Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Ғарбнинг Исломга қарши навбатдаги ғаламислиги

Солиҳ ибн Муҳаммад ал-Жабрий

Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Аммо баъд...

Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг хайрлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салланинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганларидир, (динда) ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир.

Аллоҳ таоло бизга Ислом неъматини берганини биламиз, бу эса энг улкан неъматдир. Аллоҳ таоло деди: "Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим." (Моида: 3) шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон учун Исломдан бошқа динга қалбини очмасликни таъкидлади. Чунки ким Исломдан бошқасига қалбини очса, унга бўйсиниб қолиши ва уни ўзига дин қилиб олиши мумкин. Бу хусусдаги Аллоҳнинг буйруғи қатъийдир. Аллоҳ таоло деди: "Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Оллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир." (Оли Имрон: 85) Нега шундай? Чунки Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Ислом. "Албатта Оллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Оллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта Оллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир." (Оли Имрон: 19)

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоят ва ҳақ билан юборди. Ул зот олиб келган нарсагина ҳақ, ундан бошқаси ботил. Ислом бошқа динлар билан олди берди қилиш, улар билан битимлар тузиб, ҳамма ўз йўлида; мусулмон исломида, кофир ширкида омонликда, оға-ини бўлиб яшайвериши учун келмади. Асло ундай эмас. Аллоҳ таоло бу масалани қатъий ҳал қилиб қўйган: (Оллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир." (Саф: 9) Демак, Ислом тўла ҳақни ва тўла ҳидоятни олиб келган. Барча динлардан устун бўлиш учун келган, гарчи буни Ислом душманлари ёмон кўрсалар ва унинг рўёбга чиқишини тўсишга ҳаракат қилсалар ҳам.

Ислом душманлари Исломнинг равнақини кўра олмайдилар, шунинг учун мадорлари бор экан, унга қарши қўлларида бор қуроллари билан курашадилар, ҳар хил туҳмат тошларини отиш ва турли лақаблар билан аташдан толмайдилар. Улар кеча-кундуз Ислом зўравонлик, терорчилик ва ақидапарастлик дини дея акилламоқдалар. Бундан биз ажабланмаслигимиз керак, чунки улар бизга етадиган ҳар бир яхшиликни кўра олмасликларини Аллоҳ таоло бизга хабарини бериб қўйган. Улар жон-дилларидан бизга ёмонликлар ва аламлар етишини истайдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини тааммул қилинг: "На аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизларга Парвардигорингиз тарафидан бир яхшилик тушишини истамайдилар. Оллоҳ эса раҳматини Ўзи хоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Оллоҳ буюк фазлу карам соҳибидир." (Бақара: 105) "Аҳли китобдан бир тоифаси сизларни (ҳақ динингиздан) адаштирмоқни хоҳлайди. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина адаштирадилар, холос." (Оли Имрон: 69) "(Эй мўминлар), агар улар (мушриклар) сизларга зафар топсалар душманларингиз бўлурлар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан чўзурлар (яъни сизларни ўлдирурлар, ҳақоратлар қилурлар). Улар сизларнинг яна кофир бўлишларингизни истарлар." (Мумтаҳана: 2)

Уларнинг бизни кофир бўлишимизни исташлари орзулигича қолдими? Йўқ, уларнинг бу орзулари амалий одимларга айланди. Улар Исломга даъват қилувчи ҳар бир инсонни ёмон кўрадилар, унга қарши ҳукуматларни гиж-гижлашади, унга таъқиқ қўйиш ва унинг овозини ўчиришга жидду-жаҳд қиладилар. "Қачонки уларга Бизнинг очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсаларнинг юзларида инкор (аломатини) сезурсиз. Улар, ўзларига Бизнинг оятларимизни тиловат қилаётган зотларга чанг солишга яқин бўлурлар. (Сиз уларга) айтинг: «Энди мен сизларга бундан ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? (У) Аллоҳ кофир бўлган кимсаларга ваъда қилган дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат у!» (Ҳаж: 72)

Улар шу билан чекланиб қоляптиларми? Йўқ, асло! Улар биз динимизни тарк қилсакгина рози бўладилар. Нега, дейсизми? Сабаби, Ислом оламни нурафшон қилиш учун келган нур. Кофирлар ўзлари муваффақиятсизликка учраб турган пайтда нажотга олиб борадиган, умидсиз бўлиб турганларида муродга етказадиган янги динни кўрдилар ва уни худди қалбаки табиблар ҳақиқий табибни, доимий чув тушиб юрган хом савдогарлар моҳир савдогарни ёмон кўрганларидек ёмон кўрдилар. Улар қўрқадиган нарса — агар одамлар Исломнинг ҳақиқатини билиб қолсалар, улар учун ҳаётда ўрин қолмайди. Аллоҳ таоло деди: "Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Оллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Оллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам берувчи бўлмайди." (Бақара: 120)

Улар норозилик билан кифояланадиларми? Йўқ! "Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар." (Бақара: 217).

Мусулмонлар заиф бўлиб турган ҳолда уларга нисбатан ҳарбий куч-қудратларини ишга солишади, салиб юришлари ҳали ёдимиздан кўтарилганича йўқ.

Ушбу асрга келиб, исломий уйғониш дебочалари милтиллай бошлагач, уларнинг ақл-хушлари учиб, мусулмонлар қалбидан Исломни ўчириб ташлашга имкон берадиган янги-янги услуб ва режаларни тузишга киришдилар. Масалан, улар одамларнинг маданият ва тараққиётга иштиёқларини кўргач, тараққиётга Исломдан воз кечиш орқалигина эришиш мумкин деган фикрни мусулмонлар ўртасида зўр бериб ёйишга киришишди, уларга: «Дин агар сизларнинг манфаатингизга зид келса, демак у тараққиёт йўлида сиз учун ғовга айланади, тараққиёт йўлидаги ҳар қандай ғовни йўлдан олиб ташлаш зарур. Билингки, дин бу замон учун яроқли бўлмай қолди, шундай экан, ундан воз кечинг, ёки ҳеч бўлмаганда худди биз қилганимиз каби уни ўзгартириб, ўз манфаатингизга хизмат қиладиган ва унга қарши чиқмайдиган қолипга солиб олинг. Агар динингизни маҳкам тутишни истасангиз, бунга ҳеч қандай монелик йўқ, фақат бироз бағрикенглик қилишингизга тўғри келади», дейишди.

Бағрикенглик?! Субҳаналлоҳ, улар бу калимани қайси маънода тушунтиришга уринишмоқда?!! Бағрикенглик нималигини биздан сўранг! Бағрикенглик, олижаноблик – нақадар гўзал сифатлар. Аммо, динимиз душманлари бу сўз остида бутунлай бошқа, ботил маънони яширадилар. Зотан, биз яхши биламизки, бизнинг динимиз аввал бошданоқ бағрикенглик асосига қурилган, Ислом мусулмон жамияти ичида яшашни ихтиёр этган ғайридинларга нисбатан бағрикенглик сиёсатини тутган, уларни Исломни қабул қилишга мажбур қилмаган. Чунки, Аллоҳ таоло: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди», деган (Бақара: 256).

Аллоҳ таоло мусулмонларни улар орасида яшаб турган ўзга дин вакилларига нисбатан адолат ва яхшиликни ўзида мужассам этувчи гўзал ахлоқлар билан муомала қилишга тарғиб қилган: «Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилувчиларни севар» (Мумтаҳана: 8).

Имом Қуртубий зикр қилишларича, бир мусулмон киши ўзининг насроний ўғлини Исломга зўрлаб киритмоқчи бўлади ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Менинг бир бўлагим ўтга тушадими, ҳолбуки мен уни тўсиб қолишга қодирман», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ояти каримани ўқиб берган эканлар: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара: 256).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ўғирлик содир бўлади, ўғри урган хонадоннинг қўшнилари ичида мусулмони ҳам, яҳудийси ҳам бор эди, ўғирликни яҳудий қўшнисидан гумон қилинди. Бироқ, яҳудийнинг айбсизлигини, ўғирликни эса ўзини мусулмон кўрсатиб юрган мунофиқ қўшни қилганини хабар бериб, оят нозил бўлди: «Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилувчи бўлманг. Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи ва меҳрибон бўлган зотдир. Сиз ўзларига хиёнат қиладиган (жинояткор) кимсаларнинг ёнини олманг! Албатта Аллоҳ хоин ва жиноятчи бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо: 105-107).

Ислом ва мусулмонлар томонидан кўрилган бу каби олижаноблик ва бағрикенглик намунасини яна қаерда кўриш мумкин?! Ғарб ўзининг ислом дунёсидаги югурдаклари ёрдамида бизни қай маънодаги бағрикенгликка чорламоқда?! Улар сўзда эмас, амалда Аллоҳ машруъ қилиб қўйган ҳадларда (жиноятга бериладиган шаръий жазоларда) бағрикенглик қилишга чақирмоқдалар: зинокор дарраланмайди ва тошбўрон қилинмайди, ўғрининг қўли кесилмайди, ароқхўрни урилмайди. Яна улар Исломнинг рукнларидан юз ўгирган кишиларга бағрикенглик кўрсатишга чақирадилар: майли намоз ўқимасин, рўза тутмасин, закот бермасин, дейдилар. Худо ҳаққи айтинг, бу қадар «бағрикенглик»дан сўнг Исломдан нима қолади?!

Миссионерларга нисбатан бағрикенглик қилишга чақирмоқда улар бизни, уларга черковлар қуришга ва христианликка даъват қилишга имконият яратиб беришимиз керак экан. Фикр ва эътиқод эркинлиги ниқоби остида мусулмонлар орасида кофир ва динсиз ақидалар тарқалишига кўз юмишимизга чақирмоқдалар улар бизни. Салмон Рушдий дегани чиқди, мусулмон ўлкаларида унга ҳамфикрлар пайдо бўлди. Исломга тош отиш ғарбнинг қучоғига отилиш ва ундан бошпана олиш воситасига айланди. Қачон бирон муртад Ислом ва мусулмонларни ёмонлаб чиқса, ғарб уни қучоқ очиб кутиб оладиган, унга мукофотлар берадиган, ғарб оммавий ахборот воситалари эрта-ю кеч уни кўкларга кўтариб мақтайдиган бўлди. Шунча ишлардан кейин ҳам яна содда мусулмонларга қарата ғарб деганлари: «Биз Исломга қарши эмасмиз, биз экстремизмга қаршимиз», деб жар солади. Яъни, эй мусулмонлар, сизлар ё хорликка рози бўлиб яшанг, бизга бўйсунинг, ўз шахсингизни ва исломингизни биз истаган қолипга солинг, шунда бизнинг наздимизда мўътадил ислом тарафдори саналасиз, ё эса дин ҳукми остида яшанг, у ҳолда биз сизга қарши турамиз, ақидангизда, иқтисодингизда ва умуман бутун ҳаётингизда сизга қарши уруш очамиз.

Жуда кўп мусулмонлар ғарбнинг бу чақириғини қабул қилди, унинг карвонига қўшилди, бу дунёдаги бутун мақсадлари қай йўл билан бўлмасин ғарбни рози қилиш ва шу билан унинг розилигига эришиш бўлиб қолди. Бироқ, бунга эришдиларми?!

Дарҳақиқат, араб мақолида айтилганидек, биз ғамга рози бўлдик, бироқ у бизга рози бўлмади. Улар биздан олийжаноблик ва бағрикенглик талаб қилдилар, кўпчилигимиз шундай қилди ҳам, баъзиларимиз ўлиб-тирилиб уларни рози қилишга тиришди, бунинг учун қўлидан келган ва келмаган барча ишни қилди. Бироқ, шунча ишлар қилишларига қарамай, ғарб бизни ҳеч қачон ўз ҳолимизга қўймади. Аксинча, у бизнинг энг муқаддас тамойилларимизга чанг солишда давом этмоқда. Улар бизнинг энг улуғ ва энг суюмли кишимиз шахсига чанг солдилар, халқларнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларини булғашга киришдилар, куни кеча у зот ҳақларида ифлос ва қабиҳ бир кинофилм ишладилар. Уни ахлоқсиз шаҳвоний филмлари билан машҳур бир режиссёр ишлаганки, бу нарса мислсиз пасткашлик, разиллик ва ҳақорат белгисидир.

Ушбу ҳодиса хусусида бир неча фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтишни истардим:

(Давоми бор)

Боши

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига