Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 

الغفلة

Ғафлат

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайман, бу дунёда барчамизни доимо Ўзининг тоатида бирга қилсин, охиратда эса Ўзининг жаннатида ва улуғлик ҳовлисида ҳам ҳаммамизни жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган зот билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Ғафлат» деб атадик. Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддага бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Дунёга берилиш ва охиратдан ғофил бўлиш.

Иккинчи: Аллоҳ ва Расулининг амрларини енгил санаш.

Учинчи: Ғоядан ғофил бўлиш.

Тўртинчи: Аллоҳ сари шошилингиз.

Диққат-эътибор билан тинглашингизни, бутун вужудингиз қулоққа айланишини умид қиламан. Зеро, суҳбатимиз мавзуси бугунги кунимиз учун ғоят долзарб мавзулардан биридир. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини, кўзларимизни муваҳҳидларнинг ғалабаси ҳамда Исломнинг ва мусулмонларнинг азизлиги билан қувонтиришини сўрайман. У бунга Қодир Зотдир.

 

Дунёга берилиш ва охиратдан ғофиллик

 

Аллоҳ таоло айтади: «Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгирувчидирлар. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма — оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар» (Анбиё: 1-3).

Ғофилларни қаттиқ силкитувчи сўзлар... Ҳисоб-китоблари яқинлашмоқда, улар эса ғафлатдалар!! Парвардигорнинг оятлари тиловат қилинади, улар эса юз ўгирадилар.. . Чунки, улар ўйин-кулги билан, ботил ишлар билан бандлар, йўқ бўлиб кетувчи матолар билан оворалар.

«Диллари ғофил бўлган ҳолларида»... Аллоҳдан ғофил бўлган қалб эгаси гарчи неъматларга ғарқ бўлиб, роҳат-фароғатда ҳаёт кечириб турган бўлса ҳам, аслида бахтсиз ва танг ҳаёт ичида бўлади. Бахтсизлик эса Аллоҳдан юз ўгиришнинг самарасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубхасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 124-127).

Бахтсизлик залолат натижасидир, танг ҳаёт юз ўгириш самарасидир.

Севикли дўстларим! Мусулмон киши Аллоҳдан юз ўгириши қизиқ эмасми?!

Мусулмон киши умрининг кўп қисмини ўз Хожасидан ғофилликда ўтказиши қизиқ эмасми?!

Ўзига бўлган Аллоҳнинг неъматлари унинг фақат юз ўгиришини ҳамда исён ва залолатини ошириши, Аллоҳнинг унга ҳалимлик қилиши, унинг гуноҳларини ўраб-яшириши унинг фақат залолатда чуқурлашишини, Аллоҳнинг амрларини назар-писанд қилмаслигини ва Ундан юз ўгиришини зиёда қилиши қизиқ эмасми?! Бир хил одам бўладики, Аллоҳ унга неъматларини тўхтовсиз бераётганига алданиб; Аллоҳ мени яхши кўргани учун бу неъматларини бермоқда, агар шу неъматларга муносиб бўлмасам, Аллоҳ ҳаргиз уларни менга бермаган бўларди, деб ўйлайди. Шу билан гуноҳларда давом этади, тоатларга бепарво бўлади. Бу бечора билмайдики, бу унга Роббул оламин томонидан қилинаётган истидрождир (яъни, ўзларига сездирмасдан секин-аста ҳалокатга етказишдир). Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбарлар саййиди айтганидек: «Агар Аллоҳ таолонинг маъсиятларга ботган бир бандага у яхши кўрадиган нарсаларни бераётганини кўрсангиз, билингки, бу Унинг тарафидан истидрождир» Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг: «Энди ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар. Бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (ҳалок қилиндилар)» (Анъом: 44, 45) оятларини ўқидилар». (Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар, Ҳофиз Ироқий ва шайх Албоний саҳиҳ санаганлар).

Бир хил одам бўладики, Аллоҳнинг унга бўлган ҳалимлигидан алданиб, Аллоҳнинг халқларига ва Аллоҳнинг бандаларига зулм қилади, одамларни Аллоҳнинг йўлидан ва Аллоҳнинг давъатидан тўсади, гуноҳу маъсиятларга ғарқ бўлади. Лекин, Аллоҳ азза ва жалла унга жазо беришни кечиктиради ва уни гуноҳлари билан ушламайди. Шунда бу бечора маъсиятни ҳақир ва гуноҳни арзимас нарса деб ўйлаб қолади, агар гуноҳ Аллоҳ наздида оғир иш бўлганида эди, Аллоҳ мени гуноҳимга яраша жазоимни берган, уни ортга суриб ўтирмаган бўларди, деб ўйлайди. Бу бечора билмайдики ё ўзини билмасликка соладики, Аллоҳ таоло муҳлатни кечиктириб туради, холос, уни эсидан чиқариб қўймайди ё бепарво қарамайди. «Саҳиҳайн»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло золимни маълум вақт ташлаб қўяди. Токи (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, қутулиб кета олмайди», дедилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).

Айрим одамлар бутун борлиғи билан дунёга шўнғиб кетади, бор вақтини, бутун ҳаракатини, фикри-зикрини унга сарфлайди. Бутун ғами дунё бўлиб қолади, унга эришиш йўлида ҳамма нарсадан, ҳатто охиратидан ҳам кечиб юборади.

Яна шу ҳолида: «Биз Аллоҳга гумонимизни яхши қиламиз» (яъни, Унинг раҳматидан умидвормиз), дейишади. Агар гумонларини яхши қилишганда эди, амалларини ҳам яхши қилишган бўларди.

Бу хил одамлар Аллоҳнинг йўлига йўлланмайдилар, эслатилса, эслатма олмайдилар, насиҳат қилинса, қабул қилмайдилар. Садоқатли ва омонатли одам уларни Аллоҳ йўлига йўлласа, унинг устидан куладилар, ўзларини бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ одамдек тутадилар.

Бутун ташвиши дунё... Бор мақсади дунё топиш... Ҳамма куч-тоқатини шу дунё учун сарфлаган, дунё у учун холис амаллари ва холис ибодати билан юзланадиган илоҳга айланиб қолган.. ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм.

Шунча ҳоли билан дунё матосидан Аллоҳ таоло у учун белгилаб қўйганидан ортиқча ҳеч вақога эришолмайди!! Анас, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит ва бошқалардан – розияллоҳу анҳум – ривоят қилинган ҳадисда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг ишини тирқиратиб ташлайди ва фақирлигини икки кўзи ўртасига қилиб қўяди ва Аллоҳ унинг шамлини (бирлигини) тарқатиб ташлайди, дунёдан эса унга фақат ўзига тақдир қилиб қўйилган нарсагина келади. Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига беҳожатликни жо қилади, унинг шамлини (тарқоқ ишларини) жам қилади, дунё унга ўз ихтиёри билан келади» (Термизий (№2467) ривояти, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№949) саҳиҳ санаган).

Ахир Аллоҳ таоло айтиб қўймаганми: «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).

Ахир Аллоҳ таоло айтиб қўймаганми: «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик» (Аъроф: 96).

Ахир Аллоҳ таоло айтиб қўймаганми: «Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!» (Нуҳ: 10-13).

Аллоҳ жалла ва ало дунёга берилиб кетишдан ва охиратдан ғофил бўлиб қолишдан қаттиқ огоҳлантириб айтган: «(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди!» (Такосур: 1, 2).

Яъни, сизлар дунё ва унинг йўқ бўлиб кетувчи ноз-неъматларига машғул бўлиб қолдингиз ва қабрга кириб, бор ҳақиқатни ўз кўзларингиз билан кўргандан кейингина огоҳландингиз.  

Қуръоннинг «қабрларни зиёрат қилиш» ибораси билан ифодалашида бир латиф ишора борки, қабрга қўйилган маййит гўё бир зиёрат қилувчидир ва албатта унинг зиёрати ниҳоясига етади ва бир кун келиб, Парвардигори ҳузуридаги ҳеч нарсани унутмай ва қолдирмай ёзиб қўйилган китобида (номаи аъмолида)ги ўзининг амалларини кўриш учун қабридан чиқиб келувчидир.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир). Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!» (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 45-49).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8).

Сиз шу оятларни эшитганмисиз ё ўқиганмисиз?!

Ким дунёга рози бўлиб, фақат у билангина хотиржам бўлса, бундай одам Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлиши, нафақат умидвор бўлиши, буни хаёлига келтириши ҳам амри маҳолдир.. Хўш, нима учун шундай?!!

Чунки, у дунё ҳаётининг ўзигагина рози бўлди, фақат ўша билан хотиржам бўлди.. Яъни, фақат дунёсини обод қилди, охиратини эса хароб қилди!!

Энди обод ўриндан хароба жойга ўтишни истамайди.

Ахир ким ҳам обод ва яшнаган масканни тарк этиб, харобазор ва чўл-саҳрога кўчиб ўтгиси келарди?!! Бундай бўлиши мумкинмас!! Биз дунёмизни обод қилдик, охиратимизни эса хароб қилдик, шунинг учун ўлимдан қўрқамиз, шунинг учун ўлимни ёмон кўрамиз! Чунки, обод масканимиздан харобазорга кўчиб ўтишни истамаймиз!

Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8).

Ҳа, инсон дунё косасидан истаганича сипқоради, нафси кусаганича симиради, охират ишларини эса пайсалга солади, уларни эсга соладиган ҳамма нарсадан кўз юмади. Охират ҳақида фикр юритмайди.. Аксинча, охиратни эсга солувчи Қуръон оятлари ўқилганда қўрқиб, қулоқларини беркитади!.. Ваъз-насиҳатлар ёзилган магнит тасмасини кўздан узоқроққа яшириб ташлайди!..

Ўз нафси олдида ўзини шармандаи шармисор қилишдан қўрқади, Аллоҳга чорловчи бирон шарит (кассета) эшитишни истамайди, Аллоҳнинг бирон бир амрини етказувчи сўзни эшитгиси келмайди, Аллоҳ қайтарган нарсадан тийилишни истамайди, Аллоҳ белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туришни истамайди!!

Эй ғофиллар ва эй қобиллар! «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20).

Бу Парвардигоримиз жалла ва алонинг каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони карим баён қилиб берган ушбу ҳақиқатлар жилосини яна-да сайқаллаб, яна-да очиқлаб берганлар. Қуръон таъкидлайдики, ким Аллоҳдан ғофил бўлса ва Аллоҳни унутса, Аллоҳ уни ўзига ўзини унуттириб қўяди.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир! Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришувчи зотлардир» (Ҳашр: 18-20). 

Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди» (Тавба: 67).

Аллоҳ таоло айтади: «Бас (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганларингиз сабабли (аламли азобни) тотингиз! Дарвоқе, Биз Ҳам (бугун) сизларни «унутдик». Қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотингиз!» (Сажда: 14).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу маъноларни таъкидлаганлар, дунё биз учун ғояга айланиб қолмаслиги учун бизга унинг моҳиятни баён қилиб берганлар. «Саҳиҳайн»да Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтганлар: «Қасамки, мен сизларга камбағаллик (зараридан) қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Имом Бухорий (8/12) ва Имом Муслим (4/2273, 2274) ривоятлари).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунё яшнаб турган, ширин нарсадир. Аллоҳ азза ва жалла қандай амал қилишларингизни кўриш учун сизларни унда халифа қилган. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар!..» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 911).

«Сунанут-Термизий»да келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша (искабтопар) қанотичалик қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди».

«Саҳиҳ Муслим»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилганмиди?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди. Кейин жаннат аҳлидан бўлган, дунёда турли машаққатларни бошидан ўтказган киши олиб келиниб, уни бир марта жаннатга киргизиб чиқарилади-да сўнгра ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон бир машаққат кўрганмидинг? Бошингга бирон бир қийинчилик тушганмиди?, деб сўралади. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Эй Роббим, ҳаргиз машаққат кўрмадим ва бошимга бирон қийинчилик ҳам тушмади», дейди».

«У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар. Улар унда осмонлар ва Ер бор экан (яъни абадий) қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларни дўзахда бир муддат турганларидан кейин чиқариши бундан мустаснодир). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир! Энди бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмон­лар ва Ер тургунча (яъни тоабад) турурлар, магар Парвардигорингиз (дўзахда бир муддат туришларини) хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларнинг жаннатга киришларининг кечиктирилиши бундан мустаснодир). Бу (яъни жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир» (Ҳуд: 105-108).

Эй Аллоҳим, Ўзингнинг фазлинг ва раҳматинг билан бизларни саодат аҳлидан қилгин, амалларимиз сабабли бадбахт кимсалар қаторида қилиб қўймагин. Сен бунга қодирсан, эй оламлар Парвардигори!

Севикли дўстим! Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ва улардан кейин келувчи содиқ мўминларга қуйидагидек васият қилардилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Ибн Умар, дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтардилар: «Кун ботса, тонгни кутма (яъни, тонггача яшайман деб ўйлама). Тонг отса, кеч киришини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил» (Имом Бухорий ривояти).

Шеър мазмуни:

Аллоҳнинг хўп оқил бандалари бор,

Дунёни талоқ қилдилар ва фитналардан қўрқдилар.

Дунёга боқиб, унинг тириклар учун ватан эмаслигини билдилар,

Уни тўлқин билиб, солиҳ амалларини кемага айлантирдилар.

 

Севикли биродарим! Умид қиламанки, сиз мазкур оят ва ҳадисларни нотўғри тушуниб қолмайсиз. Биз уларни келтириш билан одамларни дунёдан бутунлай юз ўгиришга чақирмоқчи эмасмиз. Йўқ, асло ундай эмас. Ислом дини иш-амал дини, жиддийлик дини, қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиш динидир. Шу билан бир қаторда биз одамларнинг охиратни бой бериш ҳисобига дунёга шўнғиб кетишларини истамаймиз. Истаймизки, улар на ҳаддан ошсинлар ва на сусткашликка йўл қўйсинлар. Билсинларки, Ислом бир вақтнинг ўзида дин ва дунёдир.

(давоми келгуси жумада)

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига