Ислом нури
 

Ҳамкорликка даъват

   Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Биз Аллоҳга ҳамду истиғфорлар айтамиз ва ундан нафсимиз ҳамда амалларимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи ва адаштирган  кимсани ҳидоят қилувчи зот йўкдир. Мен ягона шериксиз Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) илоҳ йўқ ва Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир  деб гувоҳлик бераман.
Ислом динини ўзи  учун севганидек бошқалар  учун ҳам севган;
Ислом динига даъват қилишни ўзининг ҳаётидаги бирламчи вазифаси қилиб олган;
Даъват майдони қисқаргани сайин янги майдонларни очишга интилган;
Даъватнинг хар бир жабҳасида мусулмонларнинг зийрак ва фаол бўлишларини умид қилган;
Даъват ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини бошқа мусулмон  биродарлари билан ўртоқлашишни режалаштирган;
Роббисининг раҳматига сазовор  бўлиш  учун кечалари бедор ва кундузлари дунё рақобатларидан ўзинган вақтларида қилган ижодларини даъватнинг кенгроқ майдонида ёймоқчи бўлган Сиз забардаст мусулмон ака-ука ва опа-сингилларимизни ҳамкор бўлишга даъват этамиз.
   Биз « www.islamnuri.com » интернет саҳифасининг таҳририяти бу саҳифани ўзимизнинг эмас , балки, Ислом даъватини  ёйиш ва Аллоҳ олдидаги масъулиятни адо этиш  учун фаол бўлган хар бир мусулмон ва муслиманинг саҳифаси деб биламиз.
   Бизнинг даъватдаги ғоя ва  мақсадларимиз шу кунга қадар саҳифамизда сизларга тақдим етганимиз китоб, мақола, ва мавъизаларда ўз аксини топган эканига амин бўлсакда, яна бир бор эслатмоқчимиз: Биз  исломга Куръон ва Суннат ўз ичига олган ва  расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам  хушхабар берган «НАЖОТ ТОПУВЧИ ЖАМОА- АҲЛУССУННА ВАЛ-ЖАМОА» нинг пешволари «САЛАФ СОЛИҲ» тушунчалари асосида  даъват этамиз.
   Чунки даъват майдонида турли номлар остида фаолият кўрсатаётган, бироқ, ишни ўз пойдеворидан бошламаган қанча-қанча жамоат ва гуруҳлар борки, улар халқимизга динни етказишда турли муаммоларни келтириб чиқармоқдалар. Уларнинг баъзилари динни етказишда меъёрсиз ҳаракат қилса, баъзилари таъвизлар бермокдалар. Бу эса одамларда турли номаъқул фикрларнинг пайдо булишига сабаб бўлиб, Ислом дини ҳақида нотўғри фикрда бўлган гуруҳлар кўпаймоқда.
   Исломнинг Аллоҳ хоҳлаган тушунчаси - расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобиинлар ва уларга яхшилик билан эргашган кишилар тушунган тушунчадир. Исломни улардан бошқача тушунишнинг дунё ва охиратдаги оқибатлари жуда хунукдир.

   Бизнинг ғоямиз Аллоҳнинг розилигига эришиш бўлиб, унга етишда одамларга дин нима эканини билдириш, танитиш ва ўргатишни васила (восита) қилдик. Шунинг учун ҳам биз одамларга диннинг ҳамма жиҳатларини: эътиқод, фиқҳ, одоб-ахлоқ ва бошқаларни  САЛАФ СОЛИҲ тушунчаси ила танитиш билан ўз ишимизни бошладик. 

   Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Ўқувчиларимиздан келаётган мактублар ва улардаги мавзулар бизларнинг қувончимизга қувончни зиёда қилди.
Хозирда ўзбек тилида турли исломий саҳифалар кўпайиб бормоқда. Биз бу саҳифанинг илмий саҳифа бўлиб қолишига,  жиддий эътибор бермоқдамиз. Табиийки, бу буюк вазифани тўла қонли адо этиш  учун  сиз мусулмон дўстларимизни биз билан ҳамкор бўлишга чақирамиз. Агар сизнинг «АҲЛУССУННА ВАЛ-ЖАМОА» эътиқоди, фиқҳи, одоб-ахлоқи, тарихини «САЛАФ СОЛИҲ» тушунчаси билан ёритилган насиҳат, мақола, таржима, китоб, шеър ёки аудио тасмангиз бўлса бизларга e-mail орқали юборинг. Биз уни иншоаллоҳ, ўз саҳифангизда  мусулмон биродарларимизга такдим этамиз.
   Келинг, ҳамкор бўлайлик! Келинг, кучларимизни бирлаштирайлик ва мусулмонларнинг биринчи душмани ШАЙТОН  ва иккинчи душмани ЖАҲОЛАТГА қарши кураш майдонида ёнма-ён турайлик! Келинг бу вақтларни ғанимат билинг! Кечикманг! Кечикиб кўп савоблардан маҳрум қолманг! Зеро, Аллоҳнинг берган илҳоми билан битилган қўлёзмаларингизни ўқиш ёки эшитиш билан минглаб кишилар ҳидоят топиши, минглаб мусулмонлар иймонларига иймонни зиёда қилиб, даъват йулида фаолликларини оширишлари мумкин . Сиз бу савобларни олишга шошилинг!
   Биз билан ҳамкор бўлган ака-ука ва опа-сингилларимизга олдиндан ташаккур айтамиз. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий орзу умидларини ўзлари ўйлаганларидан кўра яхшироқ қилиб рўёбга чиқарсин. Аллоҳ барчамизга тўғри йўлда юриш ва тўғри йўлга даъват етишни насиб этсин.
   Сизларга ҳурмат билан Ислом Нури интернет саҳифасининг таҳририяти.

   ЮкоригаÎ