Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Башорат

8019 марта кўрилган

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ад-Дувайш

Сўз боши

Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, буюклар етакчисига ва унинг мужоҳидлар йўлбошчилари бўлмиш оиласи ва саҳобаларига раҳмату саломлар бўлсин.

Аммо баъд.

Тарих тилга кириб, шарҳлар битганда,
Авс билан Ҳазраждан сўзларди фақат.
Расул жиҳод фарзин эълон этганда,
Улар ғазот учун топдилар тоқат.
Иймон нури эди, ислом эди бу,
Ҳам Набий сўзига ишонч-садоқат.

Менга бир солиҳ киши айтиб берган эди: «Тушимда мен бир фозил киши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида турган эмишмиз. У кишига ва саҳобаларига салом айтдик. Шунда қабр титраб ҳаракатга келди. Бундан этларимиз жимирлаб кетди. Кейин қабр ёришди. Қарасак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам изорларини муборак қўллари билан ушлаб, ўша маълум суффаларида турибдилар...».

Мен «бу тушни қандай таъвил қилган эдингиз?», деб сўрадим. У киши «суннатнинг ғалаба қилиши ва Ислом ибодатларининг ҳаётга қайтишига таъвил қилдим», деб жавоб бердилар.

Қуръону суннатдаги далолатлар ва башоратлар, мавжуд фикрий оқимлар ва сиёсий тузумларнинг инқирозга юз тутаётгани, Ислом умматининг эса узоқ уйқудан уйғониб, ўзининг аввалги мавқеини қайта тиклаш учун ҳаракат қилаётгани ҳам Исломнинг ҳаётга қайтаётганига далолат қилиб турибди.

Сабаблар ва воситалар мукаммал бўлгач, ваъда қилинган ғалаба Аллоҳнинг изни билан келиши муқаррардир. Зеро, Аллоҳ ғалабани унга ҳақли бўлган бандаларига беради.

«...Албатта, Аллоҳ Ўзига (яъни, Динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир. Уларни (яъни, мусулмонларни) агар Биз Ер юзига ғолиб қилсак улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». (Ҳаж: 40-41)

Демак, ғалабага ҳақли кишилар, келажакдаги ишлар учун ҳам лаёқатли бўлмоқлари лозим. Ҳозир мужоҳидлар, даъватчилар хусусида агар улар ғолиб бўлиб қолсалар, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар, деб ким гувоҳлик бера олади?!

Аммо ғалабага сабр қила оладиган ва нусрат тилаб курашаётган динларига вафо қила оладиган мўминлар вужудга келгач, Аллоҳ уларга ғалаба беради. (Уларнинг сабр қилиш-қилмасликларини Аллоҳнинг Ўзи яхши билади). Бу нусрат жиҳоддан яъни имкон қадар ҳаракат қилиб, куч-ғайратларини сарфлагандан кейингина берилади. Арзон ғалаба келмайди, келса ҳам давомли бўлмайди.

Келажак Исломники эканига башорат берувчи ҳужжатлар кўп. Бу ҳужжатларнинг ҳаммаси бир бўлиб, мусулмоннинг дилида умид уйғотади.

Кўпчилик умидсизликка тушиб қолган. Уларга Исломнинг келажаги ҳақида гапирилса, масхараомуз тиржаядилар. Куч-қудрат, мол-мулк, қурол, моддий илм — буларнинг барчаси қўлида бўла туриб, мусулмонлар қандай улар устидан ғалаба қилсин?.. Араблар бир ҳовуч яҳудийларни енга олмаяптилар-у, сон-саноқсиз одамлару техникага эга бўлган бутун оламий буюк қувватни қандай мағлуб этишади?!

Бу иймон руҳидан бехабар кимсаларнинг мантиқидир. Улар ишларни фақат моддий қаричлар билан ўлчайдилар. Бундан ташқари у Аллоҳ таоло шахслар ва халқлар ҳаёти учун тузиб қўйган ва Аллоҳнинг изни билан инсоният тарихи ҳаракатини бошқариб борадиган қонунлардан бехабар кимсаларнинг ҳам мантиғидир.

Хўш, тарих қачон ҳаракатдан тўхтаб қолган экан? Қачон навбат бир миллатга етиб, ундан кейингисига ўтмай қолган экан? Бундай ҳодисалар асло бўлган эмас. Дунё бамисоли бир чархпалакдир.

«...Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз». (Оли Имрон: 141)

Дунё бир чархпалак, тинмай айланар,
Аллоҳ изни билан бугун пастдамиз...
Ҳаракат давомли, навбат давомли,
Бугун соғлом, балки, эрта ҳастамиз.
Айланган бу кунлар, айланиб турар,
Эрта шоҳ тахтига гадо ўтирар.

Биродаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ад-Дувайш (Аллоҳ у кишига яхши мукофотлар берсин!) Қуръону суннатдан Исломнинг ғалабасига оид ҳужжатларни бир рисолада тўплаганлар ва ҳужжатнинг мазмунидан чиқиб кетмаган ҳолда ўз мулоҳазаларини билдирганлар. Барча далиллар хулосаси битта: «Барча тузумларнинг куни битган, Исломдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Энди одамлар учун Аллоҳнинг изни билан Исломга қайтишдан ўзга чора йўқ».

Бундай хайрли ишлари учун биродаримиз Муҳаммадга Аллоҳ яхши мукофотлар берсин, бизни ва у кишини мана шу диннинг даъватчиларидан ва ёрдамчиларидан қилсин. Омийн.

Валҳамду лиллаҳи Роббил-аламийн.

Салмон ибн Фаҳд ал-Авда

Муқаддима

Барча мақтовлар Аллоҳникидир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, мағфират тилаймиз, Унга тавба қиламиз, нафсимизу амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилиб қўйган бўлса, уни ҳеч ким адаштира олмас. Аллоҳ адаштириб қўйган кимсани ҳеч ким ҳидоят қила олмас. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, У ягонадир, шериксиздир. Ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва Пайғамбаридир.

Аммо баъд:

Ҳеч кимга сир эмаски, бугун ислом жамияти шариат эътибори билан ҳам, дин эътибори билан ҳам Аллоҳ хоҳлаган даражадан анчалар узоқ. Бу баҳсли масала эмас. Айримлар келажакда бир яхшилик бўлишидан ҳам буткул умид уздилар. Чунки бир тарафдан душманлар Исломга қарши ҳаракат қиляптилар. Иккинчи тарафдан одамлар Аллоҳ динидан узоқлашиб, кўпчиликда масъулият ҳисси йўқолиб бормоқда. Мусулмонларнинг ўз шарафларини тиклаш учун қилаётган ҳар бир ҳаракатларига қарши душманлар ҳозир турибдилар. Бундай умидсизлик руҳини ҳатто ҳаётга ҳеч қандай таъсири бўлмаса-да, барибир йўқотмоқ лозим. Зеро, у Қуръон ва суннат қарорига зиддир. Чунки тушкунликка тушганлар кўпчиликни умидсизликка, таслим бўлишга ундаб, ўзгариш, ўнгланиш учун курашаётганлар билан бирга бўлишдан қайтариб кўяди-ку. Шунинг учун ҳам биз тушкунликка тушиб қолган гуруҳга умматнинг бугуни қанчалар ёмон, душманнинг ҳийласи қанчалар катта бўлмасин, барибир, келажак Аллоҳнинг дининики, азизлик эса Аллоҳнинг Дўстлариники эканини айтиб қўймоғимиз лозим. Мана бу рисола Қуръону суннатда бор бўлган келажак Исломники, азизлик Аллоҳнинг дининики эканини башорат қилувчи далил-ҳужжатларни баён қилур. Бу тадқиқотни ўқиган ёки эшитган мўминнинг ундан фойда олишини ҳамда бу ишимизни ҳасанотларимиз мезонига қўйишини Аллоҳдан сўраймиз. Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни, у кишининг оиласию саҳобаларини раҳматига олсин! Омийн.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ад-Дувайш

Биринчи: Қуръон башоратлари

1. Бу диннинг ғалаба қилишига ишора этилган оятлар

«У (Аллоҳ) Ўз Пайғамбарини Ҳидоят ва Ҳақ Дин билан — гарчи мушриклар хоҳламаса-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир». (Тавба: 33)

«Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни, Динини) тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйгувчидир. У (Аллоҳ) – гарчи мушриклар истамасалар-да – Ўз Пайғамбарини Ҳидоят ва Ҳақ Дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир». (Соф: 8,9)

«У (Аллоҳ) Ўз Пайғамбари (Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ҳидоят ва Ҳақ Дин (Ислом) билан, у (Дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъданинг рўёбга чиқишига) етарли Гувоҳдир». (Фатх: 28)

2. Мўминларга ғалабани ваъда қилиш

«Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга Қодирдир. Улар ўз диёрларидан ноҳақ, фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (Ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни, Динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ Кучли, Қудратлидир». (Ҳаж: 39,40)

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аниқки, Биз сиздан илгари ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, улар (қавмларига) аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилган (яъни, ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган) кимсалардан интиқом олганмиз ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган». (Рум: 47)

«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, (яъни, Унинг Йўлида жиҳод қилсангизлар), У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур». (Муҳаммад: 7)

«Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангувчидирлар ва шак-шубҳасиз, Бизнинг кўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчилардир», деган Сўзимиз ўтган – собит бўлгандир». (Соффат: 171-173)

Демак, Ислом динига ёрдам берган ва унинг йўлида курашган мўмин бандаларга ғалаба берилиши Аллоҳнинг қонунидир. Баъзан Аллоҳнинг Ўзи билган бир ҳикмат сабабидан бу қонуннинг кечиктирилиши унинг бузилишини англатмайди. Зеро, ғалаба Аллоҳнинг динига ёрдам бергувчиларникидир.

3. Мўминларга ғолибликнинг ваъда этилиши

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (Ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам Ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) Динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг хавфу-хатарлардан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас, улар итоатсиз кимсалардир». (Нур: 55)

Бу оятда ваъдасига хилоф қилмайдиган Аллоҳ мўминларга уларни Ер юзига халифа-ҳукмрон қилмоққа, уларнинг дини бўлмиш Исломни ғолиб мустаҳкам этмоққа ваъда бераётир. Буюк Аллоҳнинг ўзи ваъда бериб турганида содиқ мўмин учун яна қандай умид керак?

4. Кофирлар қўллаётган ҳийлаларнинг заифлигига ва улар қилаётган ҳаракатнинг нотўғрилигига ишора қилиниши

Кофирларнинг ўзлари турли тоифаларга бўлиниб кетганларига қарамасдан, Ислом ва мусулмонларга қарши яктан бўлиб, мўминларнинг эътиқодларию диёнатларига зарба бериш учун ўзларидаги бор куч-ғайратларини сарф этаётганликларининг, айни пайтда мусулмонларнинг ўзларига қарши қўлланилаётган турли ҳийла-найранглардан ғафлатда қолаётганини кўрган кўпчилик диндошларимиз умидсизликка тушаётирлар. Бу найрангларнинг узлуксиз самара бераётганини кўриб, мусулмонларнинг шарафини тиклаш учун қилинадиган ҳар қандай уриниш илк қадамдан беаёв қаршиликка учрайди, бўғиб ташланади, чунки душманлар бизнинг озгина ҳаракатимизни ҳам, андаккина уйғоқлигимизни ҳам назардан четда қолдирмаётирлар, деб ўйлаб қолмоқдалар. Эй биродарим, сиз мана бу оятларни мен билан биргаликда ўқинг ва улар хусусида чуқур мулоҳаза юритинг:

«У шаҳарда (ўзларини) ўнгламай Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб, (бир-бирларига) айтдилар: «Албатта (Солиҳни) ва унинг аҳли-тобеъларини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг волий-ҳомийсига: «Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг аҳли-тобеъларининг ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта бизлар ростгўй кишилардирмиз», деймиз». Улар (Солиҳ ва унинг тобеъларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг – Биз уларни ва барча қавмларини қириб юбордик. Мана, улар золим бўлганликлари cабабли уйлари хувиллаб қолди! Албатта бунда биладиган қавм учун оят-ибрат бордир». (Намл: 48-52)

«Албатта кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг Йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. ...жаҳаннамга солиш учун тўпланурлар...». (Анфол: 36)

«Албатта (кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши турли) ҳийла-найранг қилурлар. Мен ҳам бир ҳийла қилурман (яъни, уларнинг ҳийла-найрангларига муносиб жазо берурман). Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз кофирларга озгина вақт-муҳлат беринг (яъни, сиз бир оз шошмай туринг, майли улар бугун Дину иймонга қарши қўлларидан келганини қилсинлар, тез кунда уларга тушадиган бало, уқубат ва ҳалокатни кўрурсиз)!». (Ториқ: 15-17)

«(Эй мўминлар), мана шу (сизларнинг мукофотингиздир). Албатта Аллоҳ кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи Зотдир». (Анфол: 18)

Демак, улар Аллоҳнинг динига қарши ҳар қанча ҳийлаю найранглар қилмасинлар, Аллоҳ уларни кузатиб турур. Зеро, улар мусулмонларнинг душманлари бўлишларидан ҳам кўра кўпроқ Аллоҳнинг душманидирлар.

«Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутмангиз!». ( Мумтаҳана: 1)

«... Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар». (Анъом: 33)

Иккинчи: Суннати набавийя башоратлари

Ҳадисларда айтилган башоратларни икки қисмга ажратиш мумкин:

I. Исломнинг буткул ғалабаси хусусида башоратлар.

II. Муайян ҳолатларда Исломнинг ғалаба қилишидан башорат берувчи ҳадислар.

Исломнинг мутлақ ғалабаси хусусидаги башоратлар:

1. Имом Аҳмад Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Бу иш шак-шубҳасиз кеча ва кундуз етган жойга етиб боради. Аллоҳ хоҳ ўтроқ бўлсин, хоҳ кўчманчи барча-барчага бу ишни ё азизнинг азизлиги билан ёки хорнинг хорлиги билан олиб кирур. Азизлик, Аллоҳ у билан Исломни азиз қилур ва хорлик, Аллоҳ у билан куфрни хор қилур».

2. Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади, айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «То Лот ва Уззо ибодат қилинмагунча кеча ва кундуз (ўз ўрнидан) кетмас». «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, мен Аллоҳ таолонинг: «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини Ҳидоят ва Ҳақ Дин билан – гарчи мушриклар хоҳламасалар-да – барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир», ояти нозил бўлганда, бу иш батамом амалга ошади, деб ўйлаган эканман», дедим: «Келгусида Аллоҳ хоҳлаганича шундай (ҳам) бўлади. Кейин Аллоҳ шундай бир ёқимли шамолни юборурким, у қалбида бир хантал уруғичалик иймони борларнинг ҳаммасини ўлдирур. Натижада (дилларида) ҳеч қандай эзгулиги йўқ кимсалар қолиб, оталарининг динларига қайтиб кетурлар» - дедилар».

Ҳадисдаги «батамом амалга ошади» деган жумланинг маъноси шуки, бу диннинг бошқа динлар устидан ғолиб бўлиши хусусидаги Аллоҳнинг ваъдаси шак-шубҳасиз рўёбга чиқур.

3. Имом Аҳмад ва бошқа ровийлар Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг ораларингизда пайғамбарлик Аллоҳ хоҳлаганча (муддат мавжуд) бўлиб туради. Кейин Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган пайтда кўтаради. Кейин мустаҳкам подшолик юзага келиб, у ҳам Аллоҳ хоҳлаганча мавжуд бўлиб туради. Сўнг уни ҳам Аллоҳ Ўзи хоҳлаган пайтда кўтаради. Кейин зўравон подшолик юзага келиб, у ҳам Аллоҳ хоҳлаганча туради. Сўнг уни ҳам Аллоҳ Ўзи хоҳлаган пайтда кўтаради. Кейин эса пайғамбарлик йўлига асосланган халифалик дунёга келади».

4. Ғолиб тоифа хусусидаги ҳадислар бир қанча саҳобалардан, жумладан, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Арқам, Мурра ибн Каъб ал-Баҳрий, Умар ибн Хаттоб, Салама ибн Нуфайл ал-Киндий, Абу Умома, Имрон ибн Ҳусайн, Қурра ибн Иёс, Жобир ибн Абдуллоҳ, Савбон, Муғийра, Жобир ибн Самура, Муовия, Уқба ибн Омир, Саъд ибн Аби Ваққос ва бошқалардан ривоят қилинган. Уларнинг айримлари «Саҳиҳайн»да мавжуддир. Муслимнинг «Саҳиҳ»идаги Саъднинг ҳадисида шундай ворид бўлган: «Умматимдан бир тоифа ҳақиқат узра барқарор туриб бораверадилар. Муҳолифлари уларга зарар қилолмайдилар. Аллоҳнинг фармони келгунга қадар шу ҳолатларида тураверадилар». Бу тавсифни эшитган мусулмон шу тоифанинг бир аъзоси бўлиб, Аллоҳнинг динини ғолиб қилиши ва Унинг калимасини юксалтириши йўлидаги ҳаракатларга ўз улушини кўшмоқни ич-ичидан орзу қилади. Бу орзу чўғи оловга айланиб, унинг дилида ва нажот топгувчи тоифа бўлмиш аҳли сунна вал-жамоа йўлидан бориб, Аллоҳнинг динига даъват этиш учун тинимсиз курашмоққа даъват қилади.

5. Бу умматнинг яхшилиги хусусидаги ҳадислар. Улардан бирини Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: «Умматим ёмғирга ўхшайди. Унинг аввали яхшими ёки охири яхши билиб бўлмайди».

6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу умматимнинг ҳурсандлиги улуғворлик, ғалаба ва ҳукмронлик биландир. Улардан ким Охират ишини дунё учун қилса унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба бўлмас».

7. Мужаддид (янгиловчи) хусусидаги ҳадис. Бу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ бу уммат учун ҳар юз йилнинг бошида унга диннинг ишини янгилаб берадиган (бир) кишини юборур».

II. Муайян ҳолатларда Исломнинг ғалаба қилишидан башорат берувчи ҳадислар.

1. Яҳудийлар билан жанг қилиш хусусидаги ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Мусулмонлар яҳудийлар билан жанг қилмагунларича Қиёмат қойим бўлмас. Жангда мусулмонлар яҳудийларни шу қадар тор-мор этурларки, ҳатто қайси бир яҳудий бир тошнинг ёки дарахтнинг ортига яшириниб олса, ўша тош ёки дарахт (тилга кириб), «Эй мусулмон, эй Аллоҳнинг бандаси, мана яҳудий орқамда турибди, кел, уни ўлдир»,- деб айтур. Фақат ғарқад дарахтигина бундай демас. Чунки у яҳудийларнинг дарахтидир».

Ғарқад дарахти расмларини томошо қилинг