Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

نحن أولى بعيسى منهم

 

Биз Ийсога улардан кўра яқинроқмиз

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, бизларни Ўзининг тоати устида жамлаган Аллоҳ таборака ва таоло барчамизни Ўзининг улуғлик ҳовлиси бўлмиш жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Биз Ийсога улардан кўра яқинроқмиз». Бугунги суҳбатимиз ана шундай номланган. Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Пайғамбарлар оға-инилардир.

Иккинчи: Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Исломдир.

Учинчи: Ийсо алайҳис-салом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.

Тўртинчи: Аллоҳнинг жаннатига олиб борувчи ягона йўл. 

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Зеро, суҳбат мавзуси анча муҳим мавзулардан саналади.

 

Биринчи: Пайғамбарлар оға-инилардир

Мусулмон биродарлар! Насроний олами ва уларга эргашиб мағлуб ва заиф мусулмон олами ҳам шу кунларда Ийсо Масиҳ алайҳис-салом мелодлари (рождество) муносабати билан катта-катта йиғинлар ва маросимларга ҳозир бўлмоқда. Шу билан бир пайтда насронийлар улуғ Парвардигоримиз Аллоҳ азза ва жалла шаънига жуда катта ҳақорат сўзни айтишади.

«Улар: «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг (оғирлигидан) — Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни У зот болага муҳтож эмас). Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйсунган ҳолда келур. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келувчидир» (Марям: 90-95).

Ийсо Аллоҳнинг ўғлидир дейдиганлар, Аллоҳ – Масиҳ ибн Марямнинг ўзидир дейдиганлар, Аллоҳ илоҳий учликнинг биридир дейдиганлар аслида одамлар ичида Ийсога энг узоқ бўлган ва Ийсога энг қаттиқ кофир бўлувчи кимсалардир. Одамларнинг Ийсога энг яқин бўлганлари Ислом ва тавҳид аҳли ва биринчи навбатда уларнинг йўлбошчилари ва раҳбарлари бўлмиш пайғамбарлар саййиди Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зот Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дедилар: «Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам одамлар ичида Ийсо ибн Марямга энг яқин кишиман». «Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. У зот: «Пайғамбарлар ота бир оға-инилардир, оналари бошқа, динлари бирдир», дедилар. (Бухорий: 6/353, 354, Муслим: №2365, Абу Довуд: №4675).

Пайғамбарлар оға-инилардир, уларнинг динлари ягонадир. Шу боис кимда-ким улардан битталарига кофир бўлса, барча пайғамбарларга кофир бўлган бўлади.

Инсофни қаранг.. Динимиз устуни бўлган адолатни қаранг..

Кимда-ким Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳис-саломга кофир бўлса, унинг биродари пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам кофир бўлган бўлар экан. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлиб, Ийсо алайҳис-саломга иймон келтирса, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлишдан ҳам аввал Ийсо алайҳис-саломга кофир бўлган бўларкан.

Ушбу сўзимга Қуръондан далиллар олиб келаман.

Аллоҳ таоло: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 105). 

Ваҳоланки, Нуҳ қавми фақат Нуҳ алайҳис-саломнинг пайғамбарлигини инкор қилган эди, Аллоҳ таоло Нуҳ қавмига Нуҳ алайҳис-саломдан бошқа пайғамбар юбормаган эди.

Шундай бўлгани ҳолда Аллоҳ таоло: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди. Чунки, биргина Нуҳни ёлғончи қилиш барча пайғамбарларни ёлғончи қилиш дегани эди.

Лут қавми ҳам фақат Лут алайҳис-саломни ёлғончи қилган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло: «Лут қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 160).

Од қавми эса фақат Ҳуд алайҳис-саломни ёлғончи қилган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло: «Од пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 122).

Самуд қавми эса фақат Солиҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло: «Самуд пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 141).

Бундан маълум бўладики, ким бир пайғамбарни ёлғончи қилса, унинг барча пайғамбар биродарларини ёлғончи қилган бўлади.

Аллоҳ таоло тавҳид аҳлига ушбу ҳақиқатни таълим берди ва улар унга иқрор бўлдилар, бўйсундилар ва иймон келтирдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида мўминларнинг бу иқрорини шундай баён қилди: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар» (Бақара: 285).

Пайғамбарлар башариятнинг узоқ тарихи йўлидаги бир ягона карвондир, рисолат юкини, ягона дин ва ягона манҳажни олиб келувчи муҳтарам ва мўътабар, улуғ ва маҳобатли карвондир.. Аллоҳ жалла ва ало наздида яҳудийлик, насронийлик, масиҳийлик, мусавийлик, иброҳимийлик деган номлар билан номланувчи дин йўқ, Аллоҳ наздида Одам алайҳис-саломдан тортиб то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ягона мақбул дин Ислом динидир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19). 

Суҳбатимиз давоми ана шу ҳақда давом этади.

 

Иккинчи: Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Исломдир

Ислом Одам алайҳис-саломнинг динидир.. У Нуҳ алайҳис-саломнинг, Иброҳим алайҳис-саломнинг, Ийсо алайҳис-саломнинг динидир..

Севикли биродарим! Аллоҳ сиз билан бизни нақадар улуғ фазлу марҳаматга лойиқ кўрганини тафаккур қилиб кўрсангиз, сизни муваҳҳид қилгани ва севикли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилгани шукронасига сажда қилиб пешонангизни ерга қўйишдан ўзингизни тўхтатолмай қоласиз.

Нуҳ алайҳис-салом мана шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Юнус» сурасида Нуҳ алайҳис-салом тилидан ҳикоя қилиб айтади: «Ва мен Унга бўйсунувчи-мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)» (Юнус: 72).

Иброҳим алайҳис-салом ҳам мана шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида Иброҳим алайҳис-салом ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитувчи, билувчисан! Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйсунувчи-мусулмонлардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишилар чиқаргин. Ва бизга (қиладиган) ибодатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруларимизни қабул эт! Шубҳасиз, сен тавбаларни қабул қилувчи, раҳмлисан» (Бақара: 127, 128).

Сўнгра Аллоҳ таоло шундай дейди: «Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан дунёда уни танлаб олдик ва у Охиратда шубҳасиз солиҳ (яқинларимиздан)дир. Эсланг: Парвардигори унга: «Бўйсун!» деганида: «Бутун оламлар эгасига бўйсундим», деди. Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!» (Бақара: 130-132).

Яъқуб алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида Яъқуб алайҳис-салом ҳақида шундай ҳикоя қилади: «(Эй яҳудийлар) ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» де­ганида: «Сенинг илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?» (Бақара: 133).

Лут алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Ваз-зарият» сурасида Лут алайҳис-салом ҳақида шундай ҳикоя қилади: «(Иброҳим) деди: «Эй элчилар, не юмуш билан келдингиз?» Улар айтдилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига) уларнинг устидан, Парвардигорнинг ҳузурида ҳаддан ошувчи кимсалар учун белгилаб қўйилган лой-сополдан бўлган (яъни, ҳар бир ҳалок қилинувчи кофирнинг номи ёзилган) тошни ёғдириш учун юборилгандирмиз. Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик. (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик» (Ваз-зарият: 31-36).

Юсуф алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: «Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна барча тушларнинг таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва Ерни яратган зот, дунёю охиратда Ўзинг ҳожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин» (Юсуф: 101).

Сулаймон алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Намл» сурасида Сабаъ маликаси тилидан шундай ҳикоя қилади: «(Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб, малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: «Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган-мусулмон бўлган ҳолингизда келингиз!» (Намл: 29-31).

Малика Билқийснинг ўзи ҳам Аллоҳ қалбини очган кунида айни шу Исломга кирган эди: «(Шунда малика) айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар ҳожаси — Аллоҳга бўйсундим» (Намл: 44).

Мусо алайҳис-салом ҳам шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида бу ҳақда шундай дейди: «Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!» (Юнус: 84).

Мусо алайҳис-саломга қарши майдонга тушган сеҳргарлар ҳам Аллоҳ уларнинг дилларини очганида айни шу Исломни қабул қилган ва ўша соатдаёқ Фиръавннинг таҳдидига жавобан: «Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!», деб дуо қилгандилар (Аъроф: 126).

И з о ҳ. Ислом таълимотига кўра, Одам Атодан тортиб то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача барча пайғамбарлар мусулмонликка, яъни ягона Аллоҳнинг Ўзига бандалик қилиб бўйсунишга даъват қилганлар. Улар гўё бир занжир бўлиб, у занжирнинг биринчи ҳалқаси Одам алайҳис-салом бўлсалар, охирги ҳалқаси Муҳаммад алайҳис-саломдир. Шунинг учун Мусо пайғамбарга иймон келтирган кишилар ҳам Аллоҳ таолодан фақат Унинг Ўзига бўйсунувчи, яъни мусулмон бўлган ҳолларида жонларини олишни илтижо қилдилар.

Балки, Ийсо алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни келтирган эди.

«Қачонки Ийсо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчи-мусулмонлармиз» (Оли Имрон: 52-53).

Аллоҳу акбар! Ҳатто, Ийсо алайҳис-саломнинг дини ҳам Исломми? Ҳа, шундай!.

Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир пайғамбарнинг ҳаворийлари – ёрдамчилари бўлган. «Ийсо: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчи-мусулмонларлармиз» (Оли Имрон: 52-53).

Пайғамбарларнинг энг сўнггиси, уларнинг саййиди ва имоми бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу Исломни энг мукаммал суратда олиб келдилар. Парвардигорлари у кишига шундай хитоб қилди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Балки, Ислом мўмин жинларнинг ҳам динидир, жинлардан ким иймон келтирса, шу Исломга киради: «Албатта бизларнинг орамизда мусулмонлар ҳам бордир ва (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Кимки мусулмон бўлса, демак ана ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар. Энди (йўлдан) озганларга келсак, улар жаҳаннам учун ўтин бўлган кимсалардир» (Жин: 14-15).

Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Исломдир!!

Шундай экан, бошингизни баланд кўтаринг эй мусулмон, эй Аллоҳ Ислом неъматига мушарраф айлаган биродар!

Мусулмон биродарлар! Ислом неъматининг фазлини куфр диёрларига бориб кўрган ва у ерда инсон кўнгли тилаган ҳар қандай ҳаёт неъмати билан тўла-тўкис таъминланган кишиларни кўрган киши яхши билади. Улар борлиқ илмини пухта эгаллаганлар.. Атомни майдалаб, ядро қуроли ишлаб чиққанлар.. Самолёт ва фазо кемаларини яратишган.. Алоқа ва коммуникация соҳасида эришган ҳайратомуз ютуқлари орқали улкан оламни гўё кичик бир қишлоққа айлантириб қўйганлар.. Оламдаги ҳамма нарсани биладилар.. Бироқ, ўз яратувчиларини билмайдилар..

Ҳамма нарсани билади, бироқ яратувчини танимайди!..

Агар сиз кекса ёшли энг содда отахонларимиздан ҳам «Парвардигорингиз ким?» деб сўрасангиз «Аллоҳ», деб жавоб беришади. «Динингиз нима?», деб сўрасангиз «Ислом», деб жавоб берадилар. «Пайғамбарингиз ким?» деб сўрасангиз, «Пайғамбарим Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломдирлар, мен у зотга ва у зотнинг барча пайғамбар биродарларига иймон келтираман», дейди. «Ийсога ҳам иймон келтирасизми?», деб сўрасангиз, «Ҳа», деб жавоб беради. «Марямни бузуқликда айблайсизми?», деб сўрасангиз, «Йўқ, Аллоҳ сақласин», деб жавоб беради.

Ер юзига юборилган ҳар бир пайғамбар мана шу Ислом билан, яъни Аллоҳ азза ва жаллага бўйсуниш ва таслим бўлиш дини билан юборилган.

Аллоҳ таолонинг Ўз улуғ пайғамбарига қилган мана бу хитобига қулоқ тутинг: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

(Давоми бор)

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига