Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ДИНЛАРНИ БИРЛАШТИРИШГА ЧОРЛАШ – ИСЛОМНИ БУЗУВЧИ АМАЛЛАРДАН

5275 марта кўрилган

Абдурраҳмон ибн Носир ал-Баррок
Исмоил Ёқуб таржимаси

Оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммадга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло барча пайғамбарларини, Нуҳ алайҳиссаломдан тортиб то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача барчаларини ягона Ислом дини билан юбордики, у диннинг ҳақиқати ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш, Унга ширк келтирмаслик, Ундан бошқа ҳар қандай худолардан юз ўгириш ва безор бўлиш эди. Динни Аллоҳга холис қилишнинг ҳақиқати шудир. «Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг!» (Зумар, 2).

Аллоҳга итоат қилиш ва Унинг пайғамбарларига итоат қилиш Ислом ҳақиқати ичига киради. Бунга кўплаб оят далил бўлади. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл, 36).

«(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё, 25);

«Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак» (Зухруф, 26-27).

Исломнинг ҳақиқати «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносидир, у тоғутга (яъни, Аллоҳдан бошқа ҳар қандай сохта маъбудларга) кофир бўлиш ва Аллоҳга иймон келтиришдир, у мустаҳкам ҳалқа ва тақво калимасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара, 256).

Барча пайғамбарларнинг дини мусулмонлик ва Ислом исмли бир дин эканига Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссалом тилидан ҳикоя қилган ояти далил бўлади: «Ва мен Унга (яъни, Аллоҳга) бўйсунувчи-мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)» (Юнус, 72).

Аллоҳ таоло шунингдек, Иброҳим ва Яъқуб алайҳиссаломлар ҳақида шундай дейди: «Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: Ўғилларим, албатта Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!» (Бақара, 132).

Мусо алайҳиссалом ҳақида айтади: «Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!» (Юнус, 84).

Ҳаворийлар ҳақида деди: «Ҳаворийлар айтдилар: Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Исо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчи-мусулмонлармиз» (Оли Имрон, 52).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Унинг наздида дин фақат Ислом эканини ва ундан ўзга бирон динни бирон кишидан қабул қилмаслигини баён қилган: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон, 19).

«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон, 85).

Шундан маълум бўладики, пайғамбарларнинг динидан чиққан киши кофир бўлиб, дунё-ю охиратини бой беради. Диндан чиқиши инкор қилиш ва ёлғон санаш билан бўладими, шак-шубҳа қилиш биланми, пайғамбарлар даъватини қабул қилишга бўйни ёр бермаслик биланми, ва ҳатто ботинида тасдиқлаган бўлса ҳам, фарқсиздир. Аллоҳ таоло айтади: «Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом, 33).

Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавми ҳақида айтади: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг» (Намл, 14).

Демак, барча пайғамбарлар ва уларнинг издошлари мусулмон бўлган эканлар. Билиш вожиб бўлган нарсалардан бири шуки, барча пайғамбарларга иймон келтириш иймоннинг асл-асосларидан бўлиб, кимда-ким улардан баъзиларига иймон келтириб, баъзиларини инкор қилса, у на мўмин, на мусулмон бўла олади, аксинча уларнинг ҳаммаларини ёлғончи қилган бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар)», деди (Шуаро, 105).

Яна деди: «Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди» (Шуаро, 123).

Яна деди: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо, 150-151).

Яна деди: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз» (Бақара, 285).

Барча пайғамбарларнинг дини битта дин эканига Китоб ва Суннатдан бўлган далиллар жумласидан:

«(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик:) Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билувчидирман. Шак-шубҳасиз (барчангизни) миллатингиз (яъни динингиз) бир миллат (яъни Исломдир). Мен эса сизларнинг Парвардигорингиздирман, бас, Мендангина қўрқингиз!» (Мўъминун, 51-52).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен одамлар ичида Исо ибн Марямга дунёда ҳам, охиратда ҳам энг яқин кишиман, пайғамбарлар ота бир оға-инилардир, оналари бошқа, динлари бирдир» (Муттафақун алайҳ).

Бу эса барча пайғамбарларнинг дини бир эканини таъкидлайди. Шунинг учун уларнинг аввалгилари кейингилари ҳақида башорат берар ва унга иймон келтирар эдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй Ба­ни Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди» (Саф, 6).

Қуръонда энг кўп зикр қилинган ва ҳолатларига ишора қилинган халқ Бану Исроил қавми, яъни, Яъқуб алайҳиссалом авлодларидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари пайғамбарлик уларда давом этиб келган ва энг катта пайғамбарлари Мусо ва Исо алайҳиссаломлар бўлган эди. Уларнинг иккаласи ҳам улул-азм бўлган пайғамбарлардан бўлиб, Аллоҳ таоло уларга Таврот ва Инжил номли китоблар нозил қилган эди. Аллоҳ таоло бизга бу икки пайғамбарнинг ўсиб-улғайишларидан тортиб, пайғамбар қилиб юборилишлари ва Бану Исроил билан бўлган ҳолатларини батафсил ҳикоя қилиб берган. Бану Исроилнинг Мусо алайҳиссаломдан кейин келган барча пайғамбарлари то Исо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилгунича Таврот билан ҳукм қилишган, Исо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжил Тавротни тасдиқловчи ва унинг айрим ҳукмларини мансух (бекор) қилувчи бўлиб келган эди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар» (Моида, 44). Аллоҳ таоло Масиҳ (Исо) алайҳиссалом ҳақида айтади: «(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим)» (Оли Имрон, 50).

Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган ва Таврот шариати билан ҳукм қилганлар мусулмон саналиб, ҳақ устида бўлганлар. Исо алайҳиссалом келганидан сўнг унга иймон келтирган ва эргашган кишилар мусулмон бўлди, уни ёлғончи қилганлар кофир бўлди. Мусо алайҳиссаломга иймон келтириш ва у кишига эргашишга мансуб кишилар яҳуд номи билан танилгандилар. Исо алайҳиссалом келгач, у кишининг издошлари насронийлар деб аталди ва у кишига иймон келтирмаганлар яҳуд номи билан қолдилар. Шундай қилиб, Бану Исроил икки тоифага – яҳуд ва насронийларга ажралди. Ҳар икки тоифа ичида мўминлар ҳам, кофирлар ҳам бўлди. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида мазкур икки тоифанинг мўминлари ҳақида ҳам, кофирлари ҳақида ҳам батафсил сўз юритган, кофир бўлганларининг кофир бўлиш сабабларини баён қилган. Яҳудларнинг кофир бўлишлари сабаби Тавротни ўзгартиришлари ва пайғамбарларини ўлдиришлари, Узайрни Аллоҳнинг ўғли дейишлари, кейин эса Масиҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилишлари, ундан сўнг сўнгги пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилишлари бўлди. Яъни, улар куфрнинг бир неча турини жамладилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: «Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб келганда ҳолбуки, илгари кофирларга қарши ўша китобдан ёрдам кутардилар бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай. Аллоҳ бандаларидан хоҳлаган зотга ўз фазлу карами билан (ваҳий) юборишига қарши чиқиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар ўзларини энг ярамас нарсага сотдилар. Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. Кофирлар учун хор қилувчи азоб бордир» (Бақара, 89-90).

Насронийларнинг куфрлари сабаби эса Масиҳ алайҳиссаломни ва онасини илоҳ санашлари, Масиҳ Аллоҳнинг ўғли дейишлари, Аллоҳ илоҳий учликнинг биридир дейишлари, сўнг охирги расул Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини инкор қилишлари бўлди. Аллоҳ таоло айтади: «"Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир", деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорин­гиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас. Аллоҳ Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Исонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар. Чунки ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди» (Моида, 72-73).

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ушбу ҳар икки тоифанинг ўзлари билан ғурурланиб, бошқасини айблашлари ва ҳидоят-тўғри йўл фақат ўзларига хос деб даъво қилишлари, жаннатни ҳам фақат ўзларига хослаб олишгани ва улардан бошқалар унга кирмасликларини даъво қилишлари ҳақида хабар берди: ««Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. (Яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди.) Бу уларнинг хом хаёлларидир. Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжат келтиринг!» Йўқ, ким яхшилик қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Бақара, 111-112).

Аллоҳ таоло айтади: «Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», де­йишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Ҳолбуки улар (яъни яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни Таврот, Инжил) тиловат қиладилар» (Бақара, 113).

Аллоҳ таоло айтади: «Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дедилар. (Яъни, яҳудийлар яҳудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди). Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): балки биз ҳақ йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаган Иброҳим динига эргашамиз» (Бақара, 135).

Яҳудлар ўзларини Иброҳим миллатида-динида деб, Иброҳим алайҳиссаломни яҳудий бўлган деб даъво қилдилар, насронийлар ҳам айни шу даъвони қилдилар. Аллоҳ таоло уларни ёлғончи деб атади: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон, 67).

Кейинги оятда Аллоҳ таоло деди: «Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи унинг йўлига эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир» (Оли Имрон, 68).

Мана шу ердан маълум бўладики, учала миллат – яъни, яҳудлар, насронийлар ва мусулмонлар Иброҳим алайҳиссаломни улуғлаш ва у кишига нисбатланишда иттифоқ қиладилар. Аллоҳ таоло яҳуд ва насороларнинг мазкур даъволарини ботилга чиқарди ва одамларнинг Иброҳим алайҳиссаломга энг яқинроғи тавҳид устида ҳамда ширк ва мушриклардан покланишда унга эргашган кишилардир деб ҳукм қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминлар у киши билан биргадирлар, деди. Чунки, Иброҳимнинг миллати (яъни, дини) – ягона Аллоҳга ширк келтирмасдан ибодат қилиш, динни Унга холис қилиш, мушриклардан ва улар сиғинаётган бут-санамлардан безорликдир. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни унга эргашишга буюрган дин шудир: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклар­дан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл, 123).

Демак, мусулмонлар Иброҳимнинг миллатида эканлар, яҳуд ва насоролар эмас.

Аллоҳ таоло айтади: «Ва Аллоҳ (йўли)да ҳақиқий жиҳод қилингиз! Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни Исломни ушлангиз). Токи (қиёмат кунида) пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни Ўзининг динига бўйсунувчилар) деб атади» (Ҳаж, 78).

Асрлар мобайнида мусулмонлар ана шу эътиқодда келдилар. Яъни, Ислом дини ягона ҳақ дин, Аллоҳ таоло ундан ўзга динни қабул қилмайди ва рози бўлмайди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳақ динга кирмаган киши кофир бўлади ва агар шу ҳолида ўлса, дўзахга киришга ва унда абадий қолишга маҳкум бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларнинг ҳаммасини, шу жумладан яҳуд ва насороларни ҳам Исломга чақиришни ва Аллоҳнинг калимасини олий қилиш йўлида улар билан жиҳод қилишни вожиб қилди, тоинки Аллоҳ истаган кишилар Исломга кирсинлар ва ҳаққа бўйсунсинлар. Аллоҳ таоло айтади: «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба, 33).

Мусулмонлар билан уларнинг душманлари ўртасида урушлар ва жанглар айланиб турди, Аллоҳ ўзи истаган кишиларга нусрат бериб турди: «Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур. Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зое кетказур» (Муҳаммад, 7-8).

Кейинги асрларда насронийлар кўплаб мусулмон диёрларини мустамлака қилишлари ва ортларидан уларга хайриҳоҳ бўлган Исломга нисбатланувчи кишилар раҳбарликни эгаллаб олишлари натижасида Ислом ва мусулмонлар бошига кўплаб синов ва меҳнат-машаққатлар ёғилди. Исломий ўлкалардан ҳарбий мустамлака чиқиб кетгани билан уларда таълим, матбуот ва ахборот воситалари, шунингдек ҳаётнинг кўплаб соҳаларида мафкуравий мустамлака сақланиб қолди. Бу мустамлакачиликни асосан кофир ғарб давлатларига қарамлик кишанини бўйнига солган кимсалар ушлаб туришибди. Сабаби, улар Исломнинг ҳақиқатини билмайдилар, унинг қонунлари ва аҳкомларини халқлари устига татбиқ қилиш у ёқда турсин, ўзлари адо этишдан ҳам узоқ-узоқ ўриндалар. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло уларни хор қилди ва устларига Америка бошлиқ кофир ва туғёнкор давлатларни ҳукмрон қилиб қўйди, улар буларнинг бурнидан ип ўтказиб олиб, истаган йўриқларига солишмоқда. Америка «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти» номи остида уларнинг диёрларига фармонбардорлик қилиш ва ички ишларига аралашиш ҳуқуқини қўлга киритиб олди. Зотан, зоҳирда мазкур халқаро ташкилот номидан иш олиб борилса-да, аслида Америка жаҳондаги барча муаммоли масалаларни ҳал қилишда унга мурожаат қилинадиган ҳокими мутлақлик мақомини аллақачон қўлга киритиб олган. Фаластин муаммоси бунга яққол мисол бўла олади. Араб ва мусулмон давлатлари бу муаммони ҳал қилишга қодир бўлмадилар, ваҳоланки бунинг ягона ечими Фаластин ташқарисидан яҳуд давлатига қарши жиҳод олиб боришдир. Бу иш юқорида васфи ўтган раҳбарлар тарафидан асло кутиб бўлмайдиган ишдир. Лекин, Аллоҳ таоло айтади: «Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш учун даъват қилинурсизлар. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур. (Чунки у ажр-савобдан маҳрум бўлур). Аллоҳ бой-беҳожат, сизлар эса фақир-муҳтождирсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар» (Муҳаммад, 38).

Бу Аллоҳнинг ваъдасидир, Аллоҳ таоло ҳаргиз ваъдасига хилоф қилмас! Аллоҳнинг нусратини фақат қуйидаги оятда зикр қилинган шарти топилгандагина кутиш керак бўлади: «Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур. Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зое кетказур» (Муҳаммад, 7-8).

Насронийларнинг ўтмишда мусулмон ўлкаларини истило қилишлари ва ҳозирда ҳукмронликни ўзларига хайрихоҳ кишилар қўлига топшириб кетишлари натижасида душманлар ва уларнинг мусулмонлик даъвосидаги дўстлари мусулмон жамиятларида турли-туман фисқу-фасодларни ёйишга муваффақ бўлдилар. Мисол учун улар мусулмон жамиятидаги аёл муаммосини кўтариб, Ислом унинг ҳуқуқлари ва эркинлигини чеклаши ҳақидаги асоссиз ва бўлмағур даъволарни мустамлака давридан тортиб то шу бугунгача ҳам чайнаб келадилар. Ёки бўлмасам, Аллоҳнинг шариатидан воз кечиб, унинг ўрнига инсонлар тарафидан тузилган қонунлар жорий қилинди. Энди яқиндан бошлаб эса мусулмонларнинг динларининг асли-асоси бўлган ақидаларини бузиш мақсадида мунофиқлар олдиндан тузилган режага биноан янги бир маккорона йўлни қўллашга киришдилар, кўпчилик мусулмонлар ҳам унинг ҳақиқатини англаб етмаганлари, балки умуман Ислом ҳақиқатидан жоҳилликлари туфайли уни қабул қилмоқдалар. Бу хабис маккорона йўл улар атаётганлари каби «Ислом ва насронийлик ўртасини яқинлаштиришга даъват», «динлар ўртасини яқинлаштиришга даъват», «динлар бирлиги», «учта динни бирлаштириш», «Иброҳим миллати», «Иброҳим бирлиги», «самовий китоблар бирлиги» ва ҳоказо номлар остида ривожлантирилаётган даъват бўлиб, уни яна «диний биродарлик», «диний таассубчиликни ортга улоқтириш», «Исломий-масиҳий биродарлик», «коммунистик ғояларга қарши Исломий-масиҳий ҳамкорлик», «динсизликка қарши Исломий-масиҳий ҳамкорлик» каби номлар билан атамоқдалар.

Ушбу номлар ва ибораларнинг ҳаммаси ҳаққа ботил кийимини кийдириш ва ботилни зийнатлаб кўрсатиш учун чиройли сўзлар қобиғига ўраш қабилидан бўлиб, алдаш ва чалғитишда яна ҳам чуқур кетганлар ушбу даъватга «маданиятлараро сўзлашувлар» ёки «динлараро сўзлашувлар» деб ном бермоқдалар. Ушбу даъватдан мақсад эса икки ишдан биридир:

1) Ботил динларни ёки улар таъбири билан айтганда яҳудийлик ва насронийлик каби самовий динларни эҳтиром қилиш. Бу эса уларни айбламаслик ва ботиллигини ошкор айтмаслик билан, ушбу дин аҳлларига куфр калимасини ишлатмаслик билан бўлади. Бунга улар «уч миллатнинг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши» деган иборани ишлатишади.

2) Ушбу динларнинг саҳиҳлигини ва худди Ислом каби Аллоҳга олиб борувчи йўл эканини эътироф қилиш. Бунинг маъноси – яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, улар ҳаммаси ҳақ дин устидалар, дегани бўлади.

Даъво қилинаётган бирлашувнинг моҳияти мана шундан иборат. Яъни, шу билан улар оға-инига айланарканлар, ўрталарида адоват ва нафрат бўлмас экан, ҳатто даъват ва жиҳод деган нарса ҳам ўртадан кўтариларкан. Бундай бирлашув ҳақида сўзлаш очиқ куфрдир, бу Исломни вайрон қилувчи омиллардандир.

Юқорида айтилган сўзларнинг хулосаси шуки:

1) Аллоҳнинг наздида мақбул дин Исломдир, у барча пайғамбарларнинг динидир.

2) Аллоҳ таоло Исломдан бошқа бирон динни бирон кишидан қабул қилмайди.

3) Ислом – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганларидан кейин фақат у зот келтирган ва у зотнинг издошлари унда давом этиб келаётган динга хосланди.

4) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Ислом шариатидан четга чиққан кишилар ким бўлишларидан қатъи назар кофирдирлар. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари бутун башариятга умумий бўлиб, унда келган нарсалардан чиқишга ҳеч ким ҳақли эмас.

5) Яҳуд ва насоролар кофирлардир, уларни Исломга даъват қилиш ва агар сабаблари мавжуд бўлса, худди мушрикларни даъват қилиш ва уларга қарши жиҳод қилиш вожиб бўлганидек, Аллоҳнинг калимасини олий ва динини ғолиб қилиш йўлида улар билан ҳам жиҳод қилиш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба, 33).

6) Кимда-ким яҳуд ва насороларнинг ўзгартириб юборилган ва мансух бўлган динини ҳақ ва саҳиҳ деса, кофир бўлиб, Исломдан муртад бўлади.

7) Яҳуд бўлсин, насоро бўлсин, бошқа бўлсин, кимда-ким Ислом даъвати унга етганидан сўнг кофирлигича вафот этса, дўзах аҳлидан бўлиб, унда абадий қолишга маҳкумдир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар!» (Баййина, 6). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу уммат ичидан бирон шахс – яҳудий бўлсин, насроний бўлсин – мени (даъватимни) эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмай ўлса, албатта дўзах аҳлидан бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

8) Мусулмонлар кофирлар билан ва уларнинг дини билан орани очиқ қилишлари, ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларича уларни ёмон кўришлари ва душман деб билишлари вожиб.

9) Динлар ўртасини яқинлаштиришга ёки динлар бирлигига бўлган чақириқлар ботил ва куфр чақириқларидир. Чунки, бу даъватлар ортида яҳуд ва насороларнинг ботил динларини саҳиҳ деб эътироф қилиш даъвоси ётибди.

10) Мана шу мақсадга олиб борадиган воситаларни, чунончи «динлараро сўзлашувлар» каби тадбирларни ҳаром деб билиш. Аммо, ботил дин аҳлларини Исломга киришга даъват қилиш мақсадида олиб бориладиган сўзлашувлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига асосан бўлмоғи лозим: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — ягона Аллоҳга итоат қилувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон, 64), «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо, 36), «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, осмонлар ва Ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи (барҳақдир). Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз шояд ҳидоят топурсиз» (Аъроф, 158).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг издошлари йўли шудир: «Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (Юсуф, 108).

11) «Динларни эҳтиром қилиш» ва «динлар ўртасида бағрикенглилик» деб аталувчи, мағзи эса яҳудия, насрония каби ботил динларни айбламаслик мазмунидаги даъватларни ҳаром деб билиш. Чунки, Ислом динидан бошқа эҳтироми вожиб бўлган дин йўқдир. Чунки, фақат угина ҳақ диндир.

12) Мусулмонлар ва кофирлар ўртасида биродарлик деган тушунча йўқ. Насроний биродарларимиз, яҳудий дўстларимиз деб айтиш жоиз эмас. Дўстлик ва биродарлик фақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот, 10). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари!» (Муттафақун алайҳ). Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар» (Тавба, 71). Аллоҳ таоло кофирлар ва мунофиқларни бир-бирига дўст деб таърифлади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китоблардан (яҳудийлардан) бўлган кофир биродарларига...» (Ҳашр, 11). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кофирларни бир-бирлари билан дўст деб атади: «Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур» (Анфол, 73).

13) Ўзгартиришлар киритиб юборилган ва мансух бўлган Таврот ва Инжилга ҳидоят талаб қилиб ва Аллоҳга яқинлаштирадиган амалларни ўқиб-ўрганиш мақсадида мурожаат қилиш дуруст эмас. Уларни Аллоҳ тарафидан нозил қилинган деган ҳужжат билан Қуръон билан ёнма-ён ўринга қўйиб зикр қилиш жоиз эмас. Чунки, уларга жуда кўп ботил нарсалар аралашиб кетган ва жуда кўп ҳукмлари мансух бўлган. Уларда сақланиб қолган ҳақ сўзлардан ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг Азиз Китоби орқали мўминларни кифоялантириб қўйди: «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат, 42). Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига аҳли китоблардан олган бир китобни кўтариб келганида у зот: «У (яъни, шариати Исломия) ҳақида шубҳадамисизлар, эй Ибн Хаттоб?!.. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик бўлса эди, у учун менга эргашишдан бошқа нарса ўринли бўлмас эди», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу хусусда айтмоқчи бўлганимиз шулардан иборат эди. Аллоҳ таолодан бизни ҳам барча мусулмонлар қаторида Ўзининг Ҳақ Йўлига – набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандаларининг йўлларига йўллашини, Унинг ғазабига дучор бўлган (яҳудлар) ва адашган кимсалар (насронийлар)нинг йўлларидан Ўзи асрашини, бизларга иймонни суюмли қилишини ва қалбларимизга уни зийнатли қилиб кўрсатишини, куфр, фисқ ҳамда маъсиятни ёмон кўрсатиб қўйишини, Ўзининг фазлу марҳамати билан бизларни рошидлардан қилишини сўраймиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг қули ва пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли-оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар ва баракалар ёғдирсин!

Манба: www.islamnuri.com