Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

АЛЛОҲГА ТАВАККАЛ!

9042 марта кўрилган

«وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ»


«Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир»

(Талоқ сураси, 3-оят).

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Унинг пайғамбари Муҳаммадга, у зотнинг аҳли байти, саҳобалари ҳамда тобиинларга кўпдан-кўп салавоту саломлар бўлсин!

«Аллоҳга таваккал қилдим».

Аввало ушбу калиманинг маъноси:

Бу калимани кўпчилик айтади. У тил билан айтилсада, аслида қалб амалларидандир. Баъзилар тонгда, баъзилар оқшом айтади. Умуман олганда, ҳамма ҳар хил ҳолатда айтади. Бироқ бу сермазмун калиманинг маъносини озчилик тушунади. Мана шу тушунганлардан ҳам озчилиги уни оддийгина айтилган сўзлик даражасидан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги кучли алоқа воситаси – узилмас ришта даражасига кўтара олади.

Таваккал – ўзингни барча ишларингда Аллоҳ таолога топширмоғинг. У Аллоҳ таолога ишонч ва Унинг қудрати, қуввати ва илмига бўлган иймондир. Демак, у комил суратда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога суянишдир. Бунинг самараси эса, Аллоҳ таолонинг баъзи исм ва сифатларига амалий равишдаги комил иймондир.

Шунинг учун ҳам Имом Ибн Қаййим айтадилар: «Таваккал диннинг ярми, иккинчи ярми эса, инобат — Аллоҳга қайтмоқ (иқбол этмоқ) – Унга тавба қилмоқдир. Зеро, дин Аллоҳга ибодат, Унинг Ўзидангина ёрдам сўрашдир. Таваккал Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўраш, инобат эса ибодатдир» (“Мадорижус-соликийн”нинг сайланмаси, 336-саҳифа). Демак, Аллоҳ таолонинг Ўзидангина ёрдам сўрамоғинг заифлигингни, (келажакни) билмаслигингни тан олмоғинг ҳамда У Буюк Зотнинг илмига, қудратига иймон келтириб, Унга бўйин эгиб, Ундан куч-қувват талаб қилиб, У Зотни яхши кўрмоғинг – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога холис қилинган ибодатлар жумласидандир.

Юсуф сураси 42-оят: «Бас, Шайтон у (Юсуф алайҳиссаслом)дан ўз Рaбби (Аллоҳ таоло)ни зикр қилишни (ёдга олишни) унуттирди» оятининг таҳқиқи

Ибн Қаййим мазкур оят тафсирида бундай дейди: ″Албатта, Аллоҳ таолонинг Юсуф алайҳиссаломни бир неча йил зиндонда қолиб кетишларига маҳкум этиши у зотнинг Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашдан аввал ўзлари каби бир инсондан ёрдам талаб қилганликлари томонидан келди″. Юсуф алайҳиссаломнинг ўзларидек бир инсондан ёрдам талаб қилганлари зиндондан қутулиши гумон қилинган йигитга: ″Мени роббинг (яъни, хожанг – подшоҳ) ҳузурида ёдга олгин!″, деган сўзларида намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг: «Бас, Шайтон у (Юсуф алайҳиссалом)дан ўз Роббиси (Аллоҳ таоло)ни зикр қилишни (ёдга олишни) унуттирди» (ушбу маънони муфассирлардин Мужоҳид ва Муқотилдан ривоят қилинган), деган сўзининг шарҳи эса, ″Шайтон Юсуф алайҳиссаломни Ҳақиқий, Буюк Роббини зикр қилиб, Унинг Ўзидангина ёрдам талаб қилишини унуттирди. Натижада у зот ўзлари каби инсондан ёрдам талаб қилдилар. «Бас, (Юсуф алайҳиссалом) бир неча йил зиндонда қолиб кетдилар».

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандасининг Ўзидан бошқасидан ёрдам талаб қилишини асло қабул қилмайди. Зеро, Аллоҳ таолодан ўзга зот ҳар қанча куч-қудрат ва салтанат ҳамда ҳисобсиз қуролли кучга эга бўлмасин, бари бир у ҳаракати, интилишлари, хоҳиш-истаклари Аллоҳнинг қудрати ва иродаси остида бўлган заиф бир бандалигича қолаверади.

Таваккалнинг ҳақиқий – тўғри тушунчаси

Баъзилар таваккални нотўғри тушунадилар. Уларнинг гумонларича, ″таваккал″ зоҳирий сабабларни ҳисобга олмаган ҳолда ўзни ўту чўққа уришдир. Бу эса, тартиб-интизом билан яратилган ҳаёт қонунига зиддир. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча ишларни тартиб-интизом ва зоҳирий сабабларга боғлиқ қилиб яратган.

Зоҳирий сабабларни ушлаш ҳақиқий таваккалга зид эмас, балки у таваккалнинг шартларидандир. Сиз зоҳирий сабабларни ҳамма нарса шунга боғлиқ дейдиган даражада ушланг, кейин Аллоҳга шундай таваккал қилингки, халиги сабабларнинг заррача аҳамияти қолмасин. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, автоуловингиз билан сафарга чиқмоқчи бўлсангиз, сиз уни обдон текширасиз. Мойига, ҳавосига қарайсиз. Шундай бўлсада, сиз Аллоҳга, унинг ҳифзу ҳимоясига ҳамда тавфиқига муҳтож эканингизни ҳис қиласиз ва: “Эй парвардигор, мен сенинг раҳматингга, ҳифзу ҳимоянгга муҳтожман, ўзинг бало-қазолардан сақлагин, Ўзингга таваккал қилдим”, деб йўлга тушасиз.

Бир киши қайсидир нарсани тижорат учун шартта олса, кейин “Ё Аллоҳ, ўзингга таваккал қилдим, Ўзинг ҳар ишга қодирсан”, деса, бу мўминнинг иши эмас. Мўмин бирор нарса билан тижорат қилмоқчи бўлса, аввало бозорни, нарх-навони ўрганади, қанақаси кетади, қанчага тушади-ю, қанчадан сотилади, барчасини аниқлайди. Шундан кейингина Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлайди. Бошқа барча соҳалар ҳам худди шу кабидир. Биз Аллоҳ таолонинг Марям сурасидаги: «(Мана шу) хурмо танасини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини тўкар» (Марям, 25) оятини ўқиб, унинг маъносига яхши эътибор берсак, ушбу ҳаёт зоҳирий сабабларга боғлиқ ҳолатда яратилган эканига яна бир бор амин бўламиз. Аллоҳ таоло Биби Марямга ҳеч қандай зоҳирий сабабсиз ризқ-насибаларини келтиришга қодир эди. Бироқ, У Буюк Зот, ҳаёт зоҳирий сабабларга боғлиқ эканини билдириб қўйиш учун, туғуруқдан янги қутилган, унинг асаридан батамом фориғ бўлиб улгурмаган кучсиз Биби Марямга хурмо дарахтини силкитишга фармон қилди (ҳолбуки, хурмо дарахтини силкитишнинг иложи йўқ). Бу билан Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати ва мўъжизасини намойиш этган бўлса, иккинчи томондан яшаш учун зоҳирий сабабларни асло унутмасликка ишорат этади. Демак, Аллоҳга таваккал қилган кишининг зоҳирий сабабларни амалда қўллаши ҳақиқий маънодаги таваккалга асло зид эмас. Балки, зоҳирий сабаблар билан бирга қилинган таваккалгина ҳақиқий – тўғри таваккал ва Аллоҳ таолонинг ҳаётдаги жорий қонунидир.

Биз ушбу маънони Қуръон оятлари ва пайғамбаримизнинг суннатларидан жуда кўп ўринда топишимиз мумкин. Келинг, Анфол сураси 7-оятидаги: «...(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларнинг юзига кўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, Сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди...» оятини ўқиб, биргаликда таҳлил қилайлик: Жиҳодлардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларига бир сиқим тупроқ олиб, уни кофирларнинг юзларига қарата улоқтириб, сепиб юборган эдилар. Ушбу тупроқ зарралари кофирларнинг барчасининг кўзига кириб, бу ҳам ғалаба сабабларидан бири бўлган эди. Кўриб турибмизки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шу сабабни, яъни, кофирларнинг юзига бир сиқим тупроқни улоқтириб, сепиб юборишни ирода қилди. Лекин ҳақиқий нусрат берувчи эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Бир сиқим тупроқни сиз отганингиз йўқ, Мен отдим”, деб миннат қилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганларидан кейин, зоҳирий сабаблардан бирини, албатта бу Аллоҳ томонидан бўладиган нусратга сабабдир, деган холис ният билан қўлладилар, холос.

Ҳаж кунларининг бирида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир жамоа камбағалларни кўриб қолди ва уларга “сизлар кимсиз”, дея сўз қотди. Улар: “Биз таваккалчилармиз”, дедилар. Шунда Умар: “Ёлғон сўзладинглар, таваккалчи ерга донни сепиб, кейин Аллоҳга таваккал қилган кишидир”, дедилар. Бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин, бироқ рисоламиз қисқа бўлишини хоҳлаганимиз учун шулар билан кифояланамиз.

Таваккал ва бугунги кунимиз

Ҳозирги кунда биз мусулмонлар ҳақиқий маънодаги таваккалдан анчагина йироқлашган кўринамиз. Баъзиларимиз фақатгина зоҳирий сабабларга қаттиқ боғланиб олиб, нажот ва нусратни моддий, зоҳирий сабаблардангина кутмоқдамиз, баъзиларимиз эса, таваккалнинг зоҳирий сабабларини асло қўлламай туриб ҳам, том маънодаги ҳақиқий – тўғри таваккалга етиша оламиз, деб ўйламоқдамиз. Моддийлик ғалаба қилган хозирги кунимизда кўпчилигимиз ушбу моддий ҳаётга қаттиқ берилиб кетганимиз боис, таваккал ва шу каби улуғ маънолардан четда қолиб кетмоқдамиз.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни тўғри йўлга Ўзи ҳидоят этсин! Суҳбатимизни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваккал ҳақидаги бир ҳадиси шарифлари билан якунламоққа қарор қилдик:

"إِذَا خَرَجَ الرَّجُلُ مِنْ بَيْتِهِ فَقَالَ : بِسْمِ اللَّهِ ، تَوَكَّلْتُ عَلَى اللَّهِ ، لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ ، قَالَ : يُقَالُ حِينَئِذٍ : هُدِيتَ ، وَكُفِيتَ ، وَوُقِيتَ ، فَتَنَحَّى عنه الشَّيطانُ، فَيَقُولُ لَهُ شَيْطَانٌ آخَرُ : كَيْفَ لَكَ بِرَجُلٍ قَدْ هُدِيَ ، وَكُفِيَ ، وَوُقِيَ ؟ ".


«Кимки уйидан чиққан пайтида: “Бисмиллаҳи таваккалту алaллоҳи ва ла ҳавла ва ла қуввата иллаа биллаҳ” (маъноси: Аллоҳнинг номи билан (уйдан чиқдим), Унга таваккал қилдим, куч ва қудрат фақатгина Аллоҳнинг Ўзидандир), деб айтса, унга: ″ҳидоятландинг, ҳимояландинг ва кифояландинг яъни, кафолатландинг″, дейилади. Бас, буни эшитган шайтон ундан узоқлашади. Шунда иккинчи шайтон унга айтади: ″Ҳақиқатда ҳидоятланган, ҳимояланган ва кафолатланган кишига сенинг учун қандай йўл бўлиши мумкин!″» (Яъни, сен уни қандай қилиб адаштира олардинг, бунинг сира иложи йўқ!) (Темизий ривояти).

Мана, азиз ўқувчи, ўзингиз кўриб турганингиздек, уйдан кўчага чиқаётган киши Аллоҳга таваккал қилиб, унинг ўзигагина суянган ҳолда чиқса, у албатта Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлиб, шайтон ёмонлигидан омонда бўлар экан. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ҳақиқий равишда Ўзига таваккал қилмоғимизга муваффақ айласин!

Манба: www.islamnuri.com