Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

طريق الهداية

Ҳидоят йўли

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ)  ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, анчадан бери кўришмаганимиз боис сизларни кўп соғинган эдик, даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таоло юзларингизни ёруғ қилсин, қалбларингиз қулфини очсин, дилларингизни покласин. Сиз-у бизни ушбу муборак Уйида Ўз тоати устида жамлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан охиратда ҳам ҳаммамизни Ўзининг жаннатида ва улуғлик ҳовлисида жамлашини ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилишини сўрайман. Зотан, У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Ҳидоят йўли». Бугунги суҳбатимизни ана шундай атадик. Одатимизга кўра, вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Ҳидоят турлари.

Иккинчи: Ҳидоят сабаблари.

Учинчи: Ҳидоят аломатлари.

Тўртинчи: Ҳидоят йўлидаги тўсиқлар.

Сўзларимга диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Ҳидоят турлари

 

Севикли дўстларим! Аллоҳ жалла ва ало бандаларига марҳамат қилган энг улуғ ва энг буюк неъмат шубҳасиз, ҳидоят неъматидир, иймон ва тавҳидга йўллаб қўйиш неъматидир. Бу неъматнинг улуғлиги шундан ҳам маълумки, Аллоҳ таоло бандаларига ҳар куни, ҳар бир фарзу нафл намозларнинг ҳар бир ракъатида Ундан ушбу неъматни сўрашни, ҳидоят талаб қилишни фарз қилди. Сизу биз ҳар бир намозимизда Аллоҳдан тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраймиз, «Фотиҳа» сурасини ўқирканмиз: «Бизларни тўғри йўлга йўллагин» (Фотиҳа: 6) деб илтижо қиламиз.

Хўш, ҳидоят нима, унинг қандай турлари бор?

«Ҳидоят» арабча сўз бўлиб, йўллаш, далолат қилиш, билдириш, баён қилиб бериш маъноларини англатади. Ҳидоят тўрт турлидир:

 

1) Умумий ҳидоят

 

Ҳидоятнинг ушбу тури Фиръавн Мусо ва Ҳорундан уларнинг парвардигорлари ҳақида сўраганида Мусо унга жавобан айтган сўзлардан олингандир. «(Фиръавн) деди: «Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?» (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 49, 50).

Мана шу ҳидоят умумий ҳидоятдир. Яъни, Парвардигоримиз ҳамма нарсани ўз суратида ва ўзига лойиқ шаклда яратиб, унга ўзи нима учун яратилган бўлса, ўша вазифани адо этишига ёрдам берадиган қобилият ва лаёқат бериб қўйган Зотдир.

Масалан, кўзни Аллоҳ таоло гўзал ва ажойиб бир шаклда яратди ва унга кўриш лаёқатини ато этди. Уни кучли муҳофазаланган коса ичига ўрнатиб, зиён-заҳмат етишидан сақлади, кўзни ўткир нурлардан асраш учун уни қовоқлар билан ўраб қўйди, унинг устига қошларни териб, кўзлар ичига тер оқиб кириши йўлини тўсиб қўйди, кейин чанг-тупроқ ва микроблардан ҳимояланиши учун кўзни шўр сув билан таъминлаб қўйди.

Ёки, қулоқни Аллоҳ азза ва жалла кўриб турганимиздек, ажойиб бир шаклда яратди, бош суягининг икки томонига ковак қилиб, сўнг уларни ташқаридан чиройли косачалар билан ўраб қўйди, қулоқни ҳатто уйқу ичида ҳам эшитишга лаёқатли қилди, ухлаётган пайтда қулоқлар ичига ҳашаротлар кириб кетмаслиги учун уларни аччиқ сув билан таъминлаб қўйди.

Ёки, оғизни олсак, уни Аллоҳ таоло таомланиш ва гапиришга яроқли бир шаклда яратди, оғизга овқат яқинлашганда лаблар сиз буюрмасангиз ҳам, ўзидан-ўзи очилади, олди тишлар узиб олади, оғиз тишлар чайнаб, овқатни майдалайди, сўлаклар уни юмшатиб беради, тил эса овқат бўлакларини йўллаб қўйиш учун, шунингдек, сўзлаш учун қимирлаб туради.

Буларнинг ҳаммасини ким яратиб қўйди?! Ким ясади?! Ким ўз ишига йўллаб қўйди?!

Шеър (мазмуни):

«Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,

Эҳтимолки, сиз улардан жуда камини биларсиз.

Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам

Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.

Борлиқ сир-асрорлар билан тўладир,

Уларга ечим қидирсангиз, ожиз қоласиз.

Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:

Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?

Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг

Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг: Сени ким тузатди?

Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:

Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?

Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:

Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?

Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган

Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?

Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган

Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?

Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган

Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?

Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?

Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,

Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?

Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?

Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?

Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи

Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?

Ўликдан чиқиб келаётган тирикни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга жон бахш этди?

Саҳрода ўсиб турган ёлғиз бутадан

Сўранг: Ким сенга озуқа берди?

Уруғни ёриб чиққан ниҳолни кўрсангиз

Сўранг: Данагингни ким ёрди?

Атрофга нур сочаётган ойни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга нур берди?

Булутларга юзлашган тоғни кўрсангиз

Сўранг: Сени ким бунчалар пурвиқор этди?

Алангаси кўкка ўрлаган ўтни кўрсангиз

Сўранг: Сенга ким бунчалар ҳарорат берди?».

Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,

Эҳтимолки, сиз улардан жуда камини биларсиз.

Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам

Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.

 

Аллоҳдан ўзга ҳам ҳақ илоҳ борми?!!

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганидек, ким Унинг махлуқотидаги ҳидоятларидан баъзиларини тааммул қилса, ёлғиз Униг ўзигина ибодатга сазовор ҳақ маъбуд эканини билади. «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 50). Яъни, сўнгра уни ўзи учун яроқли бўлган ишга йўллаган ва уни ўзига хос вазифасига лаёқатли қилиб қўйган зотдир. Умумий ҳидоят шу бўлиб, борлиқдаги ҳар бир нарса ҳақида тафаккур қилсангиз, унга етиб бораверасиз.

Аллома Алусий «Руҳул-маъоний» китобида ушбу оятни яна-да гўзал тафсир қилиб: «Парвардигоримиз ҳар бир нарсани ўзига муносиб сурат ва шаклда яратди ва у нарсани Ўз вужудига далил қилди», дейди.

Шеър (мазмуни):

Ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига далил бўлувчи аломатлар бор,

Ям-яшил воҳадан ва шариллаб оқаётган сувдан сўранг,

Тундан сўранг, тонгдан сўранг, хушовоз булбулдан сўранг.

Агар тун зулмати кетмаса ва қоронғулик давом этаверса,

Роббимдан ўзга ким ҳам тонгни келтира олади?!

 

Суҳбатимизнинг бу моддаси ҳақида кўп гапириб, сизларни зериктириб қўйишни истамайман, аслида, Роббимга қасамки, агар гапирамиз десак ҳар бир модда алоҳида суҳбат мавзуси бўлишга арзийди.

 

2) Йўллаш, билдириш, баён қилиб бериш ҳидояти

 

Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ жалла ва ало инсонни яратди, ҳидоят қилди, йўллади, унга яхшилик ва ёмонлик йўлини танитди ва билдирди.

Аллоҳ таоло деди: «Ва Биз уни икки йўл яхшилик ва ёмонлик йўлларига йўллаб қўйдикку!» (Балад: 10).

Аллоҳ таоло деди: Дарҳақиқат, биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин (тўғри) йўлга ҳидоят қилдик (яъни шукр қилувчилар Биз уларни ҳидоят қилган Тўғри йўлни —ҳақ динни маҳкам тутадилар, кўрнамак кимсалар эса ўзларига кўрсатилган Тўғри йўлдан юз ўгириб кетадилар) (Инсон: 3).

Аллоҳ таоло деди: «Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки. Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 7-10).

Аллоҳ бандаларига меҳрибонлигидан, мана шу ҳидоятдан, яъни, йўллаб қўйиш ҳидоятидан кейин ҳам уларни азобламади. Балки, уларга Ўз элчи ва пайғамбарларини юборди, уларга китобларини туширди. Токи, пайғамбарлар инсонларнинг қўлларидан тутиб, уларни ширк ва бутпарастлик зулматидан тавҳид ва иймон нурига олиб чиқсинлар, уларни Ҳақ таборака ва таоло йўлига йўлласинлар. Аллоҳ таоло айтади: «Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азобловчи эмасмиз» (Исро: 15).

Аллоҳ таоло айтади: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 165).

Аллоҳ таоло айтади: «Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 50).

Аллоҳ таоло айтади: «Самуд қабиласига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 61).

Аллоҳ таоло айтади: «Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 84).

Хуллас, Аллоҳ таоло айтганидек: «(Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантирувчи — пайғамбар ўтгандир» (Фотир: 24).

Хуллас, Аллоҳ таоло бандаларини то уларга пайғамбарлар юбориб, устларида ҳужжат барпо қилмай туриб азобламайди. Шу билан бирга, Аллоҳнинг бандаларга раҳматики, ҳар бир уммат ичида пайғамбаридан кейин ҳам унинг ворисларини қолдирди. Улар яхши олимлардир, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган холис ва инсофли даъватчилардир. Улар умматга Парвардигори ва Пайғамбари йўлини ёритиб бериш учун ёниб адо бўладиган шамлардир. Улар Раббоний уламолардир, содиқ даъват соҳибларидир. Пайғамбарлардан сўнг улар халқларни ҳақ йўлга бошлайдилар, башариятнинг қўлидан тутиб, уларни башариятнинг Парвардигори йўлига, башарият саййидининг йўлига етаклайдилар.

«Саҳиҳ Муслим»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан аввал Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи (ёрдамчилари) ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Улардан кейин ўзлари қилмайдиган ишларни гапирадиган ва буюрилмаган (нотўғри) ишларни қиладиган ўринбосарлар уларнинг ўрнига келишди. Кимда-ким бундай кимсаларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким тили билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқдир!» (Имом Муслим ривояти).

Эй Аллоҳ! Бизларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фидоийларидан қилгайсан.

Демак, далолат ва йўллаб қўйиш ҳидоятини пайғамбарлардан сўнг уламолар адо этарканлар. Чунки, улар пайғамбарларнинг ворисларидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга хитобан айтади: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф: 108).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Киши то Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган нарсага аниқ ҳужжатлар билан даъват қилмагунича у зотга эргашган бўлмайди».

Далолат ҳидояти шудир.

(Давоми бор)

Боши

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига