Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الأزمة السكانية ...  والحلول الغائبة

Аҳоли сонининг ортиб кетиши танглиги ва ғоибона ечимлар

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Аҳоли сонининг ортиши бўҳрони ва ғоибона ечимлар» деб номладик. Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида уни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш.

Иккинчи: Ўйлаб топилган муаммо ва яширин адоват.

Учинчи: Таклиф этилаётган ечимлар:

        Наслни чеклаш;

        Турмуш қуриш ёшини кечиктириш;

        Аборт (ҳомилани тушириш).

Тўртинчи: Ғоибона ечимлар.

 

Биринчи: Ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш

Бу кураш тарихи жуда узоқларга бориб тақалади. У ҳақ ва ботил ўртасидаги, иймон ва куфр ўртасидаги, фазилат ва разолат ўртасидаги, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги курашдир. Жангу-жадаллари ҳеч тўхтамайдиган, алангаси асло сўнмайдиган, доимий курашдир у.

Қайси бир даврларда ҳақиқат кичрайиб, мағлуб бўлганга ўхшаб қолади.. Ботил эса шишиб, гупириб, ғолибдек кўринади..

Лекин, содиқ мўминларнинг бир улкан ҳақиқатга бўлган ишончларига, осмонлар-у ер унга бино бўлган, ақидалар ва даъватлар унинг асосига барпо бўлган абадий ва азалий қонуниятга бўлган ишончларига заррача ҳам шак-шубҳа аралашолмайди.

У ҳақиқат шуки, ботилнинг куч-қудрати ва зўрлиги ҳар қанча ортмасин, унинг давлати ва савлати ҳар қанча кучаймасин, барибир ҳақ абадий ғолиб, ботил эса ўчиб, йўқ бўлувчидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Биз Ҳақ (Қуръон)ни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур» (Анбиё: 18).

«Яна айтинг: Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81).

Бу Ҳақ таолонинг Ўзи таъкид лафзи билан баён этган улкан ҳақиқатдир.

Гарчи, бир қарашда ботилнинг давлати ва савлати кучайиб бораётган кўринса ҳам, ботил гупириб ва кўпириб бораётгандек бўлса ҳам, лекин аслида у ожиз ҳас-ҳашакдир.. Қуруқ хашакка ўт кетганда гуриллаб, алангаси баланд кўтарилгани билан тезда ўчиб, кулга айланади. Ёки сув бетидаги кўпик ҳар қанча кўпиргани билан тезда йўқ бўлиб, сувнинг ўзи қолади.

Ботил ҳар қанча узоқ давр сурмасин, албатта йўқолгувчи нарсадир. Бу Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасидир.

Иймон таъмини тотган ҳар бир мўмин у билан бирга ана шу ваъданинг ҳаловатини ҳам тотган бўлади. Ахир Аллоҳ таолодан кўра ҳам ростгўйроқ ким бор?!

Бугунги мавзумизни мана шу мўжазгина муқаддима билан бошлашни истадим. Чунки, ҳозирда кураш босқичларидан хатарли бир босқичга гувоҳ бўлмоқдамизки, унда ботил шишган ва гупиргандир, осмонлар-у ер, жаннат-у дўзах у туфайли яратилган, у туфайли китоблар туширилган ва пайғамбарлар юборилган ҳақ эгаси бўлган ҳақиқий бошқарув уммати ғафлатга чўмгач, башариятга раҳбарлик тизгини бугун нафрат ва адоватга тўлган ғарбнинг қўлига ўтгандир.

Ушбу босқичдаги хатарнинг кўз илғамас томони шундаки, ғарб гоҳ у йўл билан, гоҳ бу йўл билан мусулмон жамиятларини худди ўзи яшаб турганидек ақидадаги емирилиш, ахлоқий бузуқлик ва ижтимоий фасодга мажбурлашни истайди.

Улар бу билан ислом олами ғафлат уйқусидан уйғониб қолмаслигини ва у жиноятчилар оёғи остига ташланган ширин луқма бўлиб қолаверишини исташади.

Шунинг учун ҳам улар бугунга келиб, дилларидаги Ислом ва мусулмонларга нисбатан яширин нафрат ва адоватларини ошкор қилувчи яна бир сохта муаммони ўйлаб топишди.

Суҳбатимизнинг иккинчи бўлимида шу ҳақда сўз боради.

 

Иккинчи: Ўйлаб топилган бўҳрон ва яширин адоват

Улар оммавий ахборот воситаларида «аҳоли сонининг ошиб кетиши танглиги» ёки «демографик портлаш» деб аталган шов-шув кўтарувчи мавзуни кўтариб чиқишди. Аҳоли ва Тараққиёт Халқаро Конференцияси (International Conference on Population and Development) ёйинлаган ҳужжатда айтилишича, 2050 йилга бориб, дунё аҳолиси сони энг паст кўрсаткичлар бўйича 7,8 миллиардга, энг юқори кўрсаткичлар бўйича эса 12,5 миллиардга етар экан.

Уларга кўра, бу ғоят улкан миқёсдаги фалокат бўлиб, иқтисодий тараққиёт борасидаги ҳар қандай режани барбод қилади. Чунки, мавжуд ресурслар шу қадар кўп сонли оч оғизларнинг эҳтиёжларини таъминлашга асло етмайди!!

Манманлик ва ғурурга берилган бу инсон унутдики, ер юзидаги аҳолишунослик мавзусидаги ҳеч бир конференция аҳоли сонини уларнинг яратувчиси бўлган Зот истаган миқдордан бошқасига чеклашнинг уддасидан чиқолмайди, янги-янги авлодлар бу ҳаётга ўз яратувчиларининг амри билан кириб келаверади, генлар бўйича муҳандислар буйруғи билан эмас.

Эртанги кунда ҳаётга келадиган ёки келмайдиган, яратиладиган ёки яратилмайдиган кишилар ҳақида қонунлар чиқариб, уларга қарши кураш олиб бораётган анавиларнинг ўзлари эртага тириклар орасида бўлиш ё бўлмасликларини билмайдилар. Зотан, ҳар қанча узоқ умр кўрмасин, ҳамма бу дунёни ташлаб кетишга мажбур!!.

Бир нарсани яхши билмоғимиз зарурки, ғарбни бугунги кунда ривожланаётган – хусусан исломий – мамлакатларда юзага келаётган бу тангликка ечим топиш учун бу қадар ғайрат билан ҳаракатга тушишга ва уни ҳал қилиш учун куйиб-пишиб уринишга унинг ушбу мамлакатларга бўлган муҳаббати ва уларнинг аҳолисига бўлган ачиниш ҳисси ундамади асло. Йўқ, йўқ, асло ундай эмас!

Бу оч оғизлар очдан ўлиб кетадими, яшаб қоладими, бу нарса ғарбни асло қизиқтирмайди.. Ахир шу ғарб эмасми ушбу мамлакатлар халқларини ўта ваҳшийлик билан қирғин қилаётган, уларни вайронагарчилик келтирувчи даҳшатли қуроллар билан ҳалок қилаётган?!.. Ахир шу ғарб эмасми ўзи уларни ривожлантириш ва бахтли қилиш учунгина бу ерларга келганини айтаётган шу давлатларнинг минглаб аҳолиси очликдан қирилиб кетаётган бир пайтда ўзининг ортиқча (хомашё ва озиқ-овқат) ресурсларини океанга улоқтираётган?!. Ўтакетган гўл ва ортиқча содда одамларгина кўрмаслиги мумкин ғарбнинг ёлғончилигини!!

Шу нарсани яхши билиб олиш зарурки, ғарб жаҳондаги кучлар мезони мусулмон мамлакатлар фойдасига ўзгариб кетишидан қўрққани учунгина мусулмонлар наслини чеклашга шу қадар ғайрат билан ҳаракат қилиб қолди! Биз бу гапни жароҳатга малҳам қўйиш ёки алам-оғриққа таскин бериш учунгина айтмаяпмиз. Йўқ, бу гапларни биз ғарбликларнинг жуда кўп мусулмонлар ва уларнинг ҳокимлари ғофил бўлган тадқиқотларига суяниб туриб айтмоқдамиз.

 

Сиёсатшунос ва социолог олимлар:

Бир неча йиллардан бери Европа ва Американинг сиёсатшунос ва социолог олимлари агар ер юзидаги аҳолининг ўсиб бориши бугунги аҳволида бир хилда давом этаверса, бунинг Европа ва Америка нуфузига таъсир қиладиган оқибатидан қаттиқ огоҳлантириб келмоқдалар, чунки бу ҳолда ривожланаётган мамлакатлар халқлари ер куррасининг мутлақ кўпчилик қисмига айланади. БМТнинг аҳолишунослик бўйича мутахассислари тахминларича, йигирма биринчи аср ниҳоясига бориб, Европа ва Американинг бир кишисига учинчи дунё аҳолисидан ўн саккизта одам тўғри келар экан. Париждаги халқаро аҳолишунослик марказларидан бирининг масъул шахси ибораси билан айтганда: «агар ўсиш суръати шу ҳолда давом этса, келажак улкан фалокатдан огоҳлантирмоқда».

 

Паул Шмис:

Олмониялик файласуф Паул Шмис бу қўрқувни қуйидаги иборалар билан ифодалайди:

«Мусулмонларда улкан таъсир кучига эга бўлган иккита унсур мавжуд:

1) Аҳолисининг мунтазам ортиб бориши;

2) Хом ашёлар.

Бу икки унсур ислом оламининг ўсиб бораётган куч-қуввати манбасидир...

Мусулмон шарқ ўлкаларида аҳолининг ўсиб бориши фактори охири бориб, шарқ ва ғарб ўртасидаги куч-қувват мезонида кучли силкиниш пайдо бўлиши эҳтимоли борлигини кўрсатади. Тадқиқотлар кўрсатишича, бу минтақа аҳолисида Европа халқларига нисбатан кучли ўсиш мавжуд. Аҳолиси сонининг ортиб бориши шарққа тез орада, бир неча ўн йиллар ичида ҳукмронликни қўлга олиш имконини беради».

 

Қочқинлар ишлари бўйича собиқ комиссар:

БМТ қочқинлик ишлари бўйича собиқ комиссари ҳам бу ҳақиқатни очиқ-ойдин суратда таъкидлайди:

«Учинчи дунё ва хусусан Африка мамлакатлари аҳолисининг мунтазам суратда ортиб бориши Европа мамлакатлари хавфсизлигига бевосита жиддий таҳдид туғдиради».

 

Америка мудофаа вазирлиги:

АҚШ Мудофаа Вазирлиги ўзининг стратегик тадқиқотлар маркази орқали тадқиқотлар силсиласини ўтказди.

Ушбу тадқиқотларнинг энг муҳим хулосалари қуйидагилардир:

– Учинчи дунё аҳолисининг ортиб бориши Американинг стратегик манфаатларига фалокатли тарзда таҳдид солади.

– Учинчи дунё мамлакатлари аҳолиси сони ўсишини тўхтатиш ва наслини чеклаш ҳаракатларига Қўшма Штатлар замонавий қурол-аслаҳалар ишлаб чиқаришга бераётган эътиборидан кам бўлмаган даражада эътибор қаратмоғи зарур.

Ушбу ҳисоботда тилга олинган қуйидаги рақамларни ёдда сақлаб қолинг:

Аҳоли сонини камайтириш халқаро программаси учун сарфланадиган маблағ миқдори 17 миллиард долларни ташкил қилади.

Ушбу маблағдан 11 миллиард доллари ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади, яъни шунча миқдордаги маблағни ўша меҳрибон ғарбликлар ривожлантириш ва тараққий эттиришни истаётган бечора камбағал давлатлардан ундириб олинади.

Бу миллиардларнинг ҳаммаси наслни чеклашга сарфланади, ундан бир доллари ҳам аҳолини тараққий эттириш ва ривожлантиришга сарф бўлмайди, бу ялтироқ сўзлар билан улар бизнинг устимиздан кулишни исташади, холос!

Ҳаммасидан ҳам қизиқроғи, бу маблағларни камбағал мамлакатлардан қандай қилиб йиғиб олинади?

Жаҳон банки президенти бунга шундай жавоб беради: «БМТ махсус резолюциясига кўра, ушбу давлатлардан ҳар бир давлат бу маблағни ўз қуролли кучларига сарфлайдиган маблағларидан чегириб беришга мажбур қилинади».

Парда ортидаги мана шу кўринишнинг ўзиёқ ҳозирда Америка ва ғарб давлатлари БМТни ҳам ишга солиб, ислом оламини ўсишдан тўхтатиш учун барча воситаларни қўллаб, олиб бораётган кучли ҳаракатлар кўламини кўрсатиб беради. Бу ҳаракатлар улар даъво қилаётганларидек, учинчи дунё мамлакатлари аҳолиси саломатлиги йўлида қилинаётгани йўқ.. Улар ёлғонлаётганидек, бу мамлакатларни ривожлантириш мақсадида ҳам эмас..

Балки, ўз нуфузларини, ҳукмронликларини ҳимоя қилиш учун, жаҳон сиёсати устидан назоратни ўз қўлларида ушлаб қолиш ва яна ҳам маҳкамлаш учун қилмоқдалар, холос!!.

Сўзимизга далил шуки, улар бу қарорни аслида наслнинг камайишини бошдан кечираётган Сурия, Ливия, Судан, Ироқ, Урдун, Ливан каби давлатларга ҳам бирдек татбиқ этилишини айтадилар.

 

Учинчи: Таклиф этилаётган ечимлар:

Ушбу ғояни амалга ошириш йўлида конференция аъзолари тарафидан бир қанча ечимлар таклиф этилдики, бу гаплардан ё йиғлашингизни ё кулишингизни билмайсиз!

– Лондонлик катта бир жарроҳ муаммонинг ечими сифатида олдинга сурган таклифга кўра, аҳоли сони ортишининг олдини олиш учун генетик муҳандислик йўли билан эркак ва аёлларда бепуштлик келтириб чиқарувчи вируслар яратиш лозим, шунда муаммонинг илдизига болта урилган бўлади. Ўшандай вируслар яратилгунга қадар эса фарзанд кўриш фақат соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати билангина амалга ошиши лозим, рухсатсиз фарзандни дунёга келтирган оила катта миқдордаги жаримага тортилиши, тиббий таъминдан (суғуртадан) ва маошдан маҳрум этилиши, иккинчи маротаба қайтарилганда эса хатарли жиноятчиларга қилингандек муомала қилиниши ва қамоққа ташланиши лозим бўлади.

– Америкадаги Стэнфорд университетидан келган яна бир «даҳо эгаси» ушбу демографик муаммога бошқачароқ ечим таклиф қилиб, шундай деди:

«Мен учинчи дунё мамлакатларига экспорт қилинадиган буғдойга ҳомиладорликнинг олдини олувчи дорилар аралаштиришни таклиф қиламан!!»..

Бу сурбет кимсага ўхшаганлар назарида гўё учинчи дунё мамлакатлари товуқ фермалари ёки тажриба сичқонлари сақланадиган жой экан!!.

– Ислом давлатларида аҳоли сонининг ортиб кетиши муаммосига ечим сифатида ўртага ташланган таклифлар ичида албатта аборт (ҳомилани тушириш) орқали наслни камайтириш таклифи ҳам бўлди. Айримлар уялмасдан ва қўрқмасдан бу таклифни қўлладилар, айримлар эътироз билдирдилар. Мен ҳозир бу ишнинг шаръий ҳукмини баён қилиб ўтирмайман, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, динимизда бунинг ҳукми аниқ-тиниқ белгилаб берилган.

– Конференцияда муаммонинг ечими сифатида яна бир «қизиқ» таклиф ҳам ўртага ташланди. Яъни, турмуш қуриш ёшини кечиктириш керак экан.

Турмуш қуришга лаёқатли инсон бу ишни кечиктириши учун бошқача йўллар билан жинсий эҳтиёжини қондиришига тўғри келади. Биз бу гапни ушбу таклифни ўртага ташлаганларга қарши фикр билдириш мақсадида айтмаяпмиз, балки конференция ёйинлаган ҳужжатда бу ҳақда очиқ-ойдин айтиб қўйилган сўзлар бор. Жумладан, унда айтилишича: «Ҳукуматлар турмуш қуришга, шунингдек, алоқанинг бошқача кўринишларига тааллуқли бўлган ҳатти-ҳаракатларда мажбурлаш ва ажратиб қўйиш кўринишларига барҳам бериш учун фаол чораларни кўришлари зарур...»

Алоқанинг бошқача кўринишлари дегани ношаръий алоқалар, яъни эркак кишининг эркак киши билан, аёл кишининг аёл киши билан жинсий алоқага киришиши бўлиб, бу алоқа наслнинг кўпайишига олиб келмайди ва наслни чеклашга энг яқин йўл билан етказади!!..

Юқорида зикр қилинган «олим»лар ривожланиш ва тараққиётнинг энг биринчи сабабчиси аҳолининг кўпайиши эканини ё инкор қилдилар ё эса бу омилдан кўр-кўрона кўз юмиб ўтиб кетдилар. Аслида, ер юзида ишлаш ва ихтиро қилиш қудратига эга ягона мавжудот бўлган инсондан кўра қимматлироқ бойлик йўқдир. Аҳолининг зичлашиши табиий ресурслар қаторига киради, йўқ қилувчилар ҳисобига кирмайди.

Агар ҳукуматлар ушбу фаол унсур (омил)дан илмий-амалий жиҳатдан тўғри фойдалана олса, куч-тоқатларни емирадиган қаттол бюрократия ва тош қотган тартиб-қоидаларни ўзидан улоқтира олса ҳамда жиддий амаллар ва фаол ихтирочиликларга йўл очиб берса, ўшанда аҳолининг зичлиги улар айтаётганидек азоб эмас, балки улкан неъматга айланган бўлар эди.

Сўзимга далил сифатида айрим мисоллар келтираман:

Япония Миср территориясидан анча кичик территорияга эга бўлгани ҳолда, аҳолиси сони 120 000 000 (бир юз йигирма миллион)дан ортади. Шундай бўлса-да, Япония жаҳон бозорларида Америка иқтисодининг энг биринчи рақобатчиси саналади, ҳатто ҳозирга келиб Америка Японияга ўз бозорларини Америка товарлари учун очиб беришини, акс ҳолда унга қарши қатъий чоралар кўришини айтиб, очиқ таҳдидлар қилишга ўтди.

Япония фақирлик ва очлик нималигини билмай яшамоқда, ҳатто у ҳозирда Америка фоизларидан зиёда фоизларга эга. Ҳолбуки, Японияда на нефт, на кўмир, на темир рудаси мавжуд. Лекин, у энг қимматбаҳо хазинага, яъни инсон омилига эга.

Гонг Конг, Сингапур, Жанубий Корея ва бошқа олға қараб шитоб бораётган Осиё қоплонлари ҳақида ҳам айни шу гапларни айтиш мумкин.

Жаноблар, муаммо улар айтаётгани каби аҳолининг кўплигида ҳам, ресурсларнинг етишмаслигида ҳам эмас. Йўқ, асло ундай эмас.

Тадқиқотлар кўрсатишича, Миср аҳолисининг 98,8 фоизи Миср ҳудудининг ўта тор лентаси бўйлаб, яъни Нил водийси ва Делта атрофида ўта зич жойлашиб, истиқомат қилади. Ваҳоланки, бу масофа тахминан 1 000 000 (бир миллион) квадрат километр майдонга эга мамлакат ерининг бор-йўғи 4 (тўрт) фоизини ташкил қилади.

Аммо, мамлакат майдонининг 96 фоизини ташкил қилувчи саҳро минтақаларида бор-йўғи 671 000 (олти юз етмиш бир минг) киши истиқомат қилади.

Аммо, минг афсус, аҳоли жойлашувидаги бу қадар номутаносиблик муаммосига наслни чеклаш амалиётига ёки оилани планлаштириш амалиётига қаратилганча аҳамият қаратилмайди.

Ёки бўлмаса, Судандек серҳосил ерлар ва бутун дунёга етгудек хом ашёга эга мамлакатни олинг, дарахтлардан мевалар ерга тўкилиб ётади, егани одам топилмайди. Ёки бошқа исломий мамлакатлар ҳам бундан кам эмас.

Хом ашё ва табиий ресурслар кўп, алҳамду лиллаҳ, аҳоли эса шунча ресурсларни истеъмол қилиш ва шунча ерларни обод қилиш учун талаб қилинганидан анча кам.

Лекин, тош қотган қаттол тартиб-қоидалар...

Емириб, ҳалок қилувчи ялқовлик...

Бойликлар тақсимотидаги ортиқ даражадаги зулм...

Куч-тоқатларни мутлақо кераксиз ўринларга сарфлаш...

Ана, қаерда бизнинг камчилигимиз.

 

Ва ниҳоят: Ғоибона ечимлар

Биринчи: Аслида, биз ўша конференция қатнашчилари бўлган кўплаб миллат вакилларига улар ғофил бўлган ёки ўзларини ғофилликка солишган бир улкан ҳақиқатни – Раззоқ (ризқ берувчи) исмли Улуғ Аллоҳни эслатиб қўйишни истардик.

Биламан, бундай «мўътабар» конференцияларда бу каби сўзни айтувчиларга нописандлик билан қарайдилар, бир-бирларига қараб, бунинг эси жойидами ўзи, дегандек ишора қиладилар.

Лекин, биз бошимизни булутларга етгудек баланд кўтариб, фахр билан, баланд овозда эълон қиламиз:

Бу оғизларга ризқ бериш кафолатини ўз зиммасига олган Зот ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратли Аллоҳдир, У бутун ер юзидаги жонзотга ризқ беришни ихтиёрий равишда Ўз зиммасига олган. Аллоҳ таоло айтади: «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд: 6).

Ҳа, ҳеч ким санаб, адоғига етолмайдиган ва ҳеч ким аниқ ҳисобини билмайдиган шу қадар кўп жонзотлардан ҳар бирини Аллоҳ билади ва ҳар бирига У ризқ беради.

Ер юзида қанча тоғ бўлса, унинг дара-ю ғорларида яшовчи жонзотларни Аллоҳ билади..

Ер куррасида қанча денгиз-у океанлар бўлса, уларнинг тубсиз қаърида ҳаёт кечираётган ҳар бир жонзотни Аллоҳ билади..

Она қорнида эндигина вужудга келган ҳомила ҳам Унинг илмидан четда эмас.

«Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда) мавжуддир» (Анъом: 59).

Ҳа, ризқ Аллоҳнинг қўлидадир!

Бироқ, бу дегани ризқ сабабларини қилмаслик ва уларга бепарво қараш лозим дегани эмас. Йўқ, асло ундай эмас.

Динимиз бизга сабабларни ушлашни ва кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Бизнинг илмоний (секулярист – яъни, диндан ажралган дунёвийлик тарафдори)дан фарқимиз мана шу ерда, яъни барча сабабларни ушлаймиз ва шу билан бирга барча ишлар аввал-у охирда Аллоҳ азза ва жалланинг амри билан бўлишига аниқ ишонамиз.

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ таоло деди: Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз. Эй бандаларим, барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат Мен ҳидоят этганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят тиланг, сизларни ҳидоятга йўллайман. Эй бандаларим, барчаларингиз очсизлар. Фақат Мен таом берганларгина (оч эмас). Бас, Мендан таом сўрангиз, сизларни таомлантираман. Эй бандаларим, барчаларингиз яланғочсизлар. Фақат Мен кийинтиргангина (яланғоч эмас). Бас, Мендан кийим сўранглар, сизларни кийинтираман. Эй бандаларим, сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар. (Фақат) Мен барча гуноҳларни мағфират этаман. Бас, мендан мағфират тилангиз, сизларни мағфират қиламан. Эй бандаларим, сизлар Менинг зараримга (яъни Менга зарар етказиш даражасига) ҳеч қачон етолмайсизлар-ки, Менга зарар берсангизлар! Менинг фойдамга ҳам асло етолмайсизлар-ки, Менга фойда берсангизлар! Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги бир энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз энг фожир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтира олмайди. Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб Мендан (ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берганимда ҳам, бу Менинг ҳузуримдаги нарсаларни игна денгизга ботирилганда (денгиз сувидан) қанчалик камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради. Эй бандаларим, мана шу амалларингиз, Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо-мукофот берурман. Ким яхши мукофотни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқа нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин!» (Муслим: №2577, Термизий: №2497).

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта, Аллоҳнинг Қўли тўладир, кеча-ю кундуз тўхтовсиз давом этувчи нафақа уни камайтира олмайди. Менга айтингларчи, У осмонлар-у ерни яратганидан бери қанча нафақа қилган, бироқ бу Унинг Қўлидаги нарсани асло камайтирмади» (Муттафақун алайҳ, Саҳиҳул-жомиъ: №2277).

Ушбу ҳақиқат мусулмон кишининг қалбида қарор топаркан, у ер юзида собитқадамлик билан туради, на шарқдан келадиган ёрдамнинг узилишидан қўрқади, на ғарбнинг ўз ёрдамини узиш таҳдиди уни қўрқита олади! Чунки, у аниқ ишонадики, унинг вазифаси уруғ қадаш ва вақти-вақти билан хабар олиб, парваришлаб туришдир, қолган ҳаммаси – қуёш, ёмғир, намлик, қулай муҳит ва бошқалар эса фақат Аллоҳ таолонинг марҳаматига боғлиқдир.

Инсон ўз қадрини билмоғи ва ўз ҳаддидан ошмаслиги, ўзини барча ишнинг эгаси деб кўрмаслиги лойиқ, зотан ишнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қўлидадир.

 

Иккинчи: Иймон ва тақво:

Раззоқ Зот субҳанаҳу ва таоло айтади: «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик» (Аъроф: 96).

 

Учинчи: Истиғфор:

Илмонийлар агар бир кишининг одамларга хитоб қилиб: «Эй одамлар! Ризқнинг калити истиғфордир» деб айтаётганини эшитишса, унинг устидан оғиз тўлдириб кулишади, эҳтимол, аҳоли ортиб кетиши муаммосига ечим сифатида истиғфор айтишни таклиф қилаётган бу содда ва қолоқ кишининг гапини газеталарнинг биринчи саҳифасида киноя тарзида босиб ҳам чиқаришар.

Лекин, бу гап мутлақ ҳақиқатдир, буни илмонийлар нақадар ёлғон санашса, биз ўшанча ишонч билан тасдиқлаймиз! Чунки, бу гапни биз айтмаяпмиз, уни инсоннинг холиқи ва розиқи бўлган Аллоҳ таолонинг Ўзи айтмоқда.

Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай ҳикоя қилади: «Мен дедимки: Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).

Динимиз жуда кўп ва оят ва ҳадисларда бизни шунга буюради.

 

Бешинчи: Ресурслардан тўғри фойдалана билиш ва мустамлакачилар ислом олами ўртасига ўрнатган жуғрофий тўсиқлар ва нафсий (миллий-ирқий) ажратишларни йўқотиш ва тақсимотдаги адолат – хусусан биз яшаб турган тарқоқлик асрида – иқтисодий ҳамкорлик йўлидаги биринчи қадам бўлиб хизмат қилмоғи лозим.

 

Сўнгсўз ўрнида:

Кейинги пайтларда баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган ушбу масала хусусида биз мусулмонларнинг фикри ана шудир. Ҳақиқат аҳли ўз сўзларини айтмоқлари ва Аллоҳ уларга билдирган ҳақни яширмасликлари фарздир.

Аммо, аҳолишунослар конференцияда тақдим этган аборт, бепуштлик келтирувчи моддалар истеъмоли, эркин жинсий алоқа (яъни гомосексуалистларнинг ношаръий ва ноанъанавий жинсий алоқа қилишлари), булар ҳаммаси ушбу асрнинг жаҳолатларидан бўлиб, Аллоҳ таоло бу гаплар орқали бугун оламни бошқариб турган кимсаларнинг ақллари қай даражадалигини бизларга кўрсатиб қўйишни хоҳлади.

Аллоҳга қасамки, башарият куйдириб, жизғанак қилувчи қаттол жаҳолат саҳроларида шунча адашиб-улоқиб юрганидан сўнг энди яна қайта Аллоҳнинг манҳажига қайтиши вақти етди!

Аллоҳ таолодан бутун башариятни Исломга чиройли суратда қайтаришини, кўзларимизни Исломнинг нусрати ва мусулмонларнинг иззати билан қувонтиришини сўраймиз, У бунга қодир ва бунинг эгасидир.

2010 йил 22-май

 

 

   Юқорига