Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

МУҲАРРАМ ОЙИДА НАФЛ РЎЗА ТУТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

8806 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ((أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللَّهِ الْمُحَرَّمُ، وَأَفْضَلُ الصَّلاةِ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ صَلاةُ اللَّيْلِ)) رواه مسلم.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойидаги рўзадир, фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир» (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда «Аллоҳнинг муҳаррам ойи» деб ойни Аллоҳга қўшиб айтишдан мақсад бу ойнинг фазилатини баён қилишдир. Мулло Алий ал-Қори: «Ҳадиснинг зоҳирий маъносидан муҳаррам ойининг ҳаммаси тушунилади», дейди. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазондан бошқа бирор ойда тўла рўза тутмаганлари собит бўлган. Шунинг учун бу ҳадисдан муҳаррам ойида тўлиқ рўза тутиш эмас, балки унда иложи борича кўпроқ рўза тутишга тарғиб қилингани тушунилади.

Ошуро кунида рўза тутишнинг фазли

Уламоларнинг сўзларига кўра «Ошуро» муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.

Унинг фазилатини қуйидаги ҳадислар баён қилади:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: «مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلاّ هَذَا الْيَوْمَ: يَوْمَ عَاشُورَاءَ» وَهَذَا الشَّهْرَ يَعْنِي شَهْرَ رَمَضَانَ.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ошуро кунидаги каби бирор куннинг рўзасини афзал билиб, унинг рўзасини тутишга тиришганларини кўрмадим» ва мана шу ой яъни рамазон ойи(да ҳам шундай тиришар эдилар).

وقال النبي صلى الله عليه وسلم: «صيام يوم عاشوراء، إني أحتسب على الله أن يكفر السنة التي قبله» صحيح الجامع 3853.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен Аллоҳдан Ошуро кунининг рўзасини ўтган йилга каффорот қилишини умид қиламан». (Каффорот – бирор қилинган ёмон ишни ювиб юборувчи амал ёки нарса. Ҳадис маъноси: ўтган йилда қилинган кичик гуноҳлардир.) Аллоҳ таолонинг бизга бу каби унинг рўзаси билан бир йиллик кичик гуноҳларни ювиб юборадиган бир кунни бериб кўйиши Раббимизнинг мислсиз фазлу карам соҳиби эканига далолат қилади.

Бу кунда яҳудийларга хилоф иш тутиш

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: ((قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ: مَا هَذَا؟ قَالُوا: هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ. هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللَّهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ. فَصَامَهُ مُوسَى. قَالَ: فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ. فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ)) رواه البخاري.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларни Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар ва “бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар: “Бу яхши кун. Бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан халос этган ва Мусо у кунда рўза тутган”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар, бу кунда рўза тутдилар ва унда рўза тутишга буюрдилар». (Имом Бухорий ривояти)

و في رواية مسلم: ((هذا يوم عظيم أنجى الله فيه موسى وقومه وغرّق فرعون وقومه))

Имом Муслимнинг ривоятларида «Бу улуғ кун. Аллоҳ унда Мусо ва унинг қавмига нажот берган, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган», дейилган. «Мусо у кунда рўза тутган» ибораси Муслим ривоятида: «Мусо у кунда Аллоҳга шукр қилиб рўза тутган, биз ҳам тутамиз» зиёдаси билан келган.

«Бу кунда рўза тутиш жоҳилият даврида Пайғамбаримиз келишларидан аввал ҳам маълум бўлган. Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан собит бўлган ривоятда: «Жоҳилиятдаги одамлар ҳам у кунда рўза тутар эдилар», дейилади.

Имом Қуртубий айтади: «Қурайш бу куннинг рўзасини тутишда Иброҳим алайҳиссалом каби ўзларидан аввалгиларнинг шариатларига мувофиқ амал қилган бўлишлари мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Маккадалик вақтларида бу кунда рўза тутганлари ривоятларда собит бўлган. Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудларнинг бу кунда жамланиб байрам қилаётганларини кўрдилар, шунда улардан бунинг сабабини сўрадилар, улар юқордаги ҳадисда зикри ўтганидек жавоб бердилар. Пайғамбаримиз яҳудларга хилоф ўлароқ бу кунни байрам қилмасдан, балки, унда рўза тутишга буюрдилар. Имом Муслимнинг ривоятида: «Ошуро – яҳудлар уни улуғлаб байрам қиладиган кун эди», дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу кунда рўза тутишга буюришларига ундовчи нарса яҳудларга хилоф иш тутишни севиш ҳамда уларнинг оғизлари очиқ бўладиган байрам кунларида рўза тутишдир» (Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» китобидаги сўзларидан қисқартириб келтирилди).

Яҳудларга янада қаттиқроқ хилоф иш қилиш учун, агар улар бу кунда рўза тутадиган бўлсалар, улардан аввал бир кун қўшиб рўза тутишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амр этганлар:

Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутишнинг мустаҳаблиги

روى عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قال: ((حِينَ صَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللَّهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ. قَالَ: فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ)) رواه مسلم.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошурода рўза тутиб ва бунга буюрганларида саҳобалар: “Бу яҳуд ва насоролар улуғлайдиган кун”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иншааллоҳ келаси йил бўлса тўққизинчи кунни ҳам тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар» (Имом Муслим ривояти).

Салаф уламолари тўққизинчи ва ўнинчи кунларда рўза тутиш мустаҳаб дедилар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи кунни тутиб, тўққизинчи куннинг рўзасини ҳам ният қилган эдилар.

Баъзи уламолар: “Тўққиз билан ўнни бирга қўшиб тутишнинг сабаби ўннинг ўзида рўза тутиш билан яҳудларга ўхшаб қолмаслик бўлса керак”, деганлар.

Айтиб ўтилган сўзларга биноан маълум бўладики, Ошуро рўзасини тутишнинг бир неча кўринишлари бор экан: унинг энг ози фақат ўнинчи кунни тутиш, ундан кейингиси тўққизинчи кунни кўшиб тутиш, ундан кейингиси эса ўнинчига ўн биринчи кунни қўшиб тутиш. Муҳаррам ойида қанча кўп рўза тутилса шунча яхши.

Ошуро рўзаси нимага каффорот бўлади?

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ деди: «(Ошуро рўзаси) барча кичик гуноҳларга каффорот бўлади. Бунинг маъноси: у (рўза тутган)нинг катта гуноҳларидан бошқа барча гуноҳлари кечирилади, деганидир».

Яна сўзларида давом этиб айтади: «Арафа кунининг рўзаси икки йилга каффорот бўлади, Ошуро рўзаси эса бир йилга. Намоз ўқувчининг «омин»и фаришталарнинг “омин”ларига мувофиқ келса, у одамнинг аввалда қилган гуноҳлари кечирилади. Зикри ўтган амалларнинг ҳаммаси каффорот учун яроқлидир. Агар каффорот қилиниши керак бўлган гуноҳ сағиралар топилса, каффорот қилади. Борди-ю, кабира ҳам, сағира ҳам топилмаса, бу амаллар соҳибига ҳасанотлар ёзилади, унинг даражаси бир поғонага кўтарилади. Агар бу амаллар битта ёки бир нечта гуноҳ кабирага йўлиқса-ю, гуноҳ сағираларга йўлиқмаса, кабираларни енгиллатиши умид қилинади» («Ал-мажмуъ шархул-муҳаззаб», 6-жуз, “Арафа рўзаси”).

Шайхулислом Ибн Таймийя айтади: «Таҳорат, намоз, рамазон рўзаси, Арафа ва Ошуронинг рўзалари гуноҳ сағиралар учунгина каффорот бўлади».

Рўзанинг савоби билан алданмаслик

Баъзи кишилар Ошуро ёки Арафа каби кунларнинг рўзаси билан алданиб қоладилар, ҳаттоки баъзилари бундай дейди: “Ошуронинг рўзаси бир йиллик гуноҳларни ювиб юборади, Арафанинг рўзаси бўлса зиёда ажр бўлиб (фойдага) қолади”. Ибн Қаййим айтади: «Мана бу алданган кимса рамазоннинг рўзаси ва беш вақт намоз Арафа ва Ошуро рўзаларидан улуғроқ ва каттароқ эканлигини билмайди, ҳолбуки, намоз ва рўза бир-бирларининг ўрталаридаги сағираларга каффорот бўлиши учун катта гуноҳлардан сақланилган бўлиши шарт. Рамазон келгуси рамазонгача, жума келгуси жумагача ўрталаридаги кичик гуноҳларни ювиб юборишга қодир бўлиши учун унга катта гуноҳларни тарк қилишнинг қўшилиши зарур. Шу икки иш бирлашгандагина гуноҳ сағираларни ювиб юбора оладилар. Баъзи алданган кишилар қилган тоат-ибодатлари гуноҳларидан кўп деб ўйлайди. Бу бечора қилган ёмон амалларини ҳисоб-китоб қилмайди, бирор гуноҳ иш қилиб қўйдиммикин деб ўйламайди ҳам. Бир яхши амал қилса, унга маҳкам ёпишиб олади. Бу одам худди тили билан бир кунда юз марта тасбеҳ ёки истиғфор айтган, сўнгра мусулмонларни ғийбат қилган ва уларнинг обрўларига путур еткизган, кун бўйи Аллоҳ рози бўлмайдиган гапларни сўзлаган кишига ўхшайди. Бу каби одамлар тасбеҳ ва таҳлилларни улкан-улкан ажрларига қарайдилар, аммо лекин ғийбатчи, ёлғончи ва уйдирмачиларнинг жазоларига қиё боқмайдилар, бу қип-қизил хом хаёлликдир».

Бидъатлардан сақланиш

Азиз биродарлар, бу улуғ ойда ҳар хил бидъат ишлардан узоқ бўлинглар! Баъзи одамлар бу кунни байрам қилсалар бошқалари уни мотам куни қиладилар. Ҳар икки амал суннатга хилофдир. Бу кунни мотам куни қилувчиларнинг даъволарига кўра, бу кунда Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумо қатл қилингандир. Улар рофиза-шиалардир. Уларнинг йўлларига эргашиб Ислом қайтарган юзга уриш, кўйлакларни йиртиш, доду фарёд чекиш, баданларга занжирлар билан уриш ва қонатиб аза тутишдан эхтиёт бўлинг! Бу Ислом динига ёт бўлган бидъат ишдир. Ислом уларнинг бу амалларидан покдир. Аллоҳ бандаларига мехрибондир, уларни бу каби ўзини ўзи азоблайдиган амалларга буюрмайди.

Келинг азиз ака-укалар ва опа-сингиллар, бу улуғ айёмларда Аллоҳнинг ибодатига тиришайлик, Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилиб, у суймайдиган амаллардан четланайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни ўзи суйиб рози бўладиган амалларга муваффақ айласин, тўғри йўлидан адаштирмасин!

Аллоҳ Пайғамбаримизга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин!

Тайёрловчи: Абдулҳафиз Домла раҳимаҳуллоҳ

07/03/2003

Манба: www.islamnuri.com