Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الدعوة أبقى من الداعية

 

Даъватнинг умри боқийдир

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

 Ислом Нури таржимаси

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Кунлар ўтмоқда, кетидан ойлар, ортидан эса йиллар кетиб боради. Йиллар ўзи билан инсон умрини ортмоқлаб боради, бир авлод ортидан иккинчи авлод ҳаётини олиб кетади.

Дунёда бизларни Ўзининг муҳаббати ва тоати устида бирлаштирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У Зотдан сиз-у бизни Ўзининг улуғлик диёрида, жаннатида ҳам саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилишини сўрайман.

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар битсин, хайрли мукофотлар билан мукофотласин.

Бугунги суҳбатимизни «Даъватнинг умри боқийдир» деб номладик ва уни бир неча муҳим нуқталарга бўлиб ўрганамиз.

Биринчи: Даъват умри даъватчи умридан боқийроқ.

Иккинчи: Аллоҳ таоло Ўз динига биздан бошқалар билан ҳам ёрдам бераверади.

Учинчи: Аллоҳга аҳд беражак иш режамиз.

Диққат билан қулоқ тутишларингизни умид қиламан.

 

Биринчи: Даъват умри даъватчи умридан боқийроқ

Ҳа, бутун инсоният фанога маҳкум, ақида ва даъват эса то қиёмат боқийдир..

Аллоҳнинг инсон ҳаёти учун тузиб берган манҳажи (дастури) уни одамларга етказадиган пайғамбарлардан, замонлар оша келувчи даъват соҳибларидан мустақилдир.

Даъват даъватчидан каттароқдир, даъватчидан боқийроқдир.. Даъватчилар келиб-кетаверадилар, даъват эса асрлар оша, авлоддан авлодга ўтиб, давом этаверади.. Даъватга эргашувчилар унинг биринчи манбаига, абадий Тирик ва мангу Барҳаёт Зотга боғланган ҳолда қолаверади.

Агар даъват даъватчиларнинг ўлими билан ўлиб кетганида, Ислом даъвати унинг биринчи рақамли даъватчиси ва даъватчилар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари билан ниҳоясига етган бўларди. Бинобарин, Аллоҳ таоло умматга бу дарсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва вужудлари билан таълим беришни истади.

Уҳуд жангида «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилган эмишлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этибдилар» деган хабар тарқалиб, жанг майдонидаги мусулмонларнинг қулоқларига етиб боргач, айримлар умидсизликка тушиб, Мадинага қайтиш тараддудига тушиб қолдилар, мушриклар билан жангни давом эттиришдан фойда йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари билан бу диннинг иши тамом бўлди, мушрикларга қарши урушиш ҳам тугади, деб ўйлаб қолдилар.

Аллоҳ жалла ва ало ушбу ҳодиса орқали мусулмонларни тарбиялашни, уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ҳам ушбу дин омонатини кўтаришга ҳозирлашни истади. Шундан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144). 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидирлар, Аллоҳнинг даъватини то Унинг ҳузурига қайтгунларича етказиш учун келганлар. Аллоҳ мангу барҳаётдир. Унинг даъвати ҳам то қиёмат давом этажакдир. Аллоҳнинг даъватини етказиш учун келган пайғамбар ўлдирилса ё вафот этса, мўминлар ортларига қайтиб кетишлари дуруст бўлмайди.

Гўё Аллоҳ таоло ушбу ҳодиса воситасида мусулмонларнинг Исломга боғланишларини бевосита Аллоҳга бўлган аҳдга айлантиришни истади, токи мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин ҳам бу масъулият ва бу аҳдга содиқ қолсинлар, чунки улар Аллоҳга аҳд бердилар, Аллоҳ олдида масъул бўлдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бу дарсни жуда яхши англаб, байроқни яна-да юқори кўтардилар, қонлари ва жонларига аралашиб кетган бу динни яна ҳам маҳкам ушладилар.

·                 Уҳуд куни бир гуруҳ мусулмонлар қўлларидаги қуролларини ташлаб, умидсиз ҳолда туришган эди. Шу пайт улар олдидан Анас ибн Назр ўтиб қолди ва: «Нимага қараб турибсизлар?», деб сўради. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар», дейишди. «Ундай бўлса, у зотдан кейин яшаб нима қиласизлар?! Туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган иш устида ўлинглар!», деди у, сўнг: «Эй Парвардигор! Мен мана булар – яъни мусулмонлар – қилган ишдан Сендан узр сўрайман, ана улар – яъни мушриклар – қилган ишдан поклигимни Сенга эълон қиламан», деди. Шундай деб олға интилди. Йўлида Саъд ибн Муоз дуч келиб: «Қаерга эй Абу Умар?», деб сўраган эди: «Оҳ, оҳ, жаннатнинг ҳидини топяпман эй Саъд, у Уҳуд томондан келмоқда», деди. Сўнг жангга шўнғиб кетди ва то ўлгунича уришди. Жангдан сўнг унинг жасадини таний олмадилар, фақат синглиси унинг бармоғидан таниб олди. Баданида саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқидан қолган жароҳатлар бор эди (Муттафақун алайҳ, Бухорий: 7/274, Муслим, Термизий: №3198, Аҳмад: 3/201 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

·                 Абу Дужона розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, келаётган ўқларга орқасини тутиб турар, ўқлар эса ёмғирдек ёғилар, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон зиён-заҳмат етмаслиги учун худди тошдек қимир этмай турарди.

·                 Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни мени Саъд ибн Рабиъни қидириб топиш учун юбордилар ва: «Уни кўрсанг, мендан салом айтгин ҳамда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳволингиз қандай, деб сўраяптилар», дегин», дедилар. Мен ўликлар ичида айланиб юриб, уни сўнгги нафасларини олаётган ҳолда топдим. Унинг баданида найза, қилич ва камон ўқларидан қолган етмишдан ортиқ жароҳат бор эди. Мен унга: «Эй Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга салом йўлладилар ва аҳволингиз қандайлиги билан қизиқдилар», дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтинг ва у зотга етказингки, мен жаннатнинг ҳидини топаяпман. Қавмдошларим ансорларга шу сўзларимни етказингки, агар сизлар ҳаёт бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душман қўли етгудек бўлса, Аллоҳ ҳузурида сизлар учун бирон узр йўқдир», деди, сўнг шу оннинг ўзида жон таслим қилди» (Ибн Ҳишом «Сийра»да (2/94, 95), Молик «Муваттоъ»да (2/465, 466) келтирганлар).

·                 Сиз билан бизга Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан фидокорлик дарсларидан зўр бир дарс бериб қўйган яна бир баҳодир ва мислсиз қаҳрамон Хубайб ибн Адий розияллоҳу анҳу эди.

Мушриклар Хубайбни анча вақт қамаб қўйишди, сўнг қатл қилишга қарор қилишиб, Ҳарамдан Танъимга олиб чиқишди. Осиб ўлдирмоқчи бўлиб турганларида Хубайб: «Менга имкон беринглар, икки ракъат намоз ўқиб олай», деди. Улар уни бўшатишди. У икки ракъат намоз ўқиди. Салом бергач: «Аллоҳга қасамки, агар ўлимдан қўрққанидан қилди, дейишларингиз бўлмаса эди, яна ҳам кўпроқ ўқиган бўлардим», деди. Сўнг: «Эй Аллоҳим, буларни бирма-бир ҳисобини олгин ва тирқиратиб ҳалок қилгин, улардан бирортасини ҳам қолдирмагин» деб дуо қилди, кейин қуйидаги шеърни ўқиди:

 

Атрофимда ғанимлар йиғилишиб яйрашди,

Қавму қабилаларни менга қарши қайрашди.

 

Мени баланд бир дарахт танасига боғлашди,

Хотин, бола-чақани яқинимга чорлашди.

 

Аллоҳга арз этаман ғурбату аламлардан,

Ўлим олдидан кўрган озору ситамлардан.

 

Арш соҳибининг Ўзи сабрли қилди жоним,

Шундан этим тилка-ю, бус-бутундир иймоним.

 

Менга: «Танла, ё куфр, ёки ўлим» дейилди,

Кўзларимдан ўша дам севинч ёши қуйилди.

 

Муслим бўлиб ўлсам бас, шунинг ўзи кифоя,

Фарқсиз умрим қай йўсин топишлиги ниҳоя.

 

Зеро, менинг ўлимим Аллоҳ йўлида бўлар,

Гар истаса жасадим Ўзи муборак қилар.

 

Қатли олдидан Абу Суфён унга: «Сенинг ўрнингда Муҳаммаднинг бошини танасидан жудо қилишимизни, сен эса ўз уйингда бўлишингни истармидинг?», деган эди: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен ўз уйимда бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари турган жойларида битта тикан кириб озор етказишини ҳам истамайман», деди (Бухорий «Ғазотлар китоби»да «Ражиъ ғазоти боби»да, Аҳмад «Муснад»да, Ибн Саъд, Ибн Ҳишом, Ибн Касир, Табарий ривоят қилганлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Аллоҳ таоло томонидан берилган мазкур дарсни ана шундай англаб етгандилар.

Дўстлар, биз ҳам бу дарсни яхши англаб етишимиз, валоъ (дўстлик, муҳаббат)имизни фақат Аллоҳ жалла ва алонинг Ўзига қилишимз, ибодат ва амалларимизни фақат Унинг Ўзига хослашимиз лозим бўлади.

Эй валоъ-муҳаббатларини даъватчиларнинг шахсиятига қаратганлар, уни ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига қаратинглар! Зеро, бевосита даъватнинг ўзига эмас, балки даъватчининг шахсиятига муҳаббат қўйилган қанчадан-қанча даъватларга гувоҳ бўлинганки, даъватчининг вафоти ёки бирон сабаб билан даъватидан узилиб қолиши оқибатида даъват ё бутунлай тўхтаб қолган, ё эса сезиларли даражада орқага кетиб қолган.

Шуни яхши билингки, бу билан биз фақат ўзимизга зарар етказамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун оламдан беҳожат, У Зотга бизнинг тоатимиз бирор фойда етказмагани каби, маъсиятимиз ҳам ҳеч қандай зарар етказолмайди. «Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).

 

Иккинчи: Аллоҳ таоло Ўз динига биз бўлмасак, биздан бошқалар билан ҳам ёрдам бераверади, келажак шак-шубҳасиз, шу динникидир.

Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақ дини бўлган ушбу динимизнинг ғалабаси ҳақида башорат берувчи хушхабарлар Қуръон ва Суннатда кўп келган.

Ушбу муҳим моддага диққат қилинг. Чунки, ҳозирда мусулмон уммати тушиб қолган хорлик ва заифлик ҳолатидан жуда кўпчилик мусулмонларнинг қалбларини умидсизлик ҳислари тўла қоплаб олганини кўриш мумкин.

Лекин, ишнинг узил-кесил якуни ботилнинг йўғонлигига эмас, балки ҳақнинг қувватига боғлиқдир. Ҳеч шубҳасиз, осмонлару ер у туфайли яратилган ҲАҚ биз билан биргадир. Қуйида айрим хушхабарларни келтирамиз:

(Давоми бор)

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига