Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

هيا بنا نؤمن ساعة

Келинг, бироз иймонлашамиз

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Келинг, бироз иймонлашамиз» деб номладик. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Иймонингизни янгиланг.

Иккинчи: Дили қаттиқлик ва Аллоҳдан қўрқишнинг камлиги.

Учинчи: Оқибатимиз қай тарафга?!

Тўртинчи: Қачон тавба қиласиз?!

Диққат-эътибор билан, бутун вужудингиз қулоққа айланиб тинглашингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. Зеро, ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир ва ўшалар ақл эгаларидир.

 

Биринчи: Иймонингизни янгиланг

 

Севикли дўстим! Иймон сўз ва амалдир, иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир. Иймон зиёда бўлади ва камаяди, у тоатлар билан зиёдалашиб, маъсиятлар билан камаяди. Аллоҳ таоло айтади: «У (Аллоҳ) ўз иймонларига яна иймон қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир» (Фатҳ: 4).

Абу Нуъайм «Ҳиля»да Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди» (Абу Нуъайм, Дийламий ривоят қилганлар, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (2268) саҳиҳ санаган).

Гуноҳу маъсият булутлари қалбни ўраб олса, худди зич булутлар ер юзидан ой нурини тўсиб қўйгани каби қалбдаги иймон нурини тўсиб қўяди. Булут очилгач, ер аҳлига ой нури кўрингани каби гуноҳу маъсиятлар булути тарқалса, қалбдаги иймон нури кўринади. Шунинг учун қалбдан доим хабардор бўлиб туриш, вақти-вақти билан иймонни янгилаб ва зиёдалаб туриш зарур бўлади. Бу эса қалбга иймонни қувватлайдиган моддалар бериш билан ҳосил бўлади. Ушбу моддалар қаторига Қуръон ўқиш, Аллоҳни зикр қилиш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, истиғфор айтиш, қабрларни зиёрат қилиш, беморларни бориб кўриш, намозларни масжидда жамоат билан ўқиш, камбағал ва мискинларга инфоқ-эҳсон қилиш каби ишларни киритиш мумкин.

Булар қалбдаги иймонни қувватлантирадиган ва янгилайдиган ишлардан айримларидир. Зотан, қалб подшоҳ, аъзолар эса унинг раияти ва қўшинларидир. Агар подшоҳ яхши бўлса, қўшинлари ҳам яхши бўлади, агар подшоҳ нопок бўлса, қўшинлари ҳам нопок бўлади.

«Саҳиҳайн»да Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «... Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир». (Бухорий (№52), Муслим (1599) ва бошқалар ривояти).

Қалбдаги иймоннинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш зарур. Қалбдаги иймонни янгилаб туриш зарур. Аллоҳга қасамки, ҳозирги даврдагидан кўра қалблар қорайган ва гуноҳлар уюми остида қолиб кетган, Аллоҳ таолодан қўрқиш камайган давр бўлмаган бўлса керак.

Суҳбатимиз давоми ана шу ҳақда бўлади.

 

Иккинчи: Дили қаттиқлик ва Аллоҳдан қўрқишнинг камлиги

 

Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зик­рига ва нозил бўлган Ҳақ Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар!» (Ҳадид: 16).

Аллоҳни ягона деб билган, Унинг пайғамбарига иймон келтирган зотларнинг диллари Аллоҳнинг улуғворлигига эгилиш, Унинг амрига бўйсуниш, қайтариқларидан тийилиш, Унинг ҳад-ҳудудларида туриш пайти келмадими?!

Севикли дўстларим! Аллоҳ азза ва жалладан қўрқувнинг камлиги қалбнинг қотиши ва қорайиб кетишининг аччиқ самарасидир. Кўпчилигимиз Аллоҳнинг Каломи тиловат қилинганда кўзимиз ёшланмайди, дилимиз тўлқинланмайди, кўнглимиз юмшамайди, вужудимизга титроқ кирмайди!! Сабаби, дилларимиз тош қотган, қалбларимиз зулматда, кўнгилларимиз ваҳшатда. Шунинг учун ҳам Аллоҳдан қўрқув камайган.

Аллоҳдан қўрқув иймоннинг ширин мевасидир. Аллоҳдан қўрқишингиз ва Аллоҳдан ҳаё қилишингиз Аллоҳга бўлган иймонингиз, Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз, Аллоҳни қанчалик танишингиз миқдорига қараб бўлади. Мана шу қоидани ҳар биримиз ўзимизда татбиқ қилиб кўрсак, кўксимизда кўтариб юрган дилимиз юмшоқми ёки қаттиқ экани маълум бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир» (Фотир: 28).

Аллоҳдан қўрқувингиз Аллоҳни қанчалик танишингиз ва билишингиз миқдорига қараб бўлади. Эй гуноҳу исёнга журъат қилаётган кимса! Эй пардаларни тушириб, эшикларни қулфлаб олиб, Аллоҳнинг маъсиятига қўл ураётган ва сени ҳеч ким кўрмаяпти ва эшитмаяпти деб гумон қилаётган бечора! Билгин ва ишончинг комил бўлсинки, сен Аллоҳ жалла ва алони танимайсан. Аллоҳни таниганингда Ундан ҳаё қилган бўлардинг! Кишининг ҳаёси унинг Аллоҳни танишига қараб бўлади. Аллоҳни энг яхши танувчи бўлган зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғингиз ва тақволироғингизман!» (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳни яхши таниган инсон агар қадами гуноҳ билан тойилса ва инсоний заифлик ҳолатида бирон гуноҳи кабирага қўл уриб қўйса, тезда пушаймон бўлиб, тавбасини янгилашга ошиқишини кўрасиз. Дилида синиқлик, афсус-надомат пайдо бўлиб, ўзининг ожизлиги ва заифлигини эътироф этади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқирканлар, йиғи таъсирида кўксиларидан худди қозон қайнашига ўхшаган овоз чиқиб турарди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло у зотнинг қилган ва қилмаган гуноҳларини кечириб қўйган эди.

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!» (Муттафақун алайҳ, Бухорий (№5063), Муслим (№1401) ривоятлари). Шунда саҳобалар ҳиқиллаб йиғлаган кўйи юзларини ўраб олдилар, дейди ровий.

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ва имом Термизийнинг «Сунан»ида саҳиҳ санад билан Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қандай роҳатланай, сур эгаси сурни оғзига олиб борган, бўйнини эгиб, қулоғини тутиб турган, буйруқни кутиб, пуфлашга шай бўлиб турган бўлса?!», дедилар. Бу нарса саҳобаларни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Улар: «Унда қандай қиламиз – ёки нима деймиз – ё Расулуллоҳ?», деб сўрадилар. «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал-вакийл, алаллоҳи таваккална» ёки «таваккална алаллоҳи» (Аллоҳ бизга кифоя қилади, У нақадар яхши вакилдир, Аллоҳга таваккул қилдик), деб айтинглар» — дедилар.

Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларини энг яхши билувчи, Ундан энг тақво қилувчи бўлганлари ҳолда Ундан қанчалик қўрқишлари даражасини кўрсангиз эди, қаттиқ ажабланган бўлардингиз!!

Умматнинг Форуқи бўлмиш, Аллоҳ таоло ҳақни унинг тилида жорий қилган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида бир ёш йигит ҳузурларига кириб:  «Хурсанд бўлинг эй амирал-муъминийн, Аллоҳ сизга хушхабар берди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлдингиз, Исломга муқаддам кирганлар сафида бўлдингиз, кейин волий бўлиб, адолатли бўлдингиз, мана энди шаҳидлик насиб бўлиб турибди» — деганида Умар: «Қанийди мана шунинг ўзи (Аллоҳнинг азобидан қутулишимга) кифоя қилса, на фойдамга ва на зараримга бўлмаса» — деганлар.

Бир ривоятда: У кишининг ҳузурига Ибн Аббос кириб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар Маккада хавф-хатар ичида эканларида Аллоҳ бу динни ва мусулмонларни сиз билан азиз қилишини сўраб дуо қилмадиларми?! Сиз исломни қабул қилгач, исломингиз азизлик бўлди, сиз билан ислом зоҳир бўлди. Ҳижрат қилганингизда ҳижратингиз фатҳ бўлди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга қарши олиб борган биронта ҳам жангдан қолмадингиз. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиздан рози бўлган ҳолда вафот этдилар. У зотдан кейин халифаларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўллари устида ёрдам бердингиз. Сўнгра халифа ҳам сиздан рози бўлган ҳолда вафот этдилар. Сўнгра сиз одамлар волий қилинадиган энг яхши ишга волий (амир) қилиндингиз, Аллоҳ сиз сабабли мамлакатларни фатҳ қилди, мол-дунёлар ато этди, душманларни қайғуга солди, сиз сабабли аҳли байтга уларнинг динларини ва ризқларини кенгайтириб берувчи кишиларни киритди. Мана энди охирида шаҳидлик насиб бўлиб турибди, муборак бўлсин!» — деганларида Умар розияллоҳу анҳу: «Мағрур – сизлар ғурурлантирадиган кишидир» — дедилар. (Заҳабий «Сиярул-хулафо»да (83-б), Ибнул-Жавзий «Ал-мунтазам» (4/141)да келтирганлар).

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Рабиъадан ривоят қилинади: «Мен Умарнинг ердан бир дона сомонни (чўпни) олиб: «Кошки мана шу сомонга айланиб қолсам, кошки ҳеч нарса бўлмасам, кошки онам мени туғмаган бўлса!!» — деганларини кўрдим.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли кишилари бўлган, у зот қасам билан таъкидлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деган, ёшлари ҳали ўттиз учга ҳам етмаган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомда тоун (ўлат)га чалиниб, ўлим тўшагида ётганларида асҳобларидан: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Шунда у киши: «Тонги дўзах сари юзланиш бўладиган тундан Аллоҳ паноҳ берсин» — дедилар!!!.

Зуҳд, тақво ва ҳадис бобида дунёнинг имомига айланган Суфён Саврий ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз орзу қилган нарсага юзланмоқдасиз, Аллоҳ раҳмлиларнинг раҳмлироғидир», — деганида Суфён раҳимаҳуллоҳ йиғлаб: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман эй Ҳаммод, сиз менга ўхшаган одамни дўзахдан нажот топади, деб ўйлайсизми?!» — дедилар!!!.

Дунёнинг энг буюк имомларидан бири Имом Шофиий ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Имом Музаний кириб: «Қандай тонг оттирдингиз эй имом?» деб сўраганида «Дунёдан кетувчи, дўсту-ёрлардан айрилувчи, амалларимга рўбарў бўлувчи, ўлим шарбатини симирувчи ва Парвардигоримга йўлиқувчи бўлган ҳолда тонг оттирдим» — дедилар. Сўнг йиғлаб: «Эй Музаний, Аллоҳга қасамки, руҳим жаннатга боришини билмайманки, уни муборакбод этсам, ё дўзахга боришини билмайманки, унга таъзия билдирсам» — дедилар!!!.

Салафнинг энг улуғ имомларидан Молик ибн Динор намоз ўқиб, соқолларини чангаллаб, йиғлаб туриб: «Кимдир жаннатга, кимдир дўзахга бориши маълум, Молик ибн Динорнинг манзили бу икки ҳовлидан қай бири бўларкин?!!» — дердилар.

Эй Аллоҳнинг бандаси, сиз ҳам мана шундай оқибатингиз ҳақида ҳеч фикр қилиб кўрдингизми, борар жойингиз жаннатмикин ё дўзах?!!

Суҳбатимизнинг навбатдаги қисми ана шу ҳақда боради.

Боши

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига