Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

 

وجوب الأمر بالمعروف والنهي عن المنكر

 

Амри маъруф ва наҳий мункарнинг фарзлиги

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Ислом Нури таржимаси

 

 

Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин. 

Аммо баъд...

Мўминлар бир-бирларига панд-насиҳат қилиб, яхшилик йўлларига йўллашлари, бир-бирларини ҳаққа ва ҳақ устида сабр қилишга тавсия қилишлари, ҳаққа зид бўлган ва Аллоҳнинг ғазабини келтириб, раҳматидан узоқлаштирадиган ишлардан огоҳлантиришлари энг катта вазифа ва энг улуғ ибодатлардан саналади. Аллоҳ азза ва жалладан қалбларимиз ва амалларимизни ислоҳ қилишини, Ўзининг динини англаш ва унда саботли бўлиш неъматини ато этишини, Ўзининг динига нусрат беришини ва Ўз калимасини олий қилишини, мусулмонларга бош бўлган жамики раҳбарларни ислоҳ қилишини ва уларни фақат яхшиликларга муваффақ қилишини, уларнинг атрофидаги кишиларни ҳам ислоҳ қилишини, бандалар ва юртлар ислоҳи йўлида барчаларига мадад беришини, барчаларини динда фақиҳ қилишини, дилларини Аллоҳнинг шариатини ҳукмрон қилишга ва унда барқарор бўлишга очишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Мусулмонлар! Амри маъруф ва наҳий мункар (яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш) мавзуси ғоят улкан ва аҳамиятга молик мавзудир. Чунки, умматларнинг манфаати ва нажоти унинг адо этилишига боғлиқ, уни эътиборсиз ташлаб қўйиш билан улкан хатар ва катта фасодлар вужудга келади, фазилатлар ўчиб, разолатлар зоҳир бўлади.

Аллоҳ таоло унинг Исломда тутган ўрнини Ўзининг улуғ Китобида баён қилиб берди, ҳатто баъзи ўринларда уни диннинг асли ва Исломнинг асоси бўлмиш иймондан ҳам муқаддам зикр қилди. Жумладан, қуйидаги оятда: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).

Амри маъруф ва наҳий мункарни иймондан ҳам муқаддам зикр қилинишидаги сир, бизнинг билишимизча, ушбу вазифанинг ғоят муҳимлиги ва унинг ортидан келадиган манфаатларни улканлиги бўлса керак. Хусусан, бизнинг асримизга келиб, мусулмонларнинг амри маъруф ва наҳий мункарга бўлган эҳтиёжлари ғоят кучайди. Боиси, ер юзини маъсиятлар қоплаб олди, аксар ўлкаларда ширк ва бидъатлар ёйилди.

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида, саҳобалар замонида, салафи солиҳлар замонида ушбу вазифани уддасидан чиққан ва қойилмақом қилиб адо этган эдилар. Кейинги даврларда жаҳолат кўпайиши, илм озайиши ва кўпчиликнинг ғофиллиги сабабли ушбу улкан вазифага бўлган эҳтиёж яна-да ортди.

Бизнинг асримизга келиб, айтиб ўтганимиздек, ёмонлик ва фасод кенг ёйилгани, ботилга чақирувчилар кўпайгани ва яхшиликка чорловчилар камлиги туфайли унинг аҳамияти яна ҳам кучайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу муҳим вазифани адо этишга буюрган, унга тарғиб қилган, Оли Имрон сурасида эса ҳатто уни иймондан ҳам муқаддам зикр қилган: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).

Оятдаги хитоб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига қаратилган бўлиб, улар Аллоҳ ҳузурида энг яхши ва энг афзал умматдирлар. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек: «Сизлар етмишта умматнинг тўлдирувчисисизлар, сизлар улар ичида энг яхшиси ва Аллоҳ азза ва жаллага энг мукаррамисизлар».

Аллоҳ пайғамбарларни нега юборган?

 

Амри маъруф ва наҳий мункар ўтган умматларда ҳам мавжуд эди, Аллоҳ таоло у билан пайғамбарларни юборди, у билан китобларни нозил қилди.

Маъруфнинг асли-асоси Аллоҳнинг тавҳиди ва Унга бўлган ихлосдир.

Мункарнинг асли-асоси эса Аллоҳга ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилишдир.

 Барча пайғамбарлар одамларни маъруфлар ичида энг улуғи бўлмиш Аллоҳнинг тавҳидига чорлаш ва мункарлар ичида энг каттаси бўлган Аллоҳга ширк келтиришдан қайтариш учун юборилганлар.

 Бану Исроил бу борада сусткашлик қилгач ва ушбу вазифани зое қилгач, Аллоҳ жалла ва ало улар ҳақида шундай деди: «Бану Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир» (Моида: 78).

Сўнг уларнинг бу исёнларини шундай изоҳлади: «Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!» (Моида: 79).

Буни уларнинг энг катта исёнлари ва тажовузлари деб атади ва юқоридаги оятни шу билан тафсир қилди. Бу эса мазкур вазифани тарк қилиш гуноҳи нақадар катта эканини англатади.

Аллоҳ жалла ва ало улардан бир умматни бу борада мақтаб, Оли Имрон сурасида шундай деди: «Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амал­лардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билувчидир» (Оли Имрон: 113-115).

Аҳли китобнинг бу тоифасига амри маъруф ва наҳий мункар ишини зое қилган кимсаларга етган нарса (яъни лаънат) етмади ва Аллоҳ таоло уларни мақтади.

Қуръоннинг Тавба сурасидаги бир оятда эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амри маъруф ва наҳий мункарни намоз ва закотдан муқаддам қилди, бу ҳам унинг шаъни нақадар муҳимлигини англатади.

Нима сабабдан ушбу вазифа муқаддам қилинди?

Аслида, амри маъруф ва наҳий мункар фарзи кифоя. Бироқ, шундай бўлгани ҳолда, ушбу оятда уни намоз ўқиш ва закот беришдан муқаддам қилинди. Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).

Бу ерда амри маъруф ва наҳий мункарни намоздан муқаддам зикр қилди, ваҳоланки, намоз Исломнинг устуни ва икки шаҳодатдан кейинги энг катта рукни эди. Хўш, бунинг боиси нимада?

Шубҳасиз, унга бўлган ҳожатнинг катталиги ва уни адо этиш зарурати кучлилиги бунга асосий сабабдир. Уни адо этиш билан уммат тузалади, у билан яхшиликлар кўпаяди, унинг ортидан фазилатлар зоҳир бўлиб, разолатлар йўқолади, уммат яхши ишларда бир-бирига кўмакчига айланади, бир-бирига насиҳат қилади, Аллоҳ йўлида жиҳод қилади, барча яхшиликларга қўл уриб, барча ёмонликдан тийилади. Уни зое қилиш ва ундан ғофил бўлиш билан эса улкан мусибатлар ва кўп ёмонликлар ҳосил бўлади, уммат парчаланади, диллар тош қотади ё ўлади, разолатлар фош бўлади ва тарқалади, фазилатлар йўқолади, ҳақ зое бўлади, ботилнинг овози кўтарилади. Бу маъруфга буюрилмайдиган ва мункардан қайтарилмайдиган ҳар бир жойда, ҳар бир давлат, шаҳар ва қишлоқда бўлган воқеъ иш бўлиб, у ерларда разолатлар ёйилади, мункарлар зоҳир бўлади, фасод ҳукм суради. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

Раҳмат аҳли

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчиларни, намоз ўқувчиларни, закот берувчиларни, Аллоҳ ва Расулига итоат қилувчиларни раҳмат аҳли (яъни Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлувчилар) деб атади ва шундай деди: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) берадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).

Ушбу оят далолатига кўра, Аллоҳнинг раҳматига Унга итоат қилиш, Унинг шариатига эргашиш ва хусусан, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш билан эришилар экан.

Аллоҳнинг раҳматига Қурайшдан ё Бану Ҳошимдан ё фалонийлар авлодидан бўлишдек насл-насаблар орқали, шунингдек қуруқ ва пуч орзу-умидлар билан эришиб бўлмайди. Унга мансаблар орқали, чунончи, подшоҳ ё мамлакат ҳукмдори ё вазир ё бошқа бирон мансабдор бўлиш билан эришиб бўлмайди. Унга мол-давлат ва тижоратлар билан, корхоналарнинг кўплиги ва шу каби инсонлар ичида эътиборли бўлган ишлар билан эришиб бўлмайди. Унга фақат Аллоҳга ва Расулига итоат қилиш ва шариатига эргашиш билан эришилади. Бу ишлар ичида энг улуғи, албатта, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, намоз ўқиш, закот бериш ва барча ишларда Аллоҳ ва Расулига бўйсунишдир. Ана шундай кишилар раҳмат аҳли саналадилар, ўшаларгина ҳақиқатан Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўладилар, ўшалар Аллоҳдан ҳақиқий қўрқадилар, уни ҳақиқий улуғлайдилар.

Гарчи ўзини Аллоҳдан қўрқадиган ва Ундан умидвор қилиб кўрсатса ҳам, Унинг буйруғини зое қиладиган ва қайтариғидан тийилмайдиган кимсадан ҳам золимроқ киши бўладими?!

Аллоҳни ҳақиқий улуғлайдиган, Ундан ҳақиқатан қўрқадиган ва умидвор бўладиган киши Унинг амрини бажо келтирувчи, Унинг шариатига эргашувчи, Унинг йўлида жиҳод қилувчи, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасида айтади: «Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир» (Бақара: 218).

Аллоҳ таоло иймон келтирган, жиҳод қилган ва ҳижрат қилган кишиларни иймонлари, жиҳодлари ва ҳижратлари сабабли Ўзининг раҳматидан умидвор қилди. У: «Катта қасрлар қурганлар, ё улкан тижорат эгаси бўлганлар, ё мансаблар эгаси бўлганлар, ё насл-насаблари юқори бўлганлар Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўладилар», демади, балки «Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир», деди. Демак, раҳматдан умидвор бўлиш ва азобдан омонлик Аллоҳ ва Расулининг тоати билан, шу жумладан амри маъруф ва наҳий мункар қилиш билан бўларкан.

Ичларингизда бир уммат бўлсин...

Бошқа бир оятда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нажотни яхшиликка даъват қилувчилар ва маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчиларга чеклади: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).

Яъни, Аллоҳ таоло яхшиликка чорлаш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш сифатига эга кишиларни нажот топувчилар деб баён қилди. Маъно шуки, гарчи бошқа мўминлар ҳам агар бирон шаръий узр сабабли ушбу сифатлардан холи бўлсалар, нажот топувчи бўлсалар-да, мазкур сифат эгаси бўлганлар мукаммал ва тўла-тўкис нажот топувчи бўладилар.

Аммо, амри маъруф ва наҳий мункарни бошқа мақсад ва ғаразлар билан қиладиган, масалан риё, сумъа ё мол-дунё ё бошқа сабаблар учун қиладиган, ё эса маъруф ишлардан ўзини тортиб, мункар ишларни қиладиган кишилар энг нопок ва оқибатлари аянчли кимсалар бўлади.

«Саҳиҳайн»да Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, улар атрофида тегирмон айлантираётган эшакдек айланиб юради. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сизга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидингиз ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди».

Иши сўзига тўғри келмаган кимсанинг ҳоли шу бўлади, Аллоҳ сақласин, уни дўзахга улоқтирилади, халойиқлар кўзи олдида шармандаи шармисор бўлади, жаҳаннам аҳли ҳам унинг ҳолидан ҳайрон бўлади, жаҳаннам ичида тегирмон тошини айталнитарётган эшакдек ичакларига ўралашиб айланади. Нима учун?! Чунки, у яхшиликка буюрарди, бироқ ўзи қилмасди, ёмонликдан қайтарарди, бироқ ўзи қилаверарди!

Шундан маълум бўлдики, яхшликка буюриш унга амал қилиш билан, ёмонликдан қайтариш эса ундан тийилиш билан бўлар экан. Бу ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифадир, бу Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида баён қилган ҳамда тарк қилган кишиларни огоҳлантирган ва лаънатлаган улуғ вазифадир.

Ислом аҳли Роббилари азза ва жаллага итоат қилиб, Унинг амрига бўйсуниб, Унинг жазосидан сақланиш учун ушбу вазифани қадрлашлари, уни адо этишга шошилишлари ва уни ўзларига лозим тутишлари вожиб бўлади.

(Давоми бор)

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига