Ислом Нури

 

Фиқҳий масалалар

 

Ақиқага доир ҳукмлар ҳақидаги боб

Ақиқа фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан бўлиб, у ота фарзанди учун Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида сўядиган бир жонлиқдир. Ақиқа – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилиб берган суннатдир.

 

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: عَقَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн номидан ақиқа қилганлар. (Абу Довуд (2841), Насоий (4219) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар), саҳобаи киром ҳам фарзандларига ақиқа қилардилар, тобеинлар ҳам шундай қилганлар.

Баъзи уламолар ақиқани фарз деганлар, чунки, Ҳасан Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ «كُلُّ غُلاَمٍ رَهِينَةٌ بِعَقِيقَتِهِ تُذْبَحُ عَنْهُ يَوْمَ سَابِعِهِ وَيُحْلَقُ وَيُسَمَّى»

«Ҳар бир чақалоқ ақиқаси билан гаровлангандир», деганлар (Абу Довуд (2837), Насоий (4220), Термизий (1522), Ибн Можа (3165) ривоятлари).

Имом Аҳмад айтади: «Бунинг маъноси – ота-онасига шафоатчи бўлишдан тўсиб қўйилади, демакдир» (Қаранг: Фатҳул Борий: 9/594).

Ибнул Қаййим айтади: «Болага ақиқа сўйилса, бу унинг яхши хулқ ва гўзал хислатлар эгаси бўлишига сабаб бўлади» («Ҳошиятур-ровзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 4/244).

Саҳиҳ сўз шуки, ақиқа суннати муаккададир. Жонлиқ сўйиш унинг пулини садақа қилиб юборишдан афзалдир. У фарзанд туғилиши билан ота-онага Аллоҳнинг неъмати янгиланиши муносабати билан Унга шукроналикдир, бу билан Аллоҳга қурбат ҳосил бўлади, камбағалларга садақа, чақалоққа жон фидо бўлади.

Ақиқада ўғил болага ёши ва баҳоси бир-бирига яқин бўлган иккита қўй, қиз болага битта қўй сўйилади.

 

عَنْ أُمِّ كُرْزٍ الْكَعْبِيَّةِ قَالَتْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « عَنِ الْغُلاَمِ شَاتَانِ مُكَافِئَتَانِ وَعَنِ الْجَارِيَةِ شَاةٌ ».

Умму Курз ал-Каъбия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ўғил болага баробар катталикдаги иккита қўй, қиз болага битта қўй», деганларини эшитганман» (Абу Довуд (2834), Насоий (4215), Термизий (1516), Ибн Можа (3162), Аҳмад (6/422, №27369) Умму Курз розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар, Термизий (1513) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб, саҳиҳ санаган).

Ақиқада ўғил бола билан қиз бола ўртасидаги фарқлилик остидаги ҳикмат шуки, қиз болага ўғил болага доир аҳкомларнинг ярми қўлланади, ўғил бола сабабли отага бўлган неъмат комилроқ, шодлик ва сурур кўпроқ бўлади, шу боис бунинг шукри ҳам икки карра кўпроқ бўлди.

Ақиқа сўйиш вақти фарзанд туғилганининг еттинчи куни бўлмоғи лозим, агар ундан олдин ё кейинроқ сўйса ҳам жоиз.

Шу куни унга исм қўйилиши афзал. «Сунан»да ва бошқа ҳадис тўпламларида борки: «Еттинчи куни унинг номидан (ақиқа) сўйилади ва исми қўйилади» (юқоридаги Самура розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис давоми). Ким фарзандига туғилган куниёқ исм қўйса, зарари йўқ. Балки, бу баъзи уламолар наздида еттинчи куни исм қўйишдан кўра яхшироқ.

Фарзандга чиройли исм қўйиш суннатдир.

 

عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ ».

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар қиёмат куни  ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласиз, шундай экан, исмларингизни чиройли қилингиз», деганлар (Абу Довуд (4948), Аҳмад (5/194, №21693), Ибн Ҳиббон (13/135, №5818) Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли исмни яхши кўрганлар. Аллоҳдан бошқага қулликни ифода қилувчи Абдуумар, Абдулкаъба, Абдунабий, Абдулмасиҳ, Абдуалий, Абдулҳусайн каби исмлар қўйиш ҳаромдир.

Имом Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳдан бошқага қулликни ифода қилувчи ҳар қандай исм қўйиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар, Абдуумар, Абдулкаъба ва ҳоказо, бироқ Абдулмуттолиб бундан мустасно» (Маротибул-ижмоъ: 249-с). Чунки, у Бану Абдиддор, Бану Абдишшамс каби хабар беришни ифода қилувчи иборадир, бундай деб исм қўйиш бўлмаган.

Номуносиб исмлар қўйиш макруҳдир, Осий (гуноҳкор), Кулайб (кучук), Ҳанзала (итхамак), Мурра (аччиқ), Ҳазан (маҳзунлик) каби.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахслар ва жойларнинг жирканч ном билан номланишини ёқтирмас эдилар (Қаранг: Сунан ат-Термизий: 2838-2839).

 

عَنِ ابنِ عُمَرَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- «إِنَّ أَحَبَّ أَسْمَائِكُمْ إِلَى اللَّهِ عَبْدُ اللَّهِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ».

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Исмларингиз ичида Аллоҳга энг суюмлиси Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир», деганлар (Муслим (2132), Абу Довуд (4949), Термизий (2833), Ибн Можа (3728) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Болага чиройли исм танлашга аҳамият бериш, ҳаром ва макруҳ исмлар қўйишдан сақланиш лозим. Чунки, бу фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан саналади.

Ақиқага ёш ва кўринишда қурбонликка яроқли бўлган, айб ва касалликлардан саломат, семиз ва нуқсонсиз қўй танлаб сўйилади.

Уни ҳам худди қурбонлик гўшти каби учга бўлиши, гўштидан ўзи ҳам ейиши, ҳадя ва садақа қилиши мустаҳаб.

Ақиқанинг қурбонликдан фарқи шундаки, унда шериклик жоиз бўлмайди, туя ва қорамол сўйилса, фақат бир кишига ўтади. Чунки, у битта жонга фидодир. У шерикликни қабул қилмайди, унда шериклик бўлгани ривоят қилинмаган, на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на саҳобалар ундай қилганлар.

Янги туғилган боланинг солиҳ бўлишига, фазилатли ахлоқ устида ўсиб-улғайишига сабаб бўлувчи ишларга аҳамият бериш лозим бўлади.

Боланинг хулқ-атворига кўпроқ аҳамият қаратиш зарур, чунки, у мураббийи қандай тарбия қилса, ўшандай хулқ устида улғаяди.

Ёши катта бўлиб қолганидан сўнг бу нарсаларни ўзлаштириши қийин бўлади, шунинг учун айрим одамларни ёшликда олган тарбиялари сабабли ахлоқлари бузилиб кетганини кўрасиз.

Болани беҳуда ва ботил ўйин-кулги давраларидан, ёмон улфатлар таъсиридан сақлаш лозим.

Бола ўсиб-улғаядиган хонадон муҳити солиҳ муҳит бўлмоғи керак. Чунки, оила энг биринчи мадраса вазифасини ўтайди. Шундай экан, ёмонлик ва фасод воситаларини хонадондан узоқлаштириш фарз бўлади. Хусусан, ҳозирги даврга келиб, ёмонлик воситалари ҳаддан ташқари кўпайиб, ҳамма ёқни тўлдириб юборди.

Болани тоат-ибодат устида, динга ҳурмат ва Қуръонга муҳаббат руҳида тарбиялаш лозим. Чунки, дунё ва охират бахт-саодатига элтувчи энг катта восита шудир.

Бир сўз билан айтганда, ота-она ва боланинг тарбиясига масъул шахслар ўз ахлоқларида, ҳаёт тарзи ва одатларида унга гўзал ўрнак ва намуна бўлишлари лозим бўлади.

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилишини сўраймиз.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 Юқорига