинмикин? Ҳа, мумкин экан, Аллоҳ таолодан мени ҳидоят қилганидан кейин энди қалбимни ҳақ йўлдан оғдирмаслигини сўрайман».

Бу синглимиз ўзининг «Аллоҳга қайтган қизнинг қайноқ ёшлари» номли рисоласида ёзишича, олийгоҳида бўлган бир диний суҳбат сабабли ҳидоятга келган экан.

Мен «Маҳрумлар» мавзусидаги рисоламни, иймон неъматидан маҳрум, унинг ҳаловати, роҳатини ёқотганларга...

  Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ва дуо лаззатидан маҳрумларга...

  Аллоҳга муножот ва сажда қилиш лаззатидан маҳрумларга...

  Қуръон тиловати, оятларининг тафаккури ва маънолари завқидан маҳрумларга...

  Биродарлик ва Аллоҳ учун яхши кўриш лаззатидан маҳрумларга…

  Ҳалол ризқ ейиш ва унинг баракасидан маҳрумларга...

  Шаҳват ва ҳою-хавас билан ўтказиб юборилган умр баракасидан маҳрумларга...

  Қалб хотиржамлиги ва бахт-саодатдан маҳрумларга…

  Ота-онага яхшилик қилиш, улар билан сухбатлашиб ўтиришдан маҳрумларга…

  Хуллас калом истиқомат, тоат-ибодат ва собитқадамликдан маҳрумларга...

  Васваса ва шубҳаларга йўлиққан, муаммо ва камчиликлар чарчатган, хавф-хатар ва зулмлар толиқтирган ва ғам-ташвишлар кўмиб ташлаган маҳрумларга...

  Иймон озуқасидан, Ислом нуридан маҳрумларга...

  Гарчи тўкин-сочин яшасалар-да қашшоқ бахтсизларга...

  Иймон неъматидан маҳрумларга...

  Мол-дунё, мансаб-мартаба топган бўлсалар-да, барча нарсани йўқотган, хотиржамлик лаззатидан маҳрумларга...

  Барча нарсани қўлдан бой бердингиз, гарчи дунёга эга бўлсангиз ҳам...

  Мана шуларнинг барчасига ҳадя қиламан.

Сўранг!! Тавба қилиб, иймон таъмини тотган ва хақиқатни эътироф этган кишилардан сўранг!! Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммалари тан олиб айтган сўзлари мана шу бўлди: ,,... озгина муддат шаҳватимизни қондираётган, гуноҳга шўнғиётган вақтинча дамлардагина роҳат... сўнг... сўнг чексиз изтироб, пушаймонлик, надомат, қалб сиқилиши, гумон, шикоятлар, кўз ёшлар, касалликлар ... э-э-эҳ... Аллоҳ таоло рост сўзлаган экан: ,, ... ким Менинг Тўғри Йўлимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”. Тоҳа:123.

Ҳидоят, истиқомат ва Тўғри йўлга эргашиш билан залолатдан яъни адашишдан ва бахтсизликдан омондалар. Нафс-ҳавога эргашишнинг самараси эса бахтсизлик ва залолатдир, гарчи дунё матоларига тўлиғича эга бўлинса ҳам. Зеро ҳар бир харом ишнинг ортидан таъқиб этувчи фалокат ва унга изма-из эргашувчи ғам-ташвиш, юрак сиқилишлари бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло юқоридаги оят давомида:  «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур...» деди. Ибни Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни тафсирлаб: ,,  албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур... яъни у инсонда хаёти дунёда яшаркан хотиржамлик, қалб фаровонлиги бўлмайди, балки дунё унга тор, қалби танг бўлади. Гарчи зоҳири неъматда бўлса ҳам, хоҳлаганини кийиб, хоҳлаганини еб-ичса ҳам ва хоҳлаган жойида яшаса ҳам унинг қалби ишонч ва ҳидоятдан фориғ ва унга лойиқ эмасдир. У ҳаловатсиз, ҳайрон ва ишончсиздир, мана шу ишончсизлигида тараддудланиб юриши- “танг – бахтсиз ҳаётдир”.  Ибн Касир.

Маҳрумларга савол: Нима учун Аллоҳнинг зикридан юз ўгирдингиз? Нима учун ўзингизни маърузалар эшитишдан, диний суҳбатларда ўтиришдан маҳрум қилдингиз. Чақирилса келмайсиз, насиҳатга қулоқ солмайсиз ғофиллик қиласиз, аксинча масхара-мазах қиласиз, лекин натижа қандай бўлишини, бу ҳолатнинг қочиб қутилиб бўлмайдиган ниҳоясини кўриб қўйинг! Аллоҳ таоло деди: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур...». Бу мана шу дунёдагиси, охиратда эса: ,, ... Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У Парвардигорим нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку, деган эди. (Аллоҳ) айтди,,, Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни (кўрмадинг) – унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай унутилурсан.,, Тоҳа: 124-125.

 Уни унутаман, ундан юз ўгираман, унга бепарво бўламан. Ана шундай, жазо амалга қараб бўлади, “қилмиш-қидирмиш”, “экканигни ўрасан”.

Бугун сен ҳам ана шундай унутилурсан..., ...Бас, бу Кун улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари каби, Биз ҳам уларни ,,унутиб қўярмиз,,...,Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У Зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни ўзларига Охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир”.

Эй маҳрумлар нима учун Роббингизга йўлиқишни унутдингиз, бу юз ўгиришнинг боиси нима? Бу билан сиз ўзингизни саодатдан, роҳатдан ва барқарорликдан маҳрум этдингиз. Нима учун эртанги кунни унутдингиз? Нима учун ғафлатдасиз? Нима учун гуноҳу-маъсиятлардан ғафлатдасиз? Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ солинг! ,,Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган гуноҳларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ ким бор.!” Каҳф:57. Қаерда маломатгўй нафс, қаерда гуноҳнинг ҳиси, қаерда яхшилик фитрати, қаерда мулойим юмшоқ қалб ва ниҳоят қаерда қайноқ кўз ёшлар… қаерда... жон қулоғингиз билан эшитинг! ,,… Дарҳақиқат Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда ( ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни, барча яҳши-ёмон амалларни) кўрур ва кофир кимса: ,,Эҳ, кошки эди (қайтадан) тупроққа айланиб кетсам(у, муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан қутулсам), деб қолур”. Набаъ:40.    

   Тавба қилганларнинг айримлари хатто ҳаёти давомида бирон маротаба ҳам Аллоҳ учун рукуъ ва сажда қилмаганликларини эътироф қилдилар. Бунданда маҳрумлик борми дунёда?!

  Эй маҳрумлар! Қалб учун роҳат ва барқарорлик, фақатгина Аллоҳга қайтишда, ҳидоятда, истиқоматда ва Аллоҳнинг буйруқларига жиддий қарашдадир. Баъзи маҳрум ва маҳрумалар, роҳат ва саъодат мол-дунё, мансаб-мартаба ва хорижга сафар қилишда деб ўйлайдилар ва ҳоланки шу нарсаларга эга бўлганларнинг қанчалари бахтсиз эканликларини, ҳақиқий бахт бу нарсаларда эмаслигини эътироф этганлар.

  Тарих саҳифаларида зикр қилинишича, халифа Маъмун Аббосийнинг ўғли Алий хашаматли қасрда мол-дунёга ғарқ бўлган ҳолда тўкин-сочин яшар эди, кунларнинг бирида қаср дарчасидан қараган халифа ўғлининг кўзи бир хизматчига тушди. Хизматчи кун бўйи мехнат қилар, намоз вақти бўлса таҳорат қилиб намоз ўқир, кун ботишига яқин эса оиласи хузурига қайтарди. Халифанинг ўғли бу ҳолатни бир неча бор кузатгач, хизматчини хузурига чақиртириб ҳол-аҳвол сўради. Хизматчи ҳолини баён қилар экан, унинг онаси, хотини ва икки синглиси борлиги, уларни боқиш учун кун бўйи мехнат қилиши, бирон даромад келадиган жойи йўқлиги, ўзи камбағал экани, мана шу қилаётган касбидан рўзғор тебратиши, ҳар куни рўза тутиб кун ботгач оиласи билан топган нарсасини баҳам кўриб бирга ифтор қилишини айтди. Халифанинг ўғли: “Шикоятинг борми?” деб сўраган эди. Хизматчи” “Йўқ, алҳамду лиллаҳ”, деб Аллоҳга ҳамд айтди. Бундан таъсирланган халифанинг ўғли қаср ва молу-мулкни ташлаб, боши оққан тарафга кетиб қолди ва бир неча йиллардан сўнг вафот топганлиги ҳақида хабар эшитилди. Хуросон тарафларда дурадгорлик қилиб яшаган экан. Субҳаналлоҳ, шоҳликдан дурадгорликга... Сабаби қасрларда топмаган бахт-саъодатни шунда топган эди. Маҳрумларнинг яна шундайлари борки, улар ҳақида Аллоҳ бундай деган: ,,Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар”. Марям:59.

Намозни зое қилишдан ҳам ёмонроқ маҳрумлик борми? Эй маҳрум! Намозни зое қилиш куфр ва залолат эканини биласанми? Билмасанг, билиб ол! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Биз билан уларнинг ўрталаридаги фарқ намоздир, ким намозни тарк қилса бас у кофирдир”. Термизий, Насоий, Аҳмад, Ҳоким.

Яна бир ҳадисда эса бундай деганлар: ”Киши билан ширкни ораси намозни тарк қилишдир”. Имом Муслим.  

Эй маҳрум! Бахт-саъодат ва хотиржамликни мўл қиладиган хазина калити бўлган алоқа, яъни Аллоҳ таоло билан ўзингнинг ўртангдаги алоқани узган кун нақадар нотовон бўлдинг. Аллоҳ учун бўйин эгиш, пешонани саждага қўйиш, эзилган, парчаланган қалб учун йўл озуқаси, руҳ мадади ва қалб нуридир. Таҳорат, хушуъ ва хузуъ билан ўқилган икки ракъат намоз, ғам-ташвиш ва таназзулга юз тутишни қайтаришга кафилдир. Аллоҳ каломида хабар берган ушбулар, мўъминларнинг бахт-саъодатлари сабабларидандир: “Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур”. Исро:109.  “Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши(билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)”. Зумар:9.                 

Ҳаёти-дунёдаги энг гўзал ва энг бахтли лаҳзалар, банда ўзининг Ҳожаси Аллоҳ таолога сажда қилиб, Унга дуо-илтижолар қилиб, Ундан қўрқиб қиём ва саждаларда йиғлаб турган лаҳзалардир. Ана шу дамда қалб мунаввар, юз нурли бўлади: “Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) сиймо-аломатлари бордир”. Фатҳ:29.  

Аммо маҳрумчи, қалби зулумотда, юзи қаро, нафси эса тараддудда, бу ҳали мана шу дунёда. Охиратдаги ҳоллари хақида Аллоҳ таоло хабар бериб шундай деган: “Болдир очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг. Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чақирилар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар)”. Қалам:42-43.

Охиратда сажда қилишдан маҳрум қилинадилар, чунки улар мана шу дунёда сажда қилишга даъват қилинганларида, бу чақириқга эътибор бермадилар, ман-манлик қилдилар, балки хатто даъват қилганларни масхара қилдилар, мана оқибати... Аллоҳ билан алоқасини узган одамга қаердан ҳам нажот бўлсин, нимадан ҳам умид қилсин, бундай ҳаёт ҳаётми??? Кўз очиб юмгунча миқдор ҳам Ундан бехожат бўла олмайдиган Ҳожасидан алоқани узса-я, банда бу узилишдаги алам ва озорларни билса эди... .

  Эй маҳрум! Сен намоз ўқимасанг, ўзинг билан Аллоҳ ўртасини узган бўлсанг-да, яна қандай қилиб тавфиқ, нажот ва бахт-саъодатни ҳоҳлайсан? Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига қулоқ сол! “Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар бўйин эгувчи кишиларга(оғир эмасдир)”. Бақара:45.

 Ва яна ушбу сўзига: “Дарҳақиқат мўъминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир”. Мўъминун: 1-2.

Меҳроблардаги саждалар, саҳарлардаги истиғфорлар ва муножотлардаги кўз ёшлар, мўъминлар ўзлаштирган сиймолардир. Чунки мўъминнинг жаннати унинг меҳробидадир. Маҳрумларнинг ҳаёли, дарду-фикри эса дунё боғлари, аёллар ва хашаматли қасрларда экан, уларга намоз эслатилса масхара ва хақоратлар қиладилар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи мана шундайларга қаратилгандир: “Сизлар қачон намозга чорласангиз улар ўша (намозни) масҳара ва ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз-жоҳил қавм эканларидир”. Моида:58.

Жинояткор-кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масҳара қилиб) кулувчи бўлдилар”, яъни бу дунёда, “Қачон (мўъминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилурлар”, аммо ҳақиқий бахтлик ва ғолиб охирида кулган кишидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Энди бу (Қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар”, деди. Мутаффифун: 34.

Намозга бепарво одам кўп яхшиликлардан маҳрумдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: “Ким намозни сақласа (яъни ўз вақтида адо қилса) у учун нур, ҳужжат ва Қиёмат Куни нажот бўлади. Ким уни сақламаса унга хужжат ҳам, нур ҳам ва нажот ҳам бўлмайди, балки у Қиёмат Кунида Қорун, Ҳомон, Фиръавн ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади”. Имом Аҳмад, Доримий.

Эй маҳрум! Гарчи сен дунёдаги энг қиммат нарсага эга бўлсанг ҳам, дунё хазиналари қўлингда бўлса ҳам, ўзингни дунёдаги энг гўзал лаҳзалар, саждадаги Аллоҳ учун пешонани ерга қўйишдек гўзал лаҳзалардан маҳрум қилдинг. Ўзингни энг гўзал лаззатлар, Аллоҳга муножот қилиш, Унга ялиниб-ёлвориш, ўзни ҳор тутиб Унга бўйин эгиш лаззатидан маҳрум қилдинг... Беш вақт намоз, кечанинг учдан бирининг охирги дуолар ижобат бўладиган қисми…буларнинг барчасидан маҳрум бўлдинг. Содиқ намозхонлардан сўра, иккиланма намоз ўқишларида нима топадилар? Сўра улардан! Улар сенга хотиржам, рози бўлган ва дунё ҳаловатини топган сокин нафс билан: “ Биз роҳат-ҳаловатни топдик, дунёдаги ғам-ташвиши, юрак сиқилиши кўп бўлган инсонлар, намозга бепарво, намозни зое қилувчи инсонлар деб топдик”, дейишади. Хақиқатда ҳам шундай, лекин сен ноумид бўлма азиз дўстим! Сенга ҳушхабар бор, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи бор: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яҳши амаллар қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар”. Марям:60.

Тавба қилувчи ўзини нафс-ҳаво асирлигидан халос қилади, қалбини маъсият қамоғидан озод этади. Тавба қилувчи тоат ҳаловатини, ибодат роҳатини, иймон таъмини, Аллоҳга юзланиш лаззатини топади. Тавба қилишдан маҳрум эса қалбда сиқилиш, юзда қайғу, беҳаловатлик, нафс-ҳавога қулликдан бошқа нарса топа олмайди. Содиқ тавба қилган  кишининг қалби орқали тилидан чиққан рост сўзини кўринг: Шеър мазмуни: Бугун янги туғилган кундир, ўтгани мен балоланган ўлимдир...  .

Эй маҳрум! Аллоҳга тавба қил, тавба таъмини тот, қалб сиқиб чиқарган кўз ёшлар ҳаловатини тот. Бу кўз ёшлар кўздан сизиб, яноқлардан оқсин, гуноҳлар ўтини ўчирсин. Ўзинг билан ҳоли қол, гуноҳларингни эътироф эт, Парвардигоринга дуо қил. «Эй Аллоҳим! Сен Роббимсан ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳд паймонинг ва ваъдангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни кечирувчисан».

Хатоларинга йиғла, муножот лаззатини ўзингда хис қил, Аллоҳ таолога хорлик ва қулликни эътироф эт, Аллоҳга сидқи дилдан тавба қил, Унга муножот қилиб айт: “Парвардигоро! Албатта мен ўз нафсимга кўп зулмлар қилдим. Гуноҳларни ёлғиз Сенгина кечирувчисан. Мени Ўз марҳаматинг - Ўз томонингдан бўладиган мағфират билан кечиргин, раҳм этгин! Албатта Сен кечирувчи ва раҳмли Зотсан».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одат қилганларидек, сен ҳам бу дуоларни айтиб юришни одат қилиб ол. Аллоҳни Яратувчи деб, Исломни дин деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар деб рози бўлган киши иймон таъмини тотади.

(Давоми бор)

Боши

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига