Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида фикрлаш

4747 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Оламлар Робби Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин. Пайғамбар ва элчиларнинг афзали Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оилалари ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Албатта, инсон борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида фикр юритар экан, дарҳол унинг кўз ўнгида коинотдаги буюк мавжудотлар намоён бўлади. Дарҳақиқат, фазодаги улкан сайёралардан тортиб ердаги микроскоп орқали кўринадиган зарралар ҳам ўта маҳорат ва нозик дид билан яратилганига гувоҳ бўламиз. Осмондаги сайёраларнинг доимий ҳаракати, ердаги фасллар алмашинувидаги мутаносиблик ва ҳоказолар тўғрисида фикр юритадиган бўлсак, борлиқдаги мавжудотлар ва ҳодисалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганига амин бўламиз. Коинотдаги қуёш, ой ва бошқа сайёраларга назар солайлик: Уларнинг барчаси аввалдан тузиб қўйилган дастурга мувофиқ ҳаракат қилади. Булардан кўра анчайин кичик бўлган Ер ва ундаги мавжудот ва ҳодисалар-чи? Агар уларни ўрганишга умримизнинг кўп қисмини сарфласак ҳам, озгина маълумотга эга бўламиз, холос. Ҳали инсон ақли англаб етмаган сир-синоатлар қанча.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади:

Бу борлиқ ва ундаги мавжудотлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолдими, ёки унинг яратувчиси борми. Бор бўлса, У ким!

Осмонлар ва Ердаги ажойиб мутаносиблик бутун дунё тортишиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илм-фан айтади. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди.

Осмонлар ва Ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки пайдо бўлганлигини ақл идрок қилади. Демак, уларни пайдо қилувчи зот бор. У Аллоҳ таолодир.

Кечаю кундузнинг алмашиб туриши Ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уни яратган ва қуёш ҳамда ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган Аллоҳ таоло эмасми?!

«Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб турувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир». (Оли Имрон: 190)

Қуйида Аллоҳнинг яратувчи ва неъмат берувчи зот эканига далолат этадиган нарсаларни санаб ўтамиз:

«У осмондан сизлар учун ичимлик бўлган сувни ёғдирган зотдир. Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша сувдан (ичар)». (Наҳл:10)

Аллоҳ борлиқда жорий қилиб қўйган маълум табиий қонун-қоидалар асосида осмондан қор-ёмғир ёғади. Осмондан тушадиган сувни шунинг учун, Аллоҳ туширди, деб асл эгасига нисбат берилади. Бу ҳам Аллоҳнинг бизга берган неъматидир. Зеро сувсиз ҳаёт йўқ.

«Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша сувдан (ичар)».

Яъни, инсон ичадиган сувлар асосан, осмондан ёққан қор-ёмғир сувидан иборатдир. Қор-ёмғирлар тоғлар, ер ости денгизлари, булоқ ва қудуқлар орқали инсонларга етади. Уларни осмондан тушириб, тоғларда ва ер ости сув омборларида сақлаб, инсон ичиши учун чучук ва яроқли қилиб берган зот - Аллоҳ таолодир. Бошқа ҳеч ким бунга қодир эмас. Демак, инсон шундай улуғ неъматни берувчи Зотга иймон келтириши, ҳамду сано айтиши ва Унга ибодат қилиб яшаши лозим.

Ҳайвон ўз номи билан ҳаёти-жони бор махлуқ. Уларнинг тириклиги учун сув керак, озуқа керак. Инсон уй ҳайвонларига сувни, озуқани қаердан олиб беради. У Аллоҳ осмондан туширган сув билан ҳайвонларни суғоради. Аллоҳ туширган сув сабаби ила унган ўт-ўланлар, ўсимликлар ва дарахтлар бўй чўзади.

«У зот сизлар учун ўша (сув) ёрдамида (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта, бу нарсада (яъни бир хил сув ёрдамида рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир». (Наҳл:11)

Аллоҳ таоло ўша сув билан одамларга зироат экинларини, олма, анор, узум ва турли меваларни ўстириб беради.

Албатта, уларни бошқа бирон куч ёки шахс яратиб бера олмайди. Бунга фақат ёлғиз Аллоҳ таологина қодир. Шунинг учун инсон бу неъматларни берган Аллоҳга иймон келтириб, ҳамду сано айтиб, шукр қилиб, Унга ибодат этиб яшамоғи лозим. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг инсонга берган турли неъматлари ҳақидаги хабарлар сўнггида:

«Албатта, бу нарсада тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир», дейилмоқда. Ҳа, бу неъматларнинг қадрига етиш учун тафаккур қилмоқ керак. Тафаккур қилмаганлар фикрсиз ҳайвонларга ўхшаб бу дунёга еб-ичиш учун келгандек юраверадилар. Тафаккур эгалари эса, неъматлар манбаини, инсон бекорга инсон бўлмаганини, унинг ер юзида еб-ичиш, айшу ишратдан ўзга ҳам иши борлигини англаб етади. Бу неъматларни берувчи зотга - Аллоҳга иймон келтириб, шукр этади, ҳамду сано айтади, ибодат қилади.

«У зот сизлар (бекаму кўст ҳаёт кечиришингиз учун) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни (бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз - сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир». (Наҳл:12)

Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун у иккисидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя. Кечасиз ёки кундузсиз қандай ҳаёт бўлиши мумкин. Тун бир оз узун кечадиган жойларда фақат ёритишнинг ўзи учун қанчадан-қанча маблағ кетади. Аллоҳ таоло эса, бутун дунёни ёритувчи ва иситувчи манбани инсонларга доимий, бепул ва беминнат хизматкор қилиб қўйди. Зотан, кеча билан кундуз фақат ёруғлик ва қоронғулик, инсоннинг ухлаши ёки ҳаракатда бўлиши учун хизмат қилмайди. Балки улар бутун борлиққа таъсир ўтказади. Улар бўлмаса дунё ўзгариб кетиши мумкин.

«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга бирон ёруғлик келтира олур! Ахир англамайсизларми!». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур! Ахир кўрмайсизларми! (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни унда (кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат - Марҳаматидандир». (Қасас: 70-73)

Аллоҳ таоло кеча ва кундузни инсонга хизматкор қилиб қўйибди. Улар тинимсиз алмашиб ўз вазифаларини адо этиб турибди. Бу улуғ неъмат. Бошқа бирон куч ёки шахс буни қилиб бера олмайди. Бунга фақат Аллоҳ таологина қодир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга қуёш, ой ҳамда юлдузларни хизматкор қилиб қўйди.

Юлдузларни инсонга беминнат хизматкор этиб қўйган ким? Инсоннинг ўзи ёки бошқа бирор куч ёҳуд шахс бу ишни қила оладими? Йўқ! Фақат Аллоҳгина қудратли зотдир.

«Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир».

Ҳа, бу белгиларни фақат ақл юритувчиларгина англаб етадилар. Улар ўша оят-белгилар туфайли яккаю ягона, Мунъиму Қодир Аллоҳни танийдилар. Унга иймон келтириб, ибодат қиладилар, шукр қиладилар ва ҳамду сано айтадилар.

Ақл юритмайдиганлар эса, дунёдан ношукр, кофир ва осий ҳолларида ўтиб кетадилар.

«Яна У зот сизлар учун ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйсундирди). Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир». (Наҳл: 13)

Аллоҳ таоло ер ости бойликларини ҳам инсонга улуғ неъмат қилиб берди. Ранглари хилма-хил бўлган бу неъматларнинг ҳаммаси инсон учун беминнат хизмат қилади. Ўша неъматларни ер остидан топиб олган инсонларгина бир-бирларига миннат қиладилар, холос. Бу неъматларнинг қадрини билиш учун уларнинг барчаси ёки маълум қисми йўқ бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Хўш, инсонга бу неъматларни беминнат берган ким? Албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи, ундан бошқа ҳеч ким бунга қодир эмас.

«Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир».

«У сизлар янги гўшт (яъни балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйсундириб қўйган зотдир. Сиз унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз учун (сизларга денгизларни бўйсундириб қўйди). Шояд, (берган неъматларига) шукр қилсангизлар». (Наҳл:14)

Аллоҳ таолонинг сувдаги неъматлари ҳам жуда кўпдир. Ушбу оятда улардан баъзилари зикр қилиниб: «сизлар янги гўшт ейишларингиз учун», дейилмоқда.

Сув ҳайвонларининг, хусусан, балиқ гўштининг нақадар ажойиб неъмат эканини ҳамма яхши билади. Оятда «янги гўшт», яъни, эскириб қолмаган, тоза гўшт, деб аталмоқда.

«Тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун».

Денгиздан гавҳар, маржон, садаф ва шунга ўхшаш зеб-зийнат учун ишлатиладиган қимматбаҳо тошлар олинади.

«Унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз».

Бу ҳам Аллоҳнинг улуғ неъмати. Қуруқликда улов, нақлиёт (ташувчи) маъносида ҳайвонлар зикр қилинган бўлса, сувда кемалар эсга олинмоқда. Кема маркаб - юк ташиш воситаси сифатида катта хизматларни бажаради. Шу билан бирга, уларнинг сувни ёриб кетиб бориши ўзига яраша чирой ва гўзаллик касб этади. Улар инсонга алоҳида завқ-шавқ ва сурур бағишлайди. Бу эса, моддиятдан фарқли ўлароқ, маънавий неъмат ҳамдир.

«У зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу-рўз) исташларингиз учун (сизларга денгизларни бўйсундириб қўйди)».

Яъни, сиз денгиздан Аллоҳнинг фазлини талаб қилиб, ўзга манфаатлар ҳам ахтарасиз, деган мақсадда уни сизга хизматкор қилиб қўйди.

«Шояд, (берган неъматларига) шукр қилсангизлар».

Шунча неъматлардан фойдаланиб, шояд уларни берган зотга шукр этсангиз. Унга иймон келтириб, ибодат қилсангиз.

«У зот Ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди, (ўзларингиз учун ичимлик бўлиши ҳамда экин-тикинларингизни суғоришингиз учун) дарёларни (оқизиб қўйди) ва (кўзлаган манзилларингизга боришда адашмасликларингиз учун) йўлларни пайдо қилди. Шоядки, тўғри йўл топсангизлар». (Наҳл:15)

Бу оятда ер юзидаги тоғларнинг вазифаси баён қилинмоқда.

«У зот Ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди».

Демак, баланд тоғлар ернинг мувозанатини сақлаб турар экан. Агар ўша тоғларни Аллоҳ таоло ер юзида «барпо» қилмаса, у тебраниб турадиган бўлади ва одамлар унда яшай олмас эканлар. Тоғларнинг улкан фойдалари орасидан фақатгина ер мувозанатини ушлаб туришининг фойдаси фикр этилсаёқ, уларнинг нақадар улкан неъмат эканлиги билинади. Бу неъматни Аллоҳдан ўзга ким ҳам бера олади. Шунингдек, ер юзидаги анҳорлар ва йўллар ҳам Аллоҳ таолонинг инсонга берган улуғ неъматларидандир. Бу неъматларга шукр қилиш керак. Уларни берган зотга ҳамду сано айтиш лозим.

«Шоядки, тўғри йўл топсангизлар».

Ушбу жумлани моддий ва мажозий жиҳатлардан тушуниш мумкин. «Мазкур йўллар ила кўзлаган манзилларингизга тўғри йўл топиб боришингиз учун» тарзида тушуниш моддий маъноси бўлса, «ўша нарсаларни ўйлаб, тафаккур қилиб иймонга ҳидоят топишингиз учун» тарзида тушуниш эса мажозий маъноси бўлади.

«Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар». (Наҳл:16)

Яъни, инсонлар кундуз кунлари тоғу тош, анҳор каби нарсаларни белги этиб, ўзларига керакли йўлдан юрадилар. Кечалари юлдузларга қараб йўл топадилар.

Аллоҳ таолонинг яратувчи, неъмат берувчи зот эканига далолат қилувчи ояти каримадан кейин У зотнинг қуйидаги сифатлари-таърифи келади:

«(Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратувчи зот - Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми! Ўйлаб кўрмайсизларми!». (Наҳл:17)

Яъни, Аллоҳ билан соҳта илоҳлар тенг бўладими. Аллоҳ ҳамма нарсани, шу жумладан, мушриклар ва улар ибодат қилаётган нарсаларни ҳам яратган зотдир. Шундоқ зот билан ҳеч нарсани яратмайдиган, балки ўзи яратилган нарсалар баробар бўлиши мумкинми?!

«ўйлаб кўрмайсизларми!».

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир». (Наҳл:18)

Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сон саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо эта олмайди. Агар Аллоҳ неъматлари учун тўла-тўкис шукрини талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди. Лекин:

«Албатта, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир».

Шунинг учун ҳам бундай талабни бандаларига юклагани йўқ. Балки, умумий шукр айтиш, иймон келтириб, ибодат қилиб яшашни амр этди. Зотан, иймонларида ҳам, ибодатларида ҳам фақат бандаларнинг ўзларигагина фойда келади. Мазкур неъматларга шукр этмаган, уларни берган Аллоҳга иймон келтирмаган, ибодат қилмаган айрим кимсалар ўзларига ўзлари ёмонлик орттирадилар, холос.

Одамнинг табиати кизик. Билмай туриб, ўзини яратган Ҳолик ҳақида, унинг мавжудлиги, битта ёки бир нечта экани, қудрати ва бошқа сифатлари ҳақида тортишаверади. Аммо ўзининг қандай пайдо бўлганини ўйлаб кўрмайди.

Қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ҳақида гап кетса, ўйламай-нетмай дарҳол шубҳа билдиришга тушади. Ҳақиқатни атрофлича тафаккур этмасдан туриб, инкор этади. Аллоҳга иймон келтирмагани, охиратдан умиди йўқлиги учун ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилади. Агар қайта тирилиш ҳақ бўлса, ўзининг ҳолига вой бўлишини билгани учун ҳам тан олмайди. Аммо холисона ўйлаб кўрса, бундай қилмаган бўларди. ўзининг аслига бир қараб кўрса, қайта тирилиш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етарди.

«(Қасамки), Биз инсонни лойнинг мағзи- сулоласидан яратдик». (Мўъминлар: 12)

Ушбу оятда инсон яралишининг аввалги босқичи ҳақида сўз кетмоқда. «Сулола» сўзи бир нарсадан аста-секин мулойимлик билан суғуриб олинган нарсани англатади. Демак, инсон Аллоҳ таоло томонидан лойдан суғуриб олингандир. Инсоннинг бошланиш нуқтаси лойга бориб тақалади.

«Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳ (бачадон) даги нутфа-маний қилдик». (Мўъминлар: 13)

Яъни, инсон жинсининг бошланишини лой сулоласидан қилганимиздан кейин, бу жинснинг аъзолари ота пушти камаридан нутфа ҳолида чиқиб, она раҳими-бачадонидек мустаҳкам қароргоҳга ўрнашадиган қилдик.

«Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув-нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, энг гўзал яратувчи (яъни йўқдан бор қилувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли - буюкдир». (Мўъминлар: 14)

«Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратдик».

Яъни, мустаҳкам қароргоҳ бўлмиш бачадонда, унга эркакнинг пушти камаридан тушган нутфадан лахта қонни яратдик. Яъни, эркакдан тушган уруғлик аёлдаги тухум билан урчигандан сўнг лахта (ивиган) қонга айланадиган қилдик.

Инсон йўқ эди. У отасининг маний-спермасидан дунёга келди. Бу манийда минглаб (жонли) уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари йўқ бўлиб кетади. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор.

«лахта қондан чайналган (парча) гўштни яратдик».

Нутфадан алақага айланган зулукка ўхшаш лахта қонни чайналган гўштга ўхшаш нарсага айлантирдик.

«чайналган парча гўштдан суякни яратдик».

Инсоннинг суяклари шу тариқа пайдо бўлди. Аллоҳ таолонинг қудратини қарангки, гўштдан суяк хосил қилади.

«сўнгра бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик».

Инсонни гўшту суякдан иборат ўзга жонзотлар каби қилиб қўймадик. Уни тамоман бошқача, ўзига хос бир жонзот этиб пайдо қилдик. Униннг жисми, руҳи, ҳис-туйғулари, қувватлари ва бошқа хусусиятлари умуман ўхшаши йўқдир.

«Бас, энг гўзал яратувчи (яъни йўқдан бор қилувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли буюкдир». (Мўъминлар: 14)

Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқдир. Инсоннинг яратилиш жараёнини олиб кўрайлик. Бу жараёнларнинг қай бирида Аллоҳдан бошқа зотнинг иштироки бор. Ҳатто бола пайдо бўлишининг бевосита сабабчилари — ота билан она ҳам ўзида бўлаётган жараённи кутиб туришдан бошқа ҳеч нарсага қодир эмаслар. Биз у қилиб юбордик, бу қилиб юбордик, деб мақтанадиган мутаҳассислар эса, бўлаётган мазкур жараённи ташқаридан туриб кузатадилар, холос. Ҳолбуки, бу босқичларни ёлғиз Аллоҳ таологина бошқариб туради.

Ушбу далиллар инсонни ҳақиқий иймонга чорламоғи, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида янада кенгроқ фикр юритишга ундамоғи ва борлиқдаги неъматларнинг барчасини инсоннинг бахт-саодатли ҳаёт кечириши учун яратиб берган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар айтиб яшамоғи лозим!

Охирги сўзимиз барча оламлар Парвардигори — Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.