Душанба 29 Апрель 2024 | 20 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Эркаклар кийинишида ман қилинган нарсалар

4589 марта кўрилган

Нашрга тайёрловчи Муҳаммад Фатҳий
ИНТ таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. Исбол

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳнинг Расулига ва у зотнинг аҳли-оиласи, саҳобалари ва у зотга яхшиликда эргашган барча кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд...

Исбол – эркак кишининг кийими тўпиғи[1]дан пастга тушиб туриши маъносида бўлиб, устки кийим, изор[2], шим, шалвар, узун кўйлак каби нарсаларни ўз ичига олади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киромлар ва улуғ имомлардан исболни ман қилувчи ва унга бепарво қарашдан қайтарувчи кўп ривоятлар келган. Улар шу қадар кўпки, маъно жиҳатидан мутавотирлик даражасига етган. Ўттизга яқин саҳоба бу ҳақда ривоят қилган бўлиб, баъзилари «Саҳиҳ»ларда, баъзилари «Сунан» ва «Муснад»ларда, айримлари бошқа ҳадис девонларида битилган.

Исболнинг иккитта ҳолати бор:

Биринчи: Кийимни такаббурлик билан судраб юриш. Бунинг ҳаром ва гуноҳи кабиралардан эканига ижмоъ - иттифоқ қилинган ҳамда мўътабар аҳли илмлардан биронталари бунга қарши фикр айтмаганлар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари бунга асос бўлади:

«Ерда кибру-ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи — мақтанчоқ кимсаларни суймас.» (Луқмон: 18)

«Ўз диёрларидан кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар!» (Анфол: 47).

Мазкур оятларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кибру ҳаволи ва мақтанчоқ кимсаларни мазаммат қилди.

Исболнинг ҳаромлиги ва ман қилингани ҳақида саҳиҳ ҳадислар ҳам келган.

Жумладан, имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида қуйидаги ҳадислар келтирилади:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кийимини такаббурлик билан судраб юрган кишига Аллоҳ таоло қарамайди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кеккайиб, изорини судраб юрган кимсага қиёмат куни Аллоҳ қарамайди».

Муҳаммад ибн Зиёд айтади: Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитдим: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар – ёки Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар (деди)– : «Бир киши сочларини силлиқ тараб, ўзига бино қўйиб, ипак кийимларга ўраниб кетаётган пайт Аллоҳ уни ерга юттирди. У то қиёмат кунигача ерга киришда давом этади».

Солим ибн Абдуллоҳ отаси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши изорини судраб бораётганида уни ер ютиб юборди, энди у то қиёмат кунигача ерга киришда давом этади».

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч тоифа кишилар борки, қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга гапирмайди, қарамайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир». Бу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор такрорладилар. Шунда Абу Зар: «Бундай зиёнкор ва ноумид кимсалар кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Кийимини тўпиқдан пастга осилтириб юрувчилар, яхшилигини миннат қилувчилар, молини ёлғон қасам билан ўтказувчилар», дедилар.

Булардан бошқа кўп ҳадислар бўлиб, уларнинг барчасида кийимни тўпиқдан пастга туширишнинг ва кибрланиб судраб юришнинг ҳаром эканлиги, бундай қилувчига қиёмат куни Аллоҳ таоло гапирмаслиги, қарамаслиги ва уни покламаслиги, унга аламли азоб борлиги ҳақида огоҳлантиришлар келган.

Иккинчи: Кийимни кибрланмаган ҳолда тўпиқдан пастга тушириб кийиш. Бу ҳам ҳаром ва қилувчисига қиёмат куни азоб борлиги ваъда қилинган ишдир. Яъни, кийими оёғининг тўпиқдан пастини ўраб турган жойига дўзах ўти тегади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Изорнинг тўпиқдан пастки қисми дўзахдадир» Имом Бухорий ривояти.

Хаттобий айтади: Бу ҳадисда изорнинг тўпиқдан пасти дўзахда, деб айтилган бўлса-да, аслида унинг ўрни, яъни киювчисининг бадани кўзда тутилган. Маъно шуки, оёқнинг тўпиқдан пасти азобланади.

Абдурраззоқ Абдулазиз ибн Абу Равводдан ривоят қилиб келтиради: Нофеъдан шу ҳақда сўралди. У айтди: «Кийимда нима гуноҳ?! Аксинча, икки оёқнинг тўпиқдан пасти».

Ушбулардан хулоса қилиш мумкинки, кийимни тўпиқдан пастга тушириб юриш мутлақо мумкин эмас, кибр билан қиладими, кибрсиз қиладими, фарқи йўқ.

Аҳли илмларга маълумки, мутлақ нарса муқайяд нарсага ҳамл қилинади, бу икки ҳолат ўртасини, улар хусусидаги ваъийд ҳар хил бўлгани учун, тенглаштириш мусаллам (жоиз) эмас.

Ибн Ҳажар Умму Салама ҳадисининг шарҳида айтади: «Мазкур тушунчадан шуни истифода қилинадики, исболдан мутлақ қайтарган ҳадислар уни кибр билан қилган киши ҳақида аниқ қилиб айтилган бошқа ҳадислар билан муқайяддир, деган кишининг гапини чуқурроқ текшириш керак бўлади. Нававий айтади: Кибр билан судраб юришга чеклаган ҳадисларнинг зоҳири ҳаромлик кибр билан судрашга хос бўлишини тақозо қилади. Бироқ, текширилса маълум бўладики, агар шундай бўлганида Умму Саламанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аёлларнинг этакларини судраб юришлари ҳукмини сўрашида маъно бўлмас эди. Зотан, у исболдан мутлақ қайтариш кибр билан бўладими, кибрсиз бўладими, баробар, деб тушунганлиги боис аёлларнинг бу ҳақдаги ҳукмини сўради. Зеро, аёллар авратларини яшириш зарурати туфайли исболга мажбур бўлардилар[3]. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга аёлларнинг бу борадаги ҳукми эркакларнинг ҳукмидан ташқари эканини баён қилдилар.

Шу ўринда эътибор қаратиш керак бўладиган бир масала бор, яъни исболнинг ўзи кишининг кибрли эканида гумон қилишга олиб келади. Шариат соҳиби бўлган Зот кибрнинг моддасини ҳам кескин бартараф этди ва бу хоҳиш-истакларга йўл бермайдиган умумий ҳукм бўлиб қолди.

Ибн Ҳажар айтади: Исболдан ман қилинишнинг бошқа бир тарафи ҳам борки, ундан кибр гумон қилинади. Ибн Арабий айтган: Бир киши кийимини тўпиғидан осилтириб юрган ҳолда «мен буни кибр билан қилмаяпман» дейиши жоиз эмас. Чунки қайтариқ лафзан уни ҳам ўз ичига олган. Мен бунга бўйсунмайман, чунки бундаги иллат-сабаб менда топилмаяпти, деган даъво олинмайди. Балки этагини судраб юришининг ўзи унинг мутакаббирлигига далилдир. Хулоса шуки, исбол – кийимни судраб юришни, кийимни судраб юриш эса кибрни англатади, агарчи киювчи кибрни қасд қилмаса ҳам. Биз ана шу одамга айтамиз қани кибр қилмаётган бўлсангиз тўпиқдан пастини кестириб юборинг-чи! Айни даъвони қиладиганларнинг аксарлари "ҳўп" деб жавоб бера олмайдилар. Ана шунинг ўзи кибрга далолат қилшда кифоядир.

Шунга ҳам аҳамият қаратиш керакки, изор, узун кўйлак ва шимларнинг исболида фарқ йўқ ва ҳаммасидаги исбол битта нарсадир.

Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умардан изорни судраб юриш ҳақида келган ҳадис тўғрисида сўралиб, бу изорга хосми? дейилди: «Ундай эмас, бу кўйлак, изор, чопон ва салла ҳақида» дедилар.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: Кўйлак, шалвар ва бошқа кийимларнинг узунлиги ҳар қанча бўлсин, тўпиқдан пастга тушмаслиги керак. Бунга далил – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадислардир. Исбол кўйлак, шалвар ва изорда бўлади.

Ибн Ҳажар айтади: Табарий деди: Ҳадисда «изор» лафзи билан ворид бўлди, чунки у даврда аксарият одамлар изор ва ридо кийишарди, эндиликда одамлар кўйлак ва шимлар кийишга ўтган бўлса ҳам уларнинг ҳукми изорнинг ҳукми каби бўлаверади.

Зайд ибн Абу Сумайя Ибн Умарнинг шундай деганини эшитдим дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изор ҳақидаги сўзлари кўйлакка ҳам тааллуқлидир, яъни кўйлакнинг тўпиқдан пастга тушган қисми ҳам худди изорда бўлганидек дўзахдадир.

Ҳатто, аксар уламолар енгларни, саллани ва осилтириб юриш мумкин бўлган ҳамма нарсаларни исболга киритишган ва бундан қайтаришган.

Санъоний айтади: Шунингдек, айрим ҳижозликлар каби кўйлак енгларини ҳам одатдагидан узайтириб кийиш ҳаром қилинган исболдир. Қози Иёз олимлардан нақл қилиб келтирганки, кийимларнинг кенглиги ва узунлигида одатдан ташқари зиёда қилингани макруҳдир.

Қизиқки, баъзи эркак ва аёллар пайғамбарларининг ҳидоятига зид ўлароқ, у зотнинг суннатларига эргашмай ва буйруқларига қарши иш тутиб, эркаклар кийимларини ерга теггудек қилиб юришади, ваҳоланки калта кийишга буюрилган эдилар, аёллар эса болдирларини очиб юришади, ваҳоланки баданларини беркитишга буюрилган ва этакларини бир газгача судраб юришга рухсат берилган эдилар. Ундайлар Аллоҳ таоло огоҳлантирган аниқ ваийдан ва қаттиқ азобдан қўрқмасмикинлар?!

«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).

Имом Аҳмад айтади: Оятдаги фитнадан мурод ширкдир, агар у зотнинг сўзларидан баъзиларини қилмаса, қалбига ҳақдан оғдирувчи нарсалар келиб, оқибатда ҳалок бўлиши мумкин.

Бу уммат пешволарининг юқорида ўтган гаплари уларнинг изларидан юришингиз, уларнинг тезлик билан қабул қилишлари, бўйсуниш ва итоат қилишларидан ўрнак олишингиз учун келтирилди.

Жубайр ибн Абу Сулаймон ибн Жубайр ибн Мутъим Абдуллоҳ ибн Умар билан бирга ўтирган эди. Шунда бир ёш йигит олдиларидан ўтиб қолди. Унинг устида санъоний жубба (чопон) бўлиб, уни судраб келар эди. Ибн Умар унга: «Буёққа кел, эй йигит» деди. Йигит унга: «Нима гап, эй Абу Абдурраҳмон?» деди. Ибн Умар: «Шўрингга шўрва тўкилгур, қиёмат куни Аллоҳ сенга қарашини истайсанми?» деди. Йигит: «Субҳаналлоҳ, нега истамас эканман», деди. Ибн Умар деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: Изорини кибр билан судраб юрган бандага Аллоҳ таоло қиёмат куни қарамайди».

Жубайр айтади: Шу кундан кейин ҳалиги йигит ўлгунига қадар фақат кийимлари йиғиштирилган ҳолда кўрилди.

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу одамларга нима бўлганки, этакларини осилтириб, кийимларини узайтириб олишади-да, кейин ўзларини қийнаб қўллари билан кўтариб юришади. Бу кибр ҳолати ва манманлик асосидир. Бундан ҳам ёмони, улар осий бўлишади, нажосатга аралашиб юришади-да, кейин Аллоҳ бировларга хос қилиб берган улуғ фазилатларга ўзларини эгадор деб кўраяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кибрланиб кийимини судраб юрганларга Аллоҳ таоло қарамайди», деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, изоримнинг бир томони осилиб қолади, сезиб қолганимда кўтариб оламан, нима қилай?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз кибрланиб шундай қиладиган кишилардан эмассиз», деб жавоб бердилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимни судраб юришдаги қайтариқни умумий қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳуни бундан истисно қилдилар. Паст кишилар ўзларини улуғ зотларга тенглаштиришни исташади, бироқ аслида бу уларга муносиб эмас». Ана ўшаларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлик берганларида эди, биз ҳам уларнинг гапларини қабул қилган бўлардик.

2. Шуҳрат кийими

Кийимдаги шуҳрат уни судраб кийишда ҳам, ўта калта кийишда ҳам, кенг-торлигида, рангида, кўринишида, сифатида, қўйингки, шариат чекловларидан ташқарига чиққан барча ҳолатда бўлади.

Абу Довуд Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким шуҳрат кийимини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга худди шундай кийим кийдиради, сўнг унинг ичида ўт алангаланади» (Албоний ҳасан деган).

Шайхулислом айтади: Кийимнинг бошқаларникидан ажралиб туриши макруҳ. У одатдан ташқари юқори (башанг, зўр) кийиниш ва одатдан ташқари паст (йиртиқ-ямоқ) кийинишдир. Салафлар ҳар икки шуҳратни, яъни юқориликни ҳам, пастликни ҳам ёмон кўрардилар. Ҳадисда келганки: «Ким шуҳрат кийимини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик кийимини кийгизади» (Албоний, «Саҳиҳ Ибн Можа»). Ишларнинг энг яхшиси ўртачаларидир. Зоҳирда бир хил кўринган ишни қилиш билан инсон ниятига кўра савобга ёки иқобга сазовор бўлади.

Шайх Бакр Абу Зайд айтади: Шуҳрат кийими одатийликдан ранги билан, бичими (фасони) билан ё шакли билан ё кийишдаги кўриниши билан ё одатдагидан башанг-зўр ё тубан-хор кийиниш билан ажралиб туриш билан вужудга келади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: Шуҳрат кийимини кийиш ҳаромдир, шуҳрат кийими – манманлик ва кеккайиш мақсадида ёки ўта тавозелик ва таркидунёликни кўрсатиш мақсадида кийиладиган кийимдир. Салафлар ҳар иккисини ёқтирмасдилар.

Шуҳрат кийимига яна урф-одатга хилоф кийиниш ҳам киради, баъзи бемаза кимсалар қиладиган ғаройиб ва бегона фасонлар ёки кийиларни тескари кийиш ҳам шу жумладандир. Инсон ўзи яшаб турган юртнинг одати агар шариатга хилоф бўлмаса, улардан бошқача кийиниши макруҳ бўлади. Чунки бундай қилиш шуҳратпарастликка киради. Агар бошқача кийиниш билан манманликни қасд қилса ёки ўта камтарлик-тавозеъни кўрсатишни истаса, ҳаром бўлади, чунки у риёдир. «Ким биров кўрсин деса, уни Аллоҳ кўрсатиб қўяди, ким биров эшитсин деса, Аллоҳ уни эшиттириб қўяди» (Имом Муслим ривояти).

Одамлар орасида машҳур қиладиган нарсалардан тақиқлашнинг сабаби – уларни ғийбатга олиб боришга сабаб бўлиб қолмаслик ва натижада уларнинг ғийбатининг гуноҳига шерик бўлиб қолмаслик учун ҳамдир деган баъзи аҳли илмлар.

Шуҳрат кийимига яна кийинишда танаттуъ ва такаллуф қилиш – ўта дидли ва нозиктабиатлик билан кийиниш киради.

Шайхулислом айтади: Сатр қилиб турадиган кийимни калтайтирганда болдирнинг ярмидан юқорига ўтказиб юбориш макруҳдир.

Исҳоқ ибн Иброҳим айтади: Абу Абдуллоҳ олдига кирдим, устимда тиззамдан пастроққача тушадиган ва болдиримнинг ярмидан юқори турадиган калта кўйлак бор эди. «Бу нимаси?» деди ва инкор қилди. Бошқа бир ривоятда: «Бу нимаси? Нега ўзингни машҳур қилаяпсан?» дейилган.

Бунинг боиси шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин кийимининг ҳадди болдирининг ярмигача» яъни ундан юқори эмас, деб баён қилиб берганликлари ва шунга буюриб, ўзлари ҳам амал қилганликларидир.

Бундан зиёдасини очиш ўраш лозим бўладиган аъзони яланғочлаш бўлади, агар уни диндан деб қилса, бу ҳаддан ошиш ва суннат доирасидан чиқиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли санмаган нарсани чиройли санаш бўлиб қолади.

3. Суратли кийимлар кийиш

Ман қилинган кийим турларидан яна бири – жонзотлар расми туширилган кийимларни кийишдир. Ҳозирда суратли кийимлар шу қадар кенг тарқалдики, жуда кўп ёшлар ўшандай кийимларга одатланиб қолдилар. Ҳатто, баъзан катта ёшли кишилар ҳам суратли кийимлар кийиб олганини кўриш мумкин. Ундай кийимларда кўпинча беҳаё қўшиқчи йигит-қизларнинг ёки қайсидир соҳанинг "юлдуз" ларининг суратлари бўлади. Айримлар шундай кийимлар билан масжидларга намоз ўқиш учун ҳам киришади, масжидга шу ҳолда кирган одам уйида шундай ҳолда намоз ўқиши табиийдир. Ла' ҳавла ва ла' қуввата илла' билла'ҳ.

Буҳутий айтади: Абу Талҳа ривоят қилган ҳадисга кўра эркак ва аёлга жониворлар сурати бор кийимларни кийиши ҳаромдир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сурат ёки ит бор уйга фаришта кирмайди» (Муттафақун алайҳ).

Шайхулислом айтади: Ҳайвон, қуш ёки бошқа жонзотларнинг сурати бор кийимни кийиш жоиз эмас, уни эркак ҳам, аёл ҳам киймайди. Суратли матони парда қилиб осилмайди, фақат уни ерга тўшаб қўйиш жоиз. Асҳобларимизнинг кўпчилиги шундай деганлар ва бу гап имом Аҳмад тарафидан айтилгани машҳур.

Солиҳнинг ривоятида: суратли нарсани кийиб бўлмайди. Асрамнинг ривоятида: Сурати бор парда ҳақида сўралганда «Йўқ, мумкин эмас, агар суратнинг боши бўлмаса бу енгилроқ, аммо боши бўлса умуман мумкин эмас», деб жавоб берди.

4. Кофирларга ўхшашга интилиш

Аллоҳ мени ҳам, сизни ҳам Ўз розилигига муваффақ қилсин, билингки, кофирларга тақлид қилиш масаласи хусусан кийиниш бобида жуда нозик масалалардан бири бўлиб, бунда қадамлар кўп тойилди, ақллар кўп адашди, баъзилар чегарадан чиққан бўлсалар, баъзилар бунга бепарво бўлдилар. Бу борада Китоб ва Суннатдаги очиқ далилларга суяниб ҳамда бу умматнинг салафлари бўлган раббоний олимларнинг саҳиҳ тушунчасини маҳкам ушлаб, кофирларга ўхшашни тарк қилган ва масалани билимдон олимига қайтарган ҳамда ҳалол-ҳаром фатвоси билан авло ва тақво фатвоси ўртасини ажратган кишилар бахтлидирлар.

Билингки, кийимлар орасида кофирларга хос бўлган ва уларнинг кофирлигига аломат бўлиб турадиган кийимлар бор. Масалан, яҳудларнинг дўпписи, сингхларнинг салласи ёки насроний роҳибларнинг кийими ва шу кабилар уларнинг динига, эътиқодларига боғлиқ кийимлар бўлиб, мусулмонларнинг бундай кийимларни кийишлари ҳаром эканига шубҳа йўқ, ҳаттоки буни кийиш билан кофирга ўхшашни қасд қилмаган бўлса ҳам. Мўътабар аҳли илмлар мана шунга ижмоъ қилганлар.

Шу ўринда кофирлар мамлакатида кенг тарқалган кийимлар ҳақида сўз юритсак. Бундай кийимлар мусулмон диёрларига оқиб келди ва оммавий кийимга айланди. Аммо булар ичида кийиш ман қилинган кийимлар ҳам бор. Масалан: баданни сифатлаб турадиган ниҳоятда тор ёки ичи кўриниб турадиган юпқа ёки салиб (хоч), турли суратлари бор ёки фақат кофирларда машҳур бўлган бичимда (яъни фасонда) бўлган кийимларни кийиш мумкин эмас. Бундай кийимларни ана шу кофирларга мафтун бўлган фосиқ мусулмонларгина киядилар.

Энди костюм-шим, эркакларнинг европача кўйлаклари ва авратни тўсиб турадиган кенг шимлар ҳақида тўхталсак. Баъзи олимлар бундай кийимларни кийиш мумкин деса, баъзилари мумкин эмас дейдилар. Қисқасини айтадиган бўлсак, мусулмон киши ўзини ихтилофли нарсалардан сақлаши ва иложи борича бундай кийимлардан узоқ бўлиши керак, эҳтиёж бўлса кийиши ва ўзига мухолиф бўлган (мазкур кийимларни бемалол кийса бўлаверади дейидиган) кишига инкор қилмаслиги лозим. Бу масала гарчи ихтилофли бўлса-да, унинг устида талашиб-тортишиш ва фирқаларга ажралиб кетиш яхши эмас. Чунки салафлар ихтилофли масалаларда муроса қилганлар.

Аммо бўйинбоғ (галстук, капалаксимон галстук) кабиларда ихтилоф жуда кучли. Баъзилар айтганидек, насоролар хоч осиб юриш бўйинларига оғирлик қилгани учун унинг ўрнига галстукни ўйлаб топганлар, дейилган гап балки тўғридир, балки нотўғридир, нима бўлганда ҳам, бундай нарсалардан узоқ бўлиш, умуман яқинлашмаслик афзал.

Илмий баҳс ва фатволар доимий қўмитаси костм-шим ва шим кийишнинг ҳукми ҳақида берилган саволга қуйидагича жавоб берган:

«Шим, костюм ва шу каби кийимларни кийишга келсак, барча турдаги кийимларни кийиш аслида мубоҳ, чунки у одатий ишлардан. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (Эй Муҳаммад), Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!» Айтинг: «Улар (яъни безак ва ҳалол ризқлар) ҳаёти дунёда иймон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик бўлур), Қиёмат Кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир» (Аъроф: 32). Ҳаром ёки макруҳ эканлигига шаръий далил келган кийимлар, эркакларнинг ипак кийим кийиши, тор бўлгани учун баданни сифатлаб турадиган, юпқалигидан баданни кўрсатиб турадиган кийимларни кийиш юқорида айтилган умумий мубоҳликдан мустасно, буларни кийиш ҳаромдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларларга ўхшашдан қайтарганлари боис уларнинг аломатидан бўлган кийимларни эркаклар ҳам, аёллар ҳам кийишлари мумкин эмас. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларни аёлларга ўхшаб олишдан, аёларни эркакларга ўхшаб олишдан қайтарганлари боис эркаклар аёллар кийимини, аёллар эса эркаклар кийимини кийишлари ҳам жоиз эмас.

Шим деб номланувчи кийим фақат кофирларга хос эмас, балки у кўп мамлакат ва давлатларда мусулмон ва кофирлар орасидаги умумий либос. Шим кийиш айрим мусулмонларнинг одатига мувофиқ бўлишига қарамасдан баъзи мамлакатларда одат бўлмагани, ўрганмаганлари учун уни ёқтирмайдилар. Шу боис мусулмон киши, агар ўзи яшаб турган диёрдаги кишилар ундай либосларни кийишга одатланмаган бўлсалар, намозга, умумий жамоат жойларига бундай кийимлар билан бормаслиги афзал. Тавфиқ Аллоҳдандир, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оила ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин. Илмий баҳс ва фатволар доимий қўмитаси».

5. Ипак кийим кийиш

Эркакларга ипак кийим кийиш ҳаром бўлиб, бунга Қуръон, Суннат ва ижмоъ далилдир.

Қуръонда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга умумий буйруқ келган: «Пайғамбар сизларга нимани келтирса уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ таоло томонидан ваҳийдир: «У (сизларга келтираётган Қуръон ёки ҳадисни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон ва ҳадис) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3-4).

Суннатда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан эркакларга ипак кийим кийишнинг ҳаромлигини баён қилувчи ва ундан огоҳлантирувчи кўплаб ҳадислар келган.

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларига ипакни, чап қўлларига тиллани олиб: «Бу иккиси умматимнинг эркакларига ҳаромдир» дедилар. (Албоний, «Саҳиҳу сунани Аби Довуд»).

Нофеъ Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ипакдан бўлган ҳуллани (якатак-иштон) сотилаётганини кўрди ва: «Ё Расулаллоҳ, бу ҳуллани сотиб олсангиз, элчилар келганида ва жумъа кунларида кияр эдингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Буни охиратда насибаси йўқ кимсалар кияди», дедилар (Бухорий ривояти).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ипакни, шойини кийманглар, тилла ва кумуш идишларда еманглар ва ичманглар. Чунки, булар дунёда улар (кофирлар)га, охиратда эса сизларгадир» (Муттафақун алайҳ).

Умар, Анас, Ибн Зубайр ва Абу Умома розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким дунёда ипак кийим кийса, охиратда киймайди» (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳақдаги ижмоъга келсак, уни бир неча имомлар нақл қилганлар.

Шайхулислом айтади: «Эркакларнинг ипак кийим кийишлари, гарчи унга пахта ёки каноп аралашган бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига ва уламолар ижмоъсига кўра ҳаромдир. Ипакнинг эркакларга ҳаром қилинишидаги иллат-сабаб ҳақида кўпчилик аҳли илмлар сўз юритганлар, бироқ унга бир чек-чегара тайин қилишда ихтилоф қилганлар».

Ибнул Қоййим айтади: Агар савол берилсаки: Ипак кийим энг мўътадил ва баданга ёқимли кийим бўлса, нима учун комил ва фозил шариатимиз уни ҳаром қилди, ахир у пок нарсаларга рухсат бериб, жирканч нарсаларни ҳаром қилган-ку?

Бу саволга мусулмонларнинг турли тоифалари турлича жавоб беришган.

Айримлар айтади: Шариат буни ҳаром қилишининг сабаби – нафслар унга сабр қилиши ва Аллоҳ учун ундан воз кечиши учундир, натижада инсон бу амалига савоб олади, хусусан унинг ўрнига бошқа кийим ҳам бор бўлган ҳолатда.

Баъзилар айтади: Ипак аслида худди тилла тақинчоқлар каби аёлларга хослаб яратилган, унда эркакларнинг аёлларга ўхшаб қолиш иллати борлиги учун ҳам эркакларга ҳаром қилинган.

Айримлар айтади: Фахр, кибр, манманликни пайдо қиладиган нарса бўлгани учун ҳаром қилинган.

Айримлар айтади: Ипак юмшоқ бўлганидан баданга аёлларга хос юмшоқлик ва нозикликни, яъни мардлик ва эркакликка зид сифатларни пайдо қилгани учун ҳаром қилинган. Чунки, уни кийилса қалбга аёллик сифатларидан қандайдир бир сифат вужудга келади. Шунинг учун ипак кийим киядиган кишиларга қарасангиз, кўпинча уларнинг хулқ-атворида, кўринишида нозикойимлик, аёлларга хослик яққол кўриниб туради. Гарчи у энг мард, паҳлавон, жасур йигит бўлса ҳам ипак кийим кийиш унинг бу сифатларини бутунлай кетказиб юбормаса-да, албатта уларга нуқсон етказади.

Кимнинг табиати айниган бўлса ва буни тушунишга фаросати етмаётган бўлса, шариат соҳиби бўлмиш Ҳаким Зотга таслим бўлсин. Зеро, мусулмончилик Аллоҳнинг буйруғига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амру фармонларига лаббай деб таслим бўлишдир. Буйруқнинг ҳикмати зоҳиран кўринмаётган бўлса-да, бу нарса таслим бўлиш ва бўйсиниш тақозосидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун ўз ишларида ихтиёрли бўлиш жоиз эмасдир» (Аҳзоб: 36).

Аёлларга ипак кийими кийиш эҳтиёж сабабли, яъни эрига зийнатланиш учун мубоҳ бўлди. Худди шунингдек у эркакларга ҳам эҳтиёж сабабли мубоҳ бўлди, яъни қичима каби касалликлардан даволаниш учун ёки бошқа кийим бўлмаган ҳолда қаттиқ совуқдан сақланиш учун ёки жангда шу нарса Аллоҳнинг душманларининг кўнглига қўрқув солиш учун ва шу каби эҳтиёж тушадиган ўринларда кийишга рухсат берилди, шарти шуки, эҳтиёждан ўтиб кетмаслиги керак. Шариат шуларга рухсат берган.

Шайхулислом айтади: Агар киши иссиқ ё совуқдан сақланиш учун ёки авратини ёпиш учун ёки душмандан ҳимояланиш учун ипак кийим кийишга эҳтиёж сезса ва ўрнига бошқа нарса топмаса, кийишга рухсат берилади. Чунки аёлларга зийнатланишга умумий ҳожатлари борлиги сабабли рухсат берилган экан, эркаклар учун зарурат вақтида рухсат берилиши лойиқроқ ҳамда хос зарурат умумий эҳтиёждан кўра кучлироқ. Ҳаром қилинган таомларни истеъмол қилишга мажбурлик пайтида рухсат берилган экан, демак шунга ўхшаш, кийимлардан ҳаром қилинганларига ҳам мажбурий ҳолатида рухсат берилади.

Ибнул Қоййим айтади: Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан аниқ маълум бўлдики, аёлларга ипак мутлақ ҳалол, эркакларга эса ҳаром, фақат эҳтиёж учун ёки манфаати кўпроқ бўлганда кийиш мумкин. Эҳтиёж деганда қаттиқ совуқда, аврати очилиб қолганда уни тўсиш учун ипакдан бошқа нарса топмаса ва яна урушда, касалликда, қичимада ва Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилганидек битлар кўпайганда кийиш тушунилади. Кийиш ҳаром бўлган нарсаларнинг барчасини тўшаш, устида ўтириш, уларга суяниш, дастрўмол ёки сочиқ қилиб фойдаланиш ҳам ҳаром бўлади.

Шайхулислом айтади: Кимга бир нарсани кийиш ҳаром бўлган бўлса, унга ўтириш, суяниш, парда қилиб осиш каби бошқа томонлама фойдаланиш хам ҳаромдир. Зеро, кийиш лафзи шуларнинг ҳаммасини ўз ичига олади. Бунга Анас розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари далил бўлади: «Бизнинг узоқ кийилганидан (яъни, тутилганидан) қорайиб кетган бўйрамиз бор эди».

Абу Умома ривоят қилади: У Холид ибн Язидникига кирганида Холид унга тўшак тўшади. Шунда уни ипак деб ўйлаб ўзини четга олди ва деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг кунларидан (охиратдан) умидвор бўлган киши ипакдан фойдаланмайди» (Аҳмад ривояти).

Имом Аҳмад Солиҳ ва Жаъфарнинг ривоятларида айтади: Ипакни тўшаш кийиш кабидир, шунингдек унга суяниш ҳам.

Ибн Сийрин айтади: Убайдадан: «Ипакни тўшак қилиш ҳам уни кийиш кабими?» деб сўрадим. «Ҳа», деб жавоб берди.

Ҳаром қилинган ипак – ипак қурти маҳсулоти бўлган табиий ипакдир, сунъий ипакни ипак деб номлансада ҳақиқий ипак ҳукмини олмайди. Аммо одамларга табиийдек кўриниб, фитналаниб қолишларига сабаб бўладиган нарсадан ёки уларни ғийбат қилишларига сабаб бўладиган нарсадан воз кечган афзал.

6. Қип-қизил кийим кийиш

Шайхулислом айтади: Қип-қизил кийим кийишни уламолар макруҳ санашган. Шунингдек, қизил кимҳоб ва бахмалдан ҳам қайтариқлар келган. Умар ибн Хаттоб айтади: «Бу барқутларни аёлларга қўйинглар». Бу каби ривоятлар кўп.

Буҳутий айтади: Абдуллоҳ ибн Умардан ворид бўлган ривоятга кўра, ҳамма ёғи қип-қизил кийим кийиш эркакларга макруҳдир, айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан қип-қизил икки либос кийган кийган киши салом бериб ўтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг саломига алик олмадилар. (Абу Довуд ривоят қилган, Албоний заиф деган).

Имом Аҳмад айтади: Айтишларича, қизил кийимни илк бор Қорун ва Фиръавн оилалари кийган экан.

Алҳамду лиллаҳи аввалан ва охиран.

[1] Тўпиқ – болдир ва қадамнинг қўшилган жойидан туртиб чиққан суяк.

[2] Изор - белдан пастга ўраб олинадиган мато.

[3] Сўз бораётган ҳадисда аёллар учун ҳижобларининг ости кўриниб қолмаслиги учун бир газ миқдорича судраб юришга рухсат берилган.