Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Аллоҳ йўлидаги биродарлик қандай бўлади?

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ учун севган дўстларим! Бугунги суҳбатимизга ғоят муҳим мавзулардан бирини мавзу қилиб танладик. У «Аллоҳ йўлидаги биродарлик» деб аталади. Одатимизга кўра, суҳбатни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Аллоҳ йўлидаги биродарлик моҳияти.

Иккинчи: Биродарлик ҳақ-ҳуқуқлари.

Учинчи: Биродарлашишга олиб борувчи йўл.

Диққат-эътибор билан тинглашингизни, бутун вужудингиз қулоққа айланишини умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. У бунга Қодир Зотдир.

Биринчи: Аллоҳ йўлидаги биродарлик моҳияти

Севикли биродарларим! Кўриб турганингиздек, уммат бугун гўё сел кўпиклари мисол бир кўпикка айланиб қолди, бирдамлиги йўқолиб, сафлари пароканда бўлиб кетди. Кучлилар қолиб кучсизлар ҳам, ғолиблар қолиб мағлублар ҳам, яқиндагилар қолиб узоқдагилар ҳам ундан умидвор бўлиб, уни ўзига тобеъ қилишни орзу қила бошлади. Бугун уммат ер юзининг очкўз халқлари бемалол ва тортинмасдан қўл чўзадиган тайёр луқмага айланиб қолди. Уммат бугун кўриб турганингиздек, ер юзидаги энг хор ва энг ҳақир миллат бўлмиш маймунлар ва тўнғизларнинг оғалари учун тайёр ўлжага айланди, улар унинг ерларини оёқости қилмоқдалар, аёвсиз топтамоқдалар. Бунинг асосий сабаби шуки, олам бугун фақат куч-қудратга эга бўлганларни ҳурмат қилади, уммат эса бугунги кунда заиф аҳволга келиб қолган. Чунки, тарқоқлик заифликка, хорлигу оёқости бўлишга сабабдир, куч-қудрат эса бирдамликнинг, ўзаро дўстлигу муҳаббатнинг покиза самарасидир. Уммат ўз бирдамлиги ва куч-қудратининг асл-асосини йўқотган кундан, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган маънодаги «Аллоҳ йўлидаги биродарлик» ундан ғойиб бўлган кундан бошлаб мана шундай хорловчи ва шармандали кўринишдаги заифликка юз тутди. Зотан, ҳақиқий маънодаги биродарлик фақат соф, умумий ва мукаммал тавҳид ақидасига эга бўлиш билангина вужудга келади.

Ана шу маънодаги биродарлик амалий воқеликка ва ҳаёт манҳажига айланган куни у мусулмон жамоасини оддий қўйбоқарликдан бутун оламнинг пешволарига айлантирган эди. Ушбу порлоқ, ёруғ ва мунаввар воқелик даставвал Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаги мусулмонларни ранглари, кўринишлари, тиллари, ватанлари турлича бўлишига қарамай, бир-бирларига оға-ини тутинтирган кунларида жило тарата бошлаган эди. У зот қурайшлик Ҳамза, ҳабаший Билол, румлик Суҳайб, ғифорлик Абу Зарни биродарлаштирган ва оға-ини тутинтирган эдилар. Гўё мен ҳозир уларни кўриб тургандекман, улар бир овоздан гуриллаб мана бу шеърни ўқишаётгандек:

«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,

Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».

Улар бир овоздан Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини ўқишаётгандек: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 10).

Бу биродарлашишнинг биринчи босқичи эди.

Иккинчи мартасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилаларини улар ўртасида узоқ даврлар чўзилиб кетган ва ҳўлу-қуруқни баравар ёндирган оловли жанглар ва қонли урушларга барҳам берган биродарлаштириш амалиётини амалга оширдилар.

Сўнгра маккалик муҳожирлар билан мадиналик ансорлар ўртасини башарият тарихида мисли кўрилмаган ва асло кўрилмаяжак меҳр-муҳаббат ришталари билан мустаҳкам боғлаган биродарлаштириш намунасини кўрсатдилар. Ушбу биродарлашишда қалблар бир-бирига қўшилиб, руҳлар аралашиб кетганди. «Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирилган ушбу ҳадис мазкур биродарликнинг гўзал кўринишларидан бир кўринишни тасвирлаб беради:

«Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага (ҳижрат қилиб) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан Саъд ибн Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд дунёдор киши эди. У Абдурраҳмонга:  «Эй биродар, ансорлар мени Мадинанинг энг бойларидан деб билишади. Мен мол-мулкимни иккимизга тенг тақсим қилмоқчиман. Иккита хотиним бор, хотинларимдан ёққанини танла, уни талоқ қилай, иддаси битгач, сен унга уйлангин», деди. Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу: «Йўқ, Аллоҳ оилангга ва молингга баракот берсин. (Менга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўй», деди. Шундан сўнг унга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўйишди.) Абдурраҳмон олди-сотди қилиб озгина пишлоқ ва сарёғ фойда қилди. Бир неча кунлардан кейин кийимида сафрон (хушбўй модда) излари  кўринган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бу нима?», дедилар. Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, ансорлардан бир аёлга уйландим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга нима маҳр бердинг?», дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат бергин», дедилар» (Бухорий (№3781), Муслим (№1427) ва бошқалар ривоятлари).

Баъзан Саъд ибн Рабиъ замоналарини қўмсаб: «Оҳ, қани энди биродари учун бор мол-мулкини-ю аёлларини ҳам тақсимлашга тайёр ўша Саъд ибн Рабиълар?!!», деб қолинади.

Жавоб шуки: «Саъд ибн Рабиълар Абдурраҳмон ибн Авфлар билан бирга кетиб бўлишган».

Ҳа, «Саъддек саховатпешалик қила оладиган ким бор?!» деган саволга «Абдурраҳмон ибн Авфдек ўзини пок тута оладиган ким бор?!», деб жавоб берилса тўғри бўлади.

Бир киши салафлардан бирларининг ёнига бориб: «Қаерда қолди «Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ош­кора эҳсон қиладиган зотлар»?! (Бақара: 274)», деб сўраганида у зот: «Улар «Одамлардан тиланиб туриб олмайдиган» (Бақара: 273) кишилар билан бирга кетиб бўлганлар», деб жавоб берган эканлар.

Бу соф ва мукаммал тавҳид ақидасидан келиб чиққан ҳақиқий биродарлик кўринишларидан биргина кўриниш эди. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар ушбу ҳадис саҳиҳликнинг энг олий даражасида эканини билмаганимда эди, буни гўзал бир туш деб қабул қилган бўлсам керак эди.

Ҳақиқий ва содиқ биродарликдир бу, унинг ҳақиқати ана шундайдир! Зотан, Аллоҳ йўлидаги биродарлик фақат ақида ришталари билан, иймон ришталари билан, Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ришталари билан мустаҳкам боғланган бўлади ва бу ришталар асло узилиб кетмайди.

Аллоҳ йўлидаги биродарлик Аллоҳнинг жуда катта неъмати ва ҳақиқий мўминлар устига ёғдирган улкан файзидир, биродарлик Аллоҳ у билан пок ва закий мўминларни қондирадиган тоза шаробдир.

Шунинг учун Аллоҳ йўлидаги биродарлик иймоннинг ажралмас қисмига айлангандир. Қаердаки, иймонсиз биродарлик топилса, билингки, у манфаатлар тўқнашуви ва фойдалар алмашувидан бошқа нарса бўлмайди. Ҳақиқий биродарликсиз иймон бор бўлса, билингки, бу иймон нуқсонли бўлиб, унинг соҳиби даво ва муолажага муҳтождир. Бинобарин, Аллоҳ таоло иймон билан биродарликни битта оятда жамлаб зикр қилдики: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).

Аллоҳнинг мустаҳкам арқони билан боғланган ҳақиқий биродарлик Парвардигор азза ва жалла мўмин-мусулмонларга меҳрибонлик билан инъом этган улкан неъмат эди: «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар! Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади» (Оли Имрон: 102, 103).

Ҳа, биродарлик Аллоҳ таоло мўминларга инъом этган неъматдир. Аллоҳ таоло айтади: «У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 63).

Иккинчи: Биродарлик ҳақ-ҳуқуқлари

1) Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш

Абу Довуд ва Зиёул-Мақдисий Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун инъом этиб, (нолойиқ ўринга) Аллоҳ учун бермаса, иймонини комил қилибди».

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-раҳбар; Парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши» (Муттафақун алайҳ).

Сиз мана шу ҳадиси шариф ҳақида ҳеч тафаккур юритиб кўрганмисиз? Қуёш шундоққина бошлар устига яқин келтириб қўйилган кун.. Тиқилинчнинг ўзиёқ нафасларни бўғиб юборади.. Бутун башарият – Одам алайҳиссаломдан тортиб қиёмат қойим бўлгунича ўтган ҳар бир инсон боласи – маҳшаргоҳга йиғилган, жаҳаннам гувиллаб ётибди, уни  тортиб олиб келинган.. «У кунда (яъни, қиёмат кунида) жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Имом Муслим ривояти). Юраклар даҳшатдан ёрилгудек ана шундай оғир ҳолатда Аллоҳ таоло етти тоифа кишини Ўз соясида сояланишга чорлайди, у куни Унинг соясидан ўзга соя бўлмайди.. Ўша бахтли инсонлар ичида Аллоҳ учун бир-бирига муҳаббат қўйган, Аллоҳ учун бирлашиб, Аллоҳ учун ажрашувчи икки киши ҳам бўлади. Нақадар буюк каромат, нақадар ҳурмат-эҳтиром!!

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:  «Бир киши бошқа шаҳарда яшайдиган бир биродарининг зиёратига отланди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани жўнатди. Ҳалиги одам фариштанинг ёнига етиб келгач, фаришта ундан: «Қаерга кетяпсиз?», деб сўради. «Шу шаҳарда бир биродарим бор, уни зиёрат қилгани кетяпман», деди. «Унда сизнинг бирон ундириб оладиган ҳаққингиз борми?», деди фаришта. «Йўқ, мен уни фақат Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. Шунда у: «Мен сизга Аллоҳ жўнатган элчиман, сиз биродарингизни Аллоҳ учун қанча яхши кўрсангиз, сизни хам Аллоҳ шунча яхши кўрди», деди (Муслим (№2567) ривояти).

Имом Молик «Муватто»да, Имом Аҳмад «Муснад»да келтирган, шунингдек Ҳоким ҳам ривоят қилган ва Заҳабий саҳиҳ санаган ҳадисда айтилишича, Абу Идрис ал-Хавалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дамашқ масжидига кирган эдим, тишлари дурдек бир ёш йигит ўтирибди, атрофида одамлар йиғилган. Бирон нарсада ихтилоф қилиб қолсалар, унинг фикрига суянадилар, унинг сўзини муқаддам қўядилар. Мен у йигитнинг кимлигини сўраган эдим, Муоз ибн Жабал, деб жавоб беришди. Эртаси куни пешинга яқин келдим. Қарасам, у мендан ҳам эртароқ келиб, намоз ўқиётган экан. Кутиб турдим. Намозини тугатгач, олдига бориб, салом бердим. Сўнг унга: «Аллоҳга қасамки, мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман», дедим. «Аллоҳ ҳаққи?», деди. «Аллоҳ ҳаққи!», дедим. Яна: «Аллоҳ ҳаққи?», деди. «Аллоҳ ҳаққи!», дедим. Яна: «Аллоҳ ҳаққи?», деди. «Аллоҳ ҳаққи!», дедим. Шунда у ридоимдан ушлаб, ўзига тортди ва: «Хурсанд бўлаверинг! Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: «Аллоҳ таборака ва таоло деди: Мен учун бир-бирига муҳаббат қўйганларга, Мен учун бирга ўтирган кишиларга, Мен учун бир-бирларини зиёрат қилувчиларга ва Мен учун бир-бирларига инфоқ-эҳсон қилувчиларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди».

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иймон эгаси бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Сизларни бир-бирингизга муҳаббатли бўлишингизга сабаб бўладиган ишга йўллаб қўяйинми? Ўрталарингизда саломни ёйинглар!».

Биродарингизга чин кўнгилдан ва ҳарорат билан салом беринг, совуқ ва ҳиссиз саломлашманг.

Биз кўпинча саломлашиш ва кўришишнинг ҳароратини, қўл бериб кўришиш ихлосини ҳис қилмаймиз, қалб қалб билан кўришишини сезмаймиз!!

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар олтин ва кумуш конлари каби конлардир. Уларнинг Исломда яхшилари жоҳилиятда яхши бўлганларидир - агар динни тушунсалар. Руҳлар жамланган лашкарлардир. Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)».

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: Яхши одам яхшиларга мойил бўлади, ёмон кимса ёмонларга мойил бўлади. Руҳларнинг бир-бирига жинси мос келгани улфатлашади, мос келмагани бир-биридан юз ўгиради, деганининг маъноси шудир. Шунинг учун мўмин киши фақат ўзига ўхшаган иймон ва ихлос аҳли бўлган кишиларни яхши кўради, фақат қалби нопок мунофиқ кимсагина мўминни ёмон кўради. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур» (Марям: 96).

Яъни, унга бўлган муҳаббатни мўмин бандаларнинг дилларига жо қилиб қўяди. Мўмин киши бу мартабага фақат Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлгачгина ноил бўлади. Зеро, «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Бухорий (№3209), Муслим (№2637) ривоятлари).

Севикли дўстларим!

Киши қиёмат куни маҳшарда Ўзи яхши кўрган кишилар билан бирга туради. Агар покдомон ва яхши кишиларни – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб, у зотнинг саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган зотларни яхши кўрсангиз, Роббул оламийн хоҳласа, ўшалар билан бирга турасиз. Агар нопок кимсаларни, фисқу фужур аҳлини яхши кўрсангиз, зиёнкорлардан бўласиз ва Роббул оламийн хоҳласа, ўшалар билан бирга турасиз.

«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қиёмат қачон?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Қиёмат кунига нима ҳозирладинг?!», дедилар. «Ҳеч нарса, бироқ мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ўзинг яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен ўзинг яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан» деган сўзларидан хурсанд бўлганимизча ҳеч нарсадан хурсанд бўлмаганмиз. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакрни, Умарни яхши кўраман ва уларга бўлган севгим сабаб, гарчи улардек амал қилолмаган бўлсам ҳам, улар билан бирга бўлишни умид қиламан». (Бухорий (№3688), Муслим (№2639) ривоятлари).

Биз ҳам Аллоҳни гувоҳ қилиб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакрни, Умарни, Усмонни, Алийни ва барча саҳобаларни ҳамда уларнинг йўлларига эргашган барча-барча кишиларни яхши кўрамиз, Аллоҳ таборака ва таолодан Ўзининг фазли-карами билан – бизнинг амалларимиз билан эмас – ўша зотлар билан бирга тургизишини сўраймиз.

Киши бир биродарини яхши кўрса, буни унга билдириб қўйиши суннатга мувофиқ бўлади. Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоятлари, (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 421).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан бир киши ўтиб қолди. Шунда у зот ҳузурида бўлган кишилардан бирлари: «Мен шу одамни Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. «Ўзига буни айтганмисиз?», деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У: «Йўқ», деди. «Боринг, айтиб қўйинг», дедилар. У киши ҳалиги одамга бориб айтган эди, у: «Мени ким учун яхши кўрсангиз, Ўша зот сизни яхши кўрсин», деди (Абдурраззоқ ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3253).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлидан ушладилар ва: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», дедилар. Шунда Муоз: «Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен ҳам сизни яхши кўраман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга насиҳатим, эй Муоз, ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, Сени зикр қилишга, Сенга шукр қилишга ва чиройли ибодат қилишга менга Ўзинг ёрдам бергин», деб айтинг», дедилар» (Абу Довуд (№1522), Насоий (3/53), Ҳоким «Мустадрак»да (3/273) ривоят қилганлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига мувофиқ, мен ҳам Аллоҳни гувоҳ қилиб айтаманки, сизларнинг ҳаммангизни Аллоҳ учун яхши кўраман, Аллоҳ таолодан ҳаммамизни Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда У учун бир-бирларига муҳаббат қўйган кишилар билан бирга Ўз арши соясида жамлашини сўрайман. У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.

 

Иккинчи хутба

 (давоми келгуси жумада)

 

07/01/2010

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига